Ҳадиси шариф

Суннат ва ҳадиснинг фарқи

Ҳадис ва суннат сўзлари жуда кўп талаффуз қилинадиган ва уларни қандай маъноларни ифода этишини ҳам кўпчилигимиз биладиган сўзлардир. Бу сўзлар Расулулллоҳ соллаллоҳу алйҳи васалламнинг гапирган гаплари, қилган ишлари ва тақрирларига далолат қилади. Кўп ўринларда бу калималарнинг бири иккинчисининг ўрнида ишлатилади. Яъни маънодош сўзлар каби қўлланилади. Лекин аслида бу иккала сўз бир-биридан фарқ қиладими ёки улар  иккиси ҳам бир маънони ифода қиладими? Келинг бу масалани баён қилиш учун шу борада ёзилган адабиётларга мурожат қилайлик ва унинг ҳақиқатини билишга уриниб кўрайлик.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг  “Суннат ва ҳадис” китобларига эътибор қиладиган бўлсак айни биз излаган нарсаларни тўлалигича топамиз. Бу китоб суннат ва ҳадис ўртасидаги фарқли ва муштарак жиҳатлар, суннатнинг ҳамиша ҳужжат эканлиги, ҳадиснинг ҳаммаси ҳам ҳамиша ҳужжат бўла олмаслиги ва шунга ўхшаш муҳим фиқҳий масалалларни ўз ичига олади. Қуйида шу китобдан олинган баъзи иқтибосларни келтириб ўтамиз.

 

 “Ҳадис ва суннат бири иккинчисидан буткул фарқли эмас. Яъни икковида қарама қаршилик маънолари йўқ. Балки ҳадис ва суннатнинг бири умумийроқ иккинчиси эса хосроқ маъноларни ифода қилади.....  гоҳида ҳадис бошқа бўлади у суннат бўлмайди. Гоҳида суннат бошқа бўлади у ҳадис бўлмайди. Баъзи ўринларда иккови ҳам жамланади у ҳадис ҳам суннат ҳам бўлади”.

 

Суннат ва ҳадиснинг фарқли жиҳатлари;

 

“Уч нав ривоятлар фақат ҳадисдир улар суннат эмас.

 

1.Мансух бўлган ҳадислар суннат ҳисобланмайди. Мусуомонлар унга амал қилмайдилар. Уни насх қилгувчи бўлиб келган ҳадисга амал қиладилар. Мисол: “Ўтда пишган нарсани ейдиган бўлсангиз таҳорат олингиз”. Бу аъло даражадаги саҳиҳ ҳадисдир. Лекин кейинчалик бу ҳукмга амал қилиш қолмади.  Кейинига севикли пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам, Хулафои рошидинлар ва ҳамма саҳобалар ўтда пишган нарсани ер эдилар ва янгитдан таҳорат қилмай намоз ўқир эдилар. Бу ҳадис Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйдаги ҳадис билан мансух бўлган.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар ва мени ёнларига олиб ансорийлардан бўлмиш бир хотиннинг уйига кирдилар. Хотин у кишига бир қўй сўйди ва У зот қўй гўштидан едилар. Кейин бир идишда янги хурмо келтирди. Ундан ҳам едилар. Кейин пешин учун таҳорат олиб намоз ўқидилар. Намоз ўқиб бўлганларидан сўнг хотин у кишига қолган гўштдан яна келтирди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан едилар. Кейин эса таҳорат олмасдан аср намозини ўқидилар”.

 

Демак ўт теккан нарсани егандан сўнг таҳорат қилиш ҳадис бироқ суннат эмас ва унга амал қилинмайди.

 

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос бўлган ҳадислар. Булар гарчи ҳадис бўлсада лекин суннат эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳлари тўттага чекланмаган. Бинобарин у зотнинг никоҳларида тўққизта хотин жам бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу феъллари ҳадисдир суннат эмас. Бу феъл у зотнинг ўзларига хос.

 

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муъайян фойдани кўзлаб бир гапни айтишлари ёки бир амални бажаришлари. Бу турдагилар ҳам ҳадис деб аталади суннат эмас.

 

Бунга мисол қилиб тик туриб бавл қилишни айтишимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир маротаба бир қавмнинг ахлатхонасига тик туриб бавл қилганликлари ривоят қилинган. Аммо бу ривоят ҳадисдир, суннат эмас. Яъни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам доим ўтирган холда бавл қилганлар ва шу амал суннат. Бироқ бу ривоятда келган тик туриб бавл қилишликлари фақатгина шу масалага ойдилик киритиш мақсадида бўлган холос. Инсон гоҳида шундай холатга тушадики ўтириб бавл қила олмайди. Масалан бавл қилиш жойи ахлатхона бўлиб ўтирганда бавл уст-бошига сочраши мумкин. Ёки бирор касаллик сабабли ўтира олмаслиги мумкин. Шу вақтда умматлар туриб бавл қилишликлари жоиз эканлигини баён қилиб қўйиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб бавл қилганлар.

 

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, ҳар бир ҳадис шариатда амал қилинадиган хужжат бўлавермайди, бироқ ҳар бир суннат шариат ҳукмларига асос бўла оладиган далил ҳисобланади.

Жалолиддин Ҳамроқулов

 

Read 15044 times
Top