muslim.uz

muslim.uz

vendredi, 17 février 2023 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Диний идоранинг Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камоловнинг боболари Жалолиддин ҳожи отанинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳум отахоннинг яқинларига, хусусан, Музаффар домла Камоловга ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур миллатимизнинг энг ёрқин вакилларидан биридир.Илму адабиёт осмонида ҳар бир буюк шоир ва етук олим бир порлоқ юлдуз бўлса, шубҳасиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг фарзандлари, яъни кўрагонийлар ё бобурийлар сулоласи барчамиз учун ибратлидир.

«Бобурнома»да ёзилишича, Бобур ўз фарзандларининг таълим-тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлаб, уларни ўқиш ва ўрганишга тарғиб қилар экан. Бобур фарзандларининг диёнатли, илм-фазилатли бўлиб ўсиши учун уларга китоб танлаб юбориш, уларнинг ўрганиши учун китоблар ёзишни оталик ва подшоҳлик бурчи деб ҳисоблаган, уларни ўқиш-ўрганишга тарғиб қилиб, имло ва иншо хатоларини тўғрилаб , содда, равон ва бетакаллуф ёзишга чорлаган.Албатта, Бобурнинг бундай саъй-ҳаракатлари зое кетмади. Унинг тўртала ўғли, қизи, набиралари ва уларнинг фарзандлари илму санъат, шеъру адабиётда ном қозондилар. Кўрагонийлар ё бобурийлар сулоласидан кўп соҳибдевон шоирлар, тарихчилар, фақиҳлар, диний ва дунёвий олимларнинг исмини  келтириш мумкин.

Бобур Мирзо «Мубаййин»да энг муҳим исломий илмларни саралаб, ўзининг дин олими, фақиҳ эканини ҳам кўрсатган.

Ўз замонининг йирик давлатларидан бирини подшоси бўлиб турса ҳам ўз Ватани Андижоннинг соғинчи умрининг охирига қадар қалбини тирнаб келди. Тақдир уни ўз Ватанига келишига тўсқинлик қилган, унинг қисматига ўзга юртда шоҳ бўлишлик битилган эди. Буни Бобур Мирзо ўз асарларида шундай баён этади:

Толе йўқки жонимға балолиғ бўлди,

Не ишки айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Бобурнинг асарларида Аллоҳга муҳаббат, Ватан ва халққа муҳаббатни акс эттирувчи дидактик (панд-насиҳат) байтлари ҳам кўпдир. Энг аввало мўминликнинг белгиларидан бири одамларга, халққа яхшилик қилмоқдир.

Ҳар кимки, вафо қилса вафо топқусидур,

Ҳар кимки, жафо қилса, жафо топқусидур.

Яхши киши кўрмагай ямонлиқ ҳаргиз

Ҳар кимки, ямон бўлса, жазо топқусидир.

Бобурнинг инсоний фазилатларини ўрганар эканмиз, унинг ислом дини фидойиси ва посбони бўлиш билан бирга, асло мутаассиб диндор бўлмагани ҳам яққол кўзга ташланади. Амир Темур каби, у, айниқса, Ҳиндистонда эканида уламо, фузалолар билан диний мавзуларда суҳбатлар қуришни севарди. Ҳар пайшанба куни фиқҳ масалалари бўйича суҳбатлар уюштирарди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур воқеликни ниҳоятда нозик идрок этувчи, ҳис-ҳаяжон билан яшовчи, инсон руҳиятининг барча ҳолатларини илғаб олувчи, хотираси ўткир, мулоҳазалари чуқур, меҳри қайноқ, қаҳри қавий, таважжуҳ доираси бениҳоя кенг, виждонияти, орияти ғоят мустаҳкам сиймо бўлган.

Шу кунларда бутун юртимиз бўйлаб, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд куни нишонланиб, Бобурхонлик кечалари ўтказилиб,  унинг ижодидан янада кўпроқ халқимиз айниқса фарзандларимиз бахра олмоқдалар.

Юртимизнинг фахри бўлган  Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг  ижодини ўрганишимиз, ундаги ватанпарварлик руҳини ёш авлодга доимо ўрнак қилиб кўрсатмоғимиз лозим.

 

Одилжон  Нарзуллаев

Янгийўл туман “Имом Султон’’

жоме масжиди Имом хатиби

 

Айтиб ўтилганидек, гоҳида Имом Абу Ҳанифа айтган баъзи масала зоҳиридан ҳадисга зид кўринади. Ушбу зидликни кетказиш учун ҳанафий уламоларнинг ҳадисни таъвил қилишлари натижасида бошқалар Имомнинг мазкур ҳадисга амал қилмаганини айтишади. Аслида эса Имом у ҳадисга амални тарк этмаган, балки унга бошқача ёндошган бўлади. Бунга қуйидаги ҳадисни мисол сифатида келтирсак:

Абу Холид Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки савдо қилувчи модомики ажралиб кетмаса, ихтиёрлидир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ҳанафий уламолар айтишадики, Имом Абу Ҳанифа ҳадисдаги “модомики ажралиб кетмаса” иборани “сотувчи ва харидор модомики сўзда ажралмаса, яъни улар ўртасида бўлиб турган савдо ҳақидаги суҳбат бошқа мавзуга ўзгариб кетмаса”, деган маънога бурган. Энди бу вақтда ҳадиснинг маъноси қуйидагича бўлади: “сотувчи ва харидор савдолашаётган жойларидан нари кетмаган, шунингдек, суҳбат мавзуси ҳам ўзгармаган, яъни олди-сотдилари ҳақида давом этиб турибди, ҳали тугал бўлмаган. Бу пайтда икки тарафдан ҳар бирида битим таклифидан қайтиш ихтиёри бор.

Бошқалар эса буни ҳақиқатдан узоқ деб, жавобдан қаноатланмаган ва бу қарашни рад этишга уринган. Чунки уларнинг наздида ҳадис икки савдолашувчи савдони тугал қилганларидан кейин ҳали жойларидан қўзғалиб кетмаган бўлсалар, савдони бузишга ихтиёрлидирлар, деган маънони англатади.

Агар эргашувчилар томонидан айтилган ҳадисни юқоридаги каби маънони англатиши заиф бўлса, бу билан мужтаҳиднинг мазҳаби ҳам заифлиги келиб чиқмайди. Балки, ҳадисдан тепадагидан бироз бошқачароқ маъно тушунилиши ҳам мумкин. Яъни, Имом Абу Ҳанифа ҳадисдаги “ихтиёрлидир” сўзини уларда ихтиёрни қолиши мажбурий эмас, балки савобли мустаҳаб амал, деган. Демак, Имом Абу Ҳанифанинг наздида сотувчи ва харидор ўртасида таклиф ва қабул битимлари тугал бўлгач, бир-биридан ажралиб нари кетмай ҳануз ўша жойда турар экан, уларнинг ихтиёри ўзаро розиликларига кўра ўзларида қолаверади.

Бунинг маъноси шундайки, икки савдолашувчидан ҳар бири савдо тугал бўлгач, ўша жойнинг ўзида савдоси ҳақида яна бир ўйлаб олиши учун шеригига ихтиёр беради. Ўйлаб кўргандан кейин иккисидан қай бирига савдо маъқул келмаса, ўзаро розилик асосида уни бекор қиладилар. Демак, ҳадисда шунга тарғиб қилинган. Бу билан улар мустаҳаб амални бажариб, савобга эга чиққан бўладилар.

Бу ишда мажлиснинг ўзида иқолага, яъни икки тараф розилиги билан битимни бекор қилишга имкон бериш бор. Ушбу кўринишда икки тарафга ҳам шу талаб билан чиқиш ихтиёри берилиши мустаҳаб амалга ундашнинг таъкиди учундир.

Мазкур ҳадиснинг бошқа санад билан Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятида икки савдолашувчи ихтиёрли экани айтилгач, иқолага ҳам тарғиб қилинган. Мана шунинг ўзи юқоридаги маънони қувватлайди.

Яъни, ҳадисда хиёр исботлангач: “Бирор киши ўз шеригининг иқола қилишни сўрашидан қўрқиб ажраб кетиши ҳалол бўлмайди”, дейилган. Ҳадис матнидаги “иқола қилишни сўрашидан қўрқиб” ибораси бу ерда сотувчи ва харидор ўртасида ихтиёр эмас, балки иқола назарда тутилаётганига далилдир. “Ҳалол бўлмайди”, иборасига келсак, унда дастлаб хаёлга келган ҳаромлик эмас, савдо бекор бўлиб қолишидан қўрққанидан кетиб қолмаслик мустаҳаб экани таъкидланмоқда. Бу маъно уламолар ўртасида иттифоқ қилинган. Ана шунда насслар ва саҳобаларнинг сўзлари бир-бирига мувофиқ келади. Шунингдек, “икки тарафнинг ўзаро розилиги асосидаги таклиф ва қабул битимлари ўзгармас бўлиб қолади” деган куллий-умумий асл қоидадан қайсидир масалани ажратиб чиқаришга мажбур бўлинмайди. Бу эса таъна дашномга эмас, Имом Абу Ҳанифанинг мақтовга лойиқ нозик фаҳми самарасидир.

Абдулҳодий Ғиёс,

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

 

 
jeudi, 09 février 2023 00:00

Ҳаё – инсон зийнати

АБРОР ҚОРИ АЛИМОВ

Ўзбекистон телеканали
"Ҳидоят сари" телекўрсатувидан

 

     Ватан, миллат, истиқбол учун қайси насл ва авлод қандай эзгу иш, қанақа улкан юмушларни амалга оширмасин, аждодлар руҳи ва салоҳияти уларни, алабтта, қўллаб-қувватлайди. Мозий ва замон, аждод ва авлод орасидаги сирли, айни пайтда хосиятли робита – ворисийлик ана шудир. Бадиий ижоддаги анъана ва издошликда ҳам шундай боғланиш, адабиёт истиқболига хизмат этадиган ворисийлик мавжуддир. Устоз санъаткорлар тажрибасини давом қилдирган истеъдод борки, уларга суянган. Бусиз бир натижага эришиш мумкин эмас. Илк одимлариданоқ Навоий бу ҳақиқатни чуқур англаб, барча нозикликлари билан ҳис қилган. Демак, адабий анъаналарни янгилаш ва бойитиш эҳтиёжи, биринчи галда, илҳом ва шижоат билан тўлиб-тошган кучли шахсиятнинг адабиётга кириб келишига йўл очади. Шу маънода Алишер Навоий шахсини қанча ибрат қилиб кўрсатса, ўшанча оз.        Зеро, муаззам бир тоғ бағридаги бойлик, бепоён денгиз қаъридаги дуру жавоҳирни тўла қўлга киритиб бўлмаганидек, Навоийни даҳо санъаткор мақомига кўтарган олий хислат, фазилат, маънавий сифатларнинг барчасини охиригача англаб ҳам, тавсифлаб ҳам бўлмайди.

    Буюк   ўзбек   шоири   ва   мутафаккири   Низомиддин   Мир   Алишер Навоийнинг    ижодиёти    ва    ижтимоий    фаолияти    инсоният    ва  маънавиятга, эл-юртга хизмат қилишнинг бетакрор намунасидир. У ўзининг бутун ҳаётини инсоннинг бахт-саодати учун курашга, халқнинг осойишталиги ва фаровонлигини таъминлашга, ободончилик ишларига, илм-фан, санъат ва адабиёт тараққиётига бағишлаган. Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида маърифатпарвар, маънавият ва маданиятнинг ҳақиқий намояндаси сифатида улуғланган буюк шахсдир. Тарихда буюк инсонлар кўп ўтган. Аммо  Алишер Навоийдек сўзни инсон қалбининг ҳикмат ва донишмандлик чироғига айлантира олганлари жуда саноқли. Навоийнинг ҳар бир мисра ва баётини ўқиб, олам-олам маъно оламиз, унинг беқиёс заковатидан ҳайратга тушамиз.

Шунинг учун Мавлоно Лутфий Алишер Навоийнинг ҳали болалигидаёқ битган:

Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлгач қуёш
 

мисраларини эшитиб, “Агар мумкин бўлса эрди, ўзимнинг форси-ю туркийда битган ўн икки минг мисра ғазалларимни шу икки мисрага алмашар эдим”, деб лутф қилган эдилар.

Лутфийнинг ушбу эътирофи Навоий тафаккури тенгсиз уммон  эканини англатади. Уммонга эса инсон тафаккурини бўйи етмайди. Сўз мулкининг султони, шоирлар пешвоси – Алишер Навоий бобомизнинг ижодларини ўрганиш, ундаги ахлоқий – маърифий қарашлар билан ёш авлодни мунтаззам таништириб бориш зарур. Биринчи Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, «Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир». Навоий асарларининг мангуликка дахлдор ва умрбоқий бўлишининг сабабларидан бири шундаки, у ўз асарларида «барча махлуқотларнинг тожи» бўлган инсонни куйлади, унинг қувончларию ташвишларини, муаммоларию орзу-умидларини тараннум этди. Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга, аввало Навоий асарлари билан кириб келади.

   Навоий асарлари ёш авлоднинг маънавий камол топишида беқиёс катта аҳамиятга эга. Унинг асарларида ота-она, устоз, ёши улуғларни ҳурмат қилиш илм-маърифатни эгаллаш, яхши ахлоқ эгаси бўлиш, ёмонлик ва ёмонлардан узоқ бўлиш сингари масалалар қаламга олинганки, булар, шубҳасиз, барча замонлар учун бирдай орзу бўлиб келган комил инсон ғояси билан чамбарчас боғликдир. Биринчи Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, «Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз».

    Алишер Навоий ўз ҳаётида ижодий фаолият билан бирга, давлат ишларини ҳам олиб борган сиёсий арбобдир. У жамиятда фаровонлик ва меъморчиликка жуда катта эътибор қаратиб, давлат томонидан 16 кўприк, 20 га яқин сув сақлаш иншооти, 52 работ ва кўпгина мадраса, масжид, хонақоҳ ва ҳаммомлар бино қурдирганини тарихчи Хондамир ўз асарида келтирган.

     Ўтмиш аждодларимизнинг, хусусан, Мир Алишер Навоий ҳазратларининг бизга қолдирган бой адабий ва маънавий мероси одамларнинг, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънан ва руҳан баркамол бўлиб тарбия топишларида муҳим ўрин тутади.

   Алишер Навоий бутун ҳаёти ва фолиятини инсоннинг бахт-саодати, халқининг фаровонлигига бағишлади. Навоий дину диёнатни маҳкам ушлаган, бу йўлдан асло адашмаган улуғ сиймо эди. У иймон, инсоф, диёнат, саховат, мурувват каби инсоний қадриятларига ҳамиша амал қилиб яшади ва эъзозлади. Бошқаларни ҳам шунга даъват қилди.

Одилжон Нарзуллаев

Янгийўл туман «Имом Султон» жоме масжиди
имом хатиби

 

Page 17 sur 1862

Янгиликлар

Top