Фиқҳ

Меҳмонга хизмат қилиш савоблари

Меҳмонга иш буюриш ҳам меҳмондорчилик одобларига зиддир. Меҳмонга уй эгасининг ўзи хизмат қилиш керак. Ривоят қилинишича, бир кеча халифа Умар ибн Абдулазизнинг уйига меҳмон келди. Чироғнинг ёғи тугаб, ўчай деб қолган эди. Меҳмон чироқнинг ёғини тўлдириш учун ўрнидан турганида Умар ибн Абдулазиз бунга ижозат бермай, шундай дейдилар: “Меҳмонга иш буюриш мурувват (одамгарчилик)дан эмас”. Меҳмон хизматкорларни уйғотмоқчи бўлганида, Умар ибн Абдулазиз: “Улар энди ухлаганлар, уйғотманг”, деб ўзлари турдилар ва чироқни тузатиб ёндириб қўйдилар. Шунда меҳмон: “Сиз ўзингиз хизмат қиласизми, ё амирал мўминин”, деб сўради. Умар ибн Абдулазиз: “Чироққа ёғ солишга борганимда Умар эдим, қайтиб келганимда ҳам ўша Умарман”, (яъни мендан ҳеч нарса камайгани йўқ), “Аллоҳ таолонинг ҳузурида одамларнинг яхшироғи камтаринларидир”, дедилар.

Меҳмоннинг одобларидан бири шулки, меҳмонхонада меҳмон кўрсатган жойга ўтирсин ва дастурхондаги неъматлар ёки уй атрофидаги ҳолатларни танқид қилмасин. Меҳмон мезбондаги уй ичи ишлари, яъни шахсий ишларидан сўрамасин. Ҳовлига киргандан сўнг ҳар томонга қарамасин. Шунингдек, иштаҳаси талаб қиладиган, мезбоннинг ҳозир қилиши оғир бўладиган нарсаларни талаб қилмасин. Фақат туз ва сувни сўраши жоиз. Яна дастурхондаги неъматлардан айб қидирмасин.

Агар мезбон меҳмонлар билан бирга ўтирган бўлса, таомни биринчи бошлаб берадиган ва ҳаммадан охири қўлини тортадиган ҳам уй эгаси бўлиши даркор. Чунки меҳмонлар мезбондан кейин таом ейишга ҳаё қилишлари мумкин.

Мезбон меҳмонлар ҳузурида уларга ёқмайдиган сўзларни айтмасин ва уларни безовта қиладиган ҳатти-ҳаракатлардан ўзини тийсин. Намоз вақти бўлганда меҳмонларни хабардор қилсин ва агар меҳмонлар кечаси таҳажжуд намози ўқийдиган бўлса, қибла қайси тарафда эканини кўрсатиб, қўйсин.

Мезбон кечаси меҳмонларга керак бўладиган нарсаларни тайёрлаб қўйсин. Жумладан, чироқ ёки шам, обдаста, таҳорат қилиш учун енгил оёқ кийими, сув, шунингдек, таҳоратхонани кўрсатиш ва агар қиш куни бўлса, печкага ёқиш учун ўтин ва шунга ўхшаш нарсаларни тайёрлаб қўйиш ҳам мезбонга тегишли одоблардандир.

Уй эгаси меҳмондан нима ейишини, нима келтиришини сўрамасин. Чунки бу пасткашлик бўлади. Меҳмоннинг ҳолатига қараб, муоамала қилиш ҳам меҳмон кутиш одобларидандир. Масалан, фақиҳ олим келса, бирор фиқҳий масала сўраш, қори келса, қироат қилдиришга ўхшаш. Таом билан дастурхонга сув келтириш ҳам зиёфат суннатларидандир. Агар мажлис аҳли сувга эҳтиёж бўлсалар, аввал ўнг томондан – дастлаб ёшларга, таомдан кейин эса аввал катталарга узатсин.

Меҳмон агар ташқарига чиқмоқчи бўлса, аввал уй эгасидан изн сўрасин. Меҳмонга боришдан аввал уйдан бироз таом еб бориш меҳмоннинг бошқалар ҳузурида ҳурмати зиёда бўлишига сабаб бўлади. Мезбон ижозат бермай ёки ҳозир бўлмай туриб, таомга қўл узатиш ҳам меҳмоннинг одобларидан эмас. Яна мезбоннинг рухсатисиз бошқа дастурхондагиларга бирор нарсани узатмасин.

Уй эгаси меҳмонни ёлғизлатиб қўймасин. Меҳмонларнинг баъзисига бир нарсани бериб, бошқасини қуруқ қўймасин. Шунингдек, уларнинг баъзиси билан гаплашиб (ё паст овозда) ўзгаларни куттирмасин. Аввало бу амал яхши эмас, қолаверса бошқаларнинг турли гумон қилишларига сабаб бўлади.

Мезбон меҳмонлар ҳузурида кўп сукут қилмасин, балки меҳмонларга ёки ўзига фойдали мавзуд гаплашиб ўтириши лозим. Яна меҳмон ҳузурида хизматкорлар ёки хонадон аҳлидан бирортасига ғазаб қилмасин ва баланд овоз билан билан гапирмасин. Ҳатто агар бошига бир оғир бир мусибат тушган бўлса ҳам, ғазабланган ҳолда меҳмоннинг олдига кирмасин.

Гарчи келса олдингга иту эшак,

Урмағил,  меҳмон олур кўнглига шак.

Қилмағил ваҳшат иёл, атфолингга,

Урмағил, сўзламағил сан молингга.

Токи кўнгли бўлмасин озурманд,

Бу ҳадиси Мустафотдур мисли қанд.

Агар мезбон меҳмонлар олдига қовун ёки тарвуздек нарсаларни сўйса, аввал ўзи татиб кўрсин. Таомни тановул қилиб, дуо қилгандан сўнг меҳмонларни куттирмасин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتَ النَّبِيِّ إِلَّا أَنْ يُؤْذَنَ لَكُمْ إِلَى طَعَامٍ غَيْرَ نَاظِرِينَ إِنَاهُ وَلَكِنْ إِذَا دُعِيتُمْ فَادْخُلُوا فَإِذَا طَعِمْتُمْ فَانْتَشِرُوا وَلَا مُسْتَأْنِسِينَ لِحَدِيث

“Эй, имон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирор таомга чақирилсагина кирингиз! (Ўшанда ҳам) унга эришишга кўз тутиб турмангиз, балки чақирилганингизда кирингиз ва таомдан сўнг гапга берилиб кетмай, тарқалингиз!...” (Аҳзоб сураси 53-оят).

Шунинг учун таомдан кейин дуо қилиб, қўлларни ювдиргандан сўнг, агар меҳмон рухсат сўраса, дарҳол рухсат берсин. Умр ва вақт ғанимат неъматлардандир. Шу жиҳатдан хоҳ меҳмон бўлсин, хоҳ хонадон аҳли билан бўлсин, дастурхон устида кўп ўтириб, умрни зое қилмасин. Балки уй-рўзғор ишлари, илм ҳосил қилиш ёки ибодатга машғул бўлсин.

Шунингдек, мезбоннинг ижозатисиз чақирилмаган кишини ўзи билан бирга олиб бормасин. (Агар уй эгасига малол бўлмаслигини, балки хурсанд бўлишини билса, унда айтилмаган кишини олиб бориши жоиз). Дастурхонда қолган неъматларни уй эгасининг ижозатисиз ё унинг ишоратисиз олиш яхши эмас. Агар олгандан кейин сўнг мезбоннинг ҳақиқий розилиги ёки хурсанд бўлишини билсагина олиш дуруст бўлади. Агар олишга ижозат қилинган тақдирда шериклар билан адолат қилиш лозимлиги таъкидланган, яъни ҳар ким ўз олдидаги нарсаларни олсин, фақат шериги ўз розилиги билан берса, зарари йўқ.

Агар икки киши бир вақтда чақирган бўлса, қўшнилик ҳақи юзасидан қайси бирининг эшиги, яъни уйи яқинроқ бўлса, шунинг чақириғини қабул қилсин. Агар чақирганлар мартабада баробар бўлсалар, у ҳолда дўстликда ва муҳаббатда зиёдароғини даъватини ижобат қилиши лозим. Меҳмондорчиликка бораётганда шошилмасдан ва тамаъ қилмасдан бориш ушбу амалнинг асосий сифатларидандир. Дастурхондаги таомлардан уйда истеъмол қиладиган миқдорда ейиш ҳикматдан бўлиб, одатидан кам ейиш хиёнат ва нифоқдир.

Меҳмонлар келганда мезбон йўлни ва меҳмонхонани кўрсатиш учун олдиларига тушиб уйга бошлаши ва чиқиш вақтида орқаларидан юриб, эшиккача бормоғи меҳмонни эъзозлаш одобларидан бўлиб, суннат амаллардан ҳам биридир. Ҳасан раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейдилар: “Ким Аллоҳ таоло учун меҳмонни кузатиб қўйиш ниятида орқасидан юриб борса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида уни жаннатгача олиб бориш учун Арш тагидан фаришталарни юборади”. Шунингдек, ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Ҳар ким меҳмонни кузатиш учун орқасидан етти қадам юрса, Аллоҳ таоло у бандага дўзахнинг етти эшигини боғлайди ва ҳар ким саккиз қадам юрса, Аллоҳ таоло у киши учун жаннатнинг саккиз эшигини очади, ҳатто хоҳлаган эшигидан киради” (Холисатул ҳақоиқ).

         Меҳмонни, хусусан ғариб ва фақирни уч кунгача меҳмон қилиш суннат амаллардандир. Биринчи куни ва кечаси меҳмонга таом бериш суннати муааккададир, яъни атайин таом бермаса гуноҳкор бўлади. Иккинчи  ва учинчи куни уйида ҳозир бўлган таомлар ҳам кифоя қилади. Уч кеча-кундуздан кейин эса, мезбон ихтиёрлидир, яъни агар таом берса, садақа бўлади ва агар таом бермаса, гуноҳкор бўлмайди. Шунингдек, уч кеча-кундузгача меҳмоннинг нима учун келгани ва қаерга кетишини сўрамасин. Меҳмон кетишни ихтиёр қилганда, унга камида бир кеча-кундузга кифоя қиладиган таом ва ичимлик (сув ёки сувга ўхшаш нарса) бериши лозим. Меҳмонлар кетадиган вақтда мезбон улар ҳақида шундай дуо қилсин: “Мени ҳурмат қилиб келдингизлар, Аллоҳ мендан сизларга энг яхши мукофот берсин”. Мезбон меҳмонларга қилган хизмати учун эваз ва раҳмат ҳамда мақташларини кутмасин.

         Ҳадиси шарифда келлишича “Мезбон меҳмон билан эшигигача борсин, меҳмонларнинг ҳақини ва хизматларини комил адо қиломадим, деб билсин, берган таоми ва қилган хизматини миннат қилмасин, агар чандики уларнинг олдига дунёни тўккан бўлса ҳам”.

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تُبْطِلُوا صَدَقَاتِكُمْ بِالْمَنِّ وَالْأَذَى

“Эй, имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!...” (Бақара сураси 264 оят).

Динимизда мўминнинг бошқа мўминдаги ҳақларидан бири имкон бўлганда чақирилган жойга боришидир. Ҳадиси шарифда келишича:

أجيبوا الدعوة إذا دعيتم لها

“Қачонки бирор жойга чақирилсангиз, ижобат қилинглар!” (Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Молик ва Доримийлар ривояти).

Агар чақирилган жойга бормаса, ҳадиси шарифда келганидек гуноҳкор бўлиши мумкин:

ومنْ لم يجب الدعوة فقدْ عصى اللهَ ورسولَه

“Ва кимки чақирга ижобат қилмаса, бас у Аллоҳ ва унинг расулига осийлик қилибди” (Бухорий, Муслим, Байҳақий ва Аҳмад ривояти).

Шунинг учун меҳмонга чақирилса, боришга имконияти бўлмаса, ўша ҳолатда узр айтсин. Агар боришга имконияти бўлса, айтилган вақтда “Аллоҳ бизларни ҳам, сизларни ҳам покиза ва ҳалол овқатлардан таомлантирсин”, деб боришини билдирсин. Шунингдек, эҳсон қилишда ниятни холис қилиб, риё ва сумъа, яъни одамлар  кўрсин ёки эшитсин, деган ниятдан сақлансин.

Чақирилган жойга боришга рози бўлган тақдирда нафсининг хоҳиши, яъни емоқ-ичмоқ ёки мезбоннинг молу дунёси ё мансаби учун эмас, балки қалбида Аллоҳнинг даъватини қабул қилиш ва мўмин бародарининг қалбига хурсандчилик улашишни ният қилсин. Бу хусусда шарифда: “Кимки бир мўминни хурсанд қилса, бас у Аллоҳни хурсанд қилибди”, деб марҳамат қилинган.

Шунингдек, чақирилган жойга боришга розилигини билдириш орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини адо этиш ва мўминнинг ҳурмат қилишни ҳам ният қилсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

إذا دعيتم إلى كُراعٍ فأجيبوهُ

“Агар қўйнинг пойчаси (пиширилиб) чақирилсангиз ҳам, ижобатни қабул қилинг” (Имом Муслим ривояти). Мўминни икром этиш тўғрисида қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Кимки бир мўминни икром қилса, бас у Аллоҳни икром қилибди”. Хуллас, барча ҳолатда қилинадиган амалларга ниятни холис охират учун қилсин. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

إنما الأعمال بالنيات وإنما لكلّ امرئ ما نوى

“Албатта амалларга (бериладиган савоб) ниятларга кўра бўлади ва албатта кишига ниятига қараб савоб берилади...” (Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Ибн Жоруд ривояти). Меҳмонга бориб келишда, яъни таклифни қабул қилишда ниятни холис охират иши қилганидек, дўстликни ҳам Аллоҳ учун қилиш керак.

 

Соатмурод Примов

Read 8634 times
Top