Ўзбекистон янгиликлари

Кўзи ожиз йигит: Исломнинг гўзаллиги етказиб берилса, ҳек ким адашмайди

Бугун, 17 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида имконияти чекланганлар билан ишлаш бўйича ҳайъат аъзоларининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар билан бошланди.

Йиғилишда имконияти чекланганлар билан ишлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил  1 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг 4-банди ижросини таъминлаш, шунингдек имконияти чекланганлар орасида турли секталарга, миссионерликка кириб кетиш ҳолатларининг олдини олиш, соф ислом динини тўғри етказиш борасида тарғибот-тушунтириш ишларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавзуга оид учраётган муаммолар ва ҳайъат аъзоларининг таклифлари кўриб чиқилди.

Дастлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳайъат раиси сифатида барчани муборак Рамазони шариф билан қутлади. Шундан сўнг, динимизнинг инсонпарвар, меҳр-оқибат, бағрикенглик ғояларини одамларга етказишда аждодларимиз тутган йўл: содда ва тушунарли қабилида иш тутиш лозимлигини айтди.

Йиғилишда сўзга чиққан “Исломобод” жоме масжиди имом-хатиби Абдулҳамид домла Жуманов имконияти чекланганлар билан ишлаш узлуксиз давом этаётгани, улар билан “Ислом дини”, “Поклик”, “Намоз”, Ота-онага ҳурмат–олий фазилат”, “Оилада эркак ва аёлнинг вазифалари”, “Миссионерликдан огоҳ бўлайлик” каби мавзуларда жами 30 га яқин маърифий суҳбатлар ташкил этилгани, дастлабки мулоқотларда бир неча ўн киши қатнашган бўлса, ҳозирда уларнинг адади 300 кишига яқинлашгани билдирди. Асосийси, ушбу суҳбатлар натижасида тингловчилар дуч келаётган кўпгина муаммолар, уларнинг айрим оилавий низолари барҳам топаётгани қувонарли, деди Абдулҳамид домла. Ўз навбатида, айрим таклиф ва мулоҳазаларни билдириб шундай деди: “Ҳозирда тингловчилар учун шароитларга эга бўлган алоҳида жойга эҳтиёж сезилмоқда. Ва бу бўйича ишлар ҳам олиб бориляпти. Агар ушбу масала ҳал этилса, тингловчилар билан гуруҳ-гуруҳ бўлиб, вақтларини белгилаб суҳбатлар ўтказилса, самараси яхши бўларди”.

Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон кар-соқовлар жамияти вакиласи кўрсатилаётган ёрдам ва ташаббуслар учун Диний идора раҳбариятига миннатдорлик билдирди. У ўз сўзида давом этиб, қуйидаги таклифларни киритиб, шундай деди: “Бу каби маърифий суҳбатлар вилоятларда ҳам ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўларди, чунки вилоятлардаги имконияти чекланган бир қанча танишларим биз учун ташкил этилаётган мулоқотларга қизиқиши ортаётгани уларда ҳам бунга эҳтиёж юқори эканини айтишмоқда. Шунингдек, керакли мавзуларда ўзбек ва рус тилларида китоблар нашр этиш, бу йўналишда сурдо таржимонларини жалб этиш яхши самара берар эди”.

Ҳайъат аъзоларининг биринчи йиғилишида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятидан ҳам вакиллар иштирок этишди. Жумладан, жамиятдан сўзга чиққан Улуғбек исмли йигит шундай деди: “Очиғини айтсам, бу каби учрашувларга биз йиллар давомида ташна бўлиб келдик. Бугун ана шундай имконият яратилганидан бағоят мамнунман. Бу йўналишда бизга берилаётган эътибор кўнглимизни тоғдек кўтарди. Фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, аввало, одамларимизнинг имконияти чекланганларга нисбатан муносабатини ўзгартириш керак. Аслида, муносабат ёмон эмас, буни яна ҳам яхшилаш керак, уларга эътиборни кучайтириш ва улардан меҳрни қизғанмаслик керак. Эътибор берсак, миссионерлар имконияти чекланганларга кўп нарса бермаган, меҳр, эътибор берган, уларни эшита олган холос. Мана шу – уларнинг иш услуби. Бугун бу йўлда диний соҳа ходимларидан кўп нарса талаб қилинмайди, бир нарса: Исломнинг гўзаллиги етказиб берилса, ҳек ким адашмайди. Агар сўқир кўзли инсонинг қалби очилса, ишонинг, у масжидга ҳамроҳсиз, ҳасса билан пайпаслаб бўлсада масжидни топиб боради. Ўз навбатида, сиз азизлардан Брайл ёзувидаги китоб нашрига ҳам алоҳида эътибор қаратишингизни сўраган бўлардим”.

Шунингдек, йиғилишда диний идоранинг Хотин қизлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Мунира Абубакирова, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Абдул Азим Зиёвуддин ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Йиғилиш эзгу дуолар билан якунланди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 2798 times

Янгиликлар

Top