Муқаддас Каъбани зиёрат қилиш, Ҳаж ибодатини амалга ошириш динимизнинг беш устунидан бири. Бу амални тўла-тўкис адо этган банда Яратганнинг кўплаб марҳаматларига сазовор бўлади. Қолаверса, Макка шаҳрида Мақоми Иброҳим, Замзам булоғи, Ҳажарул-асвад, Сафо, Марва каби осори атиқалар мавжудким, улар узоқ ўтмишнинг аломатларидан ҳисобланади. Шунинг учун бўлса керак, ҳар бир мухлис банданинг қалби бу муқаддас даргоҳ сари талпинади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганлар: «Ким Байтуллоҳни ҳаж қилса, (унда) ахлоқсиз сўзларни гапирмаса ва фисқ-фужур ишларни қилмаса, худди онаси уни туққан кундаги каби (барча) гуноҳлардан покланиб қайтади» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ҳар йили диёримиз мўмин-мусулмонлари ҳам муқаддас Ҳаж зиёратини кўтаринки кайфият ила адо этиб келмоқдалар. Яратилган шарт-шароитлар, зиёрат асносида амалларни тўла-тўкис бажаришга бўлган эътибор барчани мамнун қилмоқда.
Кеча, 31 июль санасида Фарғона вилоятидан муқаддас ибодат сари отланган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Наманган аэропортидан Мадина сари йўл олдилар. Шу муносабат билан Марғилон шаҳрида зиёратчиларни кузатиш маросими ташкил этилди.
“Ҳаж – 2018” мавсумида умр сафарига отланаётган қарийб мингга яқин зиёратчилар учун Фарғона вилоят ҳокимлиги, ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ҳамда жойлардаги мутасаддилар ҳамкорлигида барча имконият ва қулайликлар муҳайё қилинди.
Дастлаб зиёратчилар билан ўқув-машғулотлари олиб борилиб, унда Ҳаж амаллари ҳақида батафсил тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тиббиёт ходимлари томонидан мунтазам равишда зиёратчиларнинг саломатлиги кўрикдан ўтказилиб, мутахассислар томонидан керакли тавсиялар берилди.
Вилоят божхона қўмитаси ходимлари шу жойнинг ўзида божхона ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатди.
Шундан сўнг зиёратчилар учун бириктирилган махсус, замонавий автобуслар ички ишлар ва йўл патрул хизмати ходимлари ҳамроҳлигида “умр сафари” сари отландилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий (с.а.в): “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти фақатгина жаннатдир. Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоротдир”, деганлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий портали бўлмиш "Muslim.uz" ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўзбекистонлик ҳожиларнинг зиёратларидан репортажлар, видеолавҳалар ва хабарларни кузатиб боринг!
ЎМИ Матбуот хизмати