muslim.uz

muslim.uz

Мендан қандай қилиб Аллоҳга етишиш мумкин деб сўрайсан. Мен айтаманки, агар Аллоҳга етишган зотларнинг сийратига боқсанг, уларни фақатгина мутлоқ таслим бўлибгина етишганини кўрасан.

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳис саломни кема ясашга амр қилганида Нуҳ алайҳис салом: “Саҳрода кема ясаш нега керак, эй Роббим?!”, демасдан буйруқ берилиши билан ясашга киришиб кетдилар.

Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳ ўғилларини қурбонлик қилишни амр қилганида у зот: “Отанинг ўз ўғлини сўйишида нима ҳикмат бор?!”, демасдан буйруқ берилиши билан ишга киришдилар.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг оналарини чақалоқни дарёга ташлашга амр қилганида у киши: “Бундан бошқа бехавотирроқ йўл йўқми?!, демасдан бирданига буйруқни бажаришга киришганлар.

Иброҳим алайҳис салом Ҳожар ва унинг гўдак ўғлини қуруқ саҳрога бир халта хурмо ва бир меш сув билан ташлаб кетаётганларида Ҳожар: “Бу ишга сизни Аллоҳ амр қилдими?”, дея сўрадилар. Иброҳим алайҳис салом: “Ҳа!”, дедилар. Шунда Ҳожар: “Ундай бўлса кетаверинг. Аллоҳ бизни зое қилмайди”, дедилар.

Сўнгра замон айланди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом кемани ясаб битиришлари билан тўфон жўнатди. Иброҳим алайҳиссаломга қурбонлик қилаётган ўғиллари ўрнига жаннатдан қўчқор жўнатди. Мақсад болани сўйиш эмас эди. Аллоҳдан ўзгага боғланиб қолишни сўйиш эди. Дарё эса Фиръавнни ўлдирадиган чақалоқни Фиръавннинг хонадонида вояга етиши учун етказиб берувчи ходим вазифасини бажарган эди холос. Ҳожар ва унинг боласи ташлаб кетилган жой бугун қарийб икки миллиард мусулмон талпинадиган Макка шаҳридир. У ер токи қиёматга қадар мусулмонлар қибласига айланди.

Дўстим! Агар етишмоқчи бўлсанг тафсилотларга киришмасдан Унга итоат қилавер. Аллоҳ истаган нарсада Унга таслим бўл, ана шунда У сенга сен истаганни беради!

Саломлар бўлсин қалбингга!

 

Абдулқодир Полвонов

АБУ ЮСУФ 

У киши машҳур саҳобий Саъд ибн Ҳабтанинг авлодларидан бўлиб, исмлари Яқуб ибн Ибраҳим ибн Хунайс ибн Саъд ал–Ансорийдир. 112-ҳижрийда туғилдилар. Ўспиринлик вақтларидан ҳадис ривоят қилиш билан шуғулландилар ва ҳадисларни Ҳишом ибн Урва, Абу Исҳоқ аш-Шайбоний, Ато ибн Соиб ва уларнинг табақасидан бўлган кишилардан ривоят қилдилар. Фиқҳни аввал Ибн Абу Лайлодан, сўнгра Абу Ҳанифадан олдилар. У киши Абу Ҳанифанинг энг катта шогирди ва энг яхши ёрдамчилари эдилар. Абу Ҳанифа ҳам Абу Юсуфга таълим бераётган вақтларида ота-оналарининг фақирликлари учун у кишининг кўнгилларини кўтариб турар эдилар. Агар Абу Ханифа бўлмаганларида у киши таълим ололмаган бўлар эдилар. Абу Юсуф ҳам фақиҳ, ҳам олим, ҳам ҳофиз эдилар. Талҳа ибн Муҳаммад "Тарихул қузот" номли китобларида шундай дейдилар: "Абу Юсуф ўз асрининг энг кучли фақиҳи эдилар. Бирорта ҳам киши у зотни олдиларига тушган эмас. У киши илмда, ҳукмда, раёсатда ва қадрда энг юқори ўринда эдилар. Ишлари машҳур, фазилатлари зоҳир эди".

Ибн Абдулбар айтадилар: "Абу Юсуф бир эшитишда элликта ҳадисни ёдлаб олар эдилар, сўнгра ўринларидан туриб, уни одамларга ёздирар эдилар. У киши жуда кўп ҳадис ёд олган эдилар, лекин у кишига Абу Ҳанифанинг раъйлари жуда ҳам сингиб кетган эди”.

У  киши биринчи бўлиб ўз мазҳабларида китоб ёздилар ва илмларини ер юзининг барча жойида тарқатдилар. Абу Ҳанифанинг мазҳабларини қўллаб-қувватлашда ва уни абадийлаштиришда у киши катта рол ўйнадилар. Дарҳақиқат, у киши Аббосийлар давлатининг қозиларининг қозиси мансабига тайинланганларидан ва давлатнинг барча вилоятларига қози тайинлашлик ҳуқуқи у кишининг қўлларига берилганидан у киши фақат ҳанафий мазҳабига мансуб кишиларнигина қозилик лавозимига тайинлар эдилар. Бу эса мазҳабнинг тарқалиши ва қўллаб-қувватланиши демакдир. У киши биринчи бўлиб ушбу юқори даражадаги мансабга эга бўлган кишидирлар. Абу Юсуф учта халифанинг даврида қозилик қилганлар ва қозиларни тайинлаганлар, улар: Маҳдий, Ҳодий ва у кишини жуда ҳам ҳурмат қиладиган Ҳорун ар-Рашиддир. Айтишларича Абу Юсуф биринчи бўлиб олимлар учун хос либос тайин қилганлар, ундан олдин олимларнинг барчалари ҳар хил кийимда юришар эди.

Абу Юсуф ижтиҳодда ва фиқҳда катта кучга ва нуфузга эга эдилар. Бир  куни у кишидан устозлари Аъмаш бир масала ҳақида сўраган эдилар, у киши жавоб бердилар. Шунда у кишидан: "Сен бунга жавобни қаердан олдинг? - деб сўрадилар. Ўзингиз менга айтиб берган ҳадисингиздан, дедилар Абу Юсуф ва ҳадисни ёзиб бердилар. Шунда устозлари: "Мен бу ҳадисни ота-онанг бир-бирлари билан топишишларидан олдин ёдлаган эдим, лекин бунинг маъносини мана энди тушуңдим”, дедилар. У кишини билган илмлари орасида энг улуғи фиқҳ эди. У киши тафсирни, Расулуллоҳнинг ғазотларини, арабларнинг кундалик ҳаётларини ва бошқа илмларни ҳам билар эдилар. Абу Ҳанифанинг шогирдларининг ичида у кишига ўхшагани бўлган эмас.

Абу Юсуф Имом Моликнинг олдиларига борганлар. У киши билан кўпгина масалалар устида мунозара қилганларидан кейин, у кишидан илм ола бошлаганлар. Сўнгра Ироққа қайтиб келганлар. У киши Ҳижозликларни илмидан кўпгина фойда олганлар. Абу Юсуф биринчи бўлиб, икки мазҳабни бир-бирига яқинлаштирганлар ва ироқликлар билан ҳижозликлар ўрталаридаги келишмовчиликка чек қўйганлар. Аҳли ҳадислар у кишини муҳаддислар қаторига қўшганлар ва у кишига тасаннолар айтганлар. Ибн Маъин айтадилар: “Раъй эгалари (яъни, ўша вақтда Ироқ, Кўфа ва шу каби шаҳарларда яшаган, хусусан Ҳанафий мазҳаб олимларига “раъй эгалари” дейилар эди) орасида Абу Юсуфдан кўра кўпроқ ҳадис ёдлаган ва айтган ҳадисига ишонса бўладиган киши йўқ”. Яна шундай деганлар: “Абу Юсуф ҳадис эгаси ва суннат эгасидир”. Ибн Маъин, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Алий ибн Мадиний Абу Юсуфни ҳадис борасида “сиқа” (ишончли киши) эканликларига иттифоқ қилишган. Ибн Жарир Табарий айтадилар “Абу Юсуф раъйга берилганликлари билан бир қаторда қозилик мансабида ўтирганликлари учун бир тоифа кишилар у кишининг ҳадисларини олишмас эди”

У киши 166 ҳижрийда қозиликка сайландилар ва 183 ҳижрийда вафот этганлар. То вафотларига қадар шу мансабда турдилар. У кишининг ёзган китобларидан фақатгина “Хирож” рисоласи қолган. 

Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбоний

У киши Муҳаммад Ибн Ҳасан ибн Фарқад Аш-Шайбонийдирлар. Абу Ҳасан аслида Шомдан бўлиб, Ироққа кўчиб келган. У ерда 131 ҳижрийда Восит деган жойда Муҳаммад дунёга келдилар ва Кўфада ўсиб улғайдилар. У ерда ҳадис илмини ўргандилар ва ҳадисларни Масъар, Молик, Авзоъий ва Саурийлардан тингладилар. Абу Ҳанифага шогирд бўлдилар ва фиқҳни у кишидан ўргандилар. Абу Ҳанифа билан кўп вақт бирга бўла олмадилар, чунки Абу Ҳанифа у киши эндигина илм ола бошлаганларида вафот қилдилар. Сўнгра илмни Абу Юсуфдан олдилар. У киши ақл ва заковат соҳиби эдилар. Шунинг учун илмда юқори мартабаларга эришдилар. Ҳаттоки Абу Юсуф ҳаётлик даврларидаёқ Ҳанафий мазҳабидаги кишилар у кишига мурожаат қиладиган бўлишди. Оқибатда икковлари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлди. Келишмовчилик Абу Юсуф вафот қилгунларича давом этди.

Муҳаммад Мадинага ҳам борганлар. У ерда Имом Моликдан дарс олганлар. Муваттода уларнинг хос ривоятлари ҳам бор. Бағдодда Шофеъий билан учрашдилар ва у кишининг китобларини ўқидилар. У киши билан кўпгина масалаларда мунозара қилдилар. Шофеъийнинг китобларида ўрталарида бўлиб ўтган қимматли мунозаралар баён қилинган. Имом Муҳаммаднинг Молик билан учрашганлари ва Шофеъий билан бўлиб ўтган мунозаралари у кишининг ижтиҳодларига ва ҳукмларни истинбот қилиб олишларига сезиларли даражада таъсир қилди.

У киши одамлар орасида Аллоҳнинг китобини энг билимдони, араб илмлари ва ҳисоб илмининг моҳири эдилар. Абу Убайд айтадилар: “Мен Аллоҳнинг китоби бўйича Муҳаммад ибн Ҳасандан кўра билимдонроқ кишини кўрмадим”. Шофеъий айтадилар: “Мен Муҳаммаддан битта туяга юк бўладиган илм олдим ва бу кишичалик енгил ҳаракат қиладиган семиз кишини кўрмадим. У ўз китоблари орқали Абу Ҳанифанинг илмини тарқатган кишидир”. Имом Аҳмадга: “Бу аниқ масалаларни сиз қаердан олдингиз?” – деб сўрашганда, у киши: “Муҳаммаднинг китобларидан”, деб жавоб бердилар.

У кишидан илм олиб фақиҳ бўлиб етишганлардан: Абу Ҳафс Кабир, Абу Сулаймон Жузжоний, Мусо ибн Носир Розий, Муҳаммад ибн Саммоъа, Исо ибн Абон, Муҳаммад ибн Муқотил ва бошқалардир. У кишининг ёзган китоблари жуда кўп бўлиб, уларнинг сони тўққиз юз тўқсонтагача етади ва уларнинг барчаси диний илмлар ҳақидадир. Ҳанафийлар мазҳабда Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китобларига суянадилар. Ҳорун ар-Рашид у кишини қозиликка тайинлаганлар ва у киши билан Хуросонга бирга сафар ҳам қилганлар. У киши 189 ҳижрийда Рай шаҳрида вафот этганлар ва ўша ерда дафн қилинганлар. 

АБУ ҲАНИФАНИНГ ШОГИРДЛАРИНИ У КИШИНИНГ ФИҚҲИГА КЎРСАТГАН ТАЪСИРЛАРИ 

Юқорида номлари зикр қилинган кишилар Абу Ҳанифанинг мазҳабларини тарқатган, у кишининг айтган гапларини китобларга битган ва у кишига жуда ҳам кўп кўмак берган кишилардир. Улар фиқҳ масалаларини тузишда ва уларга жавоб беришда катта мавқеъ эгаллаганлар. Улар Абу Ҳанифага нисбатан тақлид қилувчи бўлмаганлар, балки у кишининг ўқувчилари бўлганлар. Шу билан бирга улар мустақил тарзда фатво ёзганлар. Улар Абу Ҳанифа берган фатво билан тўхтаб қолмаганлар, балки баъзи ҳолатларда у кишининг фатволарига хилоф тарзда ҳам фатволар беришган. Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад Ҳижоз имомларидаги баъзи ривоятлардан огоҳ бўлганларидан кейин Абу Ҳанифанинг кўпгина раъйларидан қайтдилар. Улар Абу Ҳанифага эргашган мужтаҳидлардир. Чунки улар ижтиҳодда ва фатво беришда Абу Ҳанифа юрган йўлдан юрдилар ва у кишининг қоидаларига суяндилар.

Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг Абу Ҳанифага бўлган нисбати Шофеъийнинг  Моликка ёки Ибн Ҳанбалнинг Шофеъийга бўлган нисбатига ўхшаш эмас. Чунки тўрт имомнинг ҳар бирларини истинбот қилишда ўз йўл йўриқлари бор, бу йўл-йўриқлар бир-биридан фарқ қилади. Бу имомларнинг бирлари иккинчиларининг йўлини тутган эмаслар. Бунга сабаб уларнинг ҳар бирларини асарни ўз ижтиҳодлари ила тушунишларидир. Оқибатда бирлари қиёсни олсалар, иккинчилари истеҳсонни оладилар, учинчилари наздида  асар кучлироқ бўлиши мумкин ва ҳаказо.

Аммо, Абу Юсуф ва Муҳаммад эса, Абу Ҳанифанинг йўлларини маҳкам тутганлар. Албатта, баъзи фаръий масалаларда у кишига хилофан фатво берган жойлари ҳам мавжуд.

ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДАГИ ФИҚҲ МАСАЛАЛАРИ 

Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳ масалалари уч қисмга бўлинади:

  1. Аслий масалалар.
  2. Нодир масалалар.
  3. Фатволар.

Биринчи қисм – аслий масалалар. Улар ривоятларнинг зоҳири деб номланадиган масалалардир. Булар Абу Ҳанифадан ва у кишининг шогирдлари, масалан, Абу Юсуф, Муҳаммад, Зуфар ва бошқа кишилардан ривоят қилинган масалалардир. Лекин бу масалаларнинг аксари Абу Ҳанифа  ва у кишининг икки шогирди Абу Юсуф ва Муҳаммад ёки иккаларидан бирларининг гапларидан иборатдир. Абу Ҳанифанинг шогирдларидан бирлари бўлмиш Муҳаммад ибн Ҳасан Аслий масалаларни “Ривоятларнинг зоҳири”, деб номланмиш олтита китобга жам қилганлар.

Иккинчи қисм – нодир масалалар. Улар  “Ривоятларнинг зоҳири” китобида келтирилмаган Абу Ҳанифадан ва у кишининг шогирдларидан ривоят қилинган масалаларидир.

Учинчи қисм – Фатволар. Улар мутааххир Ҳанафий мужтаҳидларининг Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдларидан ривоят қилинмаган масалаларда ўз мазҳабларидан келиб чиққан ҳолатда берган фатволаридир. Ҳанафий мазҳаби бўйича танилган биринчи фатво китоби Абу Лайс Самарқандийнинг “Китобун-навозил” китобидир.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

 

Тошкентдаги Ислом маданият маркази қурилиш ишларини 2021 йилнинг охирги чорагигача тугатиш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 119 миллион долларга тенг. Бу ҳақда 2021-2023- йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида маълум қилинди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваровнинг маълум қилишича, марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларга ҳомийлик қилаётган тадбиркор Алишер Усмонов Ислом цивилизацияси марказига қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 минг 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилган.

Маълумот учун, 2017 йили президент Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасида бўлиб, мазкур марказ қурилиш лойиҳаси билан танишганди. Марказ қурилишини миллиардер Алишер Усмоновга тегишли Россиянинг «USM Нoldings Limited» компанияси молиялаштирмоқда. Қурилиш ишлари 2019-2021 йилларда амалга оширилиши белгиланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бозор дарвозасидан кириб-чиқаётганлар дарвоза олдида совуқдан жунжикиб ўтирган чамаси уч-тўрт ёшли қизчага бефарқ қараб ўтолмасди. Кимдир унга қанд, кимдир юмшоқ кулча узатарди.

Ўттиз ёшлардаги аёл бозор-ўчарини қилиб бўлгач, дарвоза олдига келиб сумкаларини ерга қўйди. Шу пайт ёнгинасида катта-катта қора кўзлари жавдираб турган қизалоққа кўзи тушди. Совуқда дир-дир титраётган қизчага ичи ачиди. Яқинига келди. Музлаган қўлчаларидан тутиб, бағрига босди ва:
– Айланай қизим, совқотибсан-ку, ойинг қани? Нега бир ўзинг бу ерда турибсан?
Қизалоқ кўзларини юмиб-очиб, йиғлаб юборди:
– Ойим... Ҳозир келаман, деб... Келмади...

Аёл қизчани бағрига босаркан, чўнтакчасидаги букланган қоғозга кўзи тушди. Уни очиб, ўқий бошлади:
“Ассалому алайкум! Ким қизимни фарзандликка олиб, бағрига босса, мендек бағритош онани кечирсин. Ота-онам дунёдан ўтганига анча бўлди. Қизим билан ҳар жойда, ижара уйларда яшадим. Тикувчилик қилдим. Аммо ишим олдинга юрмай, жуда қийналдим. Қизим ҳам мен каби қийналишини истамайман. Кечқурун Россияга жўнаб кетяпман. Қизимни сийлаганларни Худо сийласин!..”.

Аёл хатни ўқиркан, кўзларидан дув-дув ёш оқарди. Қизчани бағрига босганча лаблари пичирлади: “Бечорагина...”. У қизчани даст кўтариб, бир қўлида сумкалар билан борарди. Уларнинг зил-замбилдек оғирлиги энди аёлга сезилмасди...!

Тошкент шаҳрида 2021-2023 йилларда маҳаллий ва хорижий ташаббускорлар томонидан жами қиймати 9,442 трлн. сўм миқдоридаги 90 та лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот хизмати маълум қилди.

Мазкур лойиҳаларда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 739,5 млн. долларни ташкил этиб, шундан 3 596 та хона ва 7 050 та ўринга мўлжалланган 66 та меҳмонхона, 12 та савдо, кўнгилочар бизнес маркази, 9 та маданият ва истироҳат боғи ва 3 та ҳунармандчилик марказлари барпо этилиши назарда тутилган. 

Ҳозирда лойиҳалар бўйича манзилли рўйхат шакллантирилиб, мониторинг ишлари олиб борилмоқда. 2021 йилда туризм соҳасига доир инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 6 102 та янги иш ўрни яратилади. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top