Фиқҳ

Имом Аъзамнинг шогирди Абу Юсуфга ўгитлари

Бутун оламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳумду санолар бўлсин. У зотнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оилалари ва саҳобаларига дуруду саловатлар бўлсин.

Ушбу битиклар Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ камолот ёшига етганидан сўнг ва унда ажойиб хислатлар ва одамлар билан мулоқот қилиш салоҳияти намоён бўлганидан кейин  Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг  унга айтган насиҳатларидир.

         Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ дедилар:

         -   Эй Ёқуб! Султоннинг ҳурматини ўрнига қўй, унинг мартабасини эъзозла, унинг ҳузурида ёлғон гапиришдан, бирор илмий ҳожат учун сени чақирмаганида ҳар вақт киришдан ўзингни тий.

         Халқ оммаси ва тижоратчилар ҳузурида фақат илмга оид нарсалар тўғрисида сўзла. Агар сен улар олдида молу дунё хусусида гап очсанг, улар сени молу давлатга ҳирси ва муҳаббати ҳамда пора олишга майли бор экан, деб сен тўғрингда ёмон фикрга борадилар ва нотўғри эътиқод қиладилар. Кўча-кўйларда ўтирмагин. Агар бировни кутиш зарур бўлса, масжидда кутиб ўтир. Бозору кўчаларда ва масжидларда ҳаргиз овқатланма. Шойи матодан тикилган кийимларни кийма. Чунки бу бефаросатликка олиб боради.

         Сен биринчи навбатда илм ол, ундан кейин ҳалол йўл билан молу давлат орттир. Шундан кейингина уйлан. Агар илм олиш даврингда мол топишга ҳаракат  қилсанг, илм ҳосил қилишдан маҳрум бўлиб қоласан. Илм ҳосил қилмасдан туриб, бойлик орттириш ва аёллар билан машғул бўлишга вақтингни  сарф қилсанг, билгингки, умринг зое кетади. Уйланганингдан сўнг болаларинг кўпая бошлайди ва сен илм олишни тарк этиб, уларни таъминлаш билан шуғулланишга мажбур бўласан.

         Одамларга беписанд бўлма. Ўзингни ҳам, бошқаларни ҳам ҳурмат қил. Улар билан кўп алоқада бўлма. Фақат сенга мурожаат қилганларидан сўнг улар билан алоқа қил. Уларнинг муносабатларини масалаларни эслатиш билан тақдирла. Чунки улар илм аҳлидан бўлса, илм билан машғул бўлиб кетадилар, илм аҳлидан бўлмаса, сени ёқтириб қоладилар. Омма билан сўзлашганингда сўзинг орасида динга оид масалалардан сўзлама. Чунки улар ҳам сенга тақлид қилиб сўзлай бошлайди. Агар бирор одам сендан бирор масала юзасидан фатво сўраб қолса, фақат унинг саволигагина жавоб бер. Унга ҳеч нарса қўшимча қилма. Ортиқча сўзларинг унинг саволига берган жавобингни чалкаштириб қўяди.

         Гарчи сен ўн йил касбсиз ва озиқ-овқатсиз қолсанг ҳам, илмдан юз ўгирма. Сен шогирдларингга юзлан. Уларнинг илм олишга қизиқишларини қучайтириш учун бирини ота, бошқасини ўғил қилиб ол. Оми ва бозорчи одамлардан бирортаси сен билан муноқаша қилмоқчи бўлса, сен у билан муноқаша қилма. Чунки бу сенинг обрўйингни тўкади. Ҳақиқатни айтишда ҳеч кимдан, ҳатто султондан ҳам тортинма. Ибодатни бошқалардан кам қилишда ўзингдан рози бўлма. Оми халқ сени ўзларидан кўра ибодатга камроқ юзланганингни кўрсалар, сени ибодатга аҳамият бермас, деган фикрга борадилар. Шунингдек, ўзларига нодонликлари “фойда” берганидек, сенга  илминг фойда берган экан, деб эътиқод қилиб қоладилар.

Агар сен олимлари бор шаҳарда қўним топсанг, дарров у шаҳарни ўзингники қилиб олма. Ўзингни ўшалардан биридек тут, токи уларнинг обрўларини тортиб олиш мақсадинг йўқлигини билсинлар. Акс ҳолда, улар биргалашиб сенга қарши чиқадилар ва мазҳабинг шаьнига тана тошларини ота бошлайдилар. Шундай ҳол рўй берса, оми халқ ҳам сенга қарши чиқадилар, сенга хўмрайиб қарай бошлайдилар ва уларнинг назарида давоси йўқ вабо касаллигига йўлиққан одамга ўхшаб қоласан.

Агар сендан бирор масалани сўрасалар, унда улар билан қизғин баҳсу мунозара қилиб ўтирма. Уларга фақат далилу  ҳужжатларга асосланиб сўзла. Уларнинг устозларига таъна қилма. Акс ҳолда, улар ҳам сенга шу қабилда жавоб берадилар. Одамлардан эҳтиёт бўл. Очиқ-ойдин ҳолатингда бўлганингдек, махфий ҳолатингда ҳам Аллоҳ йўлида бўл.

Мунозара мажлисида қўрқиб гапирма. Чунки бу изоҳлашга халал беради ва тилинг тутилиб қолишига сабабчи бўлади.

Кўп хохолаб кулаверма. Зеро бу қалбни ўлдиради. Доимо оҳиста юр. Юмушларда шошма-шошарлик қила кўрма. Ортингдан чақирганга жавоб берма. Чунки молларнигина орқасидан чақирадилар. Сўзлаган вақтингда қичқириб гапирма ва овозингни баланд қилма ҳамда ўзингни босиқ тут, кам ҳаракат қил. Шундай қилсанг, сени собитқадамлигинг ҳаммага аён бўлади.

Одамлар орасида Аллоҳнинг зикрини кўп қил, токи улар сендан ўргансинлар. Қуръони карим ўқиш учун ўзинга вақт белгила. Ҳар намоздан сўнг Аллоҳни зикр қилишни, сенга берган сабру бардош учун Унга шукроналар изҳор қилишни одат қил. Ҳар ойда маълум кунларда рўзадор бўлишни ўзингга белгилаб қўй, токи бошқалар сенга тақлид қилсинлар. Ўзингни назорат қил. Илминг дунё ва охиратингга фойда бўлиши учун ўзгаларга ғамхўрлик қил. Сен ўзинг олди-сотди қилиб юрма, рўзғор юмушларини қилиб туриш учун бирорта ишончли одамни тайинлаб қўй. Дон-дунларни харид қилганингда тортишиб ўтирма, тангаларни шахсан ўзинг тортиб кўриб кўрма, балки, бу ишларни бошқасига юклаб қўй.

Молу давлатингга ва мансабингга кўнгил қўяверма. Чунки Аллоҳ улар ҳақида сўроққа тутади.

Одамларнинг хатоларига эргашма. Уларнинг тўғри ишларига эргаш. Агарда бирорта одамнинг ёмон ишини билсанг, унга уни эслатма, балки, ундан яхшилик иста ва унга яхшиликни эслат. Уни фақат диний томонидангина гапир. Агарда диний йўлда хатога йўл қўяётган бўлса, уни одамларга айт, токи улар эргашмасунлар ва ундан эҳтиёт бўлсинлар. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ёмоннинг ёмонлигини гапиринглар, токи одамлар ундан огоҳ бўлсиндан. Агар бадавлат ва марсабдор одам динга зарар етказадиган иш қилса, уни ошкор айтинглар, уни обрўсига қараманглар. Зеро, Аллоҳ сенга мадакор. Сенга ва динингга нусрат берувчи Зотдир”, дедилар. Агарда бир марта Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг айтганларини қилсанг, одамлар сендан ҳайиқадилар ва ҳеч ким динда бидъату хурофотни зоҳир қилишга журъат қила олмайди.

Ўлимни унутма. Устозинг ва бошқа сенга илм ўргатганларга Аллоҳдан мағфират тила. Қуръон ўқишда давомли бўл, мозорлар, муборак жойлар ва машойихларни зиёрат қил. Муаззин азон айтиши билан масжидга шошил, токи бошқалар сендан олдин бормасинлар. Қўшнингда кўрганингни сир сақла. Чунки у сен учун бировнинг омонатидир. Одамларнинг сирларини фош қилма. Маслаҳат сўраганга билганингча маслаҳат бер. Бундай ишлар сени Аллоҳга яқин қилади.

Ҳеч қачон бахил бўлма. Бахиллик одамларнинг ғазабини  қўзғайди. Таъмагир ҳам, ёлғончи ҳам бўлма. Жиддий нарсани ҳазилга йўядиган, ҳақни ноҳақ билан қориштириб юборадиган ҳам бўлма. Барча ишларда шаънингни сақла. Кийимларнинг доим оппоғини кий, ўзингнинг кўнглинг тўқ эканлигини, молу дунёга ҳирс қўймаслигингни кўрсат. Гарчи камбағал бўлсанг ҳам, камбағаллигингни билдирма. Ҳимматли бўл, ҳимматсиз одам беобрў бўлади. Кўча-кўйда кетаётганингда ҳадеб ўнгу сўлингга боқаверма, балки, ерга қараб юр.

Аҳли илмлар олдида ҳеч нарсага арзимас бу дунёю дунни ҳақир тут. Зеро, Аллоҳ ҳузуридагилар бу дунё нарсаларидан яхшидир. Илмга юз тутмоқлигинг учун баъзи юмушларингни бошқаларга топшириб қўй. Бу ҳожатингни раво қилиш учун ишончлироқ йўлдир. Ақли норасолар билан гаплашишдан ўзингни сақла. Шунингдек, баҳсу мунозара қилиш одобини билмайдиган ва далилу ҳужжатларни эътироф қилмайдиган ва фақатгина сохта обрў орттиришни мақсад қилиб олган, одамлар олдида турли-туман масалалар сўраб, сени ҳижолат қилишни истаган, сенинг ҳақ эканлигингни била туриб, инобатга олмайдиган баъзи бир аҳли илмлар билан гаплашиб ўтиришдан ўзингни тий.

Одамлар орасида обрў эътиборга эга бўлганлар ҳузурига кирганингда, ўзлари ўтказишмаса улардан олдинга ўтма, токи улардан сенга озор етмасин. Бегона одамлар орасига кирсанг, сени ҳурмат юзасидан намозга ўтказмасалар, сен ўзингча уларга имомлик қилма.

Эрта тонгда ва қиём вақтида ҳаммомга кирма. Илмий мажлисда зинҳор ғазабланма. Одамларга қисса ва ҳикоялардан сўзлама. Чунки уларнинг муаллифлари одатда ёлғонсиз ижод қила олмайдилар. Бирорта илмий мажлисга боришни қасд қилсанг, фиқҳга бағишланган мажлисга бор. Одамлар сенинг ҳозир бўлишингдан ғурурланиб кетмасликлари ё сени хўжа кўрсингагина илмий сифатга эга экан ёки сохта олим экан, деб гумон қилмасликлари учун илмий мажлисда билганларингдан гапириб бер. Мажлисда сўз фатвога оид бўлганидагина у ҳақда сўзла. Акс ҳолда, жим ўтир.

Ҳузурингда бошқа одамнинг дарс олиши учун ўтирма. Балки унинг сўзлаш кайфияти ва илм даражасини сенга айтиши учун ёронларингдан бирини унинг олдида қолдир.

Зикр мажлисларини паст санама. Сенинг шарафинг сабабли, мақташинг учун йиғин қилганникига маҳалла аҳлингни, ўзинг суянадиган одамларни ва шогирдларингдан бирини юбор. Никоҳ маросимларини ўтказишни, жаноза намозини ва икки ийд намозларини адо этиб беришни маҳалла имомига топшириб қўй ва мени дуои хайрингдан дариғ тутма.

 Ушбу ўгитларимни мендан қабул эт. Мен фақат сенинг ва мусулмонларнинг манфаати учун насиҳат қилмоқдаман. Ушбу панду насиҳатларимни қулоғингга қуйиб ол. Улар бу дунёю,  у дунёда, инша Аллоҳ, сенга фойда беражак.

С.Примов

Read 8469 times
Top