muslim.uz
Жомеда кўргазма: Расулуллоҳга тегишли ридо ва мўйи муборак
Муборак Рамазон ойи муносабати билан Туркиянинг Истанбул шаҳрида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ридолари ва мўйи мубораклари “Ҳирқаи Шариф” масжидида кўргазмага қўйилди. Минглаб одамлар муборак нарсаларни кўриш учун келишмоқда. Аслида, йил давомида минглаб одамлар Туркиянинг турли жойларидан мазкур ёдгорликларни томоша қилиш учун ташриф буюришади.
Маълумот учун, Расулуллоҳга тегишли ридо XVII аср бошларида Ал-Қароний оиласидан бўлган Султон Аҳмад I га берилган. 1848-1851 йилларда ёдгорликни сақлаш учун Султон Абдулмажид I нинг буйруғига асосан Ҳирқаи Шариф (муқаддас ридо) номли махсус масжид барпо этилган. Ёдгорлик 8 бурчакли идишда, қизил порфирдан ишланган меҳроб ортида сақланади.
Эслатиб ўтамиз, кўргазма арафа куни пешин намозидан сўнг ёпилади.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Неъматлар қадрига етайлик
Тинчлик – энг катта неъмат. Унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш мусулмон кишининг зиммасидаги бурчидир.
Ҳадиси шарифда: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, дейилган.
Ҳар бир инсон яшаши, Аллоҳга хотиржам ибодат қилиши, ишлаши учун тинчлик даркор. Ривоятларга кўра, Харим Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: "Неъмат нима?" У: "Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг ҳаётдан манфаатланганини кўрмадим", деб жавоб берган экан.
Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон каби зимистон. Қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлари, боғ-роғлари бўлмасин, уларнинг ҳеч биридан манфаат ололмайди.
Кўнгил хотиржамлигига эришишнинг энг асосий шарти Яратганга имон келтиришдир.
Тарихда тинчликнинг бузилишига аксар ҳолларда жамиятнинг диёнатдан узоқлашгани, маънавиятга эътиборсизлиги сабаб бўлгани кузатилади. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида, бугун, барчаларимиз жипслашиб, ёш авлодни юксак маънавиятли, дину-диёнатли, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаб боришимиз даркор.
Шу маънода халқимиз динимиз ақидасига сидқи дилдан амал қилиб келаётгани туфайли, Аллоҳ таолонинг неъмати бўлмиш юртимизда ҳукм сураётган хотиржамлик, осойишталигини кўрамиз. Ана шу туфайлигина жиноятларнинг олди олинади, осудалик ҳукм суради.
Тинчликни сақлайдиган омиллардан яна бири – тўғри тафаккур. Зеро, тўғри фикрлаш барчани ҳар хил бузуқ эътиқодлардан, нотўғри йўлларга кириб қолишдан асрайди. Одамлар орасида фаҳш, мункар ишлар, нотўғри ғоялар тарқалишининг олдини олади.
Хотиржамликнинг давомийлигини таъминлайдиган омиллардан яна бири – шукр. Зеро, Қуръони каримда ҳам шукр қилганларга неъматларнинг зиёда бўлиши айтилади. Билакс, ношукурлик тинчсизликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳам оятларда ўз аксини топган.
Инсонларнинг бирлиги, маърифат ҳосил қилиши, ҳаёт фаровонлиги, ризқнинг мўл-кўл бўлиши, жамиятда бирдамликнинг мустаҳкамланиши, қўни-қўшни ва қавм-қариндошнинг ҳолидан хабар олиб туриш, силаи раҳм қилиш, хотиржам ибодатда бўлиш, Ер юзида Аллоҳ таолони рози қиладиган ҳаёт кечира олиш учун ҳам тинчлик лозим.
Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида ҳадиси шарифда ҳам айтиб ўтилган. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривояти).
Эътибор берилса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз кўпинча эътибор бермайдиган, аслида муҳим бўлган уч нарсани эслатяптилар: тинчлик, саломатлик ва моддий таъминот. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бугун тинч ва обод юртимизда барчамиз бу неъматларга эгамиз. Уни сақлаш Ватан ва келажак авлодлар олдидаги бурчимиздир.
Манбалар асосида
Хўжаобод туман
“Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби
Мухаммадқуддус АБДУЛМАННОН
тайёрлади
Чин ўлкасидан келган миннатдорлик мактуби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, фазилатли шайх Усмонхон Алимов ҳазратларига!
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Аввало, Сизга ва диний идора ходимларига шу йил 12 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Диний идора раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билан ташкил этилган мулоқот учун чуқур миннатдорлик изҳор этамиз.
Хитой Ислом Ассоциацияси раиси фазилатли шайх Ҳасан Янг Фамин бошчилигидаги делегация Ўзбекистон тараққиётига ва мамлакатингиздаги мерос бўлиб келаётган беқиёс исломий маданиятга очиқ-ойдин гувоҳ бўлди. Буюк мамлакатингиздаги меҳмондўст халқингизнинг маҳаллий урф-одатлари билан танишдик, Ўзбекистон халқи ва ҳукуматини чуқур ҳурмат-эҳтиромини ҳис этдик.
Тўлиқ ишонч билдирамизки, Раҳбариятингиз томонидан бугунги кунда қилинаётган саъй-ҳаракатлар сабабли тез орада ислоҳотлар давомий ва муваффақиятли шаклда юқори даражага кўтарилади ва Ўзбекистон ҳамда Хитой ўртасида ҳамкорлик ришталари ривожланади.
Фурсатдан фойдаланиб, Хитой ислом ассоциацияси муборак Рамазон ойи билан Сизни ва диний идора ходимларини чин дилдан муборакбод этади. Аллоҳ таоло қилаётган ибодатларимизни Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин ва ҳаммамизга бахт-саодат ато этсин.
Хитой ислом ассоциацияси,
2018 йил 16 май
ЎМИ Матбуот хизмати
Уламоларни ҳурмат қилиш вожиб
Уламолар пайғамбарлар меросхўрларидир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатларнинг ҳалқ орасига кириб келишини олдини оладиган зотлардир. Аллоҳ таолодан чин маънода қўрқиш олимларнинг сифати эканлигини Ҳақ таолонинг Ўзи Каломи шарифида баён қилган.
وَمِنَ النَّاسِ وَالدَّوَابِّ وَالْأَنْعَامِ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ كَذَلِكَ إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ
“Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли Зотдир” (Фотир сураси, 28-оят).
Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ وَمَا يَعْقِلُهَا إِلَّا الْعَالِمُونَ
“Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас” (Анкабут сураси, 43-оят).
Амр ибн Мурра раҳматуллоҳи алайҳи шундай деган: “Агар Аллоҳнинг Китобидан бирор оятни тушунмасам ўшандан ҳижолатга тушаман. Чунки Аллоҳ таоло: “Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас” деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам уламонинг фазли тўғрисида бир неча ҳадислар ворид бўлган.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги, менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳллари ҳатто уясидаги чумоли ва ҳатто балиқ одамларга яхшиликни таълим берадиганга саловат айтади”, дедилар”. Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти.
Олимларга бўладиган эҳтиромни кўринг. Нафақат инсонлар, балки, тилсиз жонзотлар ҳам уларни ҳурмат қилар экан. Олимларнинг даражаси қанчалик баландлигига шу ҳадиснинг ўзи кифоя қилади!
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиб йўлга чиқса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бир йўлга йўллаб қўяди. Дарҳақиқат фаришталар қанотларини илм талаб қилувчи учун рози бўлган ҳолида тўшаб туришади. Олим учун осмонлару ердагилар, сувдаги балиқлар истиғфор айтади. Олимнинг обиддан ортиқлиги ўн тўрт кечалик ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлиги кабидир. Дарҳақиқат уламолар набийларнинг меросхўрларидир. Набийлар дийнор ва дирҳам мерос қолдиришмаган. Улар илм мерос қолдиришган. Ким уни олса, тўлиқ насибани олибди”, дедилар” (Термизий ривояти).
Инсонларни илмга қизиқтириш учун бундан ортиқ гап бўлмаса керак! Демак, ҳақиқий бойлик молу давлат эмас, балки, илмдир.
Олимга душманлик қилган одам Аллоҳга уруш қилганга ўхшайди. Аллоҳ азза ва жалла билан урушган ғолиб бўлармиди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан”. Бухорий ривояти.
Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Аллоҳнинг дўстидан мурод Аллоҳни танийдиган, Унинг тоатида доим бўладиган олимдир” (Фатҳул Борий, 11-жилд, 342-бет).
Энди шу ўринда салафи солиҳларимиз уламоларга, устозларга ҳурмат қилиш борасида қандай йўл тутганларини кўриб чиқсак.
Хатиб Бағдодий Абу Ҳанифа ва Шофеъий роҳимаҳумаллоҳларнинг шундай дейишганини ривоят қилади: “Агар фуқаҳолар Аллоҳнинг дўстлари бўлмаса, демак Аллоҳнинг дўсти йўқдир”.
Фуқаҳо дегани Аллоҳнинг динини теран, чуқур англовчи кишилар дегани. Агар шулар Аллоҳнинг дўсти бўлишмаса, унда ким ҳам Унинг дўсти бўла олар эди?!
Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг Расули улуғлаб турсаю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳурматсизлик қилишдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ким фақиҳга азият етказса, дарҳақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказибди. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказса, дарҳақиқат Аллоҳ азза ва жаллага азият етказибди” (Мажмуъ шарҳул Муҳаззаб, 1-жилд, 42-бет).
Уламоларни ғийбат қилишнинг хатари бошқаларни ғийбат қилиш хатаридан кўра хавфлироқдир. Ғийбатнинг ёқимсизлиги ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Олимларнинг гўштлари заҳарлангандир, ким уни ҳидласа касал бўлади, еган эса ўлади”.
Демак, олимларни ғийбат қилган киши аниқ бир балога йўлиқар экан.
У киши яна айтади: “Ким олимга тил теккизса, унинг ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.
Мўмин банда учун қалбининг ўлишидан ҳам каттароқ мусибат борми?!
Абдуллоҳ ибн Муборак роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Ким олимларни пастга урса, унинг охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, унинг дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, унинг одамгарчилиги барбод бўлади”.
Авзоий роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Аҳли илмларни, хусусан уларнинг улуғларини ортидан гапириш гуноҳи кабиралардандир”.
Кабира гуноҳлар сирасига намоз ўқимаслик, зино қилиш, хамр ичиш кабилар киради. Уламоларнинг ортидан гапириб, уларни ғийбат қилиш ҳам мана шундай оғир гуноҳ экан.
Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Устозим Ҳаммоднинг уйи томонга оёғимни узатмадим... У вафот топгач ҳар намозим ортидан ота-онамга қўшиб унга ҳам истиғфор айтардим”.
Улуғларимизнинг устозларига бўлган ҳурматларини қаранг! Уларга ҳурмат юзасидан ҳатто уйлари тарафга ҳам оёқларини узутишмаган экан.
Уламоларни ҳурмат қилиш иймоннинг саломатлигига далилдир. Уларни камситиш эса нифоқ аломатидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни фақат мунофиқлар ёмон кўришар, у зотни камситишга ҳаракат қилишарди. Олимларимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омонатларини етказувчилардир. Шу маънода уларни ёмон кўриш мунофиқлик аломатлардан дейилади.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Катталаримизни улуғламаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган умматимдан эмасдир”, дедилар” (Имом Мунзирий “Тарғиб”да зикр қилган. Ҳадиснинг санади ҳасандир).
Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда оғир гап айтяптилар. “Умматимдан эмасдир” дегани менинг йўлимда эмасдир дегани. Инсон учун бундан оғир мусибат борми?! Икки олам сарварининг йўлларидан бошқа йўлда бўлиб қолишдан оғирроқ ҳолат борми?! Шунинг учун олимларнинг ҳаққига риоя этиш, уларни икром қилиш керак.
Салафларимиз олимларга гўзал муносабатда бўлишарди
Шаъбий роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу отга миндилар. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо отнинг юганидан ушлаб юра бошладилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу у кишига: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғли, бундай қилманг”, дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Олимларимизга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз”, дедилар. Зайд розияллоҳу анҳу: “Қўлингизни беринг”, дедилар. У киши қўлларини узатган эдилар, уни ўпиб: “Набийимиз соллаллоҳу алайҳ васалламнинг аҳли байтларига шундай муомала қилишга буюрилганмиз”, дедилар” (Ибн Саъд буни “Табоқот”да, Заҳабий “Сияр”да, Ибнул Жавзий “Сифатус Софва”да, Ибн Абдулбарр “Мужоласа” ва “Жавоҳирул илм”да, Ҳофиз “Исоба”да ривоят қилган).
Бу одобнинг намунасини бизларга мерос қилиб қолдираётганлар улуғ саҳобалардир.
Муслим ибн Ҳажжож раҳматуллоҳи алайҳи Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг олдиларига келиб: “Эй устозларнинг устози, муҳаддисларнинг саййиди, ҳадис иллатларининг табиби, келинг оёғингиздан бир ўпай!” дедилар (Сияр Аъломин Нубало).
Бу каби тавозеъ намунаси бизларга мерос қилиб қолдираётганлар икки саҳиҳнинг соҳибларидир.
Исҳоқ Шаҳидий айтади: “Яҳё Қаттонни кўрдим. Асрни ўқиб сўнг масжиднинг минорасига суяниб ўтирди. Унинг олдида Алий ибн Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маъин ва бошқалар тик турган ҳолларида ундан шом намозига қадар ҳадис сўрашди. Яҳё Қаттон уларнинг бирортасига: “Ўтир”, демади, улар ҳам унинг ҳайбатидан ва ҳурматидан ўтириб олишмади”.
Бу қадар фидоийликнинг намунаси умматнинг энг ишончли инсонларидан содир бўлмоқда.
Айюб роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳасан Басрийнинг мажлисида тўрт йил ўтирдим. Унинг ҳайбатидан бирор нарса сўрай олмадим” (Ҳилятул авлиё 3-жилд, 11-бет).
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, уламоларни, устозларни ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Афсуски, ҳозирги пайтда масжидларда, ижтимоий тармоқларда аҳли илмлар, уламоларни ғийбат қилиш, очиқчасига ҳақорат қилиш, камситиш, менсимаслик каби ишлар авж олмоқда. Уламоларни сўкиш, ҳақорат қилиш у ёқда турсин, уларга нисбатан қалбда адоват, нафрат бўлишининг ўзиёқ кишининг мунофиқлигига далил экан. Шунинг учун олимларга нисбатан меҳрли бўлишимиз, уларнинг ҳақларига Аллоҳдан офият сўрашимиз, хато қилган бўлсалар, Аллоҳдан улар учун мағфират сўрашимиз лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни олимлар, аҳли илмлар, имомларга нисбатан меҳрли бўлишимизни ва уларни ғийбат қилишдан, сўкишдан тийилиб, ҳақларига истиғфор айтишимизни насиб этсин, омин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳазрат Навоий рўза ҳақида нима деганлар?
Ҳазрат Мир Алишер Навоий ислом арконларидан, диний билимлардан етарлича хабардор бўлганларини яхши биламиз. Ҳазратнинг «Сирожул-муслимин» номли асари айнан ислом рукнларига бағишланган.
Китобнинг битилиш сабабида келтирилишича, кунларнинг бирида бир самарқандлик ростгўй, билимдон зот Ҳазрат Навоийнинг ҳузурига келиб, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг илтимосини етказади. Хожа Аҳрор Ҳазрат Навоийдан ислом динидаги рукнлар, фарз, суннат ва вожиб амаллар хусусида содда, ҳаммага тушунарли тилда назмий рисола битишни илтимос қилган эканлар.
Навоийнинг ўзлари ҳам анча пайтдан бери худди шу мавзуда асар битишни режалаштирган эканлар. Шу боис тез кун асар ёзиб битказилади.
Биз қутлуғ Рамазон ойида ушбу асардан олинган, рўза ҳақидаги парчаларни эътиборингизга ҳавола этамиз:
Эрур тўртунчи (рукни) исломнинг савм,
Ки, ўтган кимсага тақво била явм.
Чу рўза бўлди йилда бир ой,
Анинг ижросида бўл нафсфармой.
Ани бил субҳдин то шом чоғлиқ,
Таому шурбу шаҳватдин йироғлиқ
Тақво билан кун ўтказувчи кимса учун Исломнинг тўртинчи рукни рўзадир. Рўза бир йилда бир ойдир. Уни бажариш учун инсон ўз нафсини қўлга олиши керак бўлади. Шуни билки, тонг отганидан то шом киргунича, ейиш, ичиш ва жинсий яқинликдан узоқ бўлиш керак.
Эрур бу рўзада ният санга фарз,
Валекин неча авло айладим арз.
Навофилда валс ниятни қилмоқ,
Санга жоииздурур туштин бурунроқ.
Рўзадан аввал ният қилиш фарздир. Лекин имкон даражасида тушдан аввлроқ ният қилиш маъқул саналади.
Чибин ё пашшадек ҳар жинси ҳосил,
Эмас бўғзунгға кирса рўза ботил.
Агар чивин ёки пашшадек нарсалар томоққа кирса рўза бузилмайди.
Тузу сирка тоторға аҳли идрок,
Тенгурса тил учун эмас анга пок.
Ақли комил кишилар туз ёки сиркани тил учи биан татиб кўрсалар бунинг зиёни йўқ.
Яна улким, ҳижомат қилсаю қасд,
Ғам эрмас, рўзаға чун қилмамиш қасд.
Яна ҳижома қилдирса, яъни қон олдирса бу ҳам рўзага зиён етказмайди.
Гар ўтмак тифл учун чайнар аноси,
Раводур гар яна йўқтур ғизоси.
Вале билмак керактур ани макруҳ,
Керак макруҳдин хотирда андуҳ.
Шунингдек она ўз боласига нон чайнаб берса, ўзи ютиб юбормаса, бу ҳам рўзани синдирмайди. Лекин бу макруҳ саналади. Имкон қадар макруҳ амалларга йўл бермаган яхшироқдир.
Унутиб гар есанг, ичсанг эмас ғам,
Эрур ул рўза боқий, эй мукаррам.
Билмасдан еб-ичиб қўйса, кейин рўзани давом эттириб кетаверса, бунда ҳам рўзага зарар етмайди.
Шунингдек ҳазрат Навоий бу бобда рўзанинг каффортига ҳам алоҳида тўхталиб ўтганлар:
Агар бебоклик ойини туздук,
Ғизонинг ғайри бирла рўза буздук.
Ғизо еб рўза улким, қилса зойил,
Ва ё нафси бўлиб шаҳватға мойил.
Каффорат олтмиш мискинга итъом,
Эрур ё олтмиш кун савми ноком.
Агар ҳеч нарсадан андиша қилмасдан, овқат ё бошқа нарса билан қасдан рўзани синдириб қўйсак, яна кимдир таомланиб, шаҳватини қондириб, рўзани бузса, (бир кун учун) олтмиш нафар мискинни тўйдириши ёки олтмиш кун рўза тутиши керак бўлади.
Ким, ул кунларнинг ўлғай иттисоли,
Йўқ эрса солим эрмас рўза ҳоли.
Ва ё бир банданинг кўнглин қилиб шод,
Анга Тенгри йўлинда қилмоқ озод.
Шу тариқа рўза тутилмай қолган кунларнинг ўрнини тўлдириш мумкин. Акс ҳолда рўза мукаммал бўлмайди. Ё бўлмаса бир банданинг кўнглини шод қилиб, уни қулликдан қутқариш керак бўлади. Валлоҳу аълам!
Манба: Xabar.uz