www.muslimuz

www.muslimuz

Середа, 20 май 2020 00:00

ЁРУҒ КУНЛАР ОЛДИНДА

Мусаффо тонг отди, бедор онанинг
Бутун борлиғида чувалар ўйлар.
Қушлар чуғурига тутар қулоғин,
Машриқ томонлардан келар бир хабар.

Ўғил эшик очди: “Ассалом она!”
– Бормисан, жон болам, кўзим, қароси?!
Қандай ташвиш билан юрибсан яна,
Қандай балоларнинг излаб давосин?

– Онажон, юрт тинчдир, осмон беғубор,
Ўриклар ўралган оппоқ ҳарирга.
Алвон лолаларга бурканар адир,
Оз қолди чиқамиз катта сайлга.

– Жон болам, алдама, сўзлагин ростин!
Қалбим ҳис этади дарду ташвишинг.
Дунё андуҳлидир эмасдир сокин,
Қандайдир балони йўқ этмоқ ишинг.

– Ҳа она, корона деган бир вирус,
Инсонлар бошига солар таҳлика.
Барчанинг ақли лол, татмайди ҳеч туз,
Жонин фидо этган уни енгмоққа.

– Ўғлим уч ойдирки, йўқ ҳаловатим,
Мени ҳам азаблар синоат, сирлар.
Гарчи кўрмаса ҳам иккала кўзим,
Қалбим дуодадир очилар йўллар!

– Онажон, куну тун қиласиз дуо,
Нечун кўзингизга бермайди шифо?
– Жон болам, қилмагин шаккоклик асло,
Аллоҳ иродаси, бу эмас жазо.

Хоҳласа балони даф этар шу он,
Фақат сажда қилгин, айлагин эҳсон.
Бир кун вирус деган балосини ҳам,
Албатта, енгажак қалби пок инсон.

Баъзилар унутди меҳр-вафони,
Гўдаклар кўз ёши тутди самони.
Очкўзлик тарқатди бундай балони,
Фаҳшу нодонликлар босди дунёни.

Жон болам, барисин билгувчи Аллоҳ,
Бандасин синайди, этар имтиҳон.
Куфр сўзламагин, шак этма асло,
Саждага бошинг қўй, келтириб иймон.

Мудом саждадаман этгум ибодат,
Кўзимга нур берар у бир кун шояд.
Аллоҳдан ёруғлик сўрагин фақат,
Дуоларинг балки бўлар ижобат.

Ўғил тинглар экан она сўзларин,
Чуқур уйга толди, маъюс эгди бош.
Оларкан қўлига тасбеҳу “Қуръон”,
Эзгу ҳислар қалбда кўтардилар бош...

Ибодат-ла кирди уйга барака,
Меҳр-муҳаббату тавозе, ҳурмат.
Бир тонг ўқир экан ўғил намозин,
Онанинг кўзидан чекинди зулмат.

Она кўзларини очиб борлиқни –
Яшнаган табиат, қуёшни кўрди.
Фарзанди дилга жо этгач Аллоҳни,
Онасин кўзига қайта нур тўлди.

Одамлар, дуога қўл очинг ҳар дам,
Балою офатлар йўқ бўлса шояд.
Қалб иймон нуридан олади малҳам,
Поклик, эзгулик яшайди абад!..

Зуҳра Ҳамроева

Рамазон ойида энг хушовоз қориларнинг 70 нафари Қуръони каримни онлайн хатм ўқдилар. Имом-домлалар, мударрислар, талабалар ва отинойилар томонидан ҳам жами 17 минг марта Илоҳий каломни хатм қилдилар.
Бугун, 19 май дуолар ижобат бўладиган – Қадр кечаси кунида мана шундай хатмоналарнинг якуний бўлади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида уламолар ва ҳофизи Қуръонлар мана шундай хатми Қуръонларнинг якунини ўқиб, дуою-тазаррулар қиладилар.
Мана шундай онлайн хатми Қуръонларнинг хатмона дуоси 19 май куни соат 22:15 дан бошлаб жонли эфирда ташкил этилади. Хатмона тадбири интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали онлайн намойиш этилади. Ушбу тадбир “Uzreport” телеканалида тўғридан-тўғри, қолган каналларда эса ёзиб олинган ҳолда эфирга берилади.
Ушбу хатми Қуръонни қуйидаги ҳаволалар орқали онлайн узатишни тавсия этамиз:

Фейсбук https://www.facebook.com/muslimuzportal/?ref=aymt_homepage_panel&eid=ARDLMpvyEXGYhRR4mk1GPNGtMZ_qnFuwQpSOGZgheHwOCuEVoUfuNb1MbrZ6pgY4qSFbyddlNdLYDpj0
Ютуб https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ
Uzreport https://uzreport.news/livehttps://uzreport.news/live
ITV.UZ https://itv.uz/#!/muslim

Барчамиз дуога қўл очиб, “омин” деб турсак ижобат бўладиган дуоларга шерик бўламиз. Ҳадиси шарифда айтилганидек, хатми Қуръондан кейинги дуо ижобат. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни хатм қилса, унинг дуоси ижобатдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Қуръонни хатм қилсалар, оиласини тўплаб, дуога “омин” деб туришларини буюрар эдилар. Саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ҳар гал хатм қилганида оила аъзоларини жамлаб, биргалашиб жамоавий дуо қилар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос Қуръон ўқийдиган қориларни суриштириб, қачон хатм қилишини сўраб олар экан. Хатм қиладиган куни бориб, дуосига шерик бўлар эканлар.
Шундай экан фурсатни ғанимат билиб, барчамиз оила-аъзоларимиз билан биргаликда ушбу хатми Қуръон дуосига “омин” деб турсак, барча қилинган дуолар айни дамда бизнинг ҳақимизда ҳам битилади, инша Аллоҳ.
Қадр кечаси муборак бўлсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Рамазон ойининг безаги бўлмиш Қуръони каримни хатм қилиш ўлкамизда гўзал анъанага айланган. Аллоҳнинг каломи қалбларга шифо, дилларига сурур, руҳларига қувват бағишлайди. Юртимизда шаҳри Рамазоннинг ҳар оқшомида Илоҳий калом садолари янграмоқда.

Шу йил 20 апрель кунидаги Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида онлайн Қуръони карим тиловатлари ташкил этилиши элимизни чексиз хурсанд қилди.

Улуғ ой давомида диёримизда энг хушовоз қорилар онлайн хатми Қуръонларни ўқидилар. Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали қорилар қироатларини юртимиз аҳли диққат билан тинглади.

Шундай онлайн хатми Қуръонларнинг якуни ва хатмона дуоси 2020 йил 19 май (Қадр кечаси) куни соат 22:15 да жонли эфирда узатилиши режалаштирилди. Хатмона тадбири интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали онлайн намойиш этилади. Шунингдек, ушбу тадбир “Uzreport” телеканалида тўғридан-тўғри, қолган каналларда эса ёзиб олинган ҳолда эфирга берилади.

Мана шундай хатми Қуръонлар файзу баракасидан бутун дунёга, хусусан, юртимизга қут-барака инсин, балою офатлар даф бўлсин, деб илтижолар қиламиз.

Қадр кечасидаги онлайн Қуръон хатмонасига марҳабо, азиз юртдошлар!

 

MuslimTV - https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ

Uzreport - https://uzreport.news/live

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Неділя, 17 май 2020 00:00

Рўзанинг тарихи (Танловга)

Рўза биздан аввалги умматларга ҳам фарз бўлган ибодатдир. Бир умматдан иккинчи умматга ўтиб келган. Фақат рўза тутиш ҳолатлари турлича бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُون))

   Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.

(Бақара сураси 183-оят)

Яҳудийларга ҳам Аллоҳ таоло рўзани фарз қилди. Улар ўзларининг йиллари ҳисобидаги еттинчи ойнинг ўнинчи куни рўза тутишлари керак бўлган. Бу рўза «Тисро» деб номланган. Яҳудийлар тўқизинчи куннинг қуёши ботганидан ўнинчи куннинг қуёши ботгунига қадар рўза тутганлар. Улар ушбу кунни «Каббур» деб номлашган бўлиб, шу кунда тутилган рўза уларнинг гуноҳларига каффорот ҳисобланган.

Сўнгра яҳудийларнинг аҳборлари (олимлари) яна бошқа тўрт кунда рўза тутишликни ўзларининг шариатларига киргазишган. У кунлар ўзларининг ойлари ҳисоби бўйича тўртинчи, бешинчи, еттинчи ва ўнинчи ойларнинг биринчи куни бўлган.

Бундан ташқари ашуро куни рўзаси каби нафл рўзаларни ҳам тутганлар.

"Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийлар Ашуро (Муҳаррам ойининг 10-куни)да рўза тутганларини кўрдилар. Улар: "Бу- Аллоҳ таоло Мусо  билан Бани Исроилни душманлардан кутқарган муборак кун, шунинг учун Мусо бу кунда рўза тутганлар", дейишди. Шунда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман", дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар.

Насоролар ҳам яҳудийларнинг рўзаларини тутишган.

Насороларнинг роҳиблари Исо алайҳиссаломга иқтидоан йилда қирқ кундан рўза тутишарди. Исо алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилишларидан олдин қирқ кун рўза тутган эканлар. Аммо роҳиблар рўза тутган кунлари бутунлай таом ва шаробдан тийилишмасди, балки кундузи бир марта енгил таомланиш мумкин бўлган. Кучли овқатлар ва ичимликлар тановул қилишмаган.

Табарий тафсири муаллифи айтади: "Насронийларга рўза фарз қилинди. Уларга уйқуга кетганларидан сўнг ейиш ва ичиш таъқиқланди. Шунингдек, рўза ойида аёлларга уйланишдан ман қилиндилар. Замонлар ўтди, уларга фарз қилинган рўза ойнинг иссиқ кунларига тўғри келиб қолди. Шунда ўзларича рўза кунларини ҳаво мўътадил бўладиган вақтга, яъни қиш ва ёз фасллари орасидаги вақтга ўзгартириб олишди. Ва: "Бунинг учун яна ўн кун қўшиб тутиб берамиз", дейишди. Йилда эллик кундан рўза тутадиган бўлдилар.

Ибн Касир тафсирида: "Аввалги умматлар Нуҳ алайҳиссалом даврларидан бошлаб ҳар ойда уч кундан рўза тутганлар. Ушбу рўза рамазон рўзаси билан насх бўлган", дейилади.

Жоҳилият даврида ҳам маккаликлар ашуро рўзасини тутганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

"Қурайшликлар ашуро кунида рўза тутардилар. Нубувват юборилишидан аввал Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ушбу куни рўза тутардилар. Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин ҳам ашуро рўзасини тутдилар ва саҳобаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз қилингач, ашуро рўзасинини тарк қилдилар. Ким хоҳласа у куни рўза тутарди, хоҳламаса тутмас эди".

Сўнг Аллоҳ таоло мусулмонларга рамазон рўзасини фарз қилди.

Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.

(Бақара сураси 183-оят)

Ҳозирги рўза илк фарз бўлган пайтидаги рўзадан фарқ қилади.

Бошида рамазон ойи кечаларида ейиш, ичиш ва яқинлик қилиш рўза тутувчининг ушбу кечада ухлаб қолмаслиги ва хуфтон намозини ўқимай

туришлиги шарти билан мумкин бўлган. Агар кимдир ухлаб қолса, ёки ҳуфтонни ўқиб олса у кечада энди унга таомланиш ва ичимлик истеъмол қилиш каби амаллар мумкин бўлмай қоларди. Энди у эртаси куни ифторлик вақтигача кутиши керак бўларди.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

"Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бирортаси рўзадор ҳолда ифторга келсаю, лекин ифтор қилмай, ухлаб қолса, то эртаси куни кун ботгунча унга ейиш ҳам, ичиш ҳам, аёли билан яқинлик ҳам мумкин эмас эди (Рамазон рўзасини тутиш фарз бўлган дастлабки даврларда шундай эди).

Қайс ибн Сармат ал-Ансорий деган саҳоба рўзадор эдилар. Ифтор вақти бўлганда

хотинларининг олдига келиб, "Егани бирор нарсанг борми?", деб сўрадилар. Хотинлари: "Йўқ, лекин сиз учун бирон егулик топиб келаман", деди. Лекин, куни билан ишлаганликлари сабабли, чарчаб, кўзлари уйқуга кетди. Хотинлари келиб қарасалар, ифтор қилмай ухлаб қолибдилар. Шунда хотинлари: "Ифтордан маҳрум бўлибсизку!" дедилар.

Қайс ибн Сармат эртасига ҳам рўзани давом эттирдилар. Кун ярим бўлган пайтда очликдан ҳушдан кетиб қолдилар. Кейин, бу воэани Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб беришди. Шунда, "Сизларга Рамазон кечасида хотинлар билан жинсий алоқа этишлик ҳалол қилинди" деган оят нозил бўлди. Бундан саҳобалар жуда хурсанд бўлдилар. Сўнг, "Оқ ипни қора ипдан ажратадиган бўлгунча (яъни, тонг ёришай дегунча) еб-ичинглар!" деган оят ҳам нозил бўлди".

Шундан сўнг Аллоҳ таоло мўминларга енгиллик қилиб, эрталаб саҳарликдан то қуёш ботгунгача рўза тутишликка, ифторлик қилган сўнг то оғизларини ёпгунларича ейиш, ичиш ва бошқа ишларни ҳалол қилиб берди. Мана шу амрлар билан олдинги барча фарз қилинган рўзалар бекор қилинди. Фақат рамазон ойидаги ўттиз кунлик рўза фарз, қолган кунлардаги эса ихтиёрий рўза бўлди.

 

Маннобжонова Робия

Рамазон ойи инсонларга қарата нидо қилади: "Эй яхшилик талабида юрган банда, шошил, Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати ва дўзаҳдан озод қилишидан ҳаммадан ўзиб кет. Насфинга қарши Раҳмон зотнинг ризосига етиш учун кураш. Эй ёмонлик талабидаги банда, бу ишингни тўхтат, маъсиятлардан тийил. Аллоҳ таолога тавба қил. Мана шу ойда Аллоҳ таолога қарши бўлишни бас қил!".

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Рамазон ойининг биринчи кечасида шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади. Жаҳаннам эшиклари ёпилади, бирорта эшиги ҳам очиқ қолмайди. Жаннат эшиклари очилади, бирорта эшик ҳам ёпиқ қолиб кетмайди. Бир нидо қилувчи: "Эй яхшилик талабидаги (банда) шошил, эй ёмонлик талабидаги (банда) бас қил!", деб нидо қилади", дедилар.

Ҳақиқий рўза соҳибини савобли ишларга чорлайди, унга яхшиликларни чиройли қилиб кўрсатади. Уни маъсият ва гуноҳлардан узоқлаштиради. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рамазонга етиша туриб, мағфират қилинмай қолган банданинг бурни ерга ишқалансин", дедилар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки ёлғон, бўҳтон сўзни ва унга амал этишни тарк этмаса, унинг емай-ичмай тутган рўзасига Аллоҳнинг ҳожати йўқ", дедилар.

Баъзи салафи солиҳлар: "Энг осон рўза фақат ейиш ва ичишдан тийилишдир. Чунки буни ҳамма қила олади".

Қалбни Аллоҳга боғлаш, тилни ғийбат, бўхтон ва ёлғондан тийиш, қулоқни бекорчи куй-қўшиқ ва бировлар ҳақида айтилган турли гапларни эшитишишган сақлаш, тилни гуноҳ ва фоҳиша сўзларни айтишдан асраш, қўлларни ҳаромни ушлаш ва мусулмонларга азият беришдан асраш, оёқларни ҳаромга боришдан асраш ила тутилган рўза Аллоҳ таоло Ўзининг каломида сифатлаган тақвога етиш учун бир васила бўлади.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

   "Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз".

Демак, оятда талаб қилинган тақводорликка юқорида санаб ўтган амаллар ила етамиз.

Рамазон ойида мўмин банда учун нафсида икки нарса жамланади. Биринчи, кундузи рўза билан жиҳод қилишлик. Иккинчиси, кечаси "қиёмул лайл" билан жиҳод қилишлик. Кимдаки мана шу икки жиҳодни жамласа, ҳақларини адо қилса ва қийинчиликларига сабр қилса, унга беҳисоб ажр-ҳасанот ёзилади.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Одам боласининг барча амали ўзи учун. У амаллари учун ўнтадан етмиштагача ажр олади. Аллоҳ таоло айтади: "Рўза мен учундир. Уни ажрини ўзим белгилайман"".

Кимга Аллоҳ таоло раҳм қилса у раҳм қилинганлардан бўлибди. Ким рамазондаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, у барча яхшиликлардан маҳрум бўлибти. Ким охират учун ҳеч нарса ғамлаб олмаган бўлса, у маломатга учраганлардан бўлибди.

Аллоҳ таоло ҳар куни жаҳаннамдан бандаларини озод қилади.

Биз ҳам улардан бўла оламизми?!

 

Маннобжонова Робия

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top