Ўзбекистон янгиликлари

Қозоғистон элчиси: Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги муваффақиятлари биз учун катта намуна

Жорий йилнинг 17 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасига Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев ташриф буюрди. Элчи жаноблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан мулоқот ўтказди.

Учрашувда муфтий ҳазратлари диёримизда диний ибодатларни, маърака-маросимларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани, юртимиздаги хайрли ислоҳотлар, улкан ижроотлар ва илғор ташаббуслар амалга оширилаётгани ҳақида гапириб, жумладан шундай дедилар:

– Ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан яхши қўшни, яқин дўст бўлиб яшаб келган. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ана шу тамойиллар асосида жадал ривожланмоқда. Марказий Осиё халқларини буюк мақсадлар сари, келажак йўлида бирлаштиришда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев жуда кўп ишларни амалга оширишмоқда. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуслари билан “2018 йил Қозоғистонда – Ўзбекистон йили” деб эълон қилингани бизни жуда ҳам қувонтирди.

Шунингдек, анжуман доирасида ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларига тўхталинди. Жумладан, икки давлат диний идоралари алоқаларини ривожлантириш, турли таҳдидларга биргаликда курашиш, мўмин-мусулмонларнинг шаръий эҳтиёжларини қондириш, икки диний идора ўртасида имзоланган меморандумга кўра, ўзаро алоқаларни ривожлантириш,  икки давлат ўртасида диний делегациялар алмашинувини кўпайтириш,  қўшма илмий-амалий анжуман-йиғилишлар ўтказиш, Қозоғистон ёшларини Ўзбекистондаги диний таълим муассасаларида ўқитиш, Қозоғистонлик имом-хатибларни Ўзбекистонда малакасини ошириш ҳақида музокаралар олиб борилди.

Элчи Ерик Утембаев жаноблари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, жумладан қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратди:

–   Марказий Осиёда яшайдиган миллат ва элатлар аслида ягона халқ, уларнинг тили, дини, урф-одатлари бирдир. Ўзбекистондаги сўнгги йилларда жуда катта ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Ўз навбатида, икки мамлакат президентлари ўртасида муносабатлар ҳам қардош давлатлар учун жуда самарали ишларга туртки бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Остона шаҳридаги чиқишини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Биз Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги муваффақиятлари биз учун катта намуна бўлади, деб бемалол айтишимиз мумкин. Ёшларимизни турли хорижий мамлакатларда таълим бергандан кўра, Ўзбекистонда ўқитиш минг чандон афзалдир.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 3330 times

Янгиликлар

Top