muslim.uz

muslim.uz

Айни дамда мазкур мавзуда “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбарияти томонидан, фонднинг ҳудудий филиаллари раҳбарлари учун давра суҳбати бўлиб ўтмоқда.

Давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад, ҳудудий филиаллар иш самарадорлигини янада ошириш, хайриялар кўламини кенгайтириш ва зиёратгоҳлардаги шароитларни яхшилаш борасида ўзаро фикр алмашишдан иборат.

     Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси  ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 32 йил тўлди. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди.

   Истиқлол туфайли жаннатмакон мамлакатимизда Ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Мўмин мусулмонларнинг эмин – эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун ҳамма шароитлар яратилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди.

   Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг биринчи кунлари дам олиш куни деб белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди.

    Ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва бу буюк неъматларнинг шукронасини қилиб, қадрига етиб яшаш ҳамда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

   Мустақиллик ва ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукроналар айтишимиз лозим. Чунки Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор:

“…агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада)зиёда қилурман…” (Иброхим сураси 7-оят).

   Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

     «Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди» (Имом Ахмад ва Термизий ривояти), – деб марҳамат қилганлар.   

     Аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари она-Ватанни севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: «Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она-Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини».

   Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиш билан ўлчанади.

   Барчамиз учун табаррук бўлган уч сўз бор: Имон, Ватан ва Истиқлол. Бу сўзларнинг мазмун моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис этиб турибмиз.

Имон – Буюк Аллоҳ ва Расулига ишониш, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиш ва Унинг амр-фармонларига итоатда бўлиш демакдир.

Ватан – бу муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимиз ифтихоридир. Уни авайлаб-асраш, унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш, имон ва муҳаббат таянчидир.

Истиқлол – Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бўлиб, у ҳаётимиз мазмуни, ғурур ва ифтихоримиз тимсоли ва ифодасига айланган.     

  Ватан равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топишида ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарурлигини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда таъкидлаб, шундай дейди:

“… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).

   Ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқарган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган, мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётган, биз ёшлар келажагига мустаҳкам замин яратаётган азиз ва мукаррам – Мустақиллигимиз бардавом бўлсин!

Одилжон Нарзуллаев
Янгийул тумани «Имом Султон»
жоме масжиди имом-хатиби


Аввал хабар берганимиздек, бугун 25 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ички назорат комиссияси томонидан халқ орасида “Исоқжон домла” деб танилган Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон Бегматовнинг ижтимоий тармоқлардаги бир қатор чиқишлари кенг муҳокама қилинди.

Комиссия аъзолари томонидан имом-хатибнинг турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ҳиссиётга берилиб қилган кескин чиқишлари, уламолар фатволарига нисбатан айрим тескари фикрлари, ихтилофли масалаларни кўтариши оқибатида, низо ва қарама-қаршиликларга сабаб бўлгани қаттиқ танқид остига олинди.

Ички назорат комиссияси аввал ҳам ушбу имом-хатибнинг мана шундай чиқишларини бир неча бор кўриб чиқиб, уни жиддий огоҳлантирган эди. Афсуски, бундай ҳолатлар яна такрорланишда давом этди.

Йиғилишда И.Бегматовнинг мазкур чиқишлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини мутлақо ифода этмаслиги, балки унинг ўзбилармонлик ила айтган шахсий фикр-мулоҳазалари экани таъкидланди.

И.Бегматов ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида жиддий хатога йўл қўйганини эътироф этди ва пушаймонлигини билдирди.

Ички назорат комиссияси қарорига асосан имом-хатиб мазкур чиқишларида ушбу йўналишдаги буйруқлар талаблари, ички тартиб-қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларига мунтазам равишда риоя этмагани учун Исоқжон Бегматов Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби вазифасидан озод этилди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тузилган Ички назорат комиссияси диний соҳа ходимлари фаолиятини тартибга солиш, камчиликларга йўл қўйганларга таъсир чораларини қўллаш ва ҳалол-пок хизмат қилаётганларни рағбатлантириш каби ваколатларга эгадир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Она қишлоғим Олақўйлиқ баҳаво, хушманзара ва обод маскан. Саришталик, тоза-озодалик унинг ҳар бир гўшасида кўзга ташланади. Қишлоқдошларимиз ободликни севади. Мисол учун, ҳудудимиздаги “Ғойиб ота” қабристони дарвозасидан кирар экансиз, истироҳат боғига келиб қолдимми, деган иккиланиш пайдо бўлади: боғу роғлар, гулзорлар, ишком арклар, сўри-супалар... Деворларга зарҳал ҳарфлар билан оят ва ҳадислар битилган. Мусофирлар учун ётоқхона, мини артезиан қудуқ мавжуд. Қабр қазиш пайтида тепаликдан топилган турли сопол идишлар, сопол қувурлар ва бошқа осори атиқалар алоҳида хонада сақланмоқда. Мактаб ўқувчилари учун ўлкашунослик музейининг айни ўзи.

Уч йил олдин қурилган “Олақўйлиқ” жоме масжиди барча талабларга жавоб беради. 50 ўринли таҳоратхона, мусофирхона, кутубхона, гардероб хонаси – намозхонлар учун қулайлик яратган. Масжиднинг ўзида 400 нафар ва ҳовлисида 800 нафар намозхон сиғими мавжуд. Энг муҳими, масжидимизда соғлом муҳит, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат ўрнида. Шу боис намозхонлар сафи кун сайин кенгайиб-ёшариб бормоқда.

Қишлоғимиз аҳолиси барча шароитга эга. Замонавий мактаб, болалар боғчалари, стадион, 3 та кичик ўйингоҳ, билярд ва стол тенниси, соғломлаштириш тренажёр хонаси, стоматология, 3 та қассобхона, 2 та дорихона, 3 та кафе, токарлик-пайвандлаш хонаси, Маданият уйи, тўйхона, 3 та супермаркет ва 3 та мини маркет, 3 та хўжалик дўкони, 2 та сартарошхона, гўзаллик салони, почта ва ҳоказолар. Қишлоғимиздан кўплаб ижодкорлар ва олимлар етишиб чиққан.

Юз ёш билан юзлашаётган кексаларимиз – Абдували бобо, Жўрақул бобо, Эргаш бобо, Қурбон бобо, Ҳаким бобо, Мунаввар буви, Рўзихол буви, Фаина аяларнинг ҳаёт йўллари барчамизга ибрат. Уларнинг дуолари, панд-насиҳатлари ёшларимизни яхшиликка, диёнатга, ҳақгўйликка ўргатмоқда.

Ражаб ИБРОҲИМОВ,

Китоб тумани

Page 5 sur 1862

Янгиликлар

Top