muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Ёшлар тарбияси

Дунёдаги энг осон иш – ёшларга насиҳат қилиш. Энг қийин юмуш эса уларни юксак ахлоқий руҳда тарбиялаш ҳамда бунёдкор бир ғоя атрофида, Ватан равнақи йўлида жипслаштиришдир. Шу боисдан кишилик жамияти шакллангандан бери инсоният ёшлар тарбияси билан шуғулланиб, уларни тарбияли, илмли, одоб-ахлоқли бўлиб улғайишлари учун таълим-тарбиянинг янгидан-янги усулларини яратиб, эскирди деб ҳисоблаганларидан воз кечиб келаётир.

Муқаддас Китобимиз Одам алайҳиссаломнинг Қобил деган фарзанди ноқобил чиққанидан бошлаб тарбия ғоят нозик масала сифатида ўртага чиққанидан хабар беради. Бундан тўрт минг йил бурун ёзилган “Калила ва Димна”да ҳам ёшлар тарбияси ўта мураккаб ва ҳар доим ҳушёрликни талаб этадиган масъулиятли вазифа экани айтилган. Чунки тарбияда ота-она, мактаб, боғчадан ташқари атроф-муҳитнинг ҳам таъсири кучли бўлади.

Ҳосили калом, Одам алайҳиссалом авлодлари неча юксалишларни, гуллаб-яшнашлару талотўпларни бошидан кечирган бўлса, уларнинг аксарида ёш авлод бош бўлган, бош бўлмаганларида ҳам асосий ҳаракатлантирувчи куч вазифасини бажарган.

Нега шундай? Чунки ёш вужудда қон тез айланади. Шунинг ҳисобига улар чаққон ҳаракат қилади, тез фикрлайди, жадал қарор қабул қилади, янгиликларга ўч, жозибадор нарсаларга берилувчан бўлади, шунинг билан бирга, уларнинг табиати озгина тақлидчиликдан ҳам мустасно бўлмайди. Энг муҳими, ёшлар чарчоқ нималигини билмайди... Шу боисдан улар ҳамиша ҳамманинг, ҳар турли кучларнинг эътиборида бўлади...

Юртимизни ишғол қилган босқинчилар, улардан кейинги мустабид тузум ўта фаол равишда халқнинг, хусусан, ёшларнинг тарбиясини издан чиқариш билан шуғулланди. Ана шу бузғунчи мафкуранинг оқаваси собиқ Иттифоқдан қолган “мерос”лар сирасида ўтиб келди. Шунингдек, мамлакатимиз истиқлолга эришган йиллар шундай даврга тўғри келдики, ўша кезларда социалистик тузум инқирозга учраб дунёнинг қиёфаси буткул ўзгариб кетди. Ёшларнинг тарбиясига жиддий таъсир кўрсатадиган воқеа-ҳодисалар ривожи жадаллашиб кетгани боис муайян вақт мафкуравий бўшлиқ пайдо бўлиб ёшларнинг орасида тарқоқлик юз бергандек бўлди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 30 июнда “Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир” мавзуида сўзлаган нутқида бундай деган эди: “Бу борада жаҳон тажрибасини, узоқ-яқиндаги турли давлатлар тажрибасини ўргандик. Дунёдаги ривожланган, демократик давлатларда ёшлар ташкилотлари дабдабали, баландпарвоз тадбирлар ўтказиш эмас, балки ёшлар билан бевосита ишлаш, улар билан амалий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган, ҳаётий муаммоларни ҳал этишга асосий эътибор қаратади”.

Бу гапни эшитиб ўйланиб қолдим: мен ҳам отаман. Ёш авлод тарбиячиларидан бириман, айни кучга тўлган фарзандларим бор. Улар кун оша янги ғоялар, таклифлар айтади. Хўш, ўша ташаббусларнинг бирортасини қўллаб-қувватладимми? Уларнинг ўзлари ўйлаб топган ғояларини маъқуллаб, руҳлантириб қўйдимми?  Сиз-чи?

Фикримизча, бу жиддий ўйлайдиган мавзу. Фарзандларининг ташаббусларни қўллашнинг ўрнига уларнинг ҳар тарафдан олдини қайтариб турган ота-оналар боласининг ҳам руҳини синдиради, жамиятга  ҳам катта зарар етказади. Иккинчи томондан, боланинг режаси келажакка, яъни ўзининг замонига дахлдор. Биз ота-оналар эса бугуннинг одамимиз. Инсонларнинг тарбия борасидаги ана шу камчилигини тузатмоқ учун ҳазрати Али розияллоҳ анҳу: “Болангизни ўзингизнинг замонингизга эмас, ўзининг замонига қараб тарбияланг”, деган эди.  Зеро, тобора жадаллаб бораётган техника тараққиёти асри инсонлар олдига турли-туман муаммоларни кўндаланг қилиб қўймоқдаки, уларнинг ечимини навқирон авлод иштирокисиз топишнинг сира ҳам илож йўқ.

Дарҳақиқат, бола бир кунда бир оқимга аъзо бўлиб қолмайди, бир неча кунда кайфкашликка ҳам ўрганмайди. У бундан олдин кимлар биландир танишади, ош-қатиқ бўлади. Кейин-кейин унинг гап-сўзларида уларнинг таъсири сезила бошлайди  ва ҳоказолар.  Ушбу жараёнлардан энг аввал унинг тенгдоши ва сафдоши хабардор бўлади. Ана шу бола тенгдошининг ҳолидан бошқаларни хабардор этиб, уни муқаррар фалокатдан сақлаб қолиш чорасини қилмаса ким қилади!..

Шунингдек, Юртбошимиз ўша кунги нутқида хорижда ишлаб юрган ёшларимизни террорчилик ва экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишдан асраш борасида ҳам амалий ишларни бажариш масаласига эътибор қаратди. Чет элларда ўқиётган, меҳнат қилаётган ёшлар билан иш олиб борадиган, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган бир ташкилот тузиш кераклиги хусусида гапирар экан, “Ўзимизнинг болаларимиз ҳақида ўзимиз ўйламасак ким ўйлайди”, деди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Ҳўкиз лақабли Ҳазрат! (Яхшиларни ёмон лақаб билан атасанг ҳам чиройли эшитилади!)
Абу Ҳанифа рахматуллоҳи алайҳнинг энг яқин дўсти бўлган, буюк тобеинлардан бири Суфёни Саврий ҳазратлари нега "Саврий" деб нисбат берилганини биласизми? Бўлмаса эшитинг. Араб тилида "Савр" сўзи "Ҳўкиз" деган маънони билдиради.
Бир куни Суфёни Саврий ҳазратлари масжидга борар экан ҳаёл суриб, масжидга ўнг оёғида кирибдилар. Аслида суннат ҳам шу, яъни масжидга ўнг оёғда кирилади. Аммо бу зот ўнг оёғда киришни ният қилмасдан, хаёл билан масжидга кирганлиги сабабли дарҳол ўзига ўзи "Эй Ҳўкиз! Бу масжидга бирор бир ҳўкиз кирса ҳам, одам кирса ҳам ё ўнг оёғида киради ёки чап оёғида киради. Ният бўлмаса амалларнинг не қиймати бор!? Сенинг ҳўкиздан нима фарқинг қолди?" деб, суннатни ният қилмаганлигидан ўзини ўзи койиди. Бу хатосини доим эслатиб туриши ва ҳеч қачон ниятсиз, ғафлат билан бир амални бажармаслик учун ўзига "Саврий" деб лақаб қўйди. Кейин атрофидаги дўстларига ҳам ўзининг "Суфён" исмига "Саврий"ни қўшиб "Суфёни Саврий" деб айтишларини талаб қилдилар.
Агар биз ўз амалларимизни у зотларнинг амалларига таққосласак, уларнинг амалларини таҳқирлаган бўламиз!

Янгиликлар

Top