muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 11 апрель 2017 00:00

Ислом ва миллий қадриятлар

Турли халқлар ва миллатлар ҳаётига исломий қадриятлар кириб борганида дастлаб қаршиликка учраган. Ислом дини ўзининг инсонпарварликка асосланган қадриятлари тизимини  тавсия қилар экан, муроса ва келишув йўлидан борган. 

Бугунги замонавий қадриятшунослик фанида миллий қадриятлар кишиларнинг табиий, тарихий ва ижтимоий бирлигини таъминлайдиган этник маконда шаклланади. Ранг-баранг тарзда, турли шаклларда намоён бўлади, кишиларнинг онгига, ҳаёт тарзига ўзига хос тарзда таъсир қилади, дейилади. Шунингдек, миллий қадриятларни кишиларнинг ўзаро муносабатларида, ижтимоий фаолиятларида кўзга ташланиб туришидан ҳамда ана шу муносабат, фаолият, мақсад, эҳтиёж ва интилишлар учун маънавий асосдан билиб олса бўлади.

Ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва уларнинг алоқадорлиги ифодаси бўлган қадриятлар тизими, миллатимизнинг тарих силсилалари, замона зайллари, турли ижтимоий ва сиёсий жараёнлар таъсирида шаклланиб келди. Миллий қадриятларимиз миллатнинг келиб чиқиш хусусиятлари ва ҳудудий макони билан боғлиқ ҳолда шаклланди. Қардош халқларнинг ижтимоий тараққиёти эса уларнинг миллий-ҳудудий қадриятлари равнақи билан узвий алоқадорликда давом этди. Шу тариқа миллатимиз ўзига хос ранг-баранг қадриятларни такомиллаштириб бориши натижасида, умуминсоний қадриятларни шакллантириб, унинг қирраларини ривожлантириб борди.

Миллий қадриятлар табиатига кўра, тор доирада тўхтаб қолмайди, балки равнақ топиб, турмуш жараёнида янгиланиб, бошқа халқлар қадриятларининг ютуқлари билан бойиб боради. Аёнки, ҳар бир эл, элат, уруғ ёки халқнинг урф-одатларида ўзига хослик бўлади. Ўзига хос қадриятларни  бошқа жойда, бошқача тарзда яшаётган кишиларнинг тарозиси билан ўлчаш ёки бу масалада бошқаларнинг ҳакам бўлиши мақсадга мувофиқ эмас. Умуминсонийлик туйғуси фақат ўз халқи қадриятини ардоқлаш, кўз-кўз қилиш ва бошқалар орасига ёйиш учун интилишга асосланмайди, балки ҳар бир халқ, элат, уруғ қадриятларини қандай ҳолатда бўлса, шундайлигича қабул қилиб, уларни ҳурмат қилишдан бошланади.

Миллий қадриятларимиз ривожида ислом динининг аҳамияти ва ўрни жуда катта бўлиб, у миллий қадриятларимизни бойитди. Айниқса, халқимиз маънавий қадриятларининг такомиллашиб боришида ислом дини келтирган инсонпарвар ғоялар сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Ислом дини келганидан кейин Марказий Осиё халқлари ҳаётида диний қадриятлар тизими янгиланди, заминимиздан кўплаб мутафаккирлар, қомусий олимлар етишиб чиқди. Шунингдек, бу дин ўзининг бунёдкорлик таомилига кўра кўплаб меъморий обидалар, шаҳарларнинг бунёд бўлишига сабабчи бўлди.

Миллий қадриятимизга айланган ислом дини ғоялари ва кўрсатмалари миллатимизнинг табиий-тарихий ривожи, ижтимоий турмуши, яшаш тарзи, ўтмиши, келажаги, маданияти, маънавияти, урф-одатлари, анъаналари, тили, у вужудга келган ҳудуд ва бошқалар билан узвий боғланган. У миллий қадриятларимиз билан хилма-хил шаклларда, бир-бири билан узвий алоқада намоён бўлди, ўзига хос миллий қадриятлар тизимини ташкил қилди. Бу тизимда табиий-тарихий бирликни таъминловчи қадриятлар – ягона эътиқодлилик, қариндошлик, маданий-маънавий яқинлик, ўтмиш ва маънавий мерос, она юрт туйғуси ва бошқалар барқарор ҳисобланади.

Бу борада марҳум Президентимиз Ислом Каримов асарларида қуйидаги фикрни келтирганлар: “Бизнинг мусулмончилигимиз, Аллоҳга, динимизга муносабатимиз баъзи миллий қадриятларимизда ҳам яққол кўринадики, ҳар бир мусулмон юртдошимиз уларга беихтиёр риоя қилади”.

Миллий қадриятларимиз таркибидаги баъзи исломий қадриятларимиз кишиларнинг яшаш жойлари, турмуш шароитлари билан боғлиқликда шаклланди. Шу сабабли ҳам минтақамизда бизнинг турмуш тарзимиз, шарт-шароитларимизга мос тарзда шариатнинг ҳанафийлик йўналиши ривожланди.

Халқимизнинг маънавий мероси, анъаналари, урф-одатлари, адабиёти, санъати билан умуминсоний қадриятларнинг миллий даражада намоён бўлиш шакллари  исломий қадриятлар билан боғланиб кетган. Улар миллатимизнинг тарихий ривожланиш жараёнида авлоддан авлодга ўтиб келаётган маданий хусусиятлар ва жиҳатларда ўз аксини топади.

Энг муҳими, биз бу ишларни намойиш учун эмас, иймонимиз, эътиқодимиз амри билан адо этамиз”, деган биринчи Президентимиз Ислом Каримов. Демак, дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч ҳандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди.

Айтмоқчиманки, биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз. Хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса бўлсин, ҳар бир ўзбек нимагаки муносабат билдирмасин, албатта, уни беихтиёр Яратгувчининг амри билан боғлайди” (Ислом Каримов).

 

Абдус Сомад Абдул Восит ТОЖИДДИНОВ,

Тошкент ислом институтининг 4-курс талабаси

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда йўл ҳаракати қоидалари хусусида кўплаб кўрсатмалар бор. Чунки йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши, аввало, ўзиниг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса ислом динида қатъиян ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара,195). Бундан ташқари, йўл қоидасини бузган киши бошқаларнинг ҳаётига, мол-дунёсига ҳам хатар туғдиради...

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш – жамият аъзолари маданиятининг кўзгусидир. Динимиз йўл ҳаракати одобларини биринчи бўлиб батафсил баён қилиб берганига шубҳа йўқ. Хусусан, “ўнг қўл ҳаракати”, “пиёдаларга йўл бериш”, “орада масофа сақлаш” каби йўл ҳаракати қоидалари айнан суннат амалларидир.

Йўл умум мулки. Шунинг учун йўлдан фойдаланишда бошқаларга зарар етказиш омманинг ҳақини поймол қилиш ҳисобланади. Шариатимиз қоидасига кўра, бировларга зиён етказиш жоиз бўлмагани каби, зиёнга олиб борадиган ишларга қўл уриш ҳам мумкин эмас. Шу боис бировларга зиёни тегадиган бўлса, йўл юриш ножоиздир. Йўл оммавий мулк бўлгани сабабли жиддий зарурат туғилганда ҳаракатланишни тўхташ мумкин. Шунингдек, кишиларнинг ҳаёти ёки молларини сақлаш ва бошқа шу каби заруратлар юзасидан йўлларда тезлик миқдорини белгилаш ҳам шаръан мумкин. Бу, албатта, умумий манфаатлар юэасидан бўлгани учун жоиз ҳисобланади. Зотан, фиқҳий қоидалардан бирида: “Оммадан зарарни бартараф этиш якка шахсга етадиган зарарни кетказишдан устун қўйилади”, дейилган.

Йўлдан фойдаланган киши унинг ҳақларига, хусусан, ҳаракат қоидаларига, шаръий кўрсатмаларга риоя қилиши шарт. Агар уларга оғишмай амал қилинса, у улуғ савобларга сабаб бўладиган ибодат даражасига кўтарилади. Борди-ю, уларга риоя қилинмайдиган бўлса, бузилган меъёрнинг кўламига кўра, йўл юриш макруҳ ёки ҳаром амаллардан бири ҳисобланади.

Ислом фиқҳида: “Зарарни бартараф этиш фойдани жалб қилишдан олдин қўйилади” ва “Жамият манфаати шахс манфаатидан устун туради” дейилади.

Динимизда инсон зиммасида ҳар бир нарсанинг ҳаққи борлиги уқтирилади ва ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини бериш буюрилади. Мусулмон киши зиммасида йўлнинг ҳам ҳаққи борлиги ҳадисларда келган. Бу ҳақларни ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчиси, у хоҳ пиёда бўлсин, хоҳ ҳайдовчи бўлсин, хоҳ йўловчи бўлсин, адо этмоғи лозим. Шунингдек, йўлда турган, ўтирган ва фойдаланувчилар ҳам ушбу ҳақларга риоя қилишлари шарт.

Имом Табароний Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмонларга йўлларида озор берса унга уларнинг лаънати вожиб бўлур”, деганлар.

Бировга озор берадиган ишни қилиш ножоиз иш. Кишиларга йўлларда озор етказиш эса ундан-да оғир гуноҳ. Чунки йўл омманинг мулки бўлганидан кейин жамиятдаги ҳар бир инсон унга ўзини бевосита дахлдор деб билиши лозим. Ҳар бир шахс кўчанинг бир бўлагини ўз уйи деб қараб, унга ана шу асосида муносабатга бўлмоғи даркор. 

Лутфуллоҳ ЖАМОЛОВ,

   “Ҳидоя” ўрта махсус билим юрти ўқитувчиси

Понеділок, 10 апрель 2017 00:00

Китоб - жаҳолатга қарши энг яхши даво

Ёшларимиз тарбиясида илмнинг аҳамиятини янада кенгроқ тушунтириш, фарзандларимизни дунёдаги ягона нажот – илму-маърифатга, касб-ҳунарга тарғиб этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати имом” жоме масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ Абдураззоқов Олмазор туманида жойлашган “Шифокорлар”, “Чимбой” маҳаллаларидаги хонадонларда бўлиб, ота-оналар, ўқувчи-фарзандлар билан суҳбат ўтказди.

Инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли, бўлишининг муҳим омили – илмга эътибор эканини таъкидлади. Шунингдек, имом домла баъзи ёшларнинг таълимга эътиборсиз муносабатда бўлиб, ўқишга бормаслиги ачинарли ҳолат эканини урғулади. Ота-оналар ўз фарзандининг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясига масъул эканини, дарс вақтида беҳуда ишларга чалғимай бор диққат-эътиборини ўқишга жалб этишга қаратиб ўтди.

"Шайх Зиёвуддинхон" жоме масжиди имом-хатиби Эрдон Эсонов ҳам Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Улуғбек” маҳалласида жойлашган кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар хонадонига кириб, улар билан мулоқотда бўлди. 

Суҳбат асносида имом-хатиб янги чоп этилган маърифий ва бадиий адабиётлардан совға қилди.

Бундай хайрли ташрифдан мамнун бўлганлар, кўрсатилаётган моддий ва маънавий эътибордан диллар шод бўлгани, ёшларимиз келажаги китобга ошно тутиниш билан нурафшон бўлишини билдириб қолдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Понеділок, 10 апрель 2017 00:00

Китоблар улашилди

2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан Андижон вилоятида ўтказилаётган тадбирларда масжидларнинг имом-хатиблари ҳам фаол иштирок этиб келмоқдалар. Маҳалла, таълим муассаласи, корхона ва ташкилотларда ўтказилаётган тадбирлар хонадонларда ҳам давом этмоқда.

Яқинда Андижон вилоят ҳокими ўринбосари Ш.Турсунов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Собиров ва вилоят бош имом-хатиби Н.Холиқназаровлар Избоскан, Хўжаобод ва Жалолқудуқ туманларида бўлиб ўтган тадбирларда иштирок этдилар. Улар туманлардаги бир қатор хонадонларда ҳам бўлиб, аҳолига маърифий исломни тушунтириш, турли диний экстремистик оқимлардан огоҳ бўлиш, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш каби масалаларда тушунтириш ишлари олиб бордилар.

Хонадонлардаги учрашувларда вилоят бош имом-хатиби Н.Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган “ИШИД фитнаси” ва “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобларини тақдим этди.

Андижон вилояти вакиллигининг Ахборот хизмати

Понеділок, 10 апрель 2017 00:00

Ота-онага оқ бўлиш – гуноҳлар гуноҳи

 Динимизда ота-онанинг ҳаққи, улуғлиги, мартабаси ниҳоятда буюклиги айтилган. Биргина шу таълимотнинг ўзиёқ ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси исломга тенг кела олмаслигига далил бўлади.

 Мана бу ояти карималарга диққат қилинг: "...ота-онангизга яхшилик-қилинглар!" (Нисо, 36); "Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишга амр этдик" (Луқмон, 14); "Ота-онангдан бири ёки икковлари қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга ёмон сўз айтма, ҳатто "уфф" демагин, уларга қаттиқ ҳам қарамагин. Доимо яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут. "Роббим, мени улар ёшлигимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳмат қилгин!" дегин" (Исро, 23-24).

Ана шу мазмундаги ҳадиси шарифлар ҳам жуда кўп. Ибн Масьуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Аллоҳ наздида энг суюкли амал қайси?" деб сўрадим. У зот: "Намозни вақтида ўқиш", дедилар. Сўнгра: "Яна қайси амал?" деб сўрадим. Расулуллоҳ: "Ота-онага яхшилик қилиш", деб жавоб қилдилар" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Ота-онанинг хизматини қилиб, уларнинг дуоларини олиш қанчалик савобли иш бўлса, уларга оқ бўлишдаги гуноҳнинг  меъёри жуда катта – Аллоҳ таолога ширк келтиришга яқиндир. Баъзилар, ота-онанинг оғзидан: "Сени оқ қилдим", деган лафз чиқса фарзанд оқ қилинган бўлади, деб юради. Аслида ундай емас. Ота-онага оқ бўлиш Қуръон ва ҳадисларда келган "Ота-онага яхшилик қилингиз!" амрининг аксини қилиш билан содир бўлади.

У қуйидагича белги ва кўринишларга эга:

ота-онани йиғлатиш ва хафа қилиш;

уларга бақириш, жеркиш;

бир ишга буюрсалар, "уф" деб норозилигини намойиш етиш;

уларга хўмрайиш ва пешонасини тириштириш;

ота-она кексайгандаги баъзи ишларига ғаши келиши, ҳолатларидан жирканиш;

уларга иш буюриш;

она тайёрлаган таомдан камчилик топиш;

ота-онага уй ишларида ёрдам бермаслик;

ота-она гапираётганида юзни буриштириш, уларга қулоқ солмаслик, сўзларини бўлиш, уларни ёлғончига чиқариш ёки улар билан гап талашиш, баҳслашиш;

уларнинг раъйларига эьтиборсизлик билан қараш;

ота-она ҳузурида ака-укалар ёки бошқалар билан жанжаллашиш;

одамлар олдида ота-онасини ёмонлаш, уларнинг айбларини муҳокама қилиб, обрўларини тўкиш;

ота-онасини сўкиш, лаьнатлаш;

қабиҳ, пасткаш ишлар қилиш орқали ота-онани шарманда этиш;

уларни ортиқча харажатга қўйиш;

уларни хабардор қилиб қўймасдан уйга кеч қайтиб уларни хавотирга қўйиш;

аҳли аёлини ота-онасидан устун қўйиш;

уларнинг эҳтиёжи бўлиб турганда, улардан алоҳида яшаш;

улар сабабли бошқалардан уялиш;

уларга қўл кўтариш;

уларга хасислик ва бахиллик қилиш;

уларга миннат қилиш;

уларнинг нарсасини ўғирлаш;

уларнинг олдида нолиш ва бўлар-бўлмас дардини тўкиб-солиш;

уларнинг изнисиз сафарга чиқиш;

уларнинг ўлимини тилаш. 

Шундай экан, уларга оқ бўлиб қолишдан сақланиб, яхшилик қилишга шошилайлик ва Аллоҳ ҳузуридаги чексиз ажрга эга бўлайлик.

Зеро, улар ҳеч қачон бизга ёмонликни раво кўрмайди, фақат яхшилик тилайди. Аллоҳ ҳаммамизни уларнинг розиликларини олишга муяссар қилсин.

Фотима КОМИЛЖОНОВА,

ТИИ 1-курс талабаси

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top