Ўзбекистон янгиликлари

Мазҳабимизга оид китоб юртимизда илк бор чоп этилади

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Мусулмонлар идораси вакиллари Саудия Арабистонида бўлиб тургани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан мусулмон мамлакатларидан келган уламолар билан қатор учрашувлар ўтказдилар.

Хусусан, Мадина шаҳридаги Тойба университети профессори, ҳанафий олим, фақиҳ ва муҳаққиқ Саид Бекдош билан 30 июль куни илмий учрашув ташкил этилган. Ушбу учрашувда шайх Саид Бекдош қадимий қўлёзмаларни жамлаб, илмий тадқиқот асосида замонавий шаклда нашр этиш учун тайёрлаган ҳанафий мазҳабининг қадимий, буюк ва мўътабар китобларини Ўзбекистонда илк марта чоп этишга келишиб олинди. Келишувга кўра, юртимизда яшаб ўтган буюк уламолардан бўлмиш имом Марғинонийнинг «Ҳидоя» номли асари шу йил юртимизда нашр этилади.

«Ҳидоя» китоби ислом фиқҳида, хусусан, ҳанафий мазҳабида ёзилган мўътабар ва мукаммал асарлардан биридир. Асар муаллифи имом Бурҳониддин Марғиноний милодий ХII асрнинг забардаст фақиҳи ва имоми бўлган. «Ҳидоя» асрлар давомида ислом ҳуқуқшунослиги бўйича энг машҳур манба сифатида фойдаланиб келинган бўлиб, ҳозиргача жаҳоннинг энг нуфузли олийгоҳлари фиқҳ факультетларида ушбу китоб талабалар сўнгги босқичда ўқийдиган асосий қўлланма саналади.

Мазкур муборак китобни ислом оламида биринчи марта юксак илмий тадқиқот асосида нашрга тайёрлаган профессор, шариат фанлари доктори Саид Бекдош ўнлаб китоблар муаллифи, эллик томдан ортиқ қадимий асарларни илмий тадқиқ қилиб, чоп эттирган олим ва ҳанафий мазҳабининг етук фақиҳларидандир. Шубҳасиз, «Ҳидоя»дек асарнинг ўта сифатли ҳолатда, олтмишга яқин, баъзилари қарийб саккиз юз йиллик қадимий қўлёзмалар ва 120 га яқин шарҳлар асосида нашрга тайёрланган нусхаси юртимизда чоп этилиши Ўзбекистон мусулмонлари учун муносиб туҳфа бўлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3053 times

Янгиликлар

Top