Ўзбекистон янгиликлари

Сирдарё вилоятига янги бош имом-хатиб тайинланди

Бугун, 21 июль куни Сирдарё вилояти вакиллигида вилоят имом-хатибларининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қатнашдилар. Йиғилиш бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, танқидий ва таҳлилий руҳда ўтди.
Бугун юртимизда кечаётган жараёнлар, ислоҳотлар барча соҳа вакилларидан тезкорликни, меҳнатсеварликни, ўз ишига нисбатан фидокорликни талаб қилмоқда. Жумладан, бугунги ислоҳотлар имом-хатиблардан ҳам тезкор жараёнлардан ортда қолмасликни, замон билан ҳамнафас яшаш ва ишлашни тақозо этмоқда. Имом домлаларимиз фаолият қамрови кенгайганини инобатга олсак, энди улар фақат масжидда ибодатларни адо этиб берувчи пешво ёки маърака-маросимларни ўтказиб берувчи мутасадди эмас, балки халқнинг дарду ташвишидан хабардор, уларни қийнаётган муаммоларни ўрнида ечишга кўмаклашувчи, инсонларни эзгуликка тарғиб қилиб, ёмонликдан қайтарувчи, чин маънода одамларнинг суянчи бўлиши лозим. Муфтий ҳазрат бошчиликларида ўтказилган ушбу йиғилишда ҳам айнан, шу масалаларга урғу берилди.


Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби ва Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжиди имом-хатиби Мўминжон домла Усмонов ўз хоҳишига кўра, эгаллаб турган лавозимларидан озод этилиб, Гулистон шаҳри “Тавҳид” жоме масжиди имом-хатиби вазифасига тайинланди.

Тошкент шаҳридаги “Маҳкамбой Ҳожи Ота” жоме масжиди имом-хатиби Зокиров Ҳабибуллоҳ Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби ва Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжиди имом-хатиби лавозимларига тайинланди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати | muslim.uz

Read 5379 times

Янгиликлар

Top