Фиқҳ

Баҳру-л-манофиъ

   Муаллиф: Мулла Ниёр Муҳаммад

         Асар ҳанафий фиқҳига доир  манбалардан бири бўлиб, муаллиф унда кўплаб фатволарни жамлаган. Фатволар келтиришда кўплаб мўътабар китоблардан фойдаланган. "Қуня", "Ал-Жомиъ ас- сиғор", "Ҳаммодийя", "Муҳит", "Мухтор-у-л фатово", "Ҳидояту-л-муфтийн", "Одобу-л-муфтийн", "Шарҳи-л-виқоя", "Жомиъу-л-фатово", "Баҳр-у-роиқ", "ал-Ҳидоя", "Ихтиёр" каби китоблар шулар жумласидан.

         Муаллиф китобнинг муқаддима қисмида қуйидагиларни ёзади:

"Амма баъду. Қуръон луғатлари ва унинг муғлақотларини ечиш учун "Табсироту-л-қурро" асарини, ибодатлар, .... ва бошқа зарурий масалалар учун "Хазойину-л-ибодот" китобини, унинг назми бўлган "Баҳру-л-ажойиб" китобини, тасаввуф, ахлоқ ва ҳаёт учун "Масийроту-л-атқиё" китобини, унинг назми "Мунҳожу-л-анвор" китобини, маъвизалар учун "Мавъизату-л-аброр" китобини", ғазалхонлик борасида "Дурру-л-мавоиз" китобини, солиҳ зотлар ҳикоясига атаб "Фирдавсу-л-ғуробо" асарини, машойихларнинг сўзлари ҳақида "Дурру-н-насойих" асарини, ойлар ҳисоби учун "Ниҳроту-л-ҳилол" асарларини ёзиб бўлгач, фатво илми борасида ҳам барча масалаларни ўзида жамлаган, муфтийларга тўғри йўлга бошлашни енгил қиладиган, фатво сўровчиларга мақсадга етишни осонлаштирадиган бир китоб ёзишни хоҳладим". Ушбу муқаддимадан кўриняптики, муаллиф биргина фиқҳ борасида эмас, балки, Қуръон, тасаввуф, ваъз, назм, ҳисоб илмлари борасида ҳам етук олимлардан бўлган.

         Асар ноёб қўлёзмалар сирасидан ҳисобланиб, кўплаб кутубхоналарда бу ҳақда маълумот учратиш қийин. ЎМИ кутубхона фондида ушбу асар Инв.№ 872 рақами остида сақланмоқда.

         Асар бир томдан иборат.

         Қўлёзма араб тилида, насх хатида қора сиёҳ билан ёзилган.  Фасллар бошланиши қизил сиёҳ билан алоҳида ажратиб кўрсатилган. Асар 1272 ҳижрий  санада хаттот Мулло Абдулжалил томонидан кўчирилган.  Қоғоз ўлчами 20х26 см, 521 варақ, ҳар бир саҳифада ёзув 17 сатрдан, сатр узунлиги 10 см. Яшил ранг мато билан муқоваланган.

 

ЎМИ кутубхонаси

Read 9044 times
Top