muslim.uz

muslim.uz

Середа, 15 ноябрь 2017 00:00

Чақалоқни авайлаш.

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Гўдакни туғилганидан то уч ой ва ундан кўпроқ ўтмасдан туриб, у ёқдан-бу ёққа кўтариб олиб юрмаслик керак. Чунки бу пайтда улар она қорнидан эндигина чиққан ва таналари заиф бўлади. Тишлари чиққунига қадар ошқозонлари ва ҳазм қилиш қувватлари заиф бўлгани туфайли уларга сут бериш билан чекланиш лозим. Қачон тишлари чиқиб, ошқозонлари қувват ҳосил қилса, таом билан озиқланадиган бўлади. Аллоҳ таоло боланинг таомга ҳожати тушмагунича унинг тишлари чиқишини кечиктириб туради. Бу эса Аллоҳнинг ҳикмати, лутфи ҳамда она ва унинг кўкрагига раҳм қилганидандир. Зеро, шунда чақалоқ она кўкрагини тишлаб олмайди.

Тиш чиқиш палласи боланинг ҳоли ўзгариб қолади, унда қайт қилиш, инжиқлик ва ёмон қилиқлар кўзғалади. Айниқса, тиш чиқиши қиш ва совуқ пайтларга ёки ёз ва иссиқ пайтларга тўғри келса, бу нарса кучлироқ кечади. Тиш чиқиши учун энг қулай пайт баҳор ва куз ойларидир. Тиш боланинг етти ойлик пайтидан чиқа бошлайди. Гоҳида тиш беш ойлигида чиқади, гоҳо ўн ойлик бўлгунча кечикади. Шундай қилиб, тиши чиқаётганда уни мулойимлик билан боқиш, қайта-қайта ҳаммомга солиш, енгил озуқа бериш ва унинг қорнини тўйғизиб юбормаслик керак. Тиш чиқиш пайти бўлганда тиш милкларини ҳар куни сариёғ билан ишқалаш керак. Тиш чиқишидан то ривожланиб, қаттиқ бўлгунича қаттиқ нарсалардан эҳтиёт қилиш ва қатъий ман этиш керак бўлади. Чунки бунга йўл қўйиш тишларнинг ёмонлашиши, қинғир-қийшиқ бўлиб, оралари очилиб кетишига сабаб бўлади.

Тишлари чиққандан сўнг болаларни тадрижий равишда озиқлантириб бориш лозим. Уларга бериладиган энг биринчи озуқа майин озуқа бўлиши керак. Яъни иссиқ сувда ивитилган нон, қатиқ, сут, ундан кейин гўштдан холи бўлган овқат ва шўрва, кейинроқ жуда латиф бўлган гўштни яхши чайнаб, юмшатиб берилади.

Қачонки тили чиқадиган пайт яқинлашса, тилини асал, иссиқ сув ва андароний туз (оппоқ рангли туз нави) билан ишқаланади. Чунки бу нарсалар гапиришга монелик қиладиган оғир рутубатларни кетказади. Тили чиққан пайтлари уларга «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ»ни айттирсинлар. Токи уларнинг қулоқларига энг биринчи кирадиган нарса Аллоҳнинг исми ва Унинг тавҳиди ҳамда У Зотнинг уларни қаерда бўлсалар ҳам кўриб, гапларини эшитиб турганлиги ҳақидаги сўзлар бўлсин.

Боланинг йиғлаб қичқириши (айниқса, қорни очганда сут эмишидан олдин) ота-онасини қийин аҳволга солмаслиги керак. Чунки бола бундан катта фойда олади. Негаки, бу нарса унинг аъзоларини машқ қилдиради, меъдаларини кенгайтиради, кўкрагини очади, миясини иситади, мизожини қиздиради, туғма ҳароратини қўзғайди, табиатидаги чиқитлар, миясидаги мишиқ ва бошқа нарсалардан иборат хилтларни чиқариб ташлаши учун унинг жисмини ҳаракатга келтиради.

Бола то жисми қаттиқлашиб, аъзолари кучга кириб, ерга ўтирадиган бўлгунча уни йўргаклаш ёки бешикка белаб қўйишга бепарво қарамаслик лозим. Ўтирадиган бўлганда уни машқ қилдириб, шошилмаган ҳолатда ҳаракатга ўргатилади, шу билан бирга то малака ва қувват ҳосил қилиб, ўзи тура оладиган бўлгунича оз-оздан туришга ўргатиб борилади.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

Китобхонлик – муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калитдир. Илм излаш, китоб, газета ва журналларни мутолаа қилиб бориш кишининг дунёқарашини кенгайтиради, ўзига хос лаззат бағишлайди. Ўзгалар олдида соҳибининг илмий, маданий ва ахлоқий савиясини юқорига кўтариб қўяди. Зеро, кўп ўқиган, билимдон инсоннинг умуман ўқимаган ёки кам ўқийдиганлардан ҳар соҳада имконият доираси кенг бўлади. Мисол учун иккита тилни билган одам битта тилни билган одамдан икки баравар кўпроқ имкониятга эга. Учта тилни биладиган одамнинг эса иккита тилни билувчи одамдан имконият доираси каттароқ бўлади ва ҳоказо. Бундай инсон ўзга юртга борганда ҳам қийналмайди. Бу нарса илмга оид ҳамма соҳага тааллуқлидир. Бугунги ёки кечаги олимлар, ёзувчию шоирлар ва зиёли кишилар ўз вақтида кўп ва хўб китоб мутолааа қилгани туфайли шу даражага эришганлар.

Ўқимишли инсон агар тижорати ёки бошқа хусусий тирикчилиги тўхтаб қолган тақдирда ҳам осонлик билан ўзига бошқа ризқ эшигини оча олади. У қайсидир ишхонага ходим сифатида жойлашиши, ўқув муассасаларида ишлаши ёхуд ижодий ишлар билан шуғулланиб, китоб ёзиб ўз тирикчилигини юргизиб кетаверади. Демак, билимли инсон билан билимсиз инсоннинг имкониятлари орасида катта фарқ бор экан. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло Ўз китобида

“هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ”

“Биладиганлар билан билмайдиганлар (ҳеч замонда) тенг бўлурми?!”, дея билим нақадар катта аҳамиятга эга эканига ишора қилади (Зумар сураси, 9-оят).

Ислом дини илк бошданоқ жаҳолатга қарши маърифат билан курашган диндир. Қуръони каримнинг илк ояти ҳам “Ўқи!” деган сўз билан жаранглади. Динимиз биринчи оятидаёқ ўқишга, ўрганишга чорлаган. “Қуръон” сўзининг бир маъноси ҳам “ўқиш” демакдир. Мана шунинг ўзидан муқаддас динимиз таълимотида ўқишга бўлган эътибор нақадар буюк эканини билиш мумкин. Шу боис динимизни тўғри тушунган, унинг таълимотини қалбига сингдирган бобокалонларимиз ёшлигиданоқ ўқиш-ёзишга, диний ва дунёвий билимларни эгаллашга ҳарис бўлганлар ва оқибатда жаҳон тамаддунига, илм-маърифат ривожига салмоқли ҳисса қўшиб, бебаҳо илмий асарлар яратган. Ўзларидан кейин то қиёматга қадар ўчмайдиган мангу из қолдиришган.

«Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади:

... يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

яъни: “... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. (Мужодала, 11).

Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳам илмга даъват қилади. Илм биринчи ўринда ўқиш орқали ҳосил бўлиши ҳаммамизга маълум. Жумладан,  у зот:

“طلب العلم فريضة على كل مسلم”

яъни: “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон зиммасида фарздир!”, дея марҳамат қилганлар (Ибн Можа ривояти).

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳ айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”.

Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”,  деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.

Дарҳақиқат, илмнинг мақому мартабаси юксакдир. Ахир илм аҳли пайғамбарларнинг меросхўрларидир.

Барча динлар ичида илк бор илмнинг ўрнига аҳамият берган ва илмга кенг йўл очган дин – Ислом динидир.

Ислом – илм динидир. Инсониятга қиёматгача дастурул амал бўлган Қуръон каримнинг илк оятлари ҳам бунга яққол далил бўлади.
Китоб ўқишнинг фойдаси мўл, баракаси беҳисоб. Аввало мутолаа турли-туман маданиятлар ва билимларни ўрганиш учун асосий кўприк бўлиб хизмат қилади. Ўқиш оғзаки нутқни ривожлантириб, сўз бойлигини орттириш учун асосий манбадир. Киши канчалик кўп мутолаа қилса, шунчалик равон ва бехато сўзлайдиган бўлади. Дунёқараши, маданий савияси юксалади.

Китоб, газета ва журналлар мутолаа қилишга одатланиш кишига таъбир жоиз бўлса “мустақил таълим олиш” маҳоратига эга бўлишга ёрдамлашади. Ҳозирги кунда “ўзига ўзи таълим бериш” услуби ҳаёт заруратларидан бирига айланиб улгурдики, усиз киши тараққиёт карвонидан ортда қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Масалан, телевизорми, телефонми, кир ювиш машинасими ёхуд ҳар қандай техника воситаларидан фойдаланиш учун ҳам ўқиш, муайян атамаларни билиш талаб этилади. Ахир ўша нарсаларнинг ҳар бирининг ўз таништирувчи китоби бор. Усиз иложи йўқ. Шундай экан, ўқиш бугунги куннинг энг долзарб заруратларидан бири десак, сира муболаға қилмаган бўламиз.

Зотан, киши кўп ўқиган сари билими ошиб бораверади, ҳамма соҳадан хабари бўлади. Натижада атрофидагилар учун ҳам қизиқарли суҳбатдош, тўғри маслаҳатгўй ва ёрдамчига айланади.

Ўқишнинг фойдаларидан яна бири шуки, у вақтдан унумли фойдаланиш воситасидир. Маълумки, инсон қиёмат кунида бекор ўтказган вақтидан, умридан сўралади. Фойдали нарсаларни ўқиб-ўрганиш эса вақтни баракали қилади.

Ўқишнинг тарбиявий аҳамиятлари ҳам бисёр. Болаларни ёшлик чоғларидан китобга муҳаббатли қилиб ўстириш ўта фойдалидир. Зеро, китоб эзгуликдан, олийжанобликдан, мардликдан ҳикоя қилади. Маънавиятни оширади. Тубанлик, номардлик, разолат ва хиёнатнинг қабиҳ юзини очиб беради, бундай ёмон хулқларга қарши қалбда нафрат уйғотади. Шу боис ёшларимизни китобга меҳрли қилиб ўстириш маънавий ва тарбиявий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга моликдир.

Китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман ёмон фикрлар, васвасаларни киши онгидан қувиб юборади.

Китоб ҳаётнинг қоронғу ва зимистон йўлларини ёритиб борувчи чироқдир. Кўп китоб ўқийдиган инсон китоблар тахида ўз маконини топган ўзгаларнинг аччиқ қисматлари ёки муваффақиятлари сабаблари, сир-асрорларидан воқиф бўлади ва шу нарсаларни ўз ҳаётида ижобий маънода қўллайди. Натижада кўп муваффақиятларга эришишга муяссар бўлади.

Шундай экан ҳар биримиз китоб ўқишга, илм олишга ўта чанқоқ бўлишимиз, фарзандларимизни мана шундай руҳда тарбиялашимиз мақсадга мувофиқдир.

Зеро, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, кишилар фикрлашдан тўхтаса ёки уларнинг фикри саёзлашса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони, у маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши мумкин. Бунга тарихда мисол кўп. Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқининг тубанлашмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Агар улар бу ишда лоқайдликка ва маҳдудликка йўл қўйишса, шунчаки томошабин бўлиб қолишса, ўша миллатнинг ҳолига вой бўлади.

Фахр ва ифтихор билан айтиш жоизки, Халқимиз азалдан илм-маърифатга интилган, китоб ўқишга қаттиқ муҳаббат қўйган.

Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирларнинг кўплаб чиққани ҳам бежиз эмас. Илмли зиёлилар уёқда турсин, оддий ҳунарманд косиб ёки деҳқоннинг хонадонида узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний, илмий ва назмий китобларни ўқиб берган. Матбаачилик ривожланмагани, китобларни хаттотлар қўлда кўчирганига қарамай, ота-боболаримиз ҳамиша китобга интилган, китобни ардоқлаган, ўқиганларини бошқаларга ёйган.

Биз шундай илм-фан ватанининг фарзандлари эканимиздан фахрланишга ҳақли ва ўтган аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бурчлимиз. Бунга эса улар қолдирган бой меросни, инсонларга фойда келтирувчи илмларни пухта ўрганиш ва уни фарзандларимизга ҳам ўргатиш орқали эришилади.

Аллоҳ таоло барчамизни дунёга машҳур аждодларимиз изидан бориб, яна илм чўққиларини забт этувчи, илмга ташна бандаларидан айласин, илм ўрганадиган, илмга ҳомийлик қиладиган, ҳеч бўлмаганда олимларни севадиган саодатманд инсонлар сафидан ўрин берсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Середа, 15 ноябрь 2017 00:00

Намоз уйқудан афзал!

Мўминлар адо этадиган фарз амаллар ичида энг устуни намоздир. Баъзи инсонлар бошқа амалларни бажариб юрсалар ҳам, улар учун бир кунда беш вақт намоз ўқиш     қийиндек туюлади. Лекин, аслида ундай эмас. Аввало, Аллоҳ таоло бандаларини уларнинг тоқати етадиган нарсага буюрган, ундан ортиғини юкламаган. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас» (Бақара сураси, 286-оят).

Улуғ амал бўлган намоз ўқишни орқага суриш катта гуноҳ. Шуни ёдда тутишимиз лозимки, Қиёмат куни банда биринчи бўлиб намозидан сўралади. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Банданинг қиёмат кунида биринчи ҳисоб-китоб қилинадиган нарсаси намоздир. Агар (намози) дуруст бўлса, бошқа амаллари ҳам дуруст бўлади. Борди-ю, (намози) яроқсиз бўлса, қолган амаллари ҳам яроқсиз бўлади» (Табароний ривояти).

Бу ҳадиси шарифдан намозни шунчаки ўқиб қўйиш тушунилмайди, балки уни тугал барпо қилиш, яъни унинг шартларини, рукнларини, вожибларини ўрнига келтириб, сўнг мустаҳаб амалларни ҳам мукаммал бажариб, тўла-тўкис адо этиш зарур. Шунингдек, таҳоратни чиройли қилиш, рукуъ, сужуд, қиём, қаъдаларни ўрнига қўйиш, намоз вақтларига, жамоат бўлиб намоз ўқишга амал қилиш, хушуъга – яъни намоз пайтида қалб ҳозирлиги ва аъзоларнинг хотиржамлигига эътибор қаратиш лозим бўлади. Чунки хушуъ намознинг руҳи ва мағзидир. Хушуъсиз намоз жонсиз жасаддек гап.

Энди фарз намозлари ичида айнан бомдод намози устида бир оз тўхталиб ўтсак. Чунки тун қисқариб кун узайиб бораётган ҳозирги пайтда бомдод намозига туриш қийинчилик туғдириши табиий. Бироқ, шуни баҳона қилиб бомдод намозига ухлаб қолаверган инсон секин-аста бунга кўникиб қолиши мумкин.

Эй азиз диндошим! Сиз масжидларда ҳозирги кундаги ҳолатни кўриб, бошқа тўрт вақт намоздан кўра бомдод намозига йиғилган жамоатнинг сон жиҳатдан озлигига амин бўласиз. Албатта, бунинг кўп сабаблари бор. Шубҳасиз, бомдод намозига ухлаб қолиш хатарли ишдир. Шунинг учун қуйида биз бу муаммонинг илмий ва амалий томонларини ёритишга ҳаракат қиламиз.

Бомдод намозини жамоат билан ўқишнинг фазилатлари оят ва ҳадислар билан  илмий жиҳатдан асосланган. Зеро, мўмин киши масжид сари босган ҳар бир қадамига ажр-мукофот олади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кишининг жамоат билан ўқиган намози(нинг савоби), хонадони ва дўконида ўқиган намозидан йигирма беш даража ортиқдир. Сабаби, у таҳорат қилади, таҳорат қилганида ҳам чиройли таҳорат қилади. Сўнгра масжидга отланади. У (масжидга) намоз (ўқиш) учунгина чиқади. Унинг босган ҳар бир қадами билан (битта) даражаси кўтарилса, (битта) хатоси ўчирилади. Агар намоз ўқиса ва модомики намозгоҳида турса, фаришталар унга: «Аллоҳим, унинг гуноҳларини мағфират қил ва уни раҳмат қил!» – деб истиғфор айтишади. Бировингиз модомики намозни кутар экан, у, намозда (турган ҳисобланади)!» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Жамоат билан ўқилган намоз учун ёлғиз ўқилган намоздан кўра йигирма етти даража устун савоб ёзилишига Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам далолат беради: "Набий алайҳиссалом шундай дедилар:  "Жамоат намози якка ҳолда ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир(Бухорий ва Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Набий алайҳиссалом: "Ким эрта ва кеч масжидга борса, ҳар бир бориб қайтишига Аллоҳ жаннатда унга зиёфат тайёрлаб қўяди", дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло субҳ вақтини ўзининг Китобида улуғлади ва у билан қасам ичди. Билингки, агар Аллоҳ таоло бир ишда қасам ичса, у иш улуғлигидан ва муҳимлигидан далолатдир. "Фажр" сурасида Аллоҳ таоло: "Қасамёд этаман тонгга (вақти)га", деди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: "Набий алайҳиссалом: "Агар одамлар азон ва аввалги сафнинг фазилатини билганда эди,  уни қўлга киритиш учун қуръа ташлашга мажбур бўлиб қолишса, қуръани ташлаб бўлса ҳам уни олишга ҳаракат  қилишган бўларди", дедилар”   (Бухорий ва Муслим ривояти).

Яна у кишидан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом: "Агар одамлар хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан ўқишнинг савобини билганида эди, унга эмаклаб бўлса ҳам келар эди" , дедилар”  (Бухорий ва Муслим ривояти).

Қуйидаги хушхабарлар намоз учун уйқудан кечган кишиларгадир. Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган ушбу ҳадисда:  "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қоронғуда масжидларга юриб борувчи кишиларга Қиёмат куни мукаммал нур бўлишлигини башорат қилинглар", деганлар. Яна бир хушхабар шуки, бомдод намозининг икки ракат суннати дунё ва ундаги бор нарсадан яхшилиги ҳақида қуйидаги ҳадисда Набий алайҳиссалом: "Бомдод намозининг икки ракат суннати дунё ва ундаги нарсадан яхшидир",  дедилар   (Имом Муслим ривояти).

Яъни, бомдод намозининг суннати дунёдаги хазиналар, моллар, кўнгилочар нарсалардан яхшироқдир, дейилмоқда.

Хуфтон ва бомдодни жамоат билан ўқиганлар учун яна бир хушхабар.  Уларга, гарчи кечаси ўринда ухлаб ётган бўлсалар ҳам, туни билан намоз ўқиш, яъни таҳажжуд намози савоби берилади. Бу сўзимизга Имом Муслим Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадис далил бўлади: Набий алайҳиссалом: "Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат билан бедор ўтказгандек бўлади. Кимки бомдод намозини жамоат билан ўқиса, бутун кечани ибодат билан ўтказгандек бўлади", дедилар. Бу ҳадиси шарифда хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқишга алоҳида тарғиб қилинмоқда. Чунки бу икки намоз кишилар дам оладиган, ухлайдиган вақтларга тўғри келади. Ана ўша пайтда ҳавойи нафснинг хоҳишларини енгиб, жамоат билан хуфтон намозини ўқиш кечанинг ярмини ибодатда ўтказиш, бомдод намозини жамоат билан ўқиш эса тунни бутунлай намоз ўқиб ўтказиш савобига тенглаштирилмоқда.

Яна бир хушхабар шундан иборатки, бомдод намозида фаришталар жам бўлади ва уни ўқиганларга дуо қилади. Бу фикрни ушбу оят ҳам тасдиқлайди: "Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни мукаммал адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (адо қилинг). Зеро, тонгги ўқиш (фаришталар) ҳозир бўладиган (намоз)дир" (Исро сураси, 78-оят).

Шу ерда бир муҳим нарсани эслатиб ўтмоқчимиз. Бизнинг юртимизда аёлларнинг масжидга бориб намоз ўқишлари урф бўлмагани учун улар: "юқоридаги оят-ҳадислардаги хушхабарлар кўпроқ эркакларга тааллуқли экан", деб тушунмасинлар. Аёллар оиладаги вазифа ва юмушлари сабаб барча намозларни жамоат билан ўқимасалар ҳам бироқ, фарз қилинган намозларнинг ҳар бирини ўз вақтида ўқишлари шарт.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом айтдилар: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой (рамазон) рўзасини тутса, фаржини (иффатини) сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг – киравер», дейилади» (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Хиббон ривояти).

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг ҳузурингизга кечқурун бир жамоа ва кундузи бир жамоа фаришталар орқама-орқа келиб бомдод ва аср намозларида жам бўлади. Кечқурун турган фаришталар Аллоҳ таоло ҳузурига чиқишганида, Аллоҳ ўзи билган ҳолда: "Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдинглар?" деб сўрайди. Фаришталар: "Уларни тарк қилганимизда ҳам, борганимизда ҳам намоз ўқаётган эди, дейишади", дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Азизлар, диққат қилинг! Демак, фаришталар: «Эй Аллоҳ, фалончини бомдод намозини ўқиётганда топдик, дейишса, уни ўқимасдан ухлаб қолган одам ҳақида: «Фалончини эса ухлаб ётган пайтда топдик»  дейишлари ҳақиқатдан йироқ эмас.

Қуйидаги хушхабар бомдод намозини ўз вақтида адо қилганлар Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимоясида бўлишига далилдир. Имом Муслим Жундуб ибн Суфёндан ривоят қилган ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бомдод намозини ўқиса, у киши Аллоҳнинг аҳди ва омонатидадир",  дедилар.

Яна бир ажойиб хушхабарда Набий алайҳиссалом: "Ким бомдод ва аср намозини адо этса жаннатга киради", дедилар  (Бухорий ва Муслим ривояти).

Шунингдек, бомдод намозидан сўнг тонг отаётган пайтда ер юзига Аллоҳ таолонинг баракаси ёғилади. Имом Аҳмад Сухрул Ғомидийдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳим! Умматимнинг эрта тонгдаги ишларини баракотли қилгин", деб дуо қилганлари айтилмоқда. Ушбу ҳадисни ривоят қилган саҳоба шу ҳадисга амал қилиб, эрта тонгдан тижорат ишлари билан машғул бўлиб, шунчалик бойиб кетган эканки, ҳатто пулини қўйишга жой топа олмаган экан.

Сўнгги хушхабар Имом Муслимнинг саҳиҳ ҳадисларидан бирида келтирилган  бўлиб, Набий алайҳиссалом: "Қайси бир киши қуёш чиқиши ва қуёш ботишидан олдин (яъни) бомдод ва аср намозини ўқиса, ҳаргиз дўзахга кирмайди", дедилар. Бу амал бир қарашда осон туюлгани билан, лекин уни  мўмин инсон бир умр адо этиб юриши лозим.

Энди бомдод намозига бепарво бўлиб, уни тарк қилиб юрган инсонларга тааллуқли  оят ва ҳадисларга мурожаат қиламиз. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: "Сабр ва Намоз ўқиш билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз) оғир ишдир, илло қўрқувчиларга (оғир эмасдир)”, деб марҳамат қилади (45-оят).

Набий алайҳиссалом агар бир кишининг иймони юзасидан шак-шубҳага тушиб қолсалар, унинг амаллари орасидан бомдод намозини қидирар эканлар. Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиб бўлиб: "Фалончи намозга ҳозир бўлдими?" деб сўрабдилар, саҳобалар: "Йўқ", дейишибди, у Зот: "Фалончи-чи?" дебдилар, улар яна: "Йўқ", дейишибди, шунда у Зот: "Мунофиқларга бомдод ва хуфтон намозидан оғирроқ намоз йўқдир, агар улар икковидаги савобни билишганида эди, эмаклаб бўлса ҳам келишар эди",  дебдилар   (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: "Биз бир кишини бомдод ва хуфтон намозида йўқотиб қўйсак, у ҳақида ёмон гумонга бориб қолардик", деб айтган эканлар. Яна бир узун ҳадисда келтирилишича, Набий алайҳиссаломга дўзахда азобланаётган киши кўрсатилади. У ўз бошини уриб ёраётган эди. «У қандай киши», деб сўраганларида, Жаброил алайҳиссалом: «У шундоқ кишики, Қуръонни олиб, (яъни) ўқиб уни инкор этган, ташлаб қўйган ва фарз намозларида ухлаб ётган киши» деб айтган (Бухорий ривояти).

Марям сурасининг 59-оятида: "Сўнгра улар (ҳассос зотлар)нинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар" деб айтилган. Уламолардан бир тоифасининг айтишича, зое қилинган намоздан мурод, уни тарк қилиш эмас, балки уни вақтидан кечиктириб ўқишдир.

Эй, азиз биродар! Раббимиз намозга шошилинглар, нажотга шошилинглар деб турганда сиз қандай ухлайсиз? Худди шунингдек, муаззин субҳда: «Ас-солату хойрум минан-навм» «Намоз уйқудан яхшироқдир», деб нидо қилиб турганда-чи! Демак, ҳар қанча ширин уйқудан ҳам намоз яхшироқ экан, ғафлатда қолмайлик.

Эй, бомдод намозини зое қилган дўстим! Сиз бирор марта бомдод намозини зое қилиб қўйганингизда йиғлаганмисиз ёки надомат чекканмисиз ёки истиғфор айтганмисиз? Сиз бу борада Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ўрнак олинг.  Улар Тустар фатҳида бўлган пайтларини эслаб, доим йиғлар эканлар. Чунки улар форслар билан бўлган жангда бомдод намозидан салгина олдин Тустар шаҳрини фатҳ қилганлар, шу сабабдан ҳаётларида атиги бир маротаба бомдод вақтини ўтказиб юборган эканлар. Бу ҳолат минг узрли бўлгани билан, зое қилган нарсалари, яъни бомдод намози ундан буюкроқ эканини тан олганлар. Умар розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида бомдод намози вақти кирди. Шунда улар: "Ҳа, Исломда кимки намозни тарк қилса, насибаси йўқдир", деб намозни ўқидилар. Ўша пайтда жароҳат етган жойларидан қон оқиб турарди.

Энди, бомдод намозига ўз вақтида туриш учун зарур бўлган баъзи бир амалий воситаларни баён қилиб ўтамиз:

юқорида айтиб ўтилган илмий асосларни ёдга олиб юриш;

кечки уйқудан олдин ниятни қатъий қилиш; 

гуноҳлардан четланиб юриш ҳам бомдод намозига ўз вақтида туришга сабаб бўлади. Бир киши Ҳасан Басрийга: "Эй Абу Сайид, менга нима бўлдики, таҳорат билан ётсам ҳам таҳажжудга (тунги намозга) тура олмаяпман" деганида, у зот: "Гуноҳларинг сени боғлаб қўйибди. Сен кундузингни тўғирласанг тунинг сен учун тўғриланади", деб жавоб берибдилар.

Қаранг, азизлар! саҳоба ва тобеъинларнинг қайғулари таҳажжуд (тунги) намозини ўқиш бўлган, минг афсуслар бўлсинки, бизнинг ташвишимиз эса бомдод намозига туришдир;

ғафлатга олиб борадиган ишлардан йироқ бўлиш, масалан ярим кечагача телевизор кўриш, кераксиз гапларни гаплашиб ўтириш ва ҳоказо.

уйқудан олдин тўйиб овқат емаслик;

таҳоратли бўлиб Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўргатган уйқу олдидаги зикрларни айтиб ётиш;

уйғотгични қўйиб ётиш;

пешин билан аср ўртасида имкон қадар қайлула қилиш, яъни бир оз мизғиб олиш суннатга мувофиқ бўлиб, бу таҳажжуд ва бомдод намозига ўз вақтида туришга сабаб бўлади.

Азизлар! Юқоридаги муҳим ва долзарб эслатмаларга ўз аҳли оилаларимиз билан биргаликда амал қилишимизни Аллоҳ таоло барчамизга насиб айласин!

Дониёр ФАЙЗ

 

 

Середа, 15 ноябрь 2017 00:00

Исломимиз гўзал бўлсин!

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مِنْ حُسْنِ إِسْلامِ الْمَرْءِ تَرْكُهُ مَا لا يَعْنِيهِ". (حديث حسن رواه الترمذي وغيره هكذا).

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Киши ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк қилиши унинг исломи гўзал эканидандир” (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти).

Ҳадисдаги “нарсалар” деб таржима қилинган сўз барча зоҳирий ва ботиний иш-ҳаракатларни ўз ичига олади. Ушбу ҳадиси шарифда амаллар тўрт хил бўлишига ишора бор:

аҳамиятли ишларни қилиш – яхшилик; 

аҳамиятли ишларни тарк қилиш – ёмонлик;

бефойда ишларни тарк қилиш – яхшилик;

бефойда ишларни қилиш – ёмонлик.

Инсон учун фойдали ишлар ҳаётий заруратлар ва охират ободлиги билан боғлиқ бўлади. Инсон яшаши учун еб-ичиш, кийиниш каби ҳаётий эҳтиёжлари учун ҳаракат қилади. Зеро, бу имтиҳон дунёсида инсон ўз зиммасидаги вазифа ва ибодатларни адо қилиш учун ҳаётий эҳтиёжларини қондириши зарур. “Яшаш учун ейиш керак”, дейилгани каби дунё ҳаётидан охират ободлиги учун восита сифатида фойдаланиш керак. Аммо дунёга берилиш, мол-дунё ҳирс қўйиш, обрў-мартаба, ҳой-ҳавас, кибр-ҳаво ва манманлик ортидан қувиш, “ейиш учун яшаш” инсонга бирор манфаат келтирмайди.

Киши ўз динининг кўрсатмаларига риоя қилиши, буюрилган ибодатларни вақтида адо қилиб, манъ қилинган ишлардан қайтиши, амалларни ихлос билан бажариши мусулмон учун энг муҳим ишлардан ҳисобланади.

Инсон уй-жой қилиш, еб-ичиш, кийиниш каби яшаши учун муҳим бўлган эҳтиёжларини исроф қилмасдан ва меъёрида қондириши керак. Аммо мол-дунё кетидан қувиш, маишатпарастликка берилиш, тама қилиш, фоизхўрлик қилиш, бировларнинг ҳақини зўравонлик билан ейиш, зулм қилиш, фирибгарлик, қаллоблик ва алдоқчилик каби разил сифатлардан сақланиш керак. Шунингдек, мўмин киши вақтни зое кетказувчи ҳамда дунё ва охиратда бирор нафи тегмайдиган турли ўйинлар, ҳазил-ҳузул каби кўнгилочар одатлардан йироқ бўлгани яхши. Чунки беҳуда ўтказилган вақтлар учун сўралишимизни унутмаслигимиз лозим.

Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қисқа сўзларда кенг маънони ифодалаган ҳадисларидан биридир. Уламоларимиз мазкур ҳадисни диннинг ярмини ўзида мужассам этган, деб баҳолаган. Зеро, диннинг кўрсатмалари бажариш ва тарк этишдан иборат бўлиб, шу ҳадис тарк этилиши лозим бўлган барча нарсани ўзига қамраб олган. Айрим уламолар эса ушбу ҳадис динни ўзида тўлиқ мужассам этган, дейишган. Чунки ҳадисда мусулмон киши бефойда ишлардан қайтиши билан бирга охиратда манфаат берадиган ишларни қилиш зарурлиги баён этилган.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

Биринчидан, мусулмон киши динини гўзал қилишга ҳаракат қилиши лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар сизлардан бир киши ўз исломини чиройли қилса, қилган ҳар бир яхшилиги ўн баробардан етти юз баробаргача зиёдаси билан ёзилади. Ёмонликлари эса қандай бўлса-шундай ёзиб қўйилади” (Имом Бухорий ривояти). 

Демак, беҳуда ишларни тарк қилиб, мусулмончилигини чиройли қилган кишининг бу дунёда қилган хайрли ишларининг савоблари охиратда ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтириб берилар экан;

Иккинчидан, ушбу ҳадиснинг мазмуни яна кўплаб оят ва ҳадисларда баён этилган. Жумладан, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир” (Мўминун сураси, 3-оят). Ушбу оятда нажот топувчи ва Фирдавс жаннатига муяссар бўладиган мўмин кишиларнинг сифатларидан бири уларнинг беҳуда нарсалардан тийилиши экани таъкидланмоқда. Зеро, мўмин киши нафақат гуноҳ ишлардан тийилиши, балки барча беҳуда нарсалардан юз ўгиришга ҳаракат қилиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳуга дедилар: “Одамнинг ўз камчиликларини англамаслиги ва беҳуда нарсаларга аралашиши унинг ёмонлигига кифоя қилади” (Ибн Ҳиббон ривояти). Имом Молик ўзининг “Муватто” китобида келтиришича, Луқмон ҳакимдан: “Сизни бу даражага нима олиб чиқди?” деб сўрашганида “Ростгуйлик, омонатни адо этиш ва беҳуда нарсаларни тарк этиш”  деб жавоб берган эканлар;

Учинчидан, инсонга қайси амал фойдали ва қайси амал фойдасиз экани шариатда белгиланган. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бир куни минбарга чиқиб: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни билинг. Агар ҳидоятда бўлсангиз, уларнинг адашганлари сизга зарар қилмас” (Моида, 105) оятини ўқидилар ва одамларга шундай мурожаат қилдилар: “Сизлар  ушбу оятни ўқиб нотўғри хулоса қилманг, зеро, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Агар одамлар золим кимсани кўра туриб, унинг қўлидан тутиб қайтармаса, Аллоҳ уларнинг барчасига бало юборади” деганларини эшитдим”.

Тўртинчидан, мусулмон кишига лозим бўлган энг муҳим ишлардан бири тилни сақлашдир. Қоф сурасининг 17-18-оятларида: “Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозирдир”, дейилган. Яъни ҳар бир инсоннинг ўнг ва чап томонидаги икки фаришта унинг ҳар бир қилган амали ва айтган сўзларини ёзиб боради. Ҳисоб кунида инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган амал дафтари ушбу фаришталарнинг ёзувлари бўлади. Ҳасан Басрий юқоридаги оятни ўқиб туриб: “Эй одам боласи, сенинг саҳифанг очилди, икки ҳурматли фаришта сенга вакил қилинди, бири ўнг тарафингда яхшиликларингни ёзади, иккинчиси чап тарафингда ёмонликларингни ёзади, нимани хоҳласанг озми, кўпми қилавер. Ҳаётинг тугаши билан саҳифанг беркитилиб, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда қабрингдан чиқасан”, деган эканлар.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳар битта гапирган гапимизга ҳам жавоб берамизми?” деб сўраганда, Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй Муоз! Ахир одамларни дўзахга юз тубан қулатадиган нарса тилларининг ҳосили эмасми?!” деб жавоб берганлар (ИмомТермизий ривояти). 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ ва охират кунига имон келтирса, яхшиликни сўзласин ёки сукут қилсин”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон-мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир” , дедилар(Бешовлон ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”, дедилар” (Муслим ривояти).

Маъруф Кархий айтадилар: “Банданинг беҳуда сўзларни гапириши уни Аллоҳнинг марҳаматидан бенасиб қилади”.

Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Кимнинг гапи кўпайса, уни тойилиши кўпаяди. Кимнинг тойилиши кўпайса, гуноҳи кўпаяди. Кимнинг гуноҳи кўпайса, у дўзахга мустаҳиқ бўлади”.

Ҳисоб-китоб кунида киши ҳар бир беҳуда сўзни сўзлагани учун бешта саволга тутилади:

  • Фалон сўзни нега айтдинг, унинг сенга нима аҳамияти бор эди?
  • Уни сўзлаб нима фойда топдинг?
  • Агар айтмаганингда, сенга нима зиён бўларди?
  • Жим туриб ёмонлигидан саломат қолсанг бўлмасмиди?
  • Унинг ўрнига “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳи валлоҳу акбар”ни айтсанг, бўлмасмиди?

Имом Шофиий: “Уч нарса ақлни зиёда қилади: Олимлар билан ҳамсуҳбат бўлиш, яхши кишиларга шерик бўлиш ва беҳуда сўзларни тарк қилиш”, деган.

Хулоса шуки, мусулмон киши зиммасида қанча масъулият ва вазифалар борлигини ҳис этган ҳолда дунё ва охиратга фойдаси тегадиган ишларни кўпроқ қилишга ҳаракат қилиши керак. Айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида инсон умрини бекор кетказувчи турли-туман воситалар кўпайди. Дунё – охират экинзори, ҳаёт қисқа. Охират озиғини ғамлаш учун умримизни ғанимат билайлик. Қуръони каримда Яратганнинг Ўзи бизларга шуни эслатади: “Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Шундай экан ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказгувчи (Шайтон) ҳам сизни Аллоҳдан чалғитмасин. Чунки Шайтон сизга душмандир. Сиз ҳам уни душман тутинг. У ўзига эргашганларни фақат ўта қизиган дўзах эгаларидан бўлишлари учун чақирур” (Фотир сураси, 5-6-оятлар)

 

Мўминжон УСМОНОВ,

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

 

 

Top