Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратнинг сафарлари самарали ўтмоқда

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги мутасаддилар жойлардаги аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан мулоқотлар ўтказиш ва имом-домлалар, масжидлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида, Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги хизмат сафарларини давом эттиришмоқда.
Бугун 28 май куни муфтий ҳазратлари Шаҳрихон туманидаги “Жўрабой”, “Якка тут” ва “Муҳаммад Розиқбой” жоме масжидлари фаолияти билан танишиб, намозхонлар билан дилдан суҳбат қилдилар.
“Якка тут” жоме масжиди фаолияти билан танишдилар, масжидда намозхонлар учун яратилган шарт-шароитлар, хусусан, кечки пайт таровиҳ намозига келувчи масжид қавми учун ҳозир қилинган қулайликларни кўриб, хурсанд бўлдилар. Масжид имом-хатибига жоме ҳудудини янада обод қилиш, намозхонлар учун имкон қадар қулайликларни кундан кунга кўпайтириб боравериш кераклигини алоҳида таъкидладилар.
Муфтий ҳазратлари муборак ойнинг мағфират даҳасидаги пешин намозини тумандаги “Муҳаммад Розиқбой” жоме масжидида жамоат билан бирга-бирга адо этдилар. Пешин намози ўқиб бўлингач, намозхонлар билан дилдан суҳбат қурилди. Муфтий ҳазрат томонларидан Рамазон ойи фазилати ҳақида мавъиза қилинди. Шунингдек, бугунги кунда диний соҳада олиб борилаётган ижобий ишлар ҳақида ҳам сўз қилинди. Ўз навбатида муфтий ҳазратлари ҳам бугунги тарихий ўзгаришларни қадрига етиш, шукронасини қилиш кераклигини таъкидлаб, бу кунларга етиб келишда, албатта, ёши улуғ инсонларнинг дуолари сабаб эканини айтдилар. Ташрифдан боши кўкка етган нуроний отахонлар муҳтарам Президентимизни, муфтий ҳазратларини, қолаверса, шу каби ишларга ҳисса қўшаётган барча-барча фидойилар ҳақига узундан узун дуои хайрлар қилишди.

Мулоқотда сўзга чиққан намозхонлар бугунги ўзгаришлардан чексиз мамнун эканликларини изҳор қилиб, Рамазон ойида кишиларга ҳозирланган шароитлар, хатми Қуръон ва таровеҳ намозларини юқори кайфиятда ўтказилиши ҳамда халқимизга берилаётган енгилликлар, айниқса қўшни давлатлардаги қариндош-уруғлар билан борди-келди алоқалари анча осонлашгани туфайли барча фуқароларимиз хонадонларида шукроналар айтилиб, дуолар қилинаётганини билдиришди.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2547 times

Янгиликлар

Top