Фиқҳ

Мазҳабимизда инсон манфаатлари

Ислом шариати аҳкомларини кузатган киши унда инсонларнинг манфаатлари тўлиқ равишда эътиборга олинганига амин бўлади. Шундай бўлса-да, уламолар инсон манфаатларининг эътиборга олинишига оид далилларни батафсил тарзда келтириб ўтадилар. Жумладан, “Биз сени, фақат, оламларга раҳмат қилиб юбордик”[1] ояти. Пайғамбарнинг инсонларга раҳмат бўлиши у олиб келган ҳукмлар инсонлар манфаатига тўлиқ кафил бўлишига боғлиқ. Агар ундай бўлмаса, унинг юборилиши инсонларга раҳмат эмас, балки кулфат бўлади.

“Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур”.[2]

Адолат – икки шахс ёки нарса орасида бирор ишда тенглик ва мувозанатга амал қилишдир. Демак, адолатдан мурод барча ишларда “ифрот” (ҳаддан ошиш) ва “тафрит” (камчиликка йўл қўйиш) ўртасидаги мўътадилликка риоя қилишдир. Инсонлар ҳаётининг мўътадил низомда давом этиши уларни тафрит ёки ифротдан ажратиб турувчи тўғри чизиққа қиёсланади. Ана шу чизиқдан четга чиқиш фасодга олиб бориши муқаррар. Бунга оятнинг охири ҳам далолат қилиб турибди. Аллоҳ томонидан қайтарилган мазкур уч иш инсонларнинг ишларини барбод қилувчи, уларни яхшиликка етишдан тўсувчи фасоддир. Зеро, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бу оят яхшилик ва ёмонлик маъносини жамлашда Қуръондаги кенг қамровли оятдир. Қуръонда бундан бошқа оят бўлмаган чоғда ҳам, у ҳар бир нарсанинг баёни ва ҳидоят бўлиш учун кифоя қилар эди”.[3]

Энди бу ҳақдаги ҳадиси шарифларга мурожаат қилсак. Масалан, “Иймон етмиш нечтадир шохчадир. Уларнинг энг юқориси Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бермоқ, энг пастдагиси йўлдан озор берувчи нарсаларни кеткизмоқ” ҳадиси[4]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда диннинг икки тарафини баён қилмоқдалар. Диннинг боши тавҳид бўлса, охири инсонларнинг умумий манфаатига намуна бўладиган амал эканини кўрсатиб бермоқдалар. Демак, манфаатлар диннинг чегарасидан четга чиқмас экан. “Қуёш чиққан ҳар куни инсоннинг ҳар бир бўғини учун садақа лозимдир. Икки киши орасида адолат билан ҳукм қилишинг ҳам садақадир. Бир кишини отига мингазиб ёки юкини юклаб бериб ёрдам беришинг ҳам садақадир. Ширин сўз ҳам садақадир. Намозга бораётган ҳар бир қадаминг ҳам садақадир. Йўлдан озор берувчи нарсаларни кетказишинг ҳам садақадир”[5] ҳадиси ҳам шу маънога оиддир.

“Махлуқот барчаси Аллоҳнинг қарамоғидадир. Уларнинг Аллоҳга энг суюклиси ўз қарамоғидагиларга манфаатлироғидир”[6] ҳадисида инсонларга манфаат етказиш йўлида хизмат қилиш Аллоҳга яқин бўлишнинг энг асосий сабабларидан бири сифатида келтирилмоқда. Бу эса Ислом шариати инсон манфаатларини эътиборга олганининг яна бир намунасидир.

“Зарар бериш ҳам, уни зарар билан даф қилиш ҳам йўқ[7]” ҳадиси. Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон ўзига ва бошқаларга зарар берувчи ишлардан сақланиш лозимлигини таъкидламоқдалар. Бу ҳадис Ислом ҳуқуқидаги асосий қоидалардан бири бўлиб, кўплаб ҳукмларнинг асосидир. Юқоридаги ҳадислардан Ислом шариатида инсон манфаатларининг эътиборга олингани, балки улардан зарар ва ёмонликларни бартараф қилиш ҳам унинг мақсадларидан эканлигини тушуниш мумкин.

Ҳанафий мазҳаби ҳам ўз ижтиҳодларида инсон манфаатларига катта эътибор қаратган. Қуйида улардан баъзиларни кўриб чиқамиз.

Сирожиддин Ғазнавийнинг "Алғуррат ул мунифа фи таҳқиқи баъзи масоилил имом Аби Ҳанифа" китобининг хотимасида берилган жумлалардан айримларини  келтириб ўтамиз:

 "Қозилар, адолат аҳли, тириклар ва вафот этганларнинг барчаси аксар ҳолатларда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ мазҳабига муҳтождирлар. Бошқа мазҳабларда қози гуноҳ қилса қозиликдан тушиб қолади. Бинобарин, қози қозилик даврида гуноҳдан маъсум бўлиши лозим, гуноҳ қилса қозилик мансабидан тушади ва чиқарган ҳукмлари ҳеч қандай кучга эга бўлмайди. Ушбу сўзга биноан бирорта қози ўз мансабида бардавом тура олмайди. Унга ҳар сафар гуноҳ қилганда фосиқ бўлганини ошкор қилиши ва қозиликка қайта сайланиши вожиб бўлади. Бундай қилинмаса қанчалик фасод чиқиши ҳеч кимга махфий эмас. Бу нарсалар содир бўлмаслиги учун имом Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш керак бўлади.

Имом Абу Ҳанифанинг наздида адолат аҳлидан бўлиш зоҳиран Исломга амал қилиш билан собит бўлади. Шофеъий мазҳабида эса гуноҳи кабиралардан зоҳиран ҳам, ботинан ҳам сақланиш лозим. Қайси қози ёки адолат аҳли дейилган шахс гуноҳ қилмаган?

Вафот этганларга тиловати Қуръон савоби билан ёрдам етказиш фақат ҳанафий мазҳабида жоиздир. Ўтганлар учун уқубатлардан халос бўлиш ва юқори даражотларга эришиш имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ мазҳабига эргашиш билан ҳосил бўлади.

 Балоғатга етмаган болалар қиладиган савдо-сотиқ ва бошқа муомалалар  имом Абу Ҳанифа мазҳабига кўра жоиз. Бошқаларда эса уларнинг қилган тасарруфларида муаммолар мавжуд. Чунки уларнинг фикрига кўра, инсонлар ўз эҳтиёжлари учун фақат балоғатга етган одамларнигина юбориш жоиз.

Шунингдек, аксар одамлар ўз савдоларида ийжоб ва қабул билан савдо қилишга одатланмаганлар. Яъни сотувчи “сотдим”, харидор “сотиб олдим”, демайди. Балки нарх аниқ бўлган ҳолатларда фақат ўзаро олди-берди, яъни харидор буюмни олиб пулни бериши билан якун топади. Бу ҳолат ҳам имом Абу Ҳанифа мазҳабида жоиз.

Бошқа мазҳабларда закот мажбурияти Қуръони каримда айтилган саккиз синфнинг ҳар биридан учта шахсга берилгандагина соқит бўлади. Ҳеч ким бу ишни қила олмайди. Ҳанафий мазҳабида эса закот олишга ҳақли бир одамга бериш билан ҳам закот адо этилган ҳисобланади.

Нажас (нопок) нарсалар билан иситиладиган ҳаммомлар, нопок нарсалар ёндириб ёпиладиган нонлар, нопок нарсалар аралаштириб қилинадиган лой (деворлар) масаласи ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда муаммо ҳисобланади.        

Ҳайвонларнинг тезакларини сотиш ҳанафий мазҳабида жоиз. Бошқаларда жоиз эмас. Ҳолбуки, бу иш аксар одамлар қиладиган ишдир.

Одамлар олмахон, сувсар, оқсичқон ва бошқа ҳайвонларнинг терисидан тикилган кийимларни киядилар. Баъзилар наздида ўлган нарсанинг жуни нажас ҳисоблангани учун улар нопок нарсани кийиб юрган ҳисобланади. Бизнинг мазҳабда эса бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.

Ловия, ёнғоқ ва бодом каби нарсаларни пўстлоғи билан сотиш баъзилар наздида жоиз эмас ва бу катта муаммолар келтириб чиқаради. Зеро аксар одамлар шундай савдо қиладилар. Ҳанафий мазҳабида эса бу жоиздир.     

Ҳабибуллоҳ ЖЎРАБОЕВ,

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

 

 

 

 

[1] Анбиё. 107- оят.

[2] Наҳл 90­оят

[3] Байҳақий. Шуабул иймон. – Риёд.: Мактабатур рушд, 2003. 2216­бет. (Бундан кейин Байҳақий. Шуабул иймон.)

[4] Байҳақий. Шуабул иймон. 2­ҳадис.

[5] Сунани  Абу Довуд. 1288­ҳадис.

[6] Табароний. Авсат. 5541­ҳадис.

[7] Табароний. Авсат. 1033­ҳадис.

Read 13036 times
Tagged under
Top