Ўзбекистон янгиликлари

Фитнадан сақланайлик, Рамазондан баҳра олайлик!

Бутун мусулмон дунёсида раҳмату мағфират, ибодату саховат ойи бўлган рамазони шарифнинг биринчи ўн кунлиги ярмидан ошди. Муборак ойнинг ташрифи иймон аҳлларига катта қувонч бағишлади.

Ана шундай фараҳбахш паллада, ижтимоий тармоқларда инсон дилини хира қиладиган турли хабарлар тарқатилмоқда. Айниқса, муттақий уламолар, қори домлаларни обрўсизлантиришга уриниш ёки исломий муҳитга салбий таъсир этадиган ахборотларни интернетда тарқатиш авжига чиқди. Айрим қадрдонларимиз билиб-билмай одамларнинг қутлуғ ойда ҳузур олиши ўрнига, ҳаловатини йўқолишига сабабчи бўлмоқдалар. Рамазоннинг биринчи кечасиданоқ тарқатилган ёқимсиз хабарлар ҳалигача ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда, айрим дин хизматчиларининг тинчини бузмоқда. Бундан кимга фойда. Аслида ҳақиқий дин ғамини ейдиган, қалбида дин дарди бор инсон бу кунларни ғанимат билиб, вақтини ибодатга сарфлайди, бошқаларни ҳам шунга чақиради.

Ғанимат ойнинг ҳадемай раҳмат даҳаси ҳам якунига етади, бу кунларни кейин бутун умр излаб ҳам топиб бўлмайди. Ана шу ҳақиқатни теран англаган киши вақтнинг қадрига етади. Шов-шувга ўч баъзи дўстларимиз эса қимматли онларини саробга совуриб турли-туман “деди-деди”ларнинг ортидан қувлашаётганини кўриб, афсус чекмоқдамиз.

Гап “айрим масжидларда таровеҳга ёш болалар киритилмаяпти” деган масала ортидан уламою қори домлаларимизни обрўсизлантиришга уринаётган кишилар ҳақида бормоқда. Бундай ишларга ружу қўйиб, олимларнинг ҳурматини тўкиш ёки қори домлаларга маломат тошлари отиш билан нимага эришилади... Интернет сайтларида қалбни туғёнга келтирадиган изоҳлар билан видеолавҳаларни эълон қилиш кимга нима беради? Мана шундай гап-сўзларнинг кенг тарқалиши ёки сайт-блоггерларининг шуҳрат топиши бир уламо ёки ҳофизи Қуръоннинг иззат-ҳурмати, хизмати олдида, қанчалик аҳамиятга эга? Ҳақ каломини тўлалигича ҳифз қилиш ёки минглаб инсонларнинг ҳурматини қозонган уламо бўлиш қанчалик сабр-матонат, машаққат талаб этишини бир кўз олдимизга келтирайлик...

 

Аслида, олимни қўятурайлик, оддий мўмин одамнинг обрўсини ғийбат йўли билан тўкиш нақадар улкан гуноҳ эканини биламиз. Ҳумаза сурасининг 1-оятида: “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин”, дейилади.

Ғийбат қилавериб, одамларнинг обрўсини тўкишга одатланган одам араб тилида «ҳумаза» дейилади. Одамларнинг айбини, камчиликларини имо-ишора ила масхара қилувчилар «лумаза» дейилади. Ушбу оятдан юқоридаги икки сифатга эга бўлганларнинг ҳам ҳолига вой бўлишини англаш мумкин. Чунки мўмин кишининг қонини тўкиш қанчалик гуноҳ бўлса, обрўсини тўкиш ҳам шунчалик гуноҳдир.

Атрофга теран кўз билан боқайлик, дин душманларининг энг биринчи иши, мақсади мусулмон жамиятида олимларга бўҳтон қилиш орқали уларни йўқ қилишдан иборат эмасми?! Бир муддат аввал таниқли уламоларнинг соати, машинаси, уй-жойи элга достон қилингани бир неча эътиборли уламоларга қаттиқ зарба бўлди, айримлари саломатлигини йўқотди. Бугун юртимизда ғаразгўйларнинг маломатига, туҳматчиларнинг бўҳтонига нишон бўлмаган бирон бир аҳли илм қолдими? Баъзилар даво қилгани каби “холислик”нинг ўлчови шов-шувчи шахслар ёки айрим “блоггерлар” бўлиб қолдими? Мана шундай гиж-гижлашлар билан мусулмон жамоаси ютдими ёки ютқазди?.. Албатта, ютқазди, Рамазоннинг раҳмат даҳасида мана шундай гап-сўзлар билан овора бўлиш жуда ҳам афсуслидир.

Аслида битта олимнинг йўқ бўлиши ёки обрўсизлантирилиши жамият учун жуда ҳам катта мусибат. Набий алайҳиссалом айтганларидек, олимнинг ўлими оламнинг ўлимидир. Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Олимга душманлик қилган кимса, Аллоҳга уруш қилган кабидир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан” (Имом Бухорий ривояти).

Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг Расули шундай улуғлаб турган экан, унга ҳурматсизлик қилиш Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳурматсизлик қилишнинг айни ўзи бўлиб қолмасмикан. Уламоларни ҳурмат қилиш имоннинг саломатлиги, камситиш эса нифоқ аломатидир.

Танқид, айниқса танқид қилувчи учун ёқимли нарса...

Илм аҳли ва уламоларимизнинг буюк хизматлари ва олий фазилатларини сояда қолдириб, инсоний хато ва камчиликларини бўрттириб кўрсатишга уринаётганлар бир ўзларига инсоф назари билан қараб, виждонлари ила айтсинларчи, ўша камчилик ёки хато ўзларида йўқми?! Ёки бўлмаса Ҳақ таоло йўлида улар қилган хизматнинг нечадан бири ё Қуръони каримнинг қанча жузини ёд олишган.

Тўғри, ҳозир биз мушфиқ уламолар ва қори домлаларнинг ёнини оляпмиз. Чунки у бизнинг диндошимиздир. Ғанимлар динимизга болта уриш ниятида пайт пойлаб турган чоқда бирлашмасликнинг оқибати хунук бўлади. Биз айтаётган ана шу олим ёки қори, балки биздан-да кўп дин қайғусидадир, хизмати эса бизникидан юз баравар кўпдир. Маломат тошини отаётганлар олимнинг қалбидан нималар кечаётганини англармикан?..

Гувоҳи бўлаётганимиздек, баъзи минтақаларда табиий офатлар сабабидан, яна бошқа ҳудудларда тўс-тўпалонлар оқибатида шаҳарлар вайрон бўлиб, қанчадан-қанча одамлар ҳалок бўлмоқда. Миллионлаб кишилар нотинчликлар боис юртма-юрт саргардон кезаётгани, болалар оч-наҳор, бир бурда нонга зор бўлаётгани ҳар бир инсонни чуқур ўйга толдиради.

Ҳақ таолонинг раҳмати ёғилаётган диёримизда муборак рамазон тонги Азон садоси билан отмоқда: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар!..”, Парвардигорга минг шукр, бу кунларни қанча кутдик... Ҳар тонг Азон билан уйғониб, Қуръон тиловати, таровиҳ намози, зикр ва дуолар ила уйқуга кетмоқдамиз. Бир ойгина меҳмонимиз бўлган ғанимат ой – рамазони шариф шуниси билан шукуҳли эмасми, ахир?

Дунёга разм солсак, айрим мамлакатларда ибодат қилиш у ёқда турсин, хотиржам яшашнинг ўзи катта муаммо бўлиб турибди. Ҳатто ибодат чоғида ҳам бузғунчилар одамларни портлатиб юбормоқда. Яқинда, қўшни Афғонистон давлатида Қуръон мусобақаси бўлаётган паллада ёш ҳофизи Каломуллоҳларга нисбатан содир этилган хунрезлик бутун дунё мусулмонлари нафратини қўзғади.

Ушбу ҳолатлар ҳақида кенг фикр қилиб, чуқур мушоҳада юритишимиз керак? Чунки турли фитналарни қўзғаётган кимсалар бизнинг юртимизни Афғонистон, Сурия каби нотинч ҳудудга айлантирмоқчи, исломий қадриятларни йўқ қилмоқчи бўлган шахсларнинг ноғорасига ўйнаётганларини билмайдилар-ми..? Улар гўё ўзларини дин йўлида қаҳрамонлардек тутишади.

Ўз навбатида масжиднинг кўрки жамоат, жамоатнинг кўрки эса имом-хатиб эканини инобатга олган ҳолда жомелар атрофида ажиб бир муҳит шаклланишида имом-домланинг ўрни жуда ҳам катта. Шунинг учун масжид ҳудудида гўзал муҳит ҳукм суришида кўп нарса имом-хатибга боғлиқ. Ундан уддабуронлик, жонкуярлик ва журъат талаб этилади. Бундай ишларни маромига етказиб адо этаётган имом-хатибларга минг ташаккурлар айтамиз.

Шундай экан, бир муҳим масалани айтмоқчимизки, орзиқиб кутган, бир зумда ўтиб кетадиган рамазон ойининг файзу тароватидан бебаҳра бўлиб, ғанимат кунларни турли гап-сўзлар муҳокамаси билан ўтказиб қўймайлик. Рамазоннинг ҳақиқий завқи – Қуръон тиловати ва зикруллоҳ билан онгу шуурларимизни банд қилайлик, улуғ ойнинг илоҳий файзидан насибадор бўлишга ошиқайлик.

Азиз диндошим, ноўрин гап-сўзлар ила Рамазонни беҳуда ўтказиб юборманг, бунинг ўрнига таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлардан баҳраманд бўлинг, фарзанди аржумандларингиз билан рамазон суҳбатларини қуринг.

Эй ижод аҳли, сиз эса юқорида баён қилинганларни тўғри таъвил қилинг, ёқмаган жойига маҳоратингизни ишга солиб, жавоб ёзишга уриниб, вақтингизни зое қилманг, умрингизни ижтимоий тармоқларда “фаоллик” билан ўтказманг. Бунинг ўрнига “Субҳаналлоҳ ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм”ни кўп айтинг, ушбу калималар охиратингизга кор келади...

Зеро, рамазони шариф – инсонларнинг хато-камчиликларини ошкор этиш эмас, балки шундай хато-ю нуқсонлари бўлса улардан кўз юмиш – ёмонни яшириш, яхшини ошириш ойидир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибияти

 

Read 4877 times

Янгиликлар

Top