Фиқҳ

Истихора дуоси

Жобир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга барча ишларда истихорани худди Қуръондан бирор сура ўргатганлари каби ўргатардилар. У зот (алайҳиссалом) айтардилар: “Бирортангиз бир ишни қилмоқчи бўлса, икки ракат фарздан бошқа (нафл) намоз ўқисин. Сўнг бундай десин: “Ё Аллоҳ! Мен Сенинг илминг билан Сендан истихора этаман – яхшиликни сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик истайман. Буюк фазлингдан (ато этишингни) сўрайман. Сен куч-қудрат эгасисан, мен ундай эмасман. Сен (ҳамма нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбларнинг ҳам жуда яхши билимдонисан. Ё Аллоҳ! Агар мана шу ишни (ҳожатини айтади) мен учун динимда, ҳаётимда ва ишимнинг оқибатида яхши деб билсанг, уни менга тақдир қил ва осон қил. Сўнг уни менга баракотли этгин. Агар бу ишни мен учун динимда, ҳаётимда ва ишимнинг оқибатида ёмон деб билсанг, уни мендан, мени ундан узоқлаштир. Қаерда бўлса ҳам, менга яхшиликни насиб эт ва мени бу яхшилик билан хушнуд қил” (Имом Бухорий).

 

 Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ишга қадам қўйиб, унинг оқибати яхши ёки ёмон, фойда ёки зарар эканлигини билмай, иккиланиб қолган кишини ушбу муборак дуони қилишга буюрдилар. Ислом мусулмонларни жоҳилият давридаги уйланиш, сафар, олди-сотди ва шу каби ишларга киришган одам амал қиладиган қуш учириб ёки камон ўқлари билан фол очиш каби хурофий ишлардан қайтариб, ўрнига ушбу муборак дуони жорий этди. Аллоҳ таоло бу билан бандаларини яхши ишларга ва икки дунё саодатига олиб боргувчи йўлни кўрсатди.

 

 Ушбу дуода Аллоҳ таолонинг борлиги, беқиёс илм, чексиз қудрат, ирода каби комил сифатлар соҳиби экани ҳамда банда барча ишларни Унга топшириб, Ундан ёрдам сўраб, Унинг Ўзига таваккал қилиши ва ўзининг заифлигини тан олиб, куч-қудратни фақатгина У Зот ато этишига қатъий ишониши кераклиги баён қилинган.

 

 “Истихора” Аллоҳга таваккал қилиб, Унга ўзни топширишдир. Бу даражага етмаган одам имон лаззатини билмайди.

 

 Парвардигорининг ҳамма нарсани қамраб олувчи илми билан Ундан яхшилик талаб қилган ва Унинг фазлидан умидвор бўлиб сўраган киши асло пушаймон бўлмайди.

 

 Жобирнинг (розияллоҳу анҳу) “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга барча ишларда истихорани худди Қуръондан бирор сура ўргатганлари каби ўргатардилар”, деган сўзларидан у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу дуога қаттиқ аҳамият берганлари, унга риоя этишга катта эътибор қаратганлари тушунилади.

 

 “Бирортангиз бир ишни қилмоқчи бўлса”, деган сўзлари эса, сафарга чиқиш, уйланиш каби ишларнинг оқибати қандай бўлишини билмаса, деганидир. Аммо фарз амалларни бажаришда, ҳаром амалларни тарк этишда истихора қилинмайди.

 

 “Фарздан бошқа икки ракат намоз ўқисин”. Яъни, икки ракат нафл намози ўқисин. Зеро, намоз яхшилик эшикларини очгувчи калит, инсон талабининг қабул этилиши ва мақсади рўёбга чиқарилишининг асосий омилидир.

 

 Истихора намозида қироат килиш учун Қуръондан муайян бир оят ёки сура тайин этилган эмас. Шунинг учун истихора қилувчи киши ўзи ёд олган сураларни ўқиши мумкин.

 

 “Сўнг бундай десин”, деган сўзлардан дуони намоздан кейин, яъни салом бергандан кейин ўқилиши кераклиги тушунилади. Қўл кўтариб дуо қилиш ижобат сабабларидан бўлгани учун, икки қўлини кўтарган ҳолда дуо қилиш янада яхшироқдир.

  

Истихора дуосини ёд билмаган киши уни китобдан қараб ўқиши ҳам мумкин. Аммо дуо қилаётган чоғида диққатини жамлаб, дуонинг маъносини англаган ҳолда Аллоҳ таолога ёлвориши, сидқидилдан сўраши керак. Дуони ёд билмаган, китоби ҳам бўлмаган киши, истихора қилиши зарур бўлиб қолса, икки ракат намоз ўқиб, яхшилик талаби маъносидаги дуолардан билганича қилса ҳам жоиз бўлаверади.

 

 “Ё Аллоҳ! Мен Сенинг илминг билан Сендан истихора этаман – яхшиликни сўрайман”. Яъни, Ё Аллоҳ, Сендан ҳамма нарсани – бўлган, бўлаётган ва ҳали бўлмаган, агар бўлса қандай шаклда бўлишини қамраб олган илминг билан менинг ишларимдан энг хайрли, энг тўғрисини ихтиёр этишингни сўрайман.

 

 “Буюк фазлингдан (ато этишингни) сўрайман”. Яъни: Ё Аллоҳ, Сен мени Ўз фазлинг билан ёрлақаб, неъматларинг билан икром этишингни сўрайман. Ўзинг инъом этувчи, фазлу карам соҳиби, Ягона, Маъбуди барҳақсан!

 

 “Сен куч-қудрат эгасисан, мен ундай эмасман. Сен (ҳамма нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбларнинг билимдонисан” деган сўзларида Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсага қодир эканига, еру осмондаги бирор нарса Унинг илмидан четда қолмаслигига имон келтириш ва банданинг заифлиги, Аллоҳга муҳтож эканини эътироф этиш мавжуддир.

 

 “Ё Аллоҳ! Агар мана шу иш...” деган сўзларидаги “иш”дан мақсад киши киришмоқчи бўлган ишидир. Шунинг учун у қилмоқчи бўлган ишини – уйланишми, олди-сотдими, сафарми – нима бўлса ҳам ўз номи билан зикр қилади.

 

 “Агар ... деб билсанг...” сўзлари банда ўз ишларининг оқибатини билмаслигига, Аллоҳ таолонинг илми эса, ҳамма нарсани қамраб олувчи эканига далолат қилади.

 

 “... мен учун динимда, ҳаётимда ва ишимнинг оқибатида яхши деб билсанг...” Энг биринчи динни зикр қилдилар. Зеро, дин соғлом бўлса, ҳамиша яхшилик мавжуддир, агар динга халал етгудек бўлса, бундай ишда яхшилик йўқ.

 

 “Уни менга тақдир қил ва осон қил”. Яъни, шу ишни менга тақдир айлаб, муяссар қил.

 

 “Сўнг уни менга баракотли этгин” деган сўзларида “Бу ишни мен учун бардавом айлаб, зиёда қилгин”, деган маъно бор. Чунки баракот неъматнинг давомли бўлиши ва униб-ўсишидадир.

 

 “Агар бу ишни мен учун динимда, ҳаётимда ва ишимнинг оқибатида ёмон деб билсанг...” деган сўзлардан дуонинг охиригача бўлган жумлаларда, бундай ҳолда ўша ишдан унинг кўнглини четга буриб қўйиш, ўзи билан бу ишнинг ўртасини узоқлаштиришини ва бу иш амалга ошиши ёки амалга ошмаслигида нима қисмат этилган бўлса, ана ўша нарсага рози бўлишни насиб этишини Аллоҳдан сўраш кераклиги тушунилади.

 

 Шу ўринда бир мулоҳаза – истихора ҳақида суннатда келмаган бир тушунча бор: «Ухлашдан олдин икки ракат намоз ўқиб, истихора дуосини ўқигандан сўнг ухласин. Қилмоқчи бўлган ишининг хайрлими ёки йўқлиги тушида аён бўлади, шу тушига қараб амал қилади». Бу нотўғри тушунчадир. Чунки истихора ҳақидаги ҳадисда туш тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ. Асли йўқ нарсага амал қилинмайди.

  

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Муҳаммадзафар АҲМАДЖОНОВ тайёрла

 
Read 90038 times
Tagged under
Top