Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиб мулоҳазаси: меҳр ва эътибор керак

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан пойтахтимизнинг барча шаҳар ва туманларида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳлари тузилди.

Ушбу ишчи гуруҳ ишида турли соҳа вакиллари қаторида имом-хатиблари ҳам фаол қатнашишди. Жумладан, “Коҳ ота бузрук” жоме масжиди ходимлари иштирокида Халқ билан мулоқот қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, махсус рўйхатдан чиқарилган, афв орқали озод этилган аҳоли вакиллари холидан хабар олиш, уларни қўллаб-қувватлаш, муаммо ва таклифларини ўрганиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Ўн икки нафар мутахассисдан иборат ишчи гуруҳ салкам бир ой давомида тумандаги 10 та маҳалланинг уч юздан ортиқ хонадонига бориб, одамлар билан юзма-юз мулоқот қилди, муаммоларини ўрганди.  

Ўрганишлар айрим ҳудудларда ёлғиз қариялар, ёш фарзандлари билан қолган оналар, ногиронлиги бўлган фуқароларга маҳалла раисларининг эътиборсизлигини кўрсатди. “Хадра”, “Гулбозор” маҳаллаларида кўплаб шикоятларга дуч келдик. Жумладан, “Хадра” маҳалласида яшовчи 72 ёшли онахон Ҳамида Қодированинг шикоятлари кишини таажжубга солади. Таъмирталаб уйда ёлғиз яшаётган бу кекса фуқаро маҳалла фаолларининг ҳатто кўмаги у ёқда турсин меҳр ва эътиборини ҳам дариғ тутаётганини куюниб гапирди. Ҳамида опа 25 йил давомида олий таълим тизимида меҳнат қилган экан. Эл-юртга хизмати синган шундай инсонларнинг эътибордан четда қолишига ҳудуд масъуллари парвосиз...

Иккинчи сектор ҳудудида касалманд, даволанишга муҳтожлиги бор-у, имконияти йўқ, ногирон, иш қидираётган, ичкиликка муккасидан кетган фуқаролар кўпчиликни ташкил этди.

Ишчи гуруҳи вакиллари томонидан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонларга ҳам кириб, яшаш шароитларини ўнглаш бўйича маслаҳатлар берилди кичик тадбиркорлик лойиҳалари таклиф қилинди. Ўз мутахассислиги бўйича иш излаётганлар рўйхати бандликка кўмаклашиш марказига юборилди. Махсус рўйхатдан ўчирилган фуқароларга эса керакли тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Аммо беш қўл баравар бўлмаганидек, бу каби ёрдамлар, маслаҳатларни ҳамма ҳам бирдай қабул қилаётгани йўқ. Айрим ишёқмас, доим ҳаётдан нолийдиган, “Гап десанг қоп-қоп, иш десанг – Аштархондан топ” қабилида иш тутувчи  одамлар, дангасаликка ўрганган, дунёқараши ўзгармаган кишилар ҳам борки, улар фақат баҳона излаш билан машғул. Гўё ҳамма нарсани давлат, одамлар бериши керагу, улар тайёрига айёр бўлиб, бошқалардан беками-кўст, тинчгина еб ўтириши зарур. Томорқасига кимдир келиб, ишлов бериши, деворини суваб қўйиши керакдек. Ёки кўп ишламасаю бинойидек ойлик олиб турадиган иш бўлса. Бундай кишилар корхона-ташкилотларнинг таклифларини ўйлаб ҳам кўрмайди. Чунки таклифни қабул қилиб қолгудек бўлса, кам таъминланганлар рўйхатидан чиқади, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақадан қуруқ қолади.

Динимиз фақирликдан қутилиш учун, аввало, касб-ҳунар эгаллаш, меҳнат қилиш, дангасаликдан қочишга тарғиб қилади. Юқорида таъкидланган салбий ҳолатларга давлат ва жамоат ташкилотлари, жамоатчилик эътибор қаратиши зарур. Агар бунинг олди олинмаса жамиятда тиланчилик, ўғрилик, фирибгарлик каби иллатлар кўпайиб, жиноятчилик ошиб бораверади.

Бутун дунёда амал қиладиган бозор иқтисодиётининг темир қонун-қоидалари ҳеч кимни четлаб ўтмайди. Давримиз ҳар бир инсондан бирор-бир касб-ҳунар ёки тадбиркорлик билан шуғилланишни талаб қилмоқда.

Давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга иш, имтиёзли кредит, хайриялар бериб турган бир пайтда уларни олмасдан кам таъминланган оила сифатида рўйхатда туришни афзал билиш, ҳалол меҳнатга интилмаслик, “давлат беряпти-ку”, дея боқиманда бўлиш текинхўрлик ва ишёқмасликдан бошқа нарса эмас. Ора-сирада гарчи расмий ишламаса ҳам, даромади бор, аммо уни давлатдан, элдан яширишга ҳаракат қиладиган, кам таъминланганлар рўйхатида тураверадиган кишилар ҳам учраб туради. Бу, албатта, ноинсофлик ва ўта ношукрликдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Агар шукр қилсангиз, албатта зиёда қилажакман. Ва агар куфрона қилсангиз, шубҳасизки, азобим қаттиқдир!” (Иброҳим сураси, 7-оят).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) кўп ҳолларда намоздан сўнг “Менга ялқовликдан паноҳ бер”, дея дуо қилар эканлар. Валий зотлар қўлидан иш келса, бировга юк бўлмасликка, одамларга қарамлик, боқимандаликдан қочишга чақирганлар.

Бозор иқтисодиётининг оддийгина бир қонунияти бор: ишлаган, ақлу заковат билан йўл тутган киши бойиб, иши юришиб кетаверади. Ва аксинча, бирор фаолият билан шуғилланмаган, қийинидан қочиб, осонига югурган, жонини койитгиси келмаган одамнинг эса бири ҳеч қачон икки бўлмайди. Зеро ҳаракат қилганнинг молига, касбига Аллоҳ барака беради. Боқимандалик, кишининг қўлидаги молига кўз тикиб, тайёрига айёр бўлишни иккиси ҳам гуноҳдир.

 

Абдулҳаким ПИРНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги “Коҳ ота бузрук” жоме масжиди имом-хатиби

Read 2540 times

Янгиликлар

Top