muslim.uz

muslim.uz

    Ислом  динининг  моҳияти,  унинг  инсон  ҳаётидаги  ўрни  ана  шу  дин бағридан  етишиб  чиққан  улуғ  мутафаккир  шайҳлар,  азиз-авлиёларнинг поклик  ва  камолот  сари  етакловчи  қарашлари,  уларнинг  ибратли хислатларини  чуқур  тадқиқ этиш,  аждодлар  руҳига  ҳурмат  ва эҳтиромни давом эттириш  муҳим  аҳамият  касб этмоқда. 

    Алишер  Навоийнинг “Насойим  ул-муҳаббат  мин  шамойим  ул-футувват” асари  муқаддима ва 770 та шайх (35 таси авлиё аёллар)нинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган.

  “Насойим ул-муҳаббат” Абдурраҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс”   тазқирасининг таржимаси, лекин Навоий Жомий асарига эркин, ижодий муносабатда бўлиб ва унинг асаридаги маълумотларни тўлдириб ва баъзисини қисқартириб 618 та шайхлар сонини 770 та (35 таси авлиё аёллар)га етказади.

   “Насойим ул-муҳаббат” да бир неча шайхлар ҳақидаги берилган маълумотларда Соҳибқирон Амир Темурга  боғлиқ  қизиқарли воқеалар учрайди.

     Навоий Соҳибқирон Амир Темурни Эронга қўшин тортиб борган йили яъни 1381 йил баҳорда ойларида шайх Бобо Сунгу зиёратига борганини қуйидагича тасвирлайди: “Замон мажзубларидин эрмиш. Андхуд қасабасида бўдур эрмиш. Соҳиби ботин киши эрмиш. Рамзларин билганлар натижа топар эрмиш. Темурбек Хуросон мулки азиматиға юруганда Андхудқа етганда машҳурдурки, Бобо хидматиға борғандур. Ўлтурғондин сўнгра Бобо иламида бир суфрада яхна эт эркандур. Қўйнинг яхна тўшин олиб, Темурбек сари отибдур. Темурбек ғояти ақлу закосидин дебдурки, Хуросонни ер юзининг кўкси дебдурлар. Ани Бобо бизга ҳавола қилди, деб бу башорат била юруб, Хуросон мулкини олибдур”

  Шайхнинг ботиний саволига, назарига, қувватига Амир Темур сидқ ва ихлос, ақл ва фаҳм-фаросат  билан англаганликлари ва жавоб берганликлари баён қилинган.

  “Насойим ул-муҳаббат” да Соҳибқирон Амир Темурни Бобо Хокий қ. с. ва Хожа Боязид а. р. каби шайхлар билан учрашган ва сухбатлашганлари зикр қилинади.

Бобо Хокий қ. с: -Турк элидиндур. Сипоҳи эрмиш. Тимурбек била Рум ва Шом черикига борғондур. Ондин қайтиб келганда, сипоҳилиғ машаққатидин, чун ториққон эркандур, тарк қилиб, фақр ихтиёр қилибдур.

Хожа Боязид а. р :-Атонинг яқин авлодидиндур. Темурбек онинг суҳбатиға келибдур ва келурда кўнглида кечурубдурки, бу эрнинг маъно оламидин хабари бўлса, бизга иссиқ ҳалво тортқой. Ул муридларға ҳалвони худ буюрғон экандур. Бек била саломлашиб кўришгондин сўнгра дебдурки (аввал салом, ўртаси таом ва охири калом!) Филҳол ҳалвони торттурубдур. Бекка бу ҳол зоҳир бўлғач, мурид бўлиб лангар ясаб, кўп авқоф қилибдур.

    Навоий ҳазратлари соҳибқирон ҳақларида завқланиб,  самимийлик билан мардлик, соддалик, закийлик, ҳар қандай тасодифий холатлар ва ҳар ишни тадбиркорлик билан қилишликларини тасвирлаб берган.

   Навоий асарда шайхларнинг ижтимоий-сиёсий хаётда ўз ўрни бўлганлгини фасоҳат-балоғат билан ёритиб берган. Амир Темур ва замонасини хукмдорлари ҳам шайхларнинг ва уламоларнинг маслаҳат ва дуоларни олишгани, шунинг учун  Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Бобур каби ҳукмдорлар халқ орасида катта обрў-эътиборга эга бўлган.

   Бу  асар  миллий-диний қадриятларимиз ва тарихимизни ўрганишда маърифий  ва  ахлоқий аҳамиятга эга. Айниқса, Имом Аъзам, Имом Мотуридий, Аҳмад Яссавий, Ҳаким Тирмизий,  Баҳоуддин Нақшбандийлар каби ақида ва тасаввуф уламоларимиз ҳақида қимматли маълумотларга эга бўламиз.

   Мовароуннаҳр ва Хуросон валийлари меросини ўрганиш, уларнинг тасаввуфий-ахлоқий қарашларини тадқиқ этиш инсон руҳий камолоти учун зарур ғоя. Уни валийлар ҳаётини ўрганмасдан туриб, исломнинг маънавий-маърифий аҳамиятини англаб, сўфиёна адабиётларнинг ғоявий мазмун-моҳиятини тушуниб бўлмайди.

   Шунингдек, ёшларга тасаввуфнинг асл мазмун-моҳиятини тўғри етказиш, уларни турли диний оқимлар таъсиридан сақлаш ҳамда миллий ғояни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Пискент туман бош имом-хатиби в.в.б: Зайнилобиддинхон Қудратов.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ислом ташкилоти (АЙСЕСКО) шу йилнинг 9-19 февраль кунлари Марокаш давлати қироли Муҳаммад VI жаноби олийлари раҳбарлигида Марокаш маданият вазирлиги томонидан Касабланка шаҳрида ташкил қилинадиган китоб ва нашр  халқаро кўргазмасининг 23-давра йиғилишида иштирок этади.

Мазкур йиғилишда АйСЕСКО ташкилоти араб, инглиз ва француз тилларидаги илмий, тарбиявий ва маданий соҳаларга оид нашрлар ҳамда 1982 йилда ташкил этилганидан бери АЙСЕСКО ташкилотининг ютуқларини ўзида мужассам этган  фотосуратли нашрларини тақдим этади.  

                                                                     Илёс Аҳмедов тайёрлади

mercredi, 08 février 2017 00:00

Ярим финал натижалари

Мана бир неча кундан бери қизғин давом этаётган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ўтказилаётган футбол турнири ҳам ўз якунига етиб бормоқда. Жорий йилнинг 7 февраль куни жорий турнирнинг ярим финал учрашуви бўлиб ўтди. Ўйин жуда ҳам қизиқарли ва кутилмаган ҳолатларга бой бўлди. Ушбу учрашувда, “Ҳазрати Имом” жамоаси ҳужумчиси, Арзиқулов Собиржон рақиб дарвозасига бир-биридан ажойиб голлар киритиб, учрашув қаҳрамонига айланди. Қуйида ярим финал натижалари билан танишасиз:

 Ярим финал натижалари:

 

Ҳазрати Имом

9 - 7 

Мовароуннаҳр

Бухорий авлодлари

4 - 1

Минор

 

Ушбу турнирда, қуйидаги жамоалар финал босқичида ўзаро беллашадилар:

 

Ҳазрати Имом - Бухорий авлодлари

 

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 14 февраль, сешанба куни финал ўйини бўлиб ўтади. 3-ўрин учун бўлиб ўтадиган ўйин эса, 10 февраль, жума куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати  

 

mercredi, 08 février 2017 00:00

Қуён ва тошбақа

Бир куни қуён ўзининг чопқирлигини намоёиш қилиш учун тошбақага югуриш бўйича мусобақалашишни таклиф қилибди. Тошбақа рози бўлибди. Марра учун ўрмон четидаги бир дарахтни белгилашибди. Мусобақа бошланибди. Тошбақа шошилмай йўлга тушибди, уни кўрган қуён роса кулибди ва: "Мен бир оз мизғиб олсам ҳам бўлади, маррага бир пасда етиб оламан", деб дарахт тагига ёнбошлабди. Орадан бир қанча вақт ўтибди, қуён қаттиқ ухлаб қолибди. Бир пайт уйғониб қараса, тошбақа маррага етай деб қолибди. Бор кучини йиғиб югурибди, лекин кеч қолган экан. Тошбақа ундан олдин маррага етиб борибди. Қуён қилган ишидан афсусланиб, ҳайвонлар олдида роса уялибди.

Ҳар бир ишнинг ҳаракатини ўз вақтида қилган яхши. Фурсат ўтгач, қобилият ҳам фойда бермайди.   

 

Акбаршоҳ Расулов

mercredi, 08 février 2017 00:00

Сирот кўприги ҳақида

Ойша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар алайҳиссаломдан, “Бу Ер бошқа Ерга ва осмонлар (ўзга осмонларга) алмаштириладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва ғолиб Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (қиёматда интиқом олувчи)дир” (Иброҳим, 48), оятининг нозил бўлиши ҳақида сўраб, “Ўшанда биз қаерда бўламиз, эй, Аллоҳнинг Расули?”, дедилар. Шунда Пайғамбар (с.а.в):“Сиротда бўламиз. Сиротдан ўтиш вақти учта жойдан бошқа жой бўлмайди. Улар: жаҳаннам, жаннат ва сиротдир”, дедилар.

Пайғамбар (с.а.в) бундай марҳамат қиладилар:“Сиротдан биринчи бўлиб ўтадиган мен ва менинг умматим бўлади. Сиротдан ўтадиган биринчи уммат, Муҳаммаднинг умматидир”.

Жаҳаннам устига осиладиган кўприк номи “Сирот” деб номланади. Унинг кенглиги бутун жаҳаннам кенглиги билан тенг бўлади. Ундан ўтган ва охирига етган киши, олдида жаннат эшигини ва Пайғамбар алайҳиссаломни: “Эй, роббим, бу Сенинг жаннатинг”- деб, жаннат аҳлини кутиб олаётганларини кўради.

Сирот кўпригининг сифатлари:

  1. Қилдан ҳам ингичка
  2. Қиличдан ҳам ўткир
  3. Қоп-қоронғи зулмат, тагида эса зулматдан ҳам қора жаҳаннам бор.
  4. Киши Сирот кўпригидан барча гуноҳларини елкасига кўтарган ҳолда ўтади. Агар гуноҳлари кўп бўлса, жуда секин, гуноҳлари енгил бўлса, Аллоҳнинг инояти билан чақмоқ каби жуда тез ўтади.
  5. Унинг устида қармоқ ва илмоқлар бор. Тагида эса қадамни жароҳатлайдиган, яралайдиган ўткир тиконлар бор.
  6. У ердан ўтаётганда, Сирот кўпригидан тойиб, жаҳаннам қаърига йиқилаётган бандаларнинг қаттиқ бақириқлари эшитилади.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг умматлари сирот кўпригига илк қадамини қўйиши билан Пайғамбар (с.а.в) сирот кўпригининг охирида, жаннат эшиги олдида туриб, “Ё Раб, Ўзинг мадад бер”, “Ё Раб, Ўзинг мадад бер” деб, умматлари ҳақига дуо қилиб турадилар.

Банда сирот кўпригидан юриб борар экан, ўз олдидаги одамлардан йиқилиб, жаҳаннамга қулаётган ёки нажот топаётганларини ҳам кўриб туради. Бироқ ўша пайтда банда шундай бир ҳолатда бўладики, у ҳеч кимга парво қилмайди. Эҳтимол, ўшанда у ўз ота-онаси ва яқинларини ҳам кўрар, лекин, уларга ҳам эътибор бермайди. У лаҳзада ҳамма фақат ўзини ўйлайди...

Аллоҳ барчамизга Сирот кўпригидан эсон-омон ўтиб олиб, жаннатда Ўзини жамолини кўришни, Пайғамбар алайҳиссалом билан учрашишни насиб этсин.

Муҳаммад-Акмалхон ШОКИРОВ,

Халқаро алоқалар бўлими мудири

 

Янгиликлар

Top