Ўзбекистон янгиликлари

Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сиздан сўрайдилар
  • Сиздан (эй, Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. «Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир», – деб айтинг. Уйларга орқа томондан киришингиз яхшилик эмас, балки яхшилик тақво қилган одам(нинг яхшилиги)дир. Уйларга (уларнинг) эшикларидан кирингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд (шунда охиратда) нажот топсангиз (Бақара сураси, 189-оят).

 

  • Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: «Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир» (Бақара сураси, 215-оят).

 

  • Сиздан «Шаҳри Ҳаром»да жанг қилиш (ҳукми) ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: «Унда жанг қилиш катта гуноҳдир. (Лекин одамларни) Аллоҳ йўлидан қайтариш, Унга куфр келтириш ва (ҳожиларни) Масжиди Ҳаромдан тўсиш ҳамда аҳолисини қувиб чиқариш Аллоҳ наздида (улардан ҳам) каттароқ гуноҳдир. Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир... (Бақара сураси, 217-оят).

 

  • Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: «У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар ҳам бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир (Бақара сураси, 219-оят).

 

  • Сиздан яна нимани эҳсон қилишлари тўғрисида сўрамоқдалар. (Ўзингиздан) ортганини, деб жавоб беринг... (Бақара сураси, 219-оят).

 

  • Сиздан, шунингдек, етимлар тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизга) уларнинг молларини қўшиб юборсангиз (зарари йўқ), зеро, улар (бамисоли) ўз биродарларингиздир. Аллоҳ бузғунчи билан ислоҳ этувчини (фарқини) билади. Агар Аллоҳ хоҳласа, сизларни қийинчиликка солиб қўйган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир (Бақара сураси, 220-оят).

 

  • Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: «У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз). Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади» (Бақара сураси, 222-оят).

 

  • Сиздан (ўзларига) ҳалол қилинган нарсалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Сизларга покиза нарсалар ва Аллоҳ сизларга билдирганидан сизлар ўргатган йиртқичлар (келтирган овлар) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун тутган (овлар)идан «Бисмиллоҳ»ни айтиб еяверингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, Аллоҳ ҳисоб-китобни тез қилувчи зотдир (Моида сураси, 4-оят).

 

  • (Эй Муҳаммад), сиздан Соат (яъни қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни қиёмат) самовот ва ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан — кутилмаганда келур». Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар» (Аъроф сураси, 187-оят).

 

  • (Эй Муҳаммад), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Аллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз! (Анфол сураси, 1-оят).

 

  • (Эй Муҳаммад), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир (Исро сураси, 85-оят).

 

  • (Эй Муҳаммад), яна сиздан Зул-қарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Энди мен сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қилурман» (Каҳф сураси, 83-оят).

 

  • (Эй Муҳаммад, мушриклар) сиздан (ўша Қиёмат) соатини қачон воқеъ бўлиши ҳақида сўрарлар (Нозиот сураси, 42-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2835 times

Янгиликлар

Top