Зиёвуддин домла Мирсодиқов
Тошкент шаҳар "Бўта Бува" жоме масжиди имом-хатиби
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ وَكَفَى، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.
РАМАЗОН ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИ
Ҳурматли жамоат! Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат саховат рамзи бўлган, Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюриб келмоқда. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ойни муборак қилиб, Ўзи рози бўладиган кўплаб ибодатларни бажаришимизга муваффақ айласин!
Рўза араб тилида “савм” деб аталиб, луғатда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик”ни билдиради. Истилоҳда эса “тонгдан шомгача рўзани ният қилиб, уни очувчи барча нарсалардан ўзини тийиш”дир.
Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
(سورة البقرة/183).
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Динимизда ойларнинг ўзига яраша фазилатлари зикр қилинган бўлиб, Рамазон ойи улар ичида алоҳида ажралиб туради. Қуйидаги ҳадиси шарифда шу фазилатларга ишора қилинади:
عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيِّ قَالَ خَطَبَنَا رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم آخِرَ يَوْمٍ مِنْ شَعْبَانَ فَقَالَ : "يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ أَظَلَّكُمْ شَهْرٌ عَظِيمٌ شَهْرٌ مُبَارَكٌ شَهْرٌ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ جعل اللَّهُ صِيَامَهُ فريضة وَ قِيَامَ لَيْلِهِ تَطَوُّعًا مَنْ تَقرب فِيهِ بِخِصْلَةٍ من خصال الْخَيْرِ كَانَ كَمَنْ أَدَّى فَرِيضَةً فِيمَا سِوَاهُ وَمَنْ أَدَّى فَرِيضَةً فِيهِ كَانَ كَمَنْ أَدَّى سَبْعِينَ فَرِيضَةً فِيمَا سِوَاهُ وَهُوَ شَهْرُ الصَّبْرِ وَالصَّبْرُ ثَوَابُهُ الْجَنَّةُ وَشَهْرُ الْمُوَاسَاةِ وَشَهْرٌ يُزَادُ فِيهِ رِزْقُ الْمُؤْمِنِ مَنْ فَطَّرَ فِيهِ صَائِمًا كَانَ لَهُ مَغْفِرَة لِذُنُوبِهِ وعِتْقُ رَقَبَته من النار وَكَانَ لَهُ مِثْلَ أجْرِهِ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَنْتَقِصَ مِنْ أجْرِهِ شَيْءٌ" قلنا: يَا رَسُولَ اللهِ لَيْسَ كُلُّنَا نجِدُ مَا نُفطرُ به الصَّائِمَ قَالَ: "يُعْطِي اللَّهُ هَذَا الثَّوَابَ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا عَلَى مَذْقَةِ لَبَنٍ أَوْ تَمْرَةٍ أَوْ شَرْبَةِ من مَاءٍ وَمَنْ أَشْبَعَ صَائِمًا سَقَاهُ اللَّهُ مِنْ حَوْضِي شَرْبَةً لاَ يَظْمَأُ حَتَّى يَدْخُلَ الْجَنَّةَ وَهُوَ شَهْرٌ أَوَّلُهُ رَحْمَةٌ وَأَوْسَطُهُ مَغْفِرَةٌ وَآخِرُهُ عِتْقٌ مِنَ النَّارِ وَمَنْ خَفَّفَ عَنْ مَمْلُوكِهِ فِيهِ غفر الله له وأَعْتَقَهُ مِنَ النَّارِ"
(أخرجه الإمام البيهقي والإمام ابن خزيمة)
яъни: Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба ўқидилар: “Эй инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгаларга меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, ўшанча ажр бўлади”, дедилар. Шунда биз: “Эй, Расулуллоҳ, ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, – дедик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади ва Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким рамазон ойида қўл остидаги (хизматчиси)га енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”, дедилар (Имом Байҳақий ва ибн Хузайма ривоят қилган).
Бу ойнинг бир қанча фазилатлари борки, уни ўзга ойлардан устун қилади:
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ
яъни: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир....” (Бақара сураси 185-оят).
Қуръони каримнинг бошқа ўринларида Қуръон нозил бўлган кеча ҳақида айтилади:
إِنَّا أَنـزلْنَاهُ فِي لَيْلَةٍ مُبَارَكَةٍ
яъни: “Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз” (Духон сураси 3-оят).
إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ
яъни: “Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик” (Қадр сураси 1-оят).
Қуръони карим 23 йил давомида тарқоқ ҳолда нозил бўлган бўлсада, мазкур оятларда бир кечада нозил қилингани хабари берилмоқда. Буни муфассирлар Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига бир жумла қилиб туширилиши билан изоҳлайдилар.
مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ)
رواه الامام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Ким имон билан, савоб умидида Рамазон кечалари қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривоятлари).
مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إيمَاناً وَاحْتِسَاباً ، غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ
(متفقٌ عَلَيْهِ عن أَبي هريرة رضي الله عنه).
яъни: “Ким Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Муттафақун алайҳ).
Бошқа ҳадиси шарифда айтилади:
إِذَا جَاءَ رَمَضَانُ فُتِّحَتْ أبوابُ الرَّحْمَةِ ، وَ غُلِّقَتْ أَبْوَابُ جَهَنَّمَ ، وَسُلْسِلَتِ الشَّيَاطِينُ
(متفقٌ عَلَيْهِ)
яъни: “Рамазон келганда, Раҳмат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади” (Муттафақун алайҳ).
"كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدَ النَّاسِ وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ وَكَانَ يَلْقَاهُ فِي كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ فَيُدَارِسُهُ الْقُرْآنَ"
(متفقٌ عَلَيْهِ عن ابن عباس رضي الله عنهما)
яъни: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг сахийси эдилар. Айниқса, Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида янаям сахий бўлиб кетардилар. Рамазоннинг ҳар кечасида Жаброил алайҳиссалом билан учрашардилар ва Қуръон ўқиб берардилар” (Муттафақун алайҳ).
إِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ ۖ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ ۖ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ
яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара сураси 186-оят).
Оятда мўминлар учун улкан башорат бордир. У ҳам бўлса – дуо ва илтижо қилувчиларнинг сўровларини ато этишга берилган илоҳий ваъдадир.
Рамазон ойида қилиниши керак бўлган яна бир муҳим ишлардан бири – киши нафсини чиройли хулқлар билан безашга, уларга одатланишга ҳаракат қилиши лозим. Натижада Рамазон ойида ҳосил қилинган яхши кўникмалар: тақво, ихлос, сабр, шукр, қаноат, сахийлик, меҳрибонлик йил давомида бизга ҳамроҳ бўлади.
Ҳурматли жамоат! Муборак рамазон ойи кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. Шу муносабат билан кўпчиликда рўзага доир саволлар пайдо бўлади. Хусусан шу кунларда кўпчилик мўмин-мусулмонларимиз томонидан тез-тез такрорланаётган саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг қисқача жавоблари билан танишиб чиқишсак, ҳар биримиз учун фойдали илм бўлиб, дунё ва охиратимиз учун манфаатли бўлади, иншаАллоҳ.
Жавоб: Шак куни – Шаъбонни 30 куними ёки Рамазонни биринчи куними, деб шак қилинган кундир. Шак куни нафл рўза тутиш одатда тутиладиган рўзасига тўғри келиб қолганлар учун афзалдир. Масалан, бир киши ҳар душанба куни рўза тутар эди, шак куни ҳам душанба кунига тўғри келмоқда. Мана шу кишини шак кунида рўза тутиши афзалдир. Шак кунида бошқа рўзани ният қилмасдан, фақат нафл рўза тутишни ният қилиб рўза тутиш жоиздир (“Фатҳу бобил иноя”)
Жавоб: Рамазонда саҳарликдан ухлаб қолган одам, ўйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан деса, нияти ҳам ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келишидан бироз олдинроққача қилиш мумкин.
Жавоб: Рўзадор сўлаги (туфуги)ни ютиши билан рўза очилмайди. Лекин туфукни қасддан оғизда йиғиб, ютишдан иложи борича сақланиш керак бўлади. Одатдаги ҳолатда эса сўлакни ичга ўтиши макруҳ эмас.
Жавоб: Спрейнинг газли (ҳаволи)сидан фойдаланилса ёки бурунни четига ҳиди димоғни очадиган маз суртилса, рўзани бузмайди. Спрейнинг сув пуфлайдигани рўзани очиши мумкин. Рўзадор киши томоғига спирт суртиш жоиз. Уни рўзага зарари йўқ.
Аллоҳ таоло кериб келаётган Рамазон ойини ҳаммамизга муборак қилсин! Ушбу муборак ой сабабидан юртимизни тинч, халқимизни фаровон айласин! Турли касалликлар ва офатлардан ўз паноҳида асрасин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келаси жума маърузаси “Рўза - диннинг аркони” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ وَكَفَى، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.
ЁШЛАРНИ ЗАРАРЛИ ИЛЛАТЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ – ДИНИМИЗ ТАЛАБИ!
Муҳтарам жамоат! Бугунги кунда ёшларнинг турли мафкуравий таъсирлар нишонига айланиши ва турли оқимларга кириб қолишларининг асосий сабаблари: диний илмларни ўрганиш учун муносиб устоз танламаслик, ишонувчанлик, айрим ҳолларда қайсарлик ва шон-шуҳратга тез эга бўлишга ҳаракат қилишларидир. Бу омиллардан эса бузғунчи ғояларнинг тарафдорлари унумли фойдаланиб қолмоқдалар.
Муқаддас динимиз шунинг учун ҳам фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий таълим-тарбиясига кучли аҳамият беришга ундайди. Хусусан, Қуръони каримда мингдан ортиқ оятлар одоб-аҳлоқ, тарбия ва илмга алоқадорлиги инсонни баркамолликка етаклайдиган мезон бўлса, фарзанд тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши динимизни нақадар мукаммал эканлигини кўрсатиб беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ
(سورة التحريم/6)
яъни: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг” (“Таҳрим” сураси 6-оят).
Инсон ўзи, аҳли аёли ва фарзандларини қандай қилиб оловдан сақлаши мумкин? Бу сақлаш аввало ўзидан сўнг аҳлларидан жаҳолатни кетказиб, дунё ҳаётида оқибати оловга олиб борадиган турли жинояту гуноҳлардан, нодонлигу бадхулқликлардан таълим ва тарбия воситасида сақлаш билан бўлар экан.
Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан мактаб ёшидаги йигитлар, вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва ахлоқига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ҳамда тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан чалғиб, вақтларини улар билан ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.
Шунингдек, баъзи оилаларда фарзандларининг телевизор ёки телефонлардан қандай фойдаланаётганига аҳамият қаратмайдилар. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак! Бу ишлари эса – аҳлини, оятда айтилганидек, дўзахдан сақлаш эмас, балки дўзахга рўбарў қилишдир!
Ҳурматли жамоат! Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида сай-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يغَيِّرُوا مَا بِأَنفُسِهِمْ ...
(سورة الرّعد/11)
яъни: “...Албатта, бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларни ўзгартирмас...” (Раъд сураси 11-оят)
Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан янада жиддийроқ шуғулланишга ундайди ва туртки бўлиши керак. Тарихда эса мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар.
Ёшларимиз эса ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган ушбу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ўрнига “гап”, “сумалак” ва бошқа маросимларни ташкил қилиш, ижтимоий тармоқларда соатлаб ўтиришлар орқали вақтларини ўтказмоқдалар ва мол-дунёларини беҳуда сарфламоқдалар. Бундай йиғилишлар кўпинча бузуқчиликларга ҳам сабаб бўлаётганини интернет орқали тарқалаётган маълумотлардан ҳаммамизга аён бўлмоқда. Ота-оналар фарзандларининг бу каби ҳолатларидан бехабарликлари ёки кўз юмишлари асло тўғри келмайди!
Ҳар бир ота-она фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, имон калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил бузғунчи оқимлардан жиддий эҳтиёт бўлиш каби зарурий нарсаларни ўргатишимиз ҳам керак. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг камчилиги ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
﴿لأن يؤدب الرجل ولده خير من أن يتصدق بصاع ﴾
(رواه الإمام الترمذي عن جابر بن سمرة رضي الله عنه)
яъни: “Киши фарзандига одоб бериши – бир соъ эҳсон қилишидан афзалдир” (Имом Термизий ривоятлари). (Бир соъ – тақрибан 4 килограммдир).
Фарзандларга илм бериш борасида эса Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
تعليم العلم لمن لا يعلمه صدقة
яъни: “Билмаганга илм ўргатиш – садақадир”.
Фарзандларини ёмон хулқли кимсалар таъсиридан ҳимоя қилиш ҳам – ота-онанинг бурчидир! Ота-она фарзандларига яхши, ростгўй дўст танлашда ёрдам бериши керак. Чунки ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр ҳисобланади. Бундай пайтда дўстларнинг таъсири катта бўлади.
Бу борада ҳазрати Умар ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Имон-эътиқодли, ақлли ва одобли киши билан дўстлашгин! У муҳтожлигингда – ёрдамчинг, қийин кунларингда – қўлловчинг, маъюслигингда – қувончинг, хотиржамлигингда – зийнатинг бўлади”.
Ёшларни илм-маърифат ва таълим-тарбияни мукаммал олиш ўрнига ҳою ҳавасларга берилиб кетишларидан, афсуски, манфур кучлар жуда яхши фойдаланиб қолмоқдалар. Улар ёшларни ижтимоий тармоқлар орқали “жиҳод”, “такфир”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” тушунчаларини нотўғри талқин этган ҳолда ўз Ватанларини тарк этишга уринмоқда.
Ислом тарихига назар солсак, дастлаб Пайғамбаримиз алайҳиссалом тазйиққа учраган мусулмонларни икки марта Ҳабашистонга жўнатдилар. Кейинчалик Аллоҳ таолонинг буйруғи билан Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошчилигида саҳобалар Маккадан Мадинага ҳижрат қилганлари маълумдир. Мана шу ҳижрат динимиздаги улуғ ҳодиса сифатида қамарий йил ҳисобининг бошланиш санаси сифатида танланган.
Мазкур ҳижратларда мусулмонлар ўз яшаб турган ерларидан бошқа юртларга кўчиб кетишга жонлари, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан хатарнинг ўта кучайганлиги оқибатида содир бўлган. Абу Усмон Мужошиъ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадиси ширифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
لا هِجْرَةَ بَعْدَ الْفَتْحِ، وَلَكِنْ جِهَادٌ وَنِيَّةٌ
(رواه الإمام البخاري)
яъни: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ” (Имом Бухорий ривоятлари).
Мазкур ҳадиси шарифни ўзидан олдин келган ҳижрат ҳақидаги ҳадисларни бекор (насх) қилувчи эканини уламоларимиз таъкидлаганлар.
Ҳурматли жамоат! Ватанни сотиш, ўз юрти ва ватандошларига зарар етказиш, ота-онани норози қилиб “оқ” бўлиш эса ислом таълимотида оғир гуноҳ ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади:
جاء رجُلٌ إلى رسولِ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ فقال: جِئتُ أُبايِعُكَ على الهِجرةِ، وترَكتُ أبَوَيَّ يَبكيانِ. فقال: ارجِعْ عليهما، فأضحِكْهما كما أبكَيْتَهما
(رواه الإمام النسائي عن عبدِ اللهِ بنِ عَمرٍو رضي الله عنهما)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллманинг ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, – деди. У Зот алайҳиссалом эса: “Ота-онангиз олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсангиз, шундай кулдиринг”, – деб жавоб бердилар (Имом Насоий ривоятлари).
Шунингдек, айрим кимсалар томонидан мақсадли равишда ислом моҳиятига зид бўлган турли хил асоссиз ахборотлар, манбаси аниқ бўлмаган диний хабарлар ёки кишиларни ваҳимага солувчи фото ва видеолавҳалар кенг тарғиб этилмоқда. Баъзи ёшларнинг бу каби динимизга зид бўлган хабарлар, аниқ манбаси кўрсатилмаган маълумотларга ишониб қолишаётгани биз – мусулмонларни ташвишлантирмоқда.
Маълумки, динимизда ҳам нақл қилинган бирор хабарга ишонишдан аввал уни текшириб, аниқлаб олиш талаб этилади. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
яъни: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз! (Ҳужурот сураси 6-оят).
Бу ҳақида Қуръони каримнинг яна бир оятида инсонлар учун муҳим кўрсатма келган бўлиб, унда ҳам турли воситалар орқали олинаётган хабар ва маълумотларга кўр-кўрона эргашишдан қайтарилади:
وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولاً
(سورة الإسراء/36)
яъни: “(Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро сураси 36-оят).
Демак, ҳар бир олинган маълумотни текшириб, асосли ёки асоссиз эканини аниқламай туриб, ўша маълумотга қараб иш тутиш, ислом моҳиятига кўра, шайтон йўлига кириш ҳамда ёлғончи бўлиб қолиш билан баробар бўлади.
Диний экстремизм ва терроризм тарафдорлари ҳам муайян “билим”ларга таянади ва уни омма онгига сингдиришга ҳаракат қилади. Демак, фуқароларимизнинг асл ислом ҳақида холис ва етарли билимга эга бўлишлари диний мутаассибликка қарши иммунитетни шакллантиришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланар экан.
“Илм” деганда фақат диний эмас, балки дунёвий, аниқроғи инсонларга фойдаси тегадиган илм тушунилган. Ёшларнинг дунёвий ва диний билимларнинг уйғунликда холис ўрганиши уларнинг келажакда баркамол инсон бўлишига таянч бўлади.
Аллоҳ таоло юртимиз ёшларини улуғ бобокалонларимиз ишларининг муносиб давомчилари бўлиб вояга етишларида Ўзи мададкор бўлсин ва диёримизни турли-туман ғаразли мақсадларда кириб келаётган фитналардан саломат қилсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Рамазон ойи фазилатлари” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди