Ўзбекистон янгиликлари

Бугун Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида катта шодиёна – битирувчи 22 нафар талабаларнинг хатмона тантанаси бўлиб ўтди. Тадбир бошида Ватанимиз мадҳияси янгради, унга талаба ва устозлар хурмат бажо келтиришди.

Қуръони карим тиловатидан сўнг мадрасанинг собиқ мудираси Малика Нормуҳамедова битирувчи талабаларга ҳаётда ўз йўлларини топишда, олима ва фузалолар бўлиб етишишини тилаб дуои фотиҳа қилдилар.

 Мадраса мудираси Нозима Ибрагимова битирувчиларга ўз тилакларини билдириб шундай дедилар: “Биз тўрт йил бағримизда илм бериб, жамият учун керакли ходималар бўлишингиз учун сизларни тайёрладик. Келажакда юқори мартабаларга эришиб, Ватанимиз равнақи, динимиз ривожига ўз ҳиссаларингизни қўшасиз деган умиддамиз. Алҳамдулиллаҳ, эришган муваффақият ва қўлга киритган ютуқларингиздан биз устозлар мамнунмиз. Иншоаллоҳ, бундан кейинги фаолиятингизда элга керакли инсонлар бўлишингизни истаймиз. Нафақат юртимиз балки жаҳон таниган олималар бўлиб етишишингизни тилаб қоламиз”.

Тадбир давомида мадрасанинг биринчи курс талабалари ўзига хос чиқишлари (яъни  ҳадис, салавот, тасбеҳ ва шеърий табриклари) билан тадбирга янада файз киритишди.

Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хотин-қизлар бўлими бош мутахассиси Марямхон Абдуллаева, Тошкент ислом институти услубчи-мураббийси Зилола Суярова ҳамда мадрасанинг фахрий устозлари ташриф буюришди.

9 та мадрасалараро олимпиада қатнашчиси, фахрли биринчи ўринни олган битирувчи талаба қизимиз Рокия Юсуфий Тошкент ислом институтига имтиёзли равишда қабул қилинди. Битирувчилардан Матлуба Фозилова эса Эронда бўлиб ўтган халқаро мусобақада иштирок этишга муваффақ бўлди.

Тадбирнинг асосий қисмидан сўнг талабаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Бундан ташқари намунали хулқи ва билимга чанқоқлиги ва иқтидорига қараб қўшимча совғалар ҳам такбирлар остида топширилди. Қуръонни ҳифз қилган талабалар учун алоҳида табриклар бўлди. Тадбирда йилнинг энг яхши талабаси, йилнинг энг яхши ўқитувчиси ва йилнинг энг яхши ходимаси ғолибларига ҳам билим юрти мудираси Нозима Ибрагимова томонидан тайёрланган совғалар топширилди.

Порлоқ келажак бугундан бошланади, деган нақлнинг ижобати ўлароқ ушбу битирувчи талабаларнинг иқтидор-салоҳиятига қараб шуни айтамизки, билим юрти талабаларидан келажак авлод учун албатта етук мутухассислар, олималар етишиб чиқади, иншоаллоҳ.

 

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

Read 2888 times

Янгиликлар

Top