muslim.uz
Агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар
Олимлар “Пашшанинг тузилиши ўта мураккаб бўлиб, у учиш пайтида ва бутун ҳаёти давомида мураккаб технологияларни ишга солади” деган хулосага келишди.
Шунинг учун улар бугунги кунда Ғарб оламида техника, технология ақл бовар қилмас даражада ривожланганига қарамасдан, пашшанинг учишига ўхшаб учадиган қурилма ясай олмасликликларини эътироф этдилар.
Пашшани ўрганиш борасидаги тадқиқотларнинг адади бир неча мингдан ошиб кетган. Лекин шундай бўлса-да, инсоният пашшага ўхшаган қурилма ижод қилишдан ожизлигича қолмоқда.
Соҳа олимлари “Биз бу ажойиб жонзот ҳақида ҳали кўп нарса билмаймиз” дейишяпти. Улар бу заиф махлуқнинг сирларидан воқиф бўлиш мақсадида кўплаб конференциялар ва семинарлар ўтказяптилар. Тадбир якунида эса “Ҳеч бир инсон нафақат пашшага, балки, бирорта ҳашаротга ўхшаган қурилма ясай олмайди!” дея эътироф қилмоқдалар.
Мана шу ўринда Аллоҳ таолонинг мана бу гапини келтирсак:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ ضُرِبَ مَثَلٌ فَاسْتَمِعُوا لَهُ إِنَّ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّهِ لَن يَخْلُقُوا ذُبَاباً وَلَوِ اجْتَمَعُوا لَهُ وَإِن يَسْلُبْهُمُ الذُّبَابُ شَيْئاً لَّا يَسْتَنقِذُوهُ مِنْهُ ضَعُفَ الطَّالِبُ وَالْمَطْلُوبُ
“Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг! Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар. Ва агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди. (Бошқа катта жонзотларни қўйсинлар-у, энг кичик, энг ҳақир, энг аҳамиятсиз кўринган пашшани яратишга уриниб кўрсинлар. Ярата олмаслар. Хўш, энди бир дона пашшани ярата олмаган бутга қандай қилиб топиниш, сиғиниш, айтганини (агар айтолса,) қилиш мумкин? Асло мумкин эмас. Умуман ақлга, мантиққа тўғри келмайди. Пашша жуда заиф, ҳақир жон. Аммо, у сабаб бўлиб баъзи бир касалликларни ташиб келтирса, ҳаммаси тўпланиб, ҳаракат қилса ҳам, ўша касалликдан зарар кўраётганни ёки ўлаётганни қутқариб қололмайдилар. Буни ҳамма ҳаётда кўрган. «Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди». Яъни, Аллоҳдан ўзганинг ибодатини талаб қилувчи ҳам, ибодати талаб қилинган нарсалар ҳам ожиздирлар. Бирон нарса қўлларидан келмас.) (Ҳаж сураси, 73-оят).
مَا قَدَرُوا اللَّهَ حَقَّ قَدْرِهِ إِنَّ اللَّهَ لَقَوِيٌّ عَزِيزٌ
“Улар Аллоҳнинг қадрини жойига қўймадилар. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир. (Яъни, улар ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига эътиқод қилишлари, фақат Унгагина ибодат қилишлари лозим эди. Аммо улар Аллоҳнинг қадрини билмадилар, унга ширк келтирдилар, Ундан ўзгаларга топиндилар.)” (Ҳаж сураси, 74-оят).
Бизчи?! Биз мўмин бўла туриб, Аллоҳнинг қадрини жойига қўя оляпмизми?!
www.kaheel7.com сайтидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Рўза – тан закоти
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Ҳар нарсанинг бир закоти бор. баданнинг закоти рўзадир” (Имом ибн Можа ривояти).
Сайёрамизда ўн бир ойнинг султони, муборак рамазон ойи кезмоқда. Исломнинг беш шартидан бири бўлган рўза ибодати ҳаётимизни ўзгартирди. Раббимизнинг ризолигини истаб нафсимизга ҳам хуш келувчи нарсаларга бир ой давомида кундузлари яқинлашмаймиз.
Рўзани ният қилар эканмиз, унинг маънавий ҳаётимиздаги маъно ва аҳамияти ҳақида тафаккур этамизми, нима дейсиз?
Ажабо, Пайғамбар алайҳиссалом “Рўза баданнинг ибодати” деганларида нимани назарда тутган эканлар?
Албатта, бу иборанинг илк ақлга келган маъноси аниқ. Эҳтиёжидан ортиқча моли бўлган кишининг ўша молидан бир қисмини закот сифатида бермоғи унинг бандалик бурчи бўлса, соғлом бир танали бўлган одамнинг ҳам рўза тутмоғи айни шундай масъулиятлидир. Яъни рўза тутмоқ бажарилиши шарт бўлган бурчдир.
Ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда закоти берилмаган молнинг бир балога учраши айтилган. Модомики, соғлом тананинг закоти рўза бўлса-ю, бу бурчни бажармаган тана ҳам бир азобга гирифтор бўлиши тайиндир.
Шунинг билан бирга, ҳадиси шарифнинг бошидаги “Ҳар нарсанинг бир закоти бор...” иборасининг ўзиданоқ ҳар бир неъмат ва имкондан уни берган Аллоҳ таолога шукр маъносида бир закот беришимиз керак бўлишини тушунамиз.
Демак, соғлом тананинг шукрини рўза тутиб адо этишга ҳаракат қилганимиз каби ёшлик, бўш вақт, зако, қобилиятга ўхшаган неча имконларни ҳам Аллоҳ таолонинг неъмати билиб, уларга ҳам шукр этмоғимиз ва улардан закот бермоғимиз даркор бўлар экан.
Ҳар неъматнинг шукри ва закоти ўзининг жинсидан бўлмоғи эътиборига кўра, улардан ҳам Аллоҳнинг йўлида сарф этмоқ учун закотларини беришимиз лозим. Рамазон ойи бир ҳақиқат устида тафаккур этмоғимизни талаб этади. Рўза туфайли нафснинг хизматидан қутулганимиз бу баракотли ойда ақлимизни илм ва маърифат-ла, кўнглимизни илоҳий маърифат-ла, вақтимизни солиҳ амаллар-ла кечириб, ҳаммасининг закотини беришга ҳаракат қиламиз.
Омонатнинг асл соҳибини унутмайлик!
Закот бериш бир ерда инсоннинг нафсига юзланиб “Соҳиб бўлганинг бу мол аслида сеники эмас, фақат сенга бир имтиҳон учун муайян вақт сенга берилган бир омонатдир. Шундай экан, бу омонатнинг асл соҳибини унутма. ҳечқурса, бир қисмини У амр этган ерга бер”, демоғи учун василадир.
Айни шаклда рўза тутмоқ ҳам инсоннинг нафсига юзланиб: “Соҳиб бўлганинг бу бадан сенга омонат қилиб берилгандир. Ундан фақат ҳақиқий Соҳибининг амрига уйғун шаклда фойдаланиш ҳаққинг бор. Шундай экан, Раббингнинг амри ила шу бир ой давомида уни ҳалол неъматлардан узоқ тутганинг каби умринг бўйи ҳаром ва шубҳали таомларнинг ёки амалларнинг лаззатидан узоқ тутажаксан”, дейишга васила бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шунга ишорат этиб, “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келадиган нохуш ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушку анбарнинг ҳидидан ҳам севимлироқдир. Рўзадор одамга икки марта севиниш насиб этади: биринчиси, ифтор қилганида; иккинчиси, рўзадорлик савоби билан Раббисининг қаршисида ҳозир бўлганида”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Мўмин учун бу дунё ҳаёти рўза тутишга ўхшаган амаллар билан чегаралаган. Ғофил инсонлар дунё ҳаётининг завқларини асл ғоя ҳолига келтириб олганлар, ҳалол-ҳаром демасдан тўғри келган ишни қилиб кетаверадилар. Аммо мўминлар ўзларини нафслари ёқтирган баъзи нарсалардан узоқ тутадилар. Буни ҳам фақат Раббининг ризоси учун қилади. Албатта, бундай қилиш билан айни замонда нафсини қийнайди. Шундан ҳам закот тушунчасининг яна бир маъноси намоён бўлади.
Раббимизнинг амрларини бажариш ва тақиқларидан қайтишнинг икки дунёда мукофоти бор. Аллоҳнинг амрларига итоат этган киши ҳам охиротда буюк мукофотга эришади ҳамда ундан олдин бу дунёда нафсини жиловлагани учун турли разилликлардан ва ҳаётини қадрсиз нарсаларга сарфлаб қўйиб кейин пушаймон бўлишдан қутулиб қолади.
Рўза бу маънода ҳам закотга ўхшайди. Чунки рўза тутган банда нафсини сабрга ўргатиб, уни сабрсизликдан ва унинг ортидан келадиган бало-қазолардан халос қилади.
Сабр – нафс хуш кўрадиган нарсалардан узоқ туриш ва қийин вазиятларда матонатли бўлмоқдир. Одатда нафсга ёқадиган нарсалар ҳар доим ер юзида лаззатланишлардан бўлгани учун тақвонинг ва гўзал ахлоқ соҳиби бўлишнинг йўли нафснинг орзуларига қарши сабрли бўлмоқдан бўлади. Шунингдек, маънавиятимизни инкишоф эттирган ибодатлар ва Аллоҳнинг динига хизмат каби солиҳ амаллар ҳам нафсга ёқмагани боис нафсни сабр билан тарбия қилинади. Нафсга сабрни ўргатиш, завқ ва орзуларга очиладиган “иштаҳа”дан покланмоқ жуда муҳим бир закотдир.
Нафсни итоатга ўргатиш ойи
Тасаввуф истилоҳида нафс деганимиз баданимизнинг орзу-ҳавасларининг маркази бўлган худбинлик моясидир. Ана шу моянинг қуввати еган-ичганимиздан келади. Инсоннинг қорни тўқ бўлса, яна бошқа орзу-ҳавасларга навбат келади. Емоқ-ичмоқни бир оз чеклаганимиз заҳоти нафс очлик дардига тушади, ҳар куни еб-ичишнинг нақадар буюк неъмат эканини англаб етади. Ана ўшанда узмирлиги камаяди ва уни итоат остига олиш осонлашади.
Агар танамиздан келган ҳавас ва иштаҳа сигналларини қувватли бир ирода остига олиб уларга ҳоким бўлмоқни истасак, бунинг энг самарали йўли рўза тутмоқдир. Чунки рўза очлик ва сувсизлик-ла нафснинг қувватини кесади, адашиб-улоқишдан воз кечтиради. Ундан сўнгра танамизга ҳоким бўлиб унга фойдали ишлар ва маънавий амаллар қилдириш мумкин бўлади. Солиҳ амаллар қилиш эса умрни баракасидир. Ана шу ерда закотнинг яна бир тури кўзга ташланади.
Закот айни замонда юксалиш, баракатланиш маъноларини ҳам англатади. Молдан берилган закот кўринишда молни камайтирган ўхшайди, Аммо Раббимиз ўша молни кўпайтириб қўйишининг хабарини берган: “Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) йўқ қилади ва садақа (берувчиларга бойлик)ларни зиёда қилади” (Бақара, 276).
Одам боласи мол тўплашга ҳирсли бўлгани боис закот берса, молим камайиб кетади деб ўйлайди. Ҳолбуки, унга ўша молни берган Раббимиз истаса бир фалокат юбориб ҳаммасин қўлидан олади. Ёхуд киши молини қўриқлаб умрини қоровуллик билан ўтказади ва меросхўрларига ташлаб кетади. Асл юртига борганида қараса қўлида берган закоти ва садақаларидан бошқа ҳеч нарса кўрмайди.
Закотни берган мўмин эса боқадики, берганларининг ўрнини Раббиси янгилари билан зиёд қилиб тўлдириб қўйибди. Буни кўриб у янада кўпроқ закот беришни орзу қилади. Ва ниҳоят дунёда ҳам бирор зарар кўрмайди, охиротда эса буюк мукофотга эришади. Чунки Раббимиз амр этиб: “...Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ, 39) , деган.
Рўзанинг закотга шу жиҳатдан ҳам ўхшаш тарафи бор. Рўза тутишни ният қилишдан олдин шайтон инсонни: “Рўза тутиш қийин иш, чидай олмайсан. Рўзага ният қилиш сенинг эркинлигингни чеклаб қўяди, еб-ича олмайсан, бошқа кўнгихушликларни қила олмайсан... Айниқса, рўзангни очиб қўйсанг, 60 кун узмасдан рўза тутиб беришинг керак бўлиб қолади”, деб ваҳимага солади. Ваҳоланки, инсон Аллоҳга таваккал қилиб рўза тутишни ният қилганидан кейин Аллоҳ таоло унга чидаш учун куч-қувват бериб қўяди ҳамда маънавият ва баракат насиб айлайди.
Рўзадор киши бошқа ибодатлардан ҳам файз олади. Очлиги сабабли қалби юмшагани боис намозни ўқиётган чоқда хушу туяди. Фақирларнинг ҳолини англагани ва нафснинг очкўзлик ҳисси сўнгани учун закотини ҳеч қийналмасдан беради. Қуръони карим тиловатининг лаззатини ҳис қилади. Зикр, тасбеҳ ва дуолар қалбидан келади. Шу тариқа, рўза туфайли умрининг ҳақиқий ғоясини топади ва баракатга эришади. Ана шу тушунчалар рўзанинг маънавий зиёфатга даъват эканини намоён этади.
Рўза тутганга буюк мужда!
Албатта, худди закотда бўлгани каби нафсга зўр келадиган тарафи ҳам бор. Чунки бу ибодатлар тўғридан-тўғри нафсга дахл қилиб унга зўр келувчи вазифани юкламоқда. Савоби ҳам шунга яраша бўлади.
Ҳаммамиз биламизки, рўза ибодатининг савоби ҳақида Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп муждалар берганлар:
“Аллоҳ таоло: Рўзадор одам Мен учун ейишни, ичишни, жинсий орзусини тарк этади. Рўза фақат Мен учундир. Унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман. Шунингдек, бошқа гўзал амалларнинг ҳаммасининг савоби ўн баробар ортади”, дейди” (Имом Бухорий).
Ушбу ҳадиси шарифни тасаввуф алломаларидан бири Абу Бакр Муҳаммад Қулабузий раҳматуллоҳи алайҳ бундай изоҳлаган: “Аллоҳ таоло рўзани бандасининг душманининг шафқатсизлиги ва ҳисоб-китоб вақтида чалғитишга уринишидан ҳимоя қилиш учун ўзига олган. Мўминнинг амалларини рақиблари ўзлаштириб олиб унинг ҳеч бир амали қолмаганида Аллоҳ таоло девонга унинг Ўзи учун тутган рўзаларини келтиради. Шуни асос қилиб Рубубиятни ҳақ эттиради ва унга мукофотини беради. Чунки у рўзани Аллоҳ учун тутгандир, савоби ҳам Аллоҳнинг қудратига мос бўлиб Унга оиддир”.
Бинобарин, ҳеч биримиз амалларимиз Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлган-бўлмаганини билмаймиз. Балки нафс ва шайтон уларга бир неча хато ва нуқсонлар қўшиб юборган бўлиши мумкин. Масалан, намоз ўқиганда унинг вақтига риоя этмаган бўлишимиз, кўнглимизни хушу ила Аллоҳга қаратмаган бўлишимиз мумкин. Агар Раббимиз афв этмаса, улар билан юизмизга уриши тайин. Закот ва садақага берган пулларимиз ҳам шубҳали бўлгани боис ёки уларни берган чоқдаги риёкорлигмиз сабаб бўлиб рад этилиши мумкин.
Ана шу вақтда Раббимиз рўзамизнинг савобини келтиради. Агар ғийбат, ёмон сўзлар ва бошқа гуноҳлар билан зарар етказилмаган бўлса. рўза ибодатининг савоби боши-ю охири кўринмайдиган бир нур уммони каби келади.
Раббимиз “Унинг мукофоти Менга оиддир”, дедими, албатта у мукофот ҳисобсиз, чегарасиз бир мукофот бўлади.
Рўзани ана шу шуур ила тутайлик ва унинг биз учун буюк бир маънавий неъмат эканини унутмайлик.
Муаллиф: Хадича Кубро ЭРГИН
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
Германияда Рамазон тадбири
Берлин.
Германиядаги “Оберхаузен” театр биноси Рамазон ойи муносабати билан бир қатор диний дастурларни намойиш этишга мезбонлик қилади. Мазкур дастурлар Рамазон тўғрисидаги маърузалар, театрлар ва улардан бошқа диний программаларни ўз ичига олади.
Театрда намойиш этиладиган диний дастурлар адади 23 та дастурдан иборат бўлиб, 16 майдан Рамазон ойи охирига қадар давом этади. Рамазон дастурлари тақдимоти кундуз вақти бошланиб, ифторлик вақтигача бўлиб ўтади. Сўнгра ифтордан кейин ҳам давом эттирилади.
“Оберхаузен” театр биносида бошланган Рамазон тадбирини ушбу минтақадаги масжид имомлари ва католик черкови руҳонийлари очиб бердилар. Тадбирда Рамазон ва рўза фазилатлари, рўза одоблари ҳақида маърузалар қилинди.
Халқаро алоқалар бўлими
Саудиялик ёш олим ихтироси
Буюк Британияда техника фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ёқлаган, Саудия Арабистонидаги техника университетидаги технология фанлари кафедраси мудири, мударрислар ҳайъати аъзоси саудиялик ёш олим Файсал ас-Сарҳийд дунёда ягона бўлган илк кашфиёт – араб тилида сўзлаша оладиган ва саудия лаҳжасини тушуна оладиган роботни яратишга имкон топди.
Ас-Сарҳид матбуотга берган интервьюсида мазкур кашфиётнинг Саудиядаги техника университети томонидан араб тилида сўзлаша оладиган илк роботнинг яратилганини сўзлаб, биз ҳозирда роботнинг танасини ҳаракатланиши учун атрофга мослаша оладиган қилиб янада такомиллаштириш ва ўзича қарорлар чиқариши мақсадида роботнинг бош мия қисмида техник ишлар олиб бормоқдамиз, деб қўшимча қилди.
Мазкур роботдан қандай мақсадларда фойдаланиш хусусида берилган саволга Файсал ас-Сарҳид роботдан университетлардаги қабулхоналар, таълим ва ходимларга хизмат кўрсатиш бўлимларида фойдаланиш кўзда тутилганини маълум қилди. Ўз навбатида роботнинг университетда намойиш этилиши университет талабаларининг бу каби роботларни яратишга қизиқишини янада орттиради, деб таъкидлади.
Саудия Арабистонидаги электроника университетидаги технология фанлари кафедраси мудири Файсал ас-Сарҳийд араб тилида сўзлаша оладиган ҳаракатланувчи роботларнинг Саудия Арабистонида келажакда 500 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ҳисобига барпо этиладиган индустриал шаҳарчасида фойдаланишда муҳим аҳамиятга эгадир, деб маълум қилди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
Рамазон барокотлари
Ислом динида Рамазон ойи улуғ ойлардан ҳисобланади. Унда рўзадор одамнинг уйқуси ҳам ибодат, намозини қоим қилиш ҳам ибодатдир. Унинг ҳар бир амалига кўплаб савоблар зиёда қилинади. Рамазон мусулмон кишининг дуоси қабул бўладиган ойдир. Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг раҳмат ва баракалари ёғиладиган ойдир. Рамазон мўмин ва мусулмонлар учун барака ойидир. Барокотларнинг ададини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳозир эътиборингизга Аллоҳ таоло қодир қилганича улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
- Рамазонда Қуръоннинг баракаси:
Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида “Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган.”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашган кезлари бўлар эди. Тасаввур қилинг Қуръон карим тиловат қилинганда ерга қанчадан қанча фариша тушади. Аллоҳ таолонинг энг сўнги китобини шу ойда нозил бўлиши ҳам бу ойнинг улуғ барокатли ой эканлигини билдиради.
- Рамазонда рўзанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Ҳадис қудсийда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббилари Аллоҳ таолодан ривоят қилганлар) Аллоҳ таоло: “ Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Магарам, рўза ундай эмас. У Мен учундир. Унинг мукофатини Мен берурман. У (одам боласи)шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилур”-деди. Имом Муслим ривоят қилганлар
- Рамазондаги биринчи кечанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади. Дўзаҳ эшиклари ёпилади. Улардан бирон эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Ҳар кеча бир нидо қилувчи:
“ Эй, яхшиликни истовчи, келиб қол! Эй, ёмонликни истовчи, бас қил”- деб нидо қилади” дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.
- Рамазон кечаларида қоим бўлиш ва таҳажжуднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур” деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.
- Рамазон ойида садақанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир” деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда ўз умматларига ўрнак бўлар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг энг авжи Рамазонда бўлар эди. У зот Рамазонда эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар.
- Ифторга шошилишнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Модомики ифторга шошилишар экан, одамлар яхшиликда бўлаверадилар”дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
Аллоҳ азза ва жала: “Бандаларимнинг менга маҳбуброғи оғиз очишни тезлатганлари”, деб айтди” дедилар.
- Ифторлик қилиб беришнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“ Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас” дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.
Бу билан у ўзи рўза тутмаса бўлади дегани эмас. Чунки, рўза фарз ибодат ҳисобланади. Бу ҳадис ифторлик қилиб беришнинг қанчалик савоби улуғ иш эканини билдириш учун айтилган.
- Рамазонда ифторлик пайтида қилинадиган дуонинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ифторлик вақтида:
“Аллоҳ номи билан, Аллоҳим сен учун рўза тутдик. Сенинг ризқинг билан ифторлик қилдик, бизлардан (рўзамизни) қабул қилгин. Албатта Сеннинг ўзинггина эшитувчи, билувчисан” демоқни васият қилдилар.
- Рамазонда ижобат бўладиган дуо баракаси:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Рўзадор учун ифторлик вақтида рад қилинмайдиган дуо бор” дедилар. Бошқа бир ҳадисда “ Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлади. Роббисига йўлиққан вақтда (Рўзаси) билан хурсанд бўлади” дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.
- Рамазонда Лайлатул қарднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Чунки, Қадр кечаси минг ойдан афзалдир. Шунинг учун баъзи саҳоба ва тобеинлар Рамазоннинг охирги ўн кунликда, ғусл қилиб, ўзларига хуш бўйликлар сепиб, юришарди. Қадр кечаси шу ўн кун ичида бўлгани учун.
- Рамазонда саҳарликни баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор”, деганлар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда:
“Бизларнинг рўзамиз билан Аҳли китоблар рўзасини орасини ажратиб турадиган нарса саҳарда таомланмоқ” деганлар.
- Рамазонда фитр садақасини баракаси:
Рўзадор рамазон рўзасини тутиб бўлгандан кейин рўза давомида қилинган хато ва камчиликларни тўлдириш учун берилади. Фитр садақасини Ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Ундан олдин бериш жоиздир.
- Рамазон ойида умранинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Рамазон ойида қилинган умра ҳажга тенгдир” деганлар.
- Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳиднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта, рўзадорнинг оғзидаги ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир” дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.
- Рамазонда чиройли хулқ ва одобли бўлишни баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Агар сизлардан бирингиз рўза тутса фаҳш ҳамда лағв сўзларни гапирмасин. Агар бирор киши сўкса ёки урушса, мен рўзадорман”, десин” дедилар.
- Рамазонда унутиб таом истеъмол қилишнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб еса ёки ичса, рўзасини давом эттираверсин. Чунки, Аллоҳ у кишини таомлантирибди ва сероб қилибди, холос” дедилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар.
- Рамазонда рўзани очиб бўлгандан кейин таомланиш ва серобланишнинг баракаси:
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Бақара сураси 187 оят:
“Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар” деб марҳамат қилган.
- Рамазонни ёши улуғлар ва ҳомиладор аёлларга баракаси:
Аллоҳ таоло катта ёшдаги рўза тута олмайдиган кишиларни фидя беришга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръон карим Бақара сурасининг 184 оятида:
“(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим.” деган.
Ҳомиладор аёл бўлса туғуб бўлгандан сўнг рўзасининг қазосини тутиб беради.
- Рамазонда жаннатнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ таоло рамазонниг хар куни жаннатини зийнатлайди” деганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда эса, Жаннатдаги бир эшик фақат рўзадорлар учун эканлиги келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Жаннатда бир эшик бор. У “Райён” дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. “Рўзадорлар қани?”дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди” дедилар. Имом Бухорий ривояат қилганлар.
- Рамазонда истиғфорнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Рамазонда фаришталар рўзадорлар ифторлик қилгунларича уларга истиғфор айтадилар” дедилар.
- Рамазонда хайрли ишларнинг баракаси:
Имом Суфён Саврий агар рамазон келса, ҳамма нафл ибодатларни тарк қилиб, фақат Қуръон тиловот қилар эдилар.
- Барча тоатларнинг жамланишидаги барака:
Рамазонда барча тоатлар жамланади. Масалан, намоз, рўза, тунлари қоим бўлиш, масжидларда Қуръони каримнинг хатм қилиниши, умра зиёрати, рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, истиғфор айтиш, тавба қилиш, қариндошлардан хабар олиш ва бошқа ибодатлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизга бу баракалардан баҳраманд бўлишни насиб қилсин!
Тошкент вилояти, Қибрай тумани,
“Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби
Мирҳамидов Обид