Ўзбекистон янгиликлари

Ёш олимлардан нималар кутиляпти?

Яқинда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ёш олимлар, тадқиқодчи ва талабаларнинг “Марказий Осиё ва ислом цивилизацияси” мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда жаҳолатга қарши курашишда энг устувор ғоя нима, давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган янги академиянинг асосий вазифалари, ушбу муассаса толиби илмларидан келгусида кутилётган натижалар ҳақидаги саволларга мутасадди вакиллар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди. Қуйида ушбу фикр-мулоҳазаларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Нуримон АБДУЛҲАСАН,

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари:

– Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббусни илгари суриб, барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишга чақирди. Жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш мамлакатимизнинг энг муҳим вазифаси эканини маълум қилиб: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, деди. Жаҳолатга қурол билан эмас, балки маърифат билан курашиш лозимлиги, маърифат ғояси энг устувор ғоямиз бўлиши кераклигини баён этди.

Бугун Ислом дини таълимотидан ғараз манфаат йўлида фойдаланаётган кимсаларнинг четдан туриб тарқатаётган нохолис ахборотлари илми саёз кишилар, айниқса, ёшларнинг тўғри йўлдан адашишига сабаб бўлмоқда. Бу эса айни замонда Исломнинг асл инсонпарварлик, тинчлик ва бағрикенглик дини экани етарлича тарғиб қилинмаётгани, бузғунчи ғояларга қарши курашиш талаб даражасида эмаслигини кўрсатади. Шу каби долзарб масалалар Ислом дини маърифати бешикларидан бири бўлган юртимизда Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасасига катта эҳтиёж бор эди.  

Давлатимиз раҳбари фармони билан ташкил этилган ушбу муасссасада йирик мутахасис, катта илмий даражаларга эга олимларни етиштирамиз, дунёнинг турли жойларидан келган илму толибларга таълим-тарбия берамиз.

Ушбу илм-фан даргоҳида олимлар томонидан қилинадиган тадқиқодлар шунчаки қоғозларда қолиб кетадиган эмас, балки оламшумул бўлиши керак. Натижада яқин келажакда бутун дунёда Ислом ҳақиқатини тушунтирувчи масъул мамлакатга айланиб, яна ўтмишимизда бўлгани каби дин ва маърифат маркази сифатида ўзимизни қайта намаён қилишимиз керак. 

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари:

Кишилар ҳотиржам яшашга халал берадиган, тинчликка дахл қиладиган қора кучларга қарши ҳар қачон муросасиз бўлиб, курашиб келган.   

Яратган Раббимиз марҳамат қилади: “Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади”(Юнус сураси, 25-оят).

Афсуски, айни замонда бу илоҳий хитобларга амал қилмайдиган, балки Ислом дини таълимотини нотўғри талқин этишга уриниш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Биргина ИШИД ташкилоти хунрезлик, қўпорувчиликлар содир этиб, қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўляпти. Уларда заррача шафқат йўқ. Бу эса имонсизлик белгиси. Биз – тинчлик ва хотиржамликни хоҳловчи кишилар уларнинг чиркин ишларига қарши бирдамликда маърифат ғояси билан курашишимиз лозим.   

Қуръони каримда айтилади: “Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга (бузғунчилик ва харобага) айланган бўлур эди, лекин Аллоҳ барча оламларга (нисбатан) фазл эгасидир” (Бақара сураси, 251-оят).

Динимиз, ёшларимиз онги учун қилинаётган асосий хуружлар ўргимчак тўри деб аталувчи макон – интернет орқали бўлмоқда. Ушбу виртуал оламда дин ҳақиқатини юзага чиқариш, борасида айниқса, ёш олимларимиз жонбозлик кўрсатиши керак. Сабаби улар дин бўйича чуқур билимга эга бўлиш билан бирга замонавий ахборот технологияларидан ҳам яхши хабардор. Ана шундай ҳар томонлама етук билимга эга олиму уламоларни етиштиришда ҳам Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч илмий даргоҳ бўлиб қолади, иншоаллоҳ. 

Зоҳиджон ИСЛОМОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори:

Юртбошимиз фармони билан келгусида ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлаши режалаштирилган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси сифатида  Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани мамлакатимизда катта ижтимоий ҳодиса бўлди.  

Айтиш жоизки, диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар – Ўзбекистоннинг ислом дунёсидаги ўрни ва нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Юртимиз қадимдан Ислом дини таълимотининг қадимий бешикларидан бири сифатида бутун дунёда тан олинади ва аждодларимизнинг бой маънавий меъроси ўзининг илмий аҳамияти билан юксак қадрланади.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган консептуал ғояларни ҳаётга татбиқ этиш,  Ислом дини таълимотининг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, унинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрнини ёшларга тўғри етказиш, халқимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, уни жаҳон оммасига кенг танитиш Академиямизнинг бирламчи вазифаси саналади.  

 

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

ёзиб олди.

Read 2819 times

Янгиликлар

Top