muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳнинг байти – масжидларни обод қилишга бугун ҳар қачонгидан ҳам эътибор кучайган. Чунки бу маърифат масканлари мўмин-мусулмонларнинг илмини ошириш, билимини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Шу йил, 23 февраль куни “Сўфон” жоме масжидининг янги биносининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Қувасой шаҳар бош имом-хатиби Алишер домла Наимов ҳамда шаҳар имом-хатиблари иштирок этди.

Қувасой шаҳрининг Сўфон қишлоғида жойлашган “Сўфон” жоме масжидининг илк биноси 1989-1990 йилларда қурилган. Масжиднинг бино ва иншоотлари ўша вақт учун муносиб бўлсада, бироқ бугунги кунга келиб замонавий архитектура талабларига жавоб бермас, қолаверса, намозхонлар учун ҳам шарт-шароитлар айтарлик даражада эмас эди.

Масжид янгитдан – замонавий архитектура талаблари асосида, намозхонлар учун хавфсиз ва қулай имкониятларни эътиборга олган ҳолда қуриб битказиш ҳақидаги қарорини Ўзбекистон мусулмонлари идораси қўллаб-қувватлаши натижасида ҳозирда “Сўфон” жоме масжиди қайта бунёд этилди.

Жоменинг аввалги биносида 400 киши ибодат қилиб келган бўлса, эндиликда унинг ўрнига 1500 кишини ўз бағрига сиғдира оладиган ибодатгоҳ қад кўтарди. Янги жомега мос тарзда замонавий таҳоратхона ҳам қурилди. Поклик масканида барча шарт-шароит яратилган.

Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигида бир гуруҳ аҳли илмлар мазкур жомеда пешин намозини адо этиб, жамоат билан дилдан суҳбатлашдилар. Суҳбат асносида диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кўплаб масжидларнинг янгитдан қурилаётгани, жумладан, «Сўфон» жоме масжидининг қисқа фурсатда қайта бунёд этилгани ҳам бунинг намунаси экани таъкидланди. Шунингдек, ушбу жомени қайта қуришда ўз ҳиссасини қўшганлар, айниқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, хусусан муфтий ҳазратларининг кўмаги катта бўлгани қайд этилиб, улар ҳақига дуо қилинди. Вакиллик томонидан масжид кутубхонаси учун диний-маърифий мазмундаги китоблар жамланмаси совға қилинди.

Аллоҳ таоло янги масжидни қувасойликлар учун илм-марифат ва тарбия маскани бўлишини насиб қилсин!

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

 بسم الله الرحمن الرحيم

ОТА-ОНАНИ РОЗИ ҚИЛИШ – ФАРЗАНДЛИК БУРЧИ

Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таоло ер юзида жорий қилган одат шуки, одам болаларининг барчаси ота-онадан дунёга келади. Ота-онани танлаш имкони йўқ, бу – илоҳий бир тақдир. Бунинг устига Аллоҳ таоло ота-онага итоат қилишни фарз қилиб қўйган. Шундай экан, ҳар бир шахс Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, бу илоҳий қисматга рози бўлиб, ота-онасига чиройли муомала қилиши, уларнинг розилигини олиши ва итоат қилиши шартдир. Ота-онага яхшилик қилишнинг зарурлиги ва фазилати ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:

 وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا

 (سورة الإسراء 23)

яъни: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт” (Исро  сураси, 23‑оят).

Уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон”, “онажон” каби сўзлар билан ўзига хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини ниҳоятда ҳокисор тутиш кабиларни тушиниш керак.

Инфоқ-эҳсон қилишга ҳам энг ҳақли зотлардан бири – ота-онадир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

 يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ...

яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз!...”” (Бақара сураси 215-оят).

Кўриб турганимиз каби эҳсон қилинувчилар рўйхатининг бошида ота-она зикр қилинган. Шунинг учун ота-она кексайиб, фарзандлар балоғатга етганда, ота-онанинг нафақа-таъминоти болаларнинг зиммасидадир. Ота-онани қаровсиз қолдирган фарзандлар қаттиқ гуноҳкор бўладилар.

Ота-онага яхшилик қилиш Қуръони каримда Аллоҳ таолога ибодат қилиш, унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик билан бирга зикр қилинган. Қуръони каримда шундай дейилади:

 وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси 36-оят).

Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини ота-онанинг розиликларига боғлаб қўйди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

رِضَا الرَّبِّ فِي رِضَا الْوَالِدَيْنِ وَسَخَطُهُ فِي سَخَطِهِمَا

رَوَاهُ الْاِمَامُ الطَبَرَانِيُّ عَنِ ابْنِ عَمْرٍو رضي الله عنه 

яъни: “Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигида, Унинг ғазаби эса ота-онанинг ғазабидадир” (Имом Табароний ривоятлари).

Демак, Аллоҳ таолони рози қиламан деган киши – ота-онасини рози қилсин, Аллоҳни ғазабидан қўрққан киши – ота-онасини ранжитишдан қўрқсин.

Ота-онага оқ бўлиш, турли озорлар бериш ва уларни қаровсиз қолдириш – катта гуноҳлардандир. Ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар:

 بُكَاءُ الْوَالِدَيْنِ مِنَ الْعُقُوقِ وَالْكَبَائِرِ 

(رواه الامام البخاري)

яъни: “Ота-онани йиғиси оқ бўлиш ва катта гуноҳдир” (Имом Бухорий ривоятлари).

Фарзандлар билиб-билмай ота-онасини йиғлатган, хафа қилган бўлсалар, ҳеч кечиктирмасдан Аллоҳ таолога тавба-тазарру қилиб, ота-оналаридан кечирим сўраб, уларни хурсанд қилишга ҳаракат қилишлари керак.

 Ота-онага яхшилик қилган фарзанднинг умри зиёда ва ризқи мўл-кўл бўлиши ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:       

مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُمَدَّ لَهُ فِى عُمْرِهِ وَيُزَادَ لَهُ فِى رِزْقِهِ فَلْيَبَرَّ وَالِدَيْهِ وَلْيَصِلْ رَحِمَهُ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ أحمدُ بْنُ حَنْبَلٍ عن انس ابن مالك رضي الله عنه)

яъни:Кимни умри узун ва ризқи кенг бўлиши ҳурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин”, – дедилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

  Ота-онасига  яхшилик қилган фарзандларга жаннат эшиклари очилиши ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

مَا مِنْ مُسْلِمٍ لَهُ أَبَوَانِ، فَيُصْبِحُ وَهُوَ مُحْسِنٌ إِلَيْهِمَا إِلَّا فُتِحَ لَهُ بَابَانِ مِنَ الْجَنَّةِ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالْإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ)

яъни: “Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади”, – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривоят қилганлар).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўрадилар:  

أيُّ العَمَلِ أحَبُّ إِلَى اللهِ تَعَالَى؟ قَالَ: الصَّلاةُ عَلَى وَقْتِهَا. قُلْتُ : ثُمَّ أي؟ قَالَ: بِرُّ الوَالِدَيْنِ

قُلْتُ: ثُمَّ أيٌّ؟ قَالَ: الجِهَادُ في سبيلِ الله

مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

яъни: “Қайси амал Аллоҳ таолога севимлироқ?” У Зот алайҳиссалом айтдилар: “Ўз вақтида ўқилган намоз”. “Кейин қайси бири”, деб сўрадим. У Зот: “Ота-онага яхшилик қилиш”,дедилар. “Кейин қайси бири”, деб сўрадим. У Зот: “Аллоҳ йўлидаги кураш”, дедилар” (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, вақтида ўқилган намоз амалларнинг афзалидир ва ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ йўлидаги курашдан афзалдир. Бу маънони бир қанча ҳадисларни ўқиб билиш мумкин.

Бир киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига келиб: “Сизнинг олдингизга ҳижрат қилиш учун байъат бергани келдим ва ота-онам йиғлаб қолдилар”, – деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг олдига қайт ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай қилиб кулдиргин”, –  дедилар (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аҳолиси золим бўлган ушбу қишлоққа кириш учун тайёргарлик кўринглар. Албатта, Аллоҳ таоло уни сизларга фатҳ қилади, иншааллоҳ – яъни Хайбарни – Мен билан асов ва нимжон туя минганлар чиқмасин”, – дедилар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу оналарининг олдига бордилар ва: “Мени жиҳодга тайёрланг, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотга тайёргарлик кўришга буюрдилар”, – дедилар. Онаси: “Борасанми, биласанку, мени сендан бошқа ҳеч кимим йўқ?!” – деди. Абу Ҳурайра: “Мен Расулуллоҳдан қолмаслигим керак”, – деди. Шунда онаси кўкрагига ишора қилиб, уни шу кўкрагидан сут бериб эмизганлигини пеш қилди. Шундан кейин яширинча тарзда Расулуллоҳнинг олдиларига бориб воқеадан хабар берди. Расулуллоҳ: “Бораверинг, айтганингиздек бўлади”, – дедилар. Абу Ҳурайра Расулуллоҳнинг олдиларига келган эди, Расулуллоҳ ундан юзларини бурдилар. Абу Ҳурайра: “Эй, Расулуллоҳ! Мендан юзингизни буряпсизми. Мен ҳақимда бирор нохуш хабар етдими?” – деди. Расулуллоҳ: “Сенми, онанг кўкрагини чиқариб, сени кўкрак сутидан бериб боққанини пеш қилишга мажбур қилган. Ота-онаси ёки улардан бири ҳузурида турган қай бирингиз ўзини фи сабилиллоҳ (Аллоҳнинг йўлида) эмас деб билади? Агар ота-онасига яхшилик қилса, уларнинг ҳаққини адо этса, албатта, у фи сабилиллоҳ (Аллоҳнинг йўлида) бўлади”, дедилар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар: “Шундан кейин то онам вафот этгунича, икки йилгача ғазотга чиқмадим” (Имом Абу Яъло ва Имом Табаронийлар Анас ибн Моликдан ривоят қилишган).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Сиқояда (Маккадаги жойнинг номи) эдилар. Бир аёл ўғли билан келди ва: Мана бу ўғлим ғазотга бормоқчи, мен эса уни ман қиляпман, деди. Расулуллоҳ: “Онанг изн бермагунча ёки вафот этмагунича, унинг олдидан жилмагин чунки, бунинг ажри каттадир”, дедилар (Имом Табароний Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Ибн Саъд Муовия ибн Жоҳима ас-Суламийдан ривоят қилишича, Жоҳима Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига келиб: “Эй, Расулуллоҳ! Ғазотга чиқмоқчи эдим. Сиздан маслаҳат олгани келдим, деди. Расулуллоҳ: “Онанг борми?” – дедилар. У: “Ҳа”, – деди. Расулуллоҳ: “Уни маҳкам тут, чунки, жаннат унинг оёғи остидадир”, – дедилар. Бу воқеа икки, уч марта ҳар хил жойларда бўлди ва ўша гап айтилди (Имом Табароний ривоятлари).

Демак, ҳозирги кунда ўзларининг фикрларича, фалон жойда жиҳод бўлаяпти, ҳамма мусулмонлар ўша ерга бориши керак, ҳижрат қилиши керак, ота-онаси норози бўлса, уларни ҳийла қилиб чалғитиб кетса бўлади, деяётганлар юқоридаги ҳадиси шарифларнинг ҳукмига зид гапларни айтмоқдалар ва бу гаплари мутлақо эътиборсиздир. Ота-она рухсат бермаса, фарзанд ўзга юртларга жиҳод учун чиқиб кета олмайди, бу иш гуноҳга айланади

Шу ўринда фитначиларнинг сўзлари ботил эканини билдириш мақсадида Исломда жиҳоднинг ҳукми ҳақида қисқача тўхталамиз.

Жиҳод икки қисмга бўлинади: талаб жиҳоди ва мудофаа жиҳоди. 

“Талаб жиҳоди” – Ислом динини етказиш ва Аллоҳ таолонинг калимасини олий қилиш мақсадида кофирлар билан жанг қилишдир. Бу жиҳоддан мақсад Исломни ўзгаларга етказишдир.

Уламолар талаб жиҳодининг ҳозирги кунда йўқлигига иттифоқ қилишган. Хусусан 2015 йил 25 март куни Ислом фиқҳи академияси ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишганлари ва ўзаро алоқалар ўрнатиб элчихоналар очганлари сабабидан бугунги кунда талаб жиҳоди йўқ экани борасида алоҳида қарор эълон қилинган (Қарор рақами: 207 (3/22)).

Демак, ҳозирги кунда мусулмонлар Исломни ўзгаларга тинч йўл билан, турли туман воситалар ёрдамида етказиш имконига эга бўлдилар. Кўплаб уламолар илмий майдонда одамларга Исломни етказиш йўлида самарали хизмат қилмоқдалар.

“Мудофаа жиҳоди” душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирсалар, ҳимоя учун мудофаа жиҳоди фарзи айн бўлади. Уламоларимиз мана шундай ҳолатдагина ватанни ҳимоя қилиш учун ҳеч кимни рухсати керак бўлмаслигини таъкидлайдилар.

Бунинг устига талаб жиҳодини оддий фуқаролар эмас, балки подшоҳ, давлат раҳбарлари ташкиллаштиради. Давлат томондан ҳарбий сафарбарлик эълон қилингандагина фуқароларга унга итоат этиб ҳарбий амалиётларда қатнашиш фарз бўлади. Оддий фуқаро ё қандайдир тўдабошининг ташаббуси билан шаръий жиҳод ташкил этилмайди. 

Мўмин-мусулмонлар бугунги кунимиздаги турли қўштирноқ ичидаги воизларнинг ҳар қандай “жиҳод”га жим-жимадор чорловлари олдида шошиб қолмасликлар, балки ҳамма эътироф этган уламоларга қулоқ тутишлари, уммат эътироф этган уламолар атрофида бирлашишлари зарурдир.

Бугунги кунда террорчилик ташкилотларининг даъватчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангарилар тайёрловчи марказларга жўнатиш мақсадида дунёвий давлат ва жамиятни динсизликда айблаб, гўёки ҳижратга чиқиш фарз амал экани, “бунинг учун ҳеч кимнинг, ҳатто, ота-онанинг рухсатини олиш керак эмас” ёки “ота-онамиз бизни дунёга келишимизга сабабчи бўлган холос, ҳамма ишни ҳам уларни маслаҳатлари билан қилмаймиз” деган сохта тушунчаларни диндор ёшларга сингдиришга ҳаракат қилишлари ўрта асрлардаги хорижийларнинг амалидир.

Ватанни сотиш, ўз юрти ва ватандошларига зарар етказиш, ота-онани норози қилиб “оқ бўлиш” эса ислом таълимотида оғир гуноҳ ҳисобланади.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот алайҳиссалом эса: “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар.

Масаланинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, гўёки “ҳижрат” учун Сурия каби мамлакатларга бораётганлар яхшилик билан шуғулланаётгани йўқ. Аксинча, ўша ерда уларга қўшилмаганларни “кофир” деб эълон қилиб, уйларини тортиб олиб, ўзларини ўлдириб юбормоқдалар, аёллар ва болаларга зулм қилмоқдалар. Бундай фитналар, гуноҳи кабира ишларга қўл ургандан кўра, ўз юртида тинчликда, эмин-эркинликда фарз амалларни, ибодатларни бажариб, ҳалол меҳнат билан оиласини боқиб юрганлари афзал эмасми? Шу сабабли, исломда, фитна даврида унга аралашмай ибодатда бўлганларга катта инъомлар ваъда қилинган.

Шу нуқтаи назардан ёшларимиз юзлаб мусулмонларнинг ҳаёти барбод бўлишига сабабчи бўлган миллат ва дин хоинларидан эҳтиёт бўлишлари лозим.

Шундай экан, юқоридаги масалалар ота-онанинг фарзандда ҳаққи улуғлигини билдиради. Ҳар бир икки дунё саодатини истаган фарзанд бу ҳақларга риоя қилсин, ота-онасини рози қилиб ўзига жаннатдан жой ҳозирласин!

Аллоҳ таоло барчамизни солиҳ фарзандлардан қилиб, доим ота-оналаримизга яхшилик қилувчилардан қилсин! Турли фитна ва алдовларга тушуб қолишдан Ўз паноҳида асрасин! Омин!

Масжидлар – салобати, таровати, файзи ва шукуҳи билан дунё иморатлари ичида алоҳида ажралиб турувчи ажойиб маскандир.

Раббимизга шукрлар бўлсинки, сўнгги йилларда юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикаси масжидлари ҳам тобора обод ва файзли масканларга айланиб боряпти.

Бугун 23 февраль куни шундай масканларидан бири – Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри “Ўроқ-болға” маҳалласида масжид учун ажратилган ер майдонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари масжид биносининг илк ғиштини қўйиш маросимида иштирок этдилар. Мазкур тадбирда Қорақалпоғистон қозиёти қозиси Шамсиддин домла Бауатдинов, уламолар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари ва нуроний отахонлар иштирок этдилар.
Янги масжид битгач, бу жойда минг киши бемалол ибодат қилиши мумкин бўлади. Шунинг баробарида, кўркам жомега мос тарзда янги, барча қулайликларга эга замонавий таҳоратхона ҳам барпо этилади.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни тез муддатларда бунёд этилишини насиб этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Хасан домла Қодиров
Тошкент шаҳри "Сирож-солих" жоме масжиди имом-хатиби

Куни кеча, 22 февраль куни Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Қорақалпоғистон диёрига сафарлари доирасида Чимбой туманидаги “Юсуф ота” ва “Хон” жоме масжидларида бўлиб, у ерга йиғилганларни юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиб, уларнинг диний соҳага доир таклиф-мурожаатлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Суҳбат давомида тумандаги экологик вазият ҳисобга олиниб, кўкаламзорлаштириш ишларида фаол бўлиш, бир туп кўчат экишнинг ажру-савоблари ҳақида ҳам сўз юритилди. Сўнгра йиғилганларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Page 82 sur 1862

Янгиликлар

Top