Фиқҳ

Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса...

Мадинаи мунаввара Набий алайҳиссаломнинг ҳижратгоҳлари бўлди, бу пок шаҳарда Қуръони Каримнинг фиқҳий аҳкомларига оид оятлари нозил  бўлди. Айни шу  шаҳарда  Ислом динининг тарихига оид кўплаб ҳодисалар бўлиб ўтган. Расулуллоҳ (соллааллоҳу алайҳи васаллам) муборак  ҳадисларининг  кўпини шу ерда  айтганлар. Мадинаи  Мунаввара Ислом  давлатининг  пойтахти, бош  шаҳри, илмий ва фиқҳий маркази  ҳисобланиб, саҳобаларнинг катталари, халифаларнинг  рошидлари яшаган жойдир.

Шунинг учун Мадинаи Мунавваранинг фиқҳ мадрасаси  бошқа  мадрасаларга қараганда кучли ва машҳур бўлиши турган гап. Албатта, катта саҳобаларнинг  бу маънодаги  ҳиссалари беназир. Аммо  Мадинаи Мунавварада  илмга мутахассис  бўлган ва фиқҳий мадрасага  асос  солган  саҳобаларнинг  номларини  тарихчиларимиз   алоҳида  тилга  оладилар. Уларнинг ичида  Зайд ибн Собит ва Абдуллоҳ ибн Умар  розияллоҳу анҳумо  ўзларига хос  манзилага эгалар.

Зайд ибн Собит ибн Заҳҳоқ  Ансорий ал-Хазражий розияллоҳу анҳунинг (кунялари  Абу Саъийд) иккита катта  фазилатлари машҳурдир. Биринчиси, халифанинг  йўқлигида унинг  вазифасини вақтинча бажариб туришлари. Иккинчиси, Ислом  давлати  пойтахтида  тенги йўқ олим  бўлганлари.

Ибн Саъд Амр  ибн Дийнордан  ривоят қилинади: “Ибн Умар  катта  фақиҳлардан  ҳисобланар эди”. Ибн Абдул  Барр  ўз  китобида ёзишича, Абдуллоҳ  ибн Умар  розияллоҳу анҳу шундай деган:

“Илм  уч нарсадир:  нотиқ китоб, ўтувчи суннат  ва “билмайман”. Яъни: Абдуллоҳ ибн  Умар  розияллоҳу анҳуда  илмнинг ушбу   уч тури  ҳам  етарлича  бор  эди. У  киши Аллоҳ  таолонинг  китобини ва  Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг суннатларини  жуда  яхши  билар  эдилар. Шу билан  бирга, билмаган нарсаларини ҳам  дарҳол  тан олар  ва  ўз жойида  “билмайман” дейиш  билан  фаҳрланар эдилар. Шу ўринда  шаръий далилларга  ҳам  тўхталиб ўтсак:

Шаръий  далиллардан  мурод Қуръони Карим, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари тушунилади. Фарий ҳукмлардан мурод эса  шаҳобча,  кичик  аҳамиятли нарсалардир.

Шариат ибодат ва муомилатларни  ўз ичига олувчи  ҳукмлардир. Лекин оят ва ҳадисларда   зикри келмаган масалалар ҳам бор. Бу турдаги масалаларни ҳал қилишда эса фақиҳларга ижтиҳод  эшиклари кенг очилган. Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишнинг   энг улуғи бу  дин ҳукмларига инсонларни қизиқтиришдир.  Айниқса фиқҳий жабҳаларда, жумладан, ибодат, амал  ва муомилат  масалаларида  аниқ бир ҳужжатга эга бўлсинлар. Ислом  фиқҳи  замонлар  оша мусулмонларнинг  талабларига жавоб бериб келмоқда  ва ўзининг  барча замонлар  ҳамда маконларга  мос эканини исбот қилмоқда.

Бутун дунёга машҳур адиб ва файласуф  Бернард Шоу “Мен доим ислом динини ғоятда эҳтиром қиламан. Менимча, фақат ушбу дингина ҳаракатлантирувчи  кучга эгадир. Ва барча замонларда башариятнинг  фойдасига хизмат қила олади”, деган. Инглиз тарихчиси  Вилз ўзининг “Инсоният тарихи  ифодалари” китобида  қуйидагиларни  айтади: “Европа ўзининг идорий ва тижорий  қонунлари бўйича  исломдан қарздордир”. Француз тарихчиси Сидю: “Напалеоннинг  қонуни  Имом Молик  мазҳабидаги “Шарҳи  Дирдир ъала матни  ҳалил” номли фиқҳ китобларидан  кўчирмадир”,  деб  ёзади. Фиқҳ  фани ғарбда  Исламик Лав, муслим Лав (инглиз тилида), ле Дроит  мусулман (француз тилида), Исламисче Гесетз (немис тилида ) каби  номлар  билан  юритилади.

Фиқҳ сўзи  атама сифатида  Қуръон ва ҳадисларда  қўлланилади. Фиқҳ ислом дини вужудга келиб ҳалифалик  қарор топиши  биланоқ дарҳол таркиб топган эмас. Фиқҳнинг қарор топиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари ва саҳобаларнинг  айтган гапларини  ёзиб олиш билан бирга давом этган. Зайд ибн Ҳасаннинг “Мажмул фиқҳ”, Молик  ибн Анаснинг “Ал-Муватто”, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Ал-Муснад” китоблари фиқҳга оид  дастлабки асарлар ҳисобланади. Улар муайян танлаб олинган  ҳадислардан иборат  эди. Фиқҳ  илми  Х асрга келиб мустақил фан сифатида  шаклланган. Фиқҳ билан  шуғулланувчи, уни ўрганувчи киши “фақиҳ” деб аталган. Бунда фақатгина шариат ҳукмларини содда ва юзаки билиб олиб, уни ёд олиш етарли эмас. Балки уларнинг барча сабаб ва ҳикматларини билмоқ ва шариат асосчисининг мақсадларини англамоқ зарур ҳисобланади. Шунинг учун шариат ҳукмларини содда услубда билган киши олим  дейилса ҳам, фақиҳ дейилмайди. Фақиҳ олимларнинг таъкидлашича, илм  ва фиқҳ орасида  умум  ва хусуси  мутлақ бор, яъни илм умумий маънода, фиқҳ эса  хос маънода  ишлатилади. Шу  сабабли   ҳам  фақиҳ  олим бўлади, аммо  ҳар  бир олим  фақиҳ эмас  дейилган.

 

Маърифат ЭСОНОВА

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта-махсус ислом
билим юрти
талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 7928 times
Top