muslim.uz
Қуръон тиловатини тарк этмайлик!
Қуръон оятларини ихлос билан тиловат қилишлик ёки тинглашлик ҳам Аллоҳнинг раҳматига тезда олиб боради. Чунки Аллоҳ таоло «Қуръон тиловат қилганда, уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз», деб айтган (Аъроф, 204). Бунда Аллоҳнинг «шояд» дегани бўлиши «аниқ» дир, деб уламолар тафсир қилишган.
Қуръон худди суҳбатдош кабидир. У билан қанча узоқ суҳбат қурсангиз, у сизга ўз сирларини очади. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг каломида инсонларнинг эътибори Қуръон тиловатига ва ундаги ҳикматларга амал қилишга жалб этилади, хусусан:
«Дарҳақиқат, биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!» (Қамар, 17)
«Бу (Қуръон) одамлар учун қалб кўзлари, аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир» (Жосия, 20)
Шу ўринда, уламолар Қуръон тиловатининг қуйидаги фазилатларини айтиб ўтишади:
Биринчиси, Қуръони Карим шафоати. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: «Қуръонни доимо ўқинг, чунки у қиёмат кунида тиловат қилганларни шафоат қилади».
Иккинчиси, Қуръони Карим ўз ўқувчисини жаннатда олий мақомга олиб чиқади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз айтадилар: «Қуръон ўз ўқувчисига шундай дейди: «Ўқинглар, ўрнингиздан туринглар ва фоний дунёда ўқиганингиз каби чиройли тиловат қилинглар. Шунда охирги оятни ўқиб тугатган жойингиз, сизнинг олий мақомингиз бўлади».
Амр ибн Ос: «Қуръондаги ҳар бир оят жаннатдаги даража ва уйларингиздаги чироқдир».
Учинчиси, Қуръони Карим тиловатининг юксак фазилати ва савоби. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: «Кимки Аллоҳнинг каломидан бир ҳарфни ўқиса ҳам, унга ўнта савобга тенг яхшилик қайд этилибди. Шу ўринда, «Алиф лом мим» оятини бир ҳарф демаймиз, балки «Алиф» бир ҳарф, «Лом» бир ҳарф ва «Мим» бир ҳарф, деб таъкидлаймиз».
Тўртинчиси, Қиёмат куни Қуръони Карим ўз ўқувчисини чақиради. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад (САВ) айтадилар: «Қиёмат кунида Бақара ва Оли Имрон суралари Қуръон аҳлини чорлайди».
Шу ўринда диний уламолар таъкидлашадики, «Қуръон китобинг билан дўст бўлгин, чунки қайта тирилганингда у ўқиганларингни сўзлаб беради».
Бешинчиси, Қуръон тиловатчисининг бу дунёдаги мақоми. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз айтадилар: «Мазкур китоб билан Аллоҳ қавмларни юксак қилади». Уламолар таъкидлашадики, «Қуръон - қалбларнинг табибидир, унинг зикри – гуноҳларни маҳв қилувчидир, унинг нури эса ғайблар сиридир».
Олтинчиси, Қуръони Карим илмини ўрганиш яхшилиги. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: «Қуръони Каримни ва унинг илмини ўрганиш Сизлар учун яхшилик ва хайр-баракот олиб келади».
Еттинчиси, Қуръони Каримдан бирор оятни ёдламасликдан қўрқиш. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад (САВ) айтадилар: «Қуръоннинг хайри-баракоти бўлмаган инсон вайрон бўлган уйга ўхшайди».
Умуман олганда, шуни билиш жоизки, Қуръон китобимиз устидаги чанг-ғубор қанчалик қуюқлашса, қалбларимизда ғам-ташвиш ва муаммолар ҳам шунчалик қуюқлашаверади.
Шунинг учун ҳам диний уламолар айтишадики, «Эй Қуръон аҳли! Ёмғир ернинг баҳори бўлгани каби, Қуръон ҳам Мўминнинг баҳоридир! Шунингдек, қалб хотиржамлигига эришмоқчи бўлсангиз, албатта, Қуръон ўқинг. Чунки, қалблар – бу идишлардир, уларни Қуръон билан тўлдириш лозим, яна худди чанқаганда сув ичилгандек, ғамга ботганда Қуръон ўқишлик ва Раҳмоннинг зикри билан машғул бўлишлик хотиржамликка олиб келади.
Шундай экан, келинг биродар, «Албатта, Аллоҳ зикр қилинса қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса иймонлари зиёда бўлгувчи ва роббиларига таваккул қилгувчи мўминлар» (Анфол, 2), қаторида бўлишга интилайлик!!!
Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Болага чиройли исм қўйиш
Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар
Фиқҳ китобларимизда фарзанднинг ота-онадаги ҳаққи зикр қилинган бобларида, албатта, фарзандга чиройли ва маъноли исмлар қўйиш хусусида айтиб ўтилади. Чунки кейинчалик фарзанд ўз исмидан бошқалар ҳузурида уялмаслиги керак. Исм Аллоҳга бандалик, пайғамбарга уммат экани ва мусулмонлар тоифасидан эканига далолат қилиши лозим. Бу борада жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят бўлган қуйидаги ҳадиси шариф мавжуд: «Исм ўзагида «ҳамд» ва «абд» ўзларидан таркиб топган исмлар яхши номлардир».
Болага чиройли исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги масъулиятларидан ҳисобланади. Ислом тарихида бўлиб ўтган ажойиб ҳодисалардан хабардор ҳар бир ота-она қандай шароитда бўлмасин, фарзандига чиройли, маъноси ҳам гўзал исм қўйишга ҳаракат қилади. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ-атворига, ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилиши айтилган. Қиёмат куни ҳар бир инсон ўз исми билан чақирилади.
Абу Дардодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Қиёмат куни сизлар ўз исмларингиз билан ва оталарингиз исмлари билан чақириласиз. Бинобарин исмларингиз чиройли бўлсин!»
Бола туғилганида кўпинча ота-оналар унга қандай исм қўйишга ўйланиб қолишади. Натижада, кўп бош қотирмай, маъноси ғализ, тумтароқ исмларни қўйиб юборишади. Шу қўйиладиган исм бола билан нафақат фоний дунёда, балки қиёматда, жаннат ё дўзахда ҳам бирга бўлади. Бу мавзуга алоқадор ҳадисларда айтилади: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмларингиз «Абдуллоҳ» ва «Абдурроҳман»дир», дедилар.
Ҳадисда исм қандай бўлиши кераклиги очиқ баён қилинган. Киши ўзининг Аллоҳ таолога суюкли эканини билдирмоқчи бўлса, «Абду…» билан бошланадиган исмларни қўйсин, чунки бундай исмлар Аллоҳ таолонинг қули эканини ҳамиша билдириб туради.
Бошқа бир ҳадисда бундай келган: Абу Ваҳб айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Пайғамбарларнинг исмларини олинглар, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмлар «Абдуллоҳ» ва «Абдурроҳман»дир, энг садоқатлиси «Ҳорис» ва «Ҳаммам»дир, энг ёмони «Ҳарб» (уруш) ва «Мурра» (аччиқ)дир».
Ўғил болаларга пайғамбарларнинг алайҳимуссалом муборак исмларини қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ саналади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг исмларидан «Муҳаммад», «Аҳмад» кабиларни қўйиш фазилатлидир, аммо у кишининг кунялари билан «Абул Қосим» деб исм қўйиш жоиз эмас.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ёмон ва хунук исмларни ўзгартиришга буюрганлар. Масалан, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг қизлари Осия (гуноҳкор) исмини Жамила (чиройли, гўзал) деб ўзгартирганлар. Ҳадисларда яна у зотнинг «Ҳарб» (уруш), «Мурра» (аччиқ) каби хунук исмларни яхшисига алмаштиришни буюрганлари нақл қилинган.
Фарзандга яхши исм қўйганидан кейин уни чала-ярим қилмай, тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш лозим. Афсус, баъзи оилаларда исмни қисқартириб чақириш одат тусига кирган. Масалан, «Абдуллоҳ»ни (Аллоҳнинг бандаси) «Абди», «Абдул» дейишади, бу иши эгасига ҳам, Парвардигорга ҳам катта ҳурматсизликдир. Чиройли исм қўйиш зарурлигини шундан ҳам тушунса бўлади. Демак, бу ишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Ривоят қилишларича, Ҳавво онамизда бола турмагач, Иблис келиб исмини «Абдулҳорис», яъни «Деҳқоннинг қули» деб қўйишга ундайди. Ҳавво худди шундай қиладилар. Бу оятда бу ишни гўё ширк келтириш дейилмоқда. Бу каби исм қўйиш то Муҳаммад (алайҳиссалом) даврларигача ҳам давом этиб келган. Масалан, Абду Маноф, Абдул-Уззо, Абдуддор ва ҳоказо. Лекин уламолар оятда келтирилган қиссадан Одам ва Ҳаввони ширк келтирганлари чиқмайди. Зеро, бу ибодатдаги иш эмас, деҳқонни улар ҳеч қачон раббимиз деб билмаганлар. Она ва боланинг саломат қолишларига сабаб бўлармикан, деган ният билан мазкур исмни қўйишган, деб тафсир қилганлар.
Муслим Атаев,
тарих фанлари номзоди,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими ходими
Тасаввуф мактаби иш бошлади
Бугун Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби очилди.
Тасаввуф мактабида тингловчиларга асосан нақшбандия таълимоти ўргатилади. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан ва аҳолимиз ўртасида кенг тарқалган, мамлакатимиз тарихида ўзига хос ижтимоий-маданий аҳамият касб этган кубравия яссавия ҳамда қодирия тариқатлари ўрганилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Тасаввуф мактабида қуйидагилар ўқитилади.
Дарсларда тасаввуф шайхлари, хусусан, нақшбандия шайхларининг ҳаёт йўллари, турмуш тарзи ҳақидаги китоблар ўқитилади.
Тариқат пирлари насиҳат сифатида айтган ҳикматли сўзлар шарҳланади. Руҳий тарбияга оид китоблар ўқитилади.
Тингловчиларга мунтазам равишда араб ва форс тилидан сабоқ берилади, тарихий манбаларни ўқиш жараёнида тил қоидалари тушунтирилиб, билим ва кўникмалари мустаҳкамлаб борилади.
Замонавий тасаввуфшунослик фанида тасаввуф таълимоти борасида амалга оширилган замонавий илмий тадқиқотлар, нашрлар, замонавий тариқатчилик ҳаракатлари хусусида сўз юритилади. Ўзбекистондан етишиб чиққан тасаввуфшунос олимлар Азиз Қаюмов, Ориф Усмон, Нажмиддин Комилов, Ҳомиджон Исломий, Садриддин Салим Бухорий, Абдуғафур Раззоқ Бухорий, Б.Бобожонов, Э.Каримов; Россиялик олимлар О.Акимушкин, Е.Бертельс, Н. Семёнов, А.Хисматуллин; Наждат Тусун, Маҳмуд Асъад Жўшон, Ҳасан Комил Йилмаз; Ғарб шарқшуносларидан Ю.Пауль, Х.Алгар, Ж.Гросс, Ж.Тримингем, Анке фон Кюгелген кабиларнинг илмий тадқиқотлари ҳақида маълумотлар берилади.
Бундан ташқари тасаввуф илмий мактаби фаолиятининг истиқболдаги режалари қаторига илмий ишлар – тасаввуфга оид асарлар таржимаси ҳамда уларни чоп қилиш ишларини ҳам киритиш мумкин. Буларга Гулчеҳра Наврўзова, Эркин Зоиров, Ҳалим Тўраев, Бобир Намозов, Самад Азимов ва бошқа бир қатор мутахассисларнинг араб, форс ва немис тилларидаги китобларни ўзбек ва рус тилларига таржима ва шарҳлар қилиниб нашрга тайёрланаётганини мисол қилиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили ушбу илмий мактабнинг раҳбари Мансур Нуруллаев, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аьзоси, шоира, таржимон, журналист Ибодат Ражабова, Бухоро давлат бадиий меьморчилик музей қўриқхона ҳузуридаги араб ёзувидаги қўлёзмаларни ўрганиш илмий маркази мудири Ахтам Ахмедовлардан иборат таржимонлар жамоаси сифатида иш олиб бориб, бир қатор китобларнинг таржима қилиниши тасаввуф илмий мактабининг истиқболдаги режаларини кўрсатади.
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Кимни яхши кўрасан?
Ота-она фарзанд учун гўзал тарбия, чиройли ибрат тимсолидир. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол ҳам ота-онанинг фарзанд тарбияси борасидаги ўрни беқиёс эканини билдиради. Бу хусусда қуйидаги ҳадис машҳур: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир гўдак фитратда туғилади. Бас, уни ота-онаси ё яҳудий ё насроний ёки маъжусий қилиб улғайтиради”, дедилар” (Муттафақун алайҳ).
Ақида китобларида “фитрат” оппоқ қоғоз дея таърифланади. Демак, оқ қоғозга ҳақиқий, тўғри тарбия асослари ёзилса, албатта бу келажакда ўз самарасини беради. Ота-онанинг ҳар бир ҳолати, гаплари фарзанд хотирасига муҳрланади. Сўнг фарзанд ҳам ота-онасидек гапиришга, улардек хатти-ҳаракат қилишга интилади. Бу борада, албатта, ота-онанинг ўзи ибрат бўла олиши керак. Баъзида отанинг фарзандидан: “Кимни кўпроқ яхши кўрасан, меними ёки онангними?” дея сўраётганига гувоҳ бўламиз. Шу ҳолатда ота: “Мен сенга қанча совғалар олиб бераман, мени яхши кўрасан-а?”, дейди. Она эса: “Мен сенинг ҳамма айтганларингни қиламан, мени танла”, дейди… Бола бу вазиятда қийин аҳволга тушиб қолади. Руҳиятшуносларнинг таъкидлашича, бундай саволлар болани қийнаб, руҳиятига салбий таъсир қилар экан…
Биз ўзи кимни кўп яхши кўришимиз керак? деган саволни ўзимизга берайлик-чи? Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса борки, улар кимда бўлса, у иймон ҳаловатини топибди: кимга Аллоҳ ва унинг Расули бошқа нарсалардан кўра суюклироқ бўлса, кимки бир бандани фақат Аллоҳ учун яхши кўрса ва кимки Аллоҳ уни куфрдан қутқариб олгандан кейин куфрга қайтишини худди дўзахга ташланишини ёмон кўргандек ёмон кўрса”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Агар бирор нарсалар берилгани учун бирор кимни кўпроқ яхши кўришимиз керак бўлса, Аллоҳ таолонинг бизга берга неъматларини санаб адоғига ета олмаймиз. Аслида мана шу меҳрибон ота-оналаримзни ҳам бизларга Аллоҳ таоло берган! Ҳар биримиз, авваламбор, қалбимизда Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳга бўлган муҳаббатни ҳосил қилишимиз лозим. Сўнг ана шу муҳаббат уруғларини фарзандларимиз қалбига ҳам соча оламиз. Муҳаббат ҳосил қилиш учун эса муҳаббат қилувчимизни яхшилаб танишимиз керак. Танимаган, билмаган одамга меҳрли бўлиш қийин. Демак, Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини яъни Холиқлигини (йўқдан бор қилиб бизни мукаррам инсон қилиб яратганини), Раззоқ (биз қанчалар гуноҳ ишлар қилсак-да, бизларга ризқимизни доим етказишини), Ғофур (биз хато қилсак-да, бизни кечириши, ҳаммани олдида шарманда қилмаслигини), Ҳафиз (бизни ёмонликлардан асрашини) чорасиз қолган вақтларимизда, ёрдам сўраб узатган қўлларимиз ҳавода қолиб кетган вақтда бизни энг қийин вазиятларимизни осон қилиб берувчи ягона зот Аллоҳ таоло эканини чин дилдан билиб ҳис қилсак, албатта, Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатимиз зиёда бўлади ва бу муҳаббатимизнинг нури бутун ҳаётимизни, охиратимизни ёритишга етади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳосил қилиш учун ҳам уни ҳақиқий бир илм билан танишимиз лозим. У зотнинг меҳрибонлиги, тўғри сўзлиги, омонатдорлиги, сахийлиги, барчага бирдек муомала қилиши, кечиримлилиги, умматига бўлган меҳри, бошқаларнинг дарди билан ёниши каби гўзал хислатларидан ибрат олмоғимиз даркор.
Биз ота-оналар у зотни аввал ўзимиз яқиндан таниб, яхши кўриб сўнг фарзандларимизга ҳам таълим беришимиз лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ота-онамизни ажратмай баробар яхши кўришимиз кераклигини, ота-онамиз бизга яхшилик қилмаса-да, уларга эзгулик қилишимиз лозимлигини таълим берган устоздир.
Шундай экан, биз энг кўп Аллоҳ таолони ва унинг Расулини яхши кўришимиз керак! Шундагина фарзандларимиздан: “Кимни яхши кўрасан?” деган саволимизга “Аллоҳни ва Унинг Расулини” деган гўзал жавобни эшитамиз.
Жозиба ЖАМОЛ қизи,
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси
Иғвогарлик бор ерда барака бўлмайди
Ҳазрат Мусо алайҳиссалом замонида қурғоқчиликдан ҳаёт ниҳоятда оғирлашиб кетди. Уч марта ёмғир тилаб дуо қилдилар. Ижобат бўлмади.
Шунда Мусо алайҳиссалом: “Ё Рабб, уч марта ёмғир тилаб дуо қилдик, қабул этмадинг”, деди.
Ҳақ таоло: “Токи орангизда иғвогар бор экан, сенинг ҳам, бошқаларнинг ҳам дуоларини қабул этмайман”, деди.
Ҳазрат Мусо алайҳиссалом: “Ё Рабб, иғвогар ким? Уни орамиздан чиқарамиз”, деди.
Ҳақ таоло: “Мен сизга фисқу фасодни, иғвогарликни ман қиламан”, деди.
Ҳаммалари тавба қилишди. Шундан сўнг ёмғир ёғди.
Иғвогарлик, чақимчилик энг ёмон феълдир. Иғвогарларни Аллоҳ севмайди. Иғвогарлик бор ерда барака бўлмайди.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби