Ўзбекистон янгиликлари

Мусҳафи шарифнинг навбатдаги нусхаси сотувга чиқарилди

Бугун эрта тонгдан минглаб юртдошларимиз муборак Қуръони Каримни харид қилиш учун навбатда туришибди.

Хабарингиз бор, шу йилнинг март ойида Қуръони Карим китоби “HILOL NASHR” нашриёт-матбааси томонидан “Дорус-салом” нашриётининг расмий рухсати билан аслий нусхаси асосида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида чоп этилган эди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Мусҳафни 50 минг нусхада чоп этишга рухсат берган. Дастлабки нашр қилинган 10 минг нусха китоб нашриётнинг 7 та дўкони, шунингдек, ҳудудлардаги ҳамкор китоб дўконларига белгиланган ягона нархи – 31 минг сўмдан сотиш шарти билан тарқатилди ва сотувга чиққан кунидаёқ сотиб тугатилди.

Нашриёт директори Абдулваҳид Саттиев ҳар икки ярим ойда Мусҳафи шариф 10 минг нусхадан чоп этилишини таъкидлаган эди.

Мусҳафи шарифнинг навбатдаги 10 минг нусхаси босмадан чиқарилди. Бугун, 5 июль куни эрта тонгдан Тошкент шаҳридаги “HILOL NASHR” нашриёт-матбаа босмахонаси олдида аҳоли гавжум. Минглаб юртдошларимиз муборак Қуръони Каримни харид қилиш учун навбатда туришибди. Талаб юқори бўлгани боис ҳар бир хонадон учун биттадан Мусҳафи шариф сотилмоқда. Нарх ўзгармагани ҳам маълум қилинди.



ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2997 times

Янгиликлар

Top