Ўзбекистон янгиликлари

Ибн Сино туғилган қишлоқда алломага атаб мажмуа бунёд этилади

Бухоро вилоятининг Пешку туманида – буюк аллома Абу Али ибн Сино туғилган Афшона қишлоғида йирик мажмуа барпо этилади.

ЎзА хабарига кўра, алломанинг бой меросини намойиш этиш, одамларни соғлом турмуш тарзига ундаш, ҳудудга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган йирик объект барпо этиш кўзда тутилган. 

Умумий майдони 5 гектардан иборат мажмуадаги ҳар бир объект ўзига хос бўлади. Айниқса, каттагина ўрин эгаллайдиган Халқ табобати марказида буғли эффектга эга тош ҳаммом, оёқ касалликларига қарши яхши наф берадиган сандал, зулук олиш, уқалаш хизматлари ташкил этилади. Шифобахш гиёҳларга тўйинган чорва моллари сутидан қатиқ, қаймоқ ва мева-сабзавот шарбатлари, шунингдек, гиёҳ ва дуккакли дон дамламалари тайёрланади. Беморлар асал, туз, ўсимлик мойи билан муолажа олиб, тоза ҳавода сайр қилади. 

Ҳудудда барпо қилинадиган экобоғ ҳам меҳмонлар эътиборини тортиши шубҳасиз. Бу ерда Абу Али ибн Сино томонидан хусусиятлари алоҳида таърифланган ўрик, ёнғоқ, анжир, жийда каби мевали дарахтлар ҳамда хушбўй гуллар парвариш қилинади. Боғ ҳудудида от ва туяларда сайр қилиш имконияти яратилади. Негаки, бу жониворларни миниб сайр қилиш саломатлик учун фойдали. 

Мажмуада буюк ҳакимнинг илмий асарлари, қўлёзмалари, қўлланма ва рисолалари бурчаги ташкил этилади. Доривор гиёҳлар савдоси йўлга қўйилади. 

Мажмуага ташриф буюрувчилар оқими кўпайиши билан бошқа қулайликлар ҳам яратилади. Масалан, камида 100 ўринли тўрт юлдузли меҳмонхона қурилади. Бадминтон, стол тенниси майдончалари меҳмонлар хизматида бўлади.

Яна бир муҳим жиҳати, Афшонага келувчилар учун арзон ва қулай авиа, темирйўл ҳамда автобус қатновлари йўлга қўйилади. Айни пайтда мажмуага элтувчи йўллар, жумладан, қўшни Вобкент тумани орқали бориладиган йўллар таъмирланади. Бу борадаги бунёдкорлик ишларига жорий йил сентябрь ойидан киришилади. 

– Мажмуада Абу Али ибн Синонинг ҳаёти, ижоди ва фаолиятини тарғиб қилиш мақсадида олимлар иштирокида семинарлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилади, – дейди Пешку тумани ҳокимининг инвестиция ва туризм масалалари бўйича ўринбосари Шоҳрух Омонов. – Шунингдек, юртимиздаги тиббиёт муассасалари ходимларининг мажмуа ва унинг яқинидаги буюк ҳаким мемориал музейига саёҳати йўлга қўйилади. Бу ерда тиббиёт коллежлари битирувчиларининг Абу Али ибн Сино қасамёдини қабул қилиш маросими анъанавий мақомга эга бўлади. Тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари талабалари ва коллежлар ўқувчилари ўртасида ташкил этиладиган “Абу Али ибн Сино издошлари” республика кўрик-танлови ғолиблари ҳам ушбу мажмуада тақдирланади. 

Яқинда Бухоро вилояти ҳокимлигида Афшонада барпо этиладиган мажмуа қурилишига оид режалар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Туркия Республикасининг «Medifemo Assistance» компанияси вакиллари ҳам иштирок этди. 

Мазкур компания таъсисчилигида ташкил этилган «Alke group companies» компаниясининг 51 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағи ҳисобидан Афшона қишлоғида Абу Али ибн Сино мероси мажмуаси барпо этилади. Бу борада Пешку тумани ҳокимлиги ва «Alke group companies» компанияси ўртасида меморандум имзоланди. Миллий меъморчилик анъана ва услублари, иқлим хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланаётган мажмуа лойиҳасини ишлаб чиқиш якунланмоқда. 

Мажмуа қурилиши жорий йил кузида бошланиб, бир йилдан сўнг – 2019 йил август ойида ниҳоясига етказилиши мўлжалланган.

 

манба: kun.uz

Read 3098 times

Янгиликлар

Top