muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, ҳар йили 30 июль – бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонлаб келинади.
Юртимизда ҳам 2021 йилдан ушбу сана Халқлар дўстлиги куни деб белгиланган. Ҳар йили шу сана муносабати билан мамлакатимизда катта тадбирлар ўтказилади.

Хабарингиз бор, куни кеча пойтахтимиздаги “Интерконтинентал” меҳмонхонасида “Халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун ҳам ушбу конференция ўз ишини давом эттирди.
Миллатлараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадрятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиларининг бир оиладек аҳил-иноқ яшаётгани бу борада амалга оширилаётган хайрли ишларнинг амалдаги инъикосидир.

Халқаро конференциянинг иккинчи кунида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ҳам иштирок этиб, “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Фурсатдан фойдаланиб, устозимизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги жамоаси, пойтахтимиз имом-хатиблари, имом ноиблари номидан самимий муборакбод этамиз. Бундай қувончли хабарлар кўп бўлишини Яратгандан сўраймиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Резолюцияда Қуръонни таҳқирлаш ҳолатлари, диний камситиш, нафрат ва зўравонлик ҳолатлари кўпайгани қораланди.

25 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессиясининг ялпи мажлисида «Нафрат сўзларига қарши курашиш контекстида динлараро ва маданиятлараро мулоқот ва бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш» резолюцияси консенсус асосида қабул қилинди. Резолюция ҳар икки йилда, анъанавий равишда Марокаш делегацияси ташаббуси билан қабул қилинади.

Резолюция 49 та давлат томонидан тайёрланди. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Шунингдек, резолюцияни тайёрлашда Туркия, Озарбойжон, Хитой, Покистон, Баҳрайн, Иордания, Ироқ, Миср, БАА, Уммон, Саудия Арабистони, Қатар ва Қувайт, айрим Африка давлатлари, Марказий Осиёнинг барча давлатлари ҳаммуаллиф сифатида қатнашди. Ғарбий Европа давлатларидан ҳеч бири, шунингдек, Гватемала ва Суринамдан ташқари ороллар ва Лотин Америкаси мамлакатлари ҳаммуаллифлар қаторига кирмади.

Резолюцияда Қуръонни таҳқирлаш ҳолатлари, диний камситиш, нафрат ва зўравонлик ҳолатлари кўпайганидан хавотир билдирилган. Уларни амалга оширган шахслар ким бўлишидан қатъи назар, исломофобиядан мотивация олгани қайд этилган.

Резолюциянинг асосий мақсади ва чорлови – диний рамзлар, муқаддас китоблар, уй-жой, корхоналар, мулк, мактаблар, маданият марказлари ёки ибодат жойларига қарши қаратилган зўравонлик ҳаракатларини, шунингдек, халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда диний обидалар, диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳларга ҳужумларни қоралашдан иборат.

Резолюция билан ҳар йили февраль ойининг биринчи ҳафтасини барча динлар, конфессиялар ва конфессиялар ўртасида уйғун конфессиялараро муносабатлар Бутунжаҳон ҳафталиги деб эълон қилиниши қўллаб-қувватланди.

Қадрли ватандошлар!

Сиз, азизларни, бутун Ўзбекистон халқини 30 июль – Халқлар дўстлиги куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Кўпмиллатли халқимиз – бизнинг энг катта бойлигимиз, юртимиздаги миллатлар ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик – барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам асосидир.

Азал-азалдан ўзининг дўстлик, биродарлик ва бағрикенглик анъаналари билан шуҳрат қозонган қадимий ва бетакрор Ўзбекистон заминида ҳозирги вақтда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч ва аҳил яшаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда, 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар, 38 та дўстлик жамияти ва 153 та миллий маданий марказ эркин фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимиздаги давлат таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнлари 7 тилда олиб борилмоқда, қардош тилли мактабларда таҳсил олаётган фарзандларимиз давлат ҳисобидан дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда.

Барча ҳудудларимиздаги “Дўстлик уйлари” турли миллатга мансуб фуқаролар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқаларни кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишларимиз ҳам Ўзбекистоннинг дўстлик ва инсонпарварлик диёри сифатидаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Бугун – ушбу қувончли айёмда “Халқлар дўстлиги” фестивали доирасида ўтказилаётган турли маданий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар ҳаётимиз қоидасига айланган “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган ғоят муҳим тамойилни янада кенг қарор топтиришда беқиёс аҳамиятга эга эканини албатта барчамиз яхши тушунамиз.

Эзгу анъанамизга мувофиқ, миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини асраш, миллий маданий марказлар фаолиятини ривожлантириш борасидаги катта хизматлари учун турли миллат ва элат вакиллари бўлган ватандошларимиз бу йил ҳам давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди. Бугунги имкониятдан фойдаланиб, уларнинг барчасини чин қалбимдан табриклайман.

Муҳтарам дўстлар!

Биз миллатлар ва конфессиялар ўртасида тотувликни, миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг виждон эркинлигини таъминлашга қаратилган сиёсатимизни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз.

Умумхалқ референдумида қабул қилинган Асосий Қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган қоида ва меъёрлар асосида нодавлат ташкилотларнинг ролини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш орқали фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сўнгги олти ярим йилда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида катта ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Буни жаҳон ҳамжамияти вакиллари, халқаро экспертлар, турли давлатларнинг сиёсий арбоблари ҳақли равишда эътироф этмоқда.

Марказий Осиё минтақасидаги қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар қайта тикланиб, азалий қардошлик ва биродарлик анъаналари янги босқичда давом эттирилаётгани халқларимизнинг эзгу орзу-умидлари рўёбга чиқаётганидан далолатдир.

Қадрли юртдошлар!

Ушбу гўзал байрам чинакам дўстлик ва бағрикенглик юрти бўлган жонажон Ўзбекистонимизни дунёга янада кенг тараннум этишга хизмат қилади, деб ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни, бутун халқимизни яна бир бор Халқлар дўстлиги куни билан самимий табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Муқаддас Ватанимиз – Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнасин, доимо тинч ва барқарор бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Юртимизда 2016 йилдан бошланган туб ислоҳотларп натижасида ҳаётимизнинг барча жабҳалари қатори Ҳаж маросимини ташкил қилиш тизимида ҳам кескин сифат ўзгаришлари юз берди. Саудия Арабистонининг Ҳаж амалларини бажариш ҳудудларидаги шароитлар тубдан яхшиланди, Ҳажга жўнатиш квоталари уч баравар оширилди ва 2023 йилда у 15 мингга етказилди. Квоталар кўпайгани туфайлигина менинг Ҳажга бориш навбатим 2023 йилда етиб келди. Шу тариқа, бу йил муқаддас Ҳаж маросимини адо этиш бахтига мушарраф бўлдим.

“Инсон қадри ҳамма нарсадан устун” тамойили мамлакатимиз сиёсатининг энг устувор жиҳатларидан бири экани ва бу ғоя ҳаётимизга татбиқ этилаётганига Ҳаж маросимида яна бир бор амин бўлдим.

Ҳажга пухта тайёргарлик кўрилди

Ҳажга бораётган шахсларни улуғ маросимга пухта тайёрлашга мутасаддилар алоҳида эътибор қаратишди. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров томонидан ёзилган “Ҳаж буюк ибодатдир” номли 2 жилдли қўлланма 15 минг кишига тарқатилди. У чўнтакка сиғадиган кичик шаклда, бежирим қилиб тайёрланган. Китобда барча Ҳаж амаллари ва уларни қай тартибда бажариш, ўша пайтларда ўқиладиган дуолар батафсил баён қилинган.

ундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғини, масжид, туман миқёсида ўтказилган йиғилишлар ҳамда бизга элликбоши қилиб бириктирилган Ҳасан домла томонидан ўтказилган тадбирларда ҳам бу масала ҳамиша диққат марказида бўлди. Бу борада бизга ҳар бир Ҳаж амалининг энг нозик жиҳатларини чуқур тушунтирган Ҳасан домланинг хизматлари жуда катта бўлди. 

Транспорт – Ҳажда жуда муҳим восита

Тошкентдан замонавий самолётда Мадинаи Мунаввара шаҳрига учиб бордик. Аэропортдан меҳмонхонага автобусларда олиб келишди. Ҳажнинг барча амалларини бажаришга ҳамиша автобусларда олиб боришди. Мино, Арафот, Муздалифа каби барча ҳудудларда автобуслар хизматимизга шай туришди. Биз транспорт қидиришга вақт ва қўшимча маблағ сарфлаганимиз йўқ. Ҳаммаси Саудия Арабистонининг тегишли идоралари билан олдиндан келишилган ҳолда амалга оширилди. Бу Ҳаж амалларини бажаришда ўта муҳим омил бўлди. Чунки иссиқ ҳароратда кўчада такси ушлаш ортиқча ташвиш, кўп вақт ва харажатларга сабаб бўларди.

Автобуслар қатъий график асосида қатнаб, меҳмонхонадан ислом оламининг энг буюк масжидларидан бири бўлмиш Масжидул-Ҳаромга олиб борди ва у ердан меҳмонхонага қайтарди. 

Шинам ва қулай меҳмонхоналар

Фазилатли Мадина шаҳрида “Пулман зам зам” номли меҳмонхонага жойлашдик. Меҳмонхона ислом оламининг энг буюк масжидларидан бири бўлмиш “Масжиди Набавий” олдида жойлашган. Намозларга пиёда қатнаймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад САВнинг Равзаи мубораклари (қабрлари) ҳам шундоққина “Масжиди Набавий”нинг ёнида экан. Уни Шайх Алижон қори ҳазратлари раҳбарликларида зиёрат қилдик.

Мадинаи Мунавварада 3 кун тургандан кейин замонавий автобусларда Маккаи Мукаррама шаҳрига келдик. “Рошидия” номли замонавий, ҳамма шароити бор, 9 минг киши сиғадиган меҳмонхонага жойлаштирилдик. Қолган 6 минг ватандошимиз ёнимиздаги меҳмонхоналарга жойлашди.

Ҳожиларга маълумки, Ҳаж амалларининг асосий қисмлари 5 кун мобайнида Макка шаҳридан тахминан 10 километр масофада жойлашган Мино водийси, Арафот, Муздалифа, Жаморот ҳудудларида, яъни очиқ майдонларда бажарилади. У ерларда чодирларда яшадик. Яшаш жойларимизда ҳар бир киши учун тоза матодан тайёрланган оппоқ чойшаблар солинган юмшоқ ётиш ўринлари бор. Совутгичлар 24 соат чодирларни совутади. Ҳар қадамда салқин ичимликлар билан тўлдирилган махсус идишлар қўйилган. Чодирлар олдига қўйилган самоварларда сув ҳамиша қайнаб туради, кўк, қора чой, кофе, шакар, қуруқ сут билан муттасил таъминланади. Чойхўр халқ эканлигимиз ҳисобга олинган шекилли, бу неъматлардан фойдаланишга ҳеч қандай чеклов қўйилмаган.

Ҳажда ҳам ўзбекона овқатлар

Ўзбекистондан Ҳажга борганлар ҳамма вақт ва ҳамма жойда 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланишди. Ошпазлар ўз юртимиздан борган экан, овқатлари ўзбекона эди. Деярли ҳар икки кунда ош едик. Овқатлар сифатли, калорияли ва хилма-хил. Улар суюқ ва қуюқ овқат, турли мевалар шарбатлари, банан, олма ёки нок, салатлар, йогурт ёки кефир, ширинлик, нон, сув, чой, кофе, шакар, қуруқ сутлардан иборат.

Юртимизда инсон қадри шунчалик азизки, овқатларнинг сифатли ва бой менюси шаҳардан ташқарида, яъни Мино водийсида ҳам ўзгармади. Фақат у ерларда овқатлар 3 маҳал бир марталик пластик идишларда тарқатилди. 15 минг одамга суюқ ва қуюқ овқатларни иссиқ ҳолида етказиб бериш жуда қийин эканлигини тасаввур қилиш мумкин.

Кези келганда таъкидлаш лозимки, қатор давлатлардан борган ҳожиларга овқатланиш ё ўша ерлардаги саҳоватли инсонлар эҳсонлари, ёки ўзлари ҳисобларига ташкил қилинди. Бу эса уларни анчагина қийнади,қўшимча ташвишлар ва ортиқча харажатлар қилишгамажбур қилди.

Сумка, жойнамоз ва бошқа қулай анжомлар

Ҳаж амалларини бажариш чоғида жойнамоз, термос ва бошқа керакли жиҳозларни солиб юрадиган қулай ва кўтариб юриш осон бўлган сумканинг ўрни катта. Бу йил 15 минг ҳожи таъминланган сумкалар кўп функцияли, ҳажми катта ва елкага осиб юришга ўта қулай бўлди.

Сумкалар сизни кўча-кўйда адашиб қолмаслигингизга ёрдам беради. Чунки йўлингизни топа олмай қолсангиз, сумканинг устидаги “Ўзбекистон” деган ёзуви орқали эгаси ўзбекистонлик эканлигини билиш мумкин. Бундан ташқари, ҳар бир сумканинг ёнидаги махсус бўлмага исм-фамилиямиз, вилоят ёки шаҳримиз номи ҳамда гуруҳимиз номери ёзилган қаттиқ қоғозда махсус тайёрланган қоғозча жойлаштирилади. Сумканинг махсус бўлмасига жойнамоз ҳам солиб қўйилган.

Ҳар биримизга соябон, 1 литрли термос, Муздалифа тоғида бир кеча тунаш учун махсус ухлаш қопи ҳам берилди.

Булар бир қарашда майда икир-чикирларга ўхшайди, лекин улар аслида ўта муҳим. Чунки булар инсон қадри баланд юртнинг фуқароларига Ҳаж амалларини бажаришда жуда катта қулайликлар туғдирди. Орқа томонига катта ҳарфлар билан “Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилган нимчаларимизни кийиб, сумкаларимизни елкамизга илиб олиб кўчаларда юрсак, бошқа давлатлар фуқаролари ичида яққол ажралиб турдик. Билганича ва турли-туман кийиниб олган бошқа давлат вакиллари бизга ҳавас билан қарашларини кўриб, фахрландик.

Замонавий ва кўп функцияли бейжиклар

Ўзбекистоннинг Ҳаж маросимини ташкил қилувчи мутасадди идоралари ҳожиларга 3 хил бейжик тайёрлабди. Мазкур бейжиклар бизга Макка, Мадина шаҳарлари ва Ҳаж амалларини бевосита бажарадиган ҳудудларга эркин кириш ҳуқуқини берди.

Мазкур бейжикларни тайёрлашда мутасадди идоралар ҳожиларга қулайликлар яратиш мақсадида унга қўшимча қатор маълумотларни ҳам киритишибди.

Булар нималарда кўринади? Тан олиш керакки, Ҳажга бораётган кўпчилигимиз араб тилини билмаймиз. У ерларда хизмат кўрсатаётган ходимларнинг аксарияти меҳнат муҳожирлари бўлиб, турли давлатлардан келишган. Бир-биримизнинг тилимизни билмаганимиз учун улар билан мулоқот қилиш анчагина қийин. Кўчага чиқсанг ҳам бировдан йўлни сўраб билишга қийналасан.

Мутасаддиларимиз айнан шуларни ўйлаб, бейжикларга қўшимча маълумотлар киритишибди. Яъни, бейжикларнинг иккитасига QR-код ўрнатилган ва уларга сизнинг шахсингизга тегишли энг муҳим маълумотлар киритилган. Ҳар бири пишиқ тасмага уланган ва биз уларни бўйнимизга осиб олган ҳолда ҳамма жойда бемалол юрдик, адашиб қолишдан қўрқмадик.

Ҳаж маросимини ташкил этишдаги қулайликлар катта ёшдаги ватандошларимизга ҳам Ҳажга бориш имкониятларини оширган. Орамизда 80 ва ундан катта ёшдаги ҳожиларни кўп кўрдик. Ҳатто Наманган вилояти Наманган туманидан 107 ёшли мўътабар Иброҳимжон ҳожи ота ҳам Ҳажга борибдилар. Биз у кишини зиёрат қилдик ва дуоларини олдик.

Мухтасар айтганда, юртимизда инсон қадри ҳамма нарсадан азиз эканлигига муқаддас Ҳаж зиёратида ҳам амин бўлдим. Ҳатто узоқ Саудия Арабистонининг Ҳаж маросимини адо этиш ҳудудларида ҳам бизга қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётганининг гувоҳи бўлдим.

Одамлар билан суҳбатлашиш, ўйлашга имкон бўлди. Турли касб эгалари билан, қўшни давлатлар ҳожилари билан ҳам гаплашдим. Ҳаж масаласида улар билан фарқимиз жуда катта экан. Қулай, ҳашаматли ва зиёратгоҳларга яқин жойлашган меҳмонхоналар, улардаги шароитлар, 3 маҳал сифатли ва калорияли озиқ-овқат, Ҳаж амалларини бажариш учун ҳамиша автобуслар билан таъминлаш каби ҳолатларда “Инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳамма нарсадан баланд” ғояси яққол намоён бўлмоқда!

 

Одил Олимжонов, 

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Кўп миллатли халқимиз шу кунларда Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санасини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Айнан 1991 йил 31 август куни халқимиз ўз Ватани, тақдири ва келажагига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Дунё харитасида Ўзбекистон Республикаси – янги суверен ва мустақил давлат пайдо бўлди.

Ўтган тарихан қисқа вақт давомида элимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти билан миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланди, давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари ўзгариб, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.

Мустақил тараққиёт йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттириш, барча соҳа ва тармоқлар ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этилмоқда.

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, хусусан, янгиланган Конституциямизнинг қабул қилиниши эл-юртимиз Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётганини яна бир бор яққол тасдиқлади.

Айниқса, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва тадбиркорликка кенг йўл очиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, тиббий хизматлар ва таълим сифатини жаҳон стандартларига мослаштириш, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, юртимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш йўлида эришаётган натижаларимиз тобора яққол намоён бўлмоқда, уларни ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида сезмоқда, ҳис этмоқда.

Дунёдаги мураккаб сиёсий-иқтисодий вазиятга қарамасдан, бошлаган ислоҳотларимизни изчил давом эттириб, янги босқичга олиб чиқишда биз учун барча ютуқларимиз омили, куч-ғайрат, ғурур ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётган Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллигини Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт даражаси, шону шуҳратига мос ҳолда муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) таркиби 1-иловага мувофиқ;

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури (кейинги ўринларда – Дастур)
2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Республика комиссияси (А. Арипов):

Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали бажарилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамининг (кейинги ўринларда – Мустақиллик байрами) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда нишонланишини таъминласин;

барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, “уч авлод учрашуви” тадбирлари, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари, гастрономик фестиваллар, сайиллар, маданият ва спорт тадбирларини самарали ўтказиш мақсадида атоқли илм-фан намояндалари, маданият ва санъат арбоблари, таниқли спортчилардан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил этсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб боришини таъминласин;

белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботларини ўз йиғилишларида мунтазам равишда эшитиб борсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга юқори профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, бастакор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, мақом ва бахшичилик санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилсин.

4. Жойларда Мустақиллик байрамини юртдошларимизнинг талаб ва истаклари асосида, бугунги давр руҳига ҳамоҳанг тарзда нишонлаш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;

сўнгги йилларда республикамиз иқтисодиётининг барча тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни аниқ мисоллар асосида кенг ёритиш;

“Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини очиб бериш;

соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ижтимоий дастурларга алоҳида эътибор қаратиш;

мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш;

Ватанимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ҳарбий жанговар қудратини ошириш ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, “Халқ ва армия – бир тану бир жондир!” тамойилини рўёбга чиқариш мақсадида амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб этиш;

Мустақиллик байрами муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, меҳнат фахрийлари, нуроний отахон ва онахонларимиз, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда эътибор ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш.

5. Маданият вазирлиги (О.Назарбеков):

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган театрлаштирилган концерт томошасининг дастури ва сценарийсини ишлаб чиқсин ҳамда мазкур концерт томошасини юксак ғоявий-бадиий савияда тайёрлаш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан биргаликда “Она диёр ранглар жилосида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз” каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминласин;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этувчи энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари танловининг якуний босқичини ўтказсин;

мазкур танловларнинг ғолиб ва совриндорларини Мустақиллик байрами арафасида эълон қилиш ва тантанали равишда тақдирлаш чораларини кўрсин.

6. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида – Республика комиссияси томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.

7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси О.К. Абдурахманов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси 

        Президенти                                                                                                             Ш. МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2023 йил 27 июль

Янгиликлар

Top