www.muslimuz

www.muslimuz

П'ятниця, 28 февраль 2020 00:00

Бой борича, йўқ ҳолича

«Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ)дан бошқа нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур» (Талоқ сураси, 7-оят).

“Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин”. Аллоҳ таоло ҳалол қилган озиқ-овқат, ичимлик, кийим-кечак, тураржой ва молини ҳар бир ҳақдорга бериши “инфоқ” (яъни, нафақа) де­йилади. .

Муфассирлар ояти каримани бундай тафсир қилишади: «Эр аёли ва ёш фарзандига бойлигининг миқдорига қараб нафақа бериши лозим. Агар эр бой бўлса, нафақа қилишда кенгчилик қилади. Камбағал бўлса, ўз ҳола­тидан келиб чиқиб нафақа беради” (Тафсири Қуртубий).

Муовия розияллоҳу анҳу: “Ё Расу­луллоҳ! Бизда хотинларимизнинг қан­­дай ҳақи бор?” деб сўраганда, у зот алайҳиссалом: “Таомлансанг, уни ҳам овқатлантирасан. Ки­йинсанг, уни ҳам кийинтирасан”, (Имом Аҳ­мад ривояти) деб жа­воб бердилар.

Ҳанафий ва шофиъий мазҳабла­ри­да ҳар олти ойда, яъни йилда икки марта бир сидра янги кийим олиб берилиши мустаҳаб саналади.

“Кимнинг ризқи танг қилинган (кам­бағал) бўлса”. Ким фақир бўлса, Аллоҳ таоло унга берган бойлигига яраша нафақа бер­син. Парвардигор ҳеч бир кишини унга ато этганидан ортиғига буюрмайди.

“Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!” Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч киши. Улардан бирида ўн динор бў­либ, ўшандан бир динорни садақа қилди. Иккинчисида ўн уқия (1 уқия 12 дирҳамга тенг) пул бор. Ундан бир уқияни садақа қилди. Учинчисида юз уқия бўлиб, ундан ўн уқияни садақа қилди”, деб айтдилар. Кейин: “Улар ажр-савобда тенгдирлар. Ҳар бири молидан ўндан бирини садақа қилди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!” (Ибн Касир ривояти), деб таълим бердилар».

“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Иншироҳ сураси, 5–6-оятлар). Парвардигорнинг ваъдаси ҳақ. Унга асло хилоф қилмайди. “Аллоҳ танглик (камба­ғаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур” (Талоқ сураси, 7-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши аҳли оиласи олдига кирди ва уларнинг муҳтожлигини кўриб, даштга чиқиб кетди. У кетгач, аёли ўрнидан туриб қўл тегирмонини олди ва ун чиқаришга тайёрлади. Нон ёпиш учун тандирга олов ёқди. Кейин: “Ё Аллоҳ, бизни ризқлантир”, деб дуо қилди. Мана шу вақт лаган ун билан лиммо-лим бўлди. Тандир нон билан тўлди. Шу пайт эри уйга кириб келди ва: “Кетганимдан ке­йин бирон нарса келдими?” деб сўради. Аёли: “Раббимиздан келди”, деб айтди. Эр тегирмон­ни ва тандирни кўрди. Кейин эр кўрган-бил­ганлари ҳақида Набий алайҳиссаломга айтиб берди. У зот алайҳиссалом: “Агар уни (қўл тегирмонининг тошини) кўтармаганинг-да, қиёматга қадар (ун чиқариб) айланишдан тўхтамас эди”, деб марҳамат қилдилар (Ибн Касир ривояти).

“Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан ке­йин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур”. Аллоҳ таоло бандаларидан ўзи истаганига фазли ва марҳамати билан қийинчиликдан кейин енгиллик, тангликдан кейин кенг­лик, камбағалликдан кейин бойлик беради. Парвардигор Ўзи истаган бандасининг ризқини мўл қилади. Албатта, у бандаларининг ҳолидан хабардор ва кўриб турувчидир.

Абу Синон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳақида сўради. У зотга: “Абу Убайда дағал ки­йим кияди, фақирона овқат ейди”, де­йишди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу унга минг динор юборатуриб, хизматчига: “Пулни олгандан кейин нима қилишини кузат”, деб буюрди. (Абу Убайда розияллоҳу анҳу) пулни олгач, яхши кийим кийди ва таомнинг ҳам яхшисини еди. Хизматчи келиб Умар ибн Хаттобга шу ҳақда айтди. Мўминлар амири: “Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яра­ша) нафақа берсин!” (Талоқ сура­си, 7) оятини Абу Убайдага тиловат қилиб бергин”, деб айтди».

Тафсир китоблари асосида Тошкент ислом институти

ўқитувчиси Соатмурод ПРИМОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан

П'ятниця, 28 февраль 2020 00:00

Иллатларнинг илдизи илмсизликда

Ургут тумани бош имом-хатиби

Шоди домла ҲАҚБЕРДИЕВ билан суҳбат

– Ассалому алайкум, дом­ла. Суҳба­тимизни инсон ҳаё­тидаги муҳим сана ва ҳоди­саларнинг нишонланиши ҳа­­қидаги саволдан бошласак. Ма­­салан, ҳозир чақалоқни туғу­руқ­хонадан уйга олиб ке­лиш ҳам катта маросимга ай­ланиб боряпти. Ҳатто бо­ланинг мактабга чиқишини карнай-сурнай, қиммат машина иштирокида ўтказиш ҳолатига гувоҳ бўлдик. Буларга динимиз нима дейди?

– Раҳматли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Ижтимоий одоблар” китобида бундай ёзади: «Уламоларимиз маросимлар ҳақида келган шаръий қоидаларни батафсил ўрганиб ва таҳлил қилиб бўл­ганларидан ке­йин, қайси маросимлар шариатда борлигини белгилаб беришган. Масалан, “Ал-инсоф” китобида “Одамларни чорлаб, маросим қилиб бериладиган таомлар ўнтадир”, дейилган…” Сўнг керакли шарҳлар берилган: “валийма” – келин тушириш (никоҳ тўйи), “азийра” – хатна маросими, “хурса” – бола туғилиши ила ўтказиладиган маросим, “ва­кийра” – янги уй-бино муносабати ила, “на­қийя” – бировнинг ғойиб бўлганидан кейин сафардан қайтиб келиши, “ақийқа” – бола етти кунлик бўлганда, “вазийма” – мотам муносабати билан, “маъдаба” – оддий, алоҳида сабабсиз зиёфат, “ҳизоқ” – Қуръонни ёдлаб бўлиш муносабати билан, “туҳфа” – бирор киши шарафига қилинадиган маросим, шунингдек, бало-офатдан қутулгани шукронасига эҳсон қилиш, катта муваффақиятга ва ютуққа эришгани шукронасига уюштириладиган маросимлар ҳақида маълумотлар келтирилган».

Шу китобда булардан фа­қат “валийма” – никоҳ тўйидан бошқа барчаси мустаҳабдир, истаган қилади, истамаган йўқ, деб таъкидланган. Китобда мазкур маросимларни амалга оширишда нималарга риоя қилиш кераклиги ҳақида ҳам аниқ кўрсатмалар берилган. Шуни эътиборда тутиш лозимки, “Исломда ёр-биродарларни бир дастурхон устига жамлаш мустаҳаб амаллардан. Унда яхшилик ва барака бордир…” “Шу билан бирга, маросимларда шариат кўрсатган чегарадан чиқишнинг зарари бор” (ўша китоб, 107-бет).

Сиз айтаётган ҳолатлар эса юмшоқ қилиб айтганда – исроф. Мусулмон киши ҳаётдаги ҳар бир хатти-ҳаракатида, ҳар қандай вазиятда Аллоҳ таолонинг ризолигини ўйлаб иш тутиши зарур.

– Кўп йиллардан буён имомлик вазифа­сида ишлаб келмоқдасиз. Халқ орасида тарқалган баъзи хурофотлар, бидъат маросим­ларга ҳануз гувоҳ бўляпмиз. Тажри­бангиздан келиб чиқиб айтинг­-чи, бундай ишлар авваллари кўпмиди ё кейинги пайтларда урчидими?

– Одамлар орасида ҳануз сақланиб келаётган иллатларнинг барчаси илмсизликдан. Айниқса, хотин-қизлар орасида бундай маросимлар оз эмас. Яшаш шароитларимиз тобора яхшилангани сари ортиқча орзу-ҳавасларга берилиш ҳам, афсуски, кучайиб кетмоқда. Алҳамдулиллаҳ, кейинги йилларда диний идорамиз масъул ходимлари, имом-хатиблар ҳаракатлари билан тўй-маърака ва бошқа маросимлардаги нолойиқ ҳолатларга барҳам бе­рилмоқда. .

– Ҳаж зиёрати­дан келган ҳожини дабдабали кутиб олиш, пойига кийим, гилам ёки шунга ўхшаш нарса ёзиб, устига чиқиб беринг, дейиш урф бўлган. Шунингдек, ҳожилар орасида “ҳожи оши”, “ҳожи гапи” каби йиғинлар оммалашган. Булар ҳаж ибодатини бажариб келган кишини ноқулай аҳволга солиб қўймайдими?

Ҳожиларимиз имкон борича бундай ҳо­латлардан ўзларини сақлашлари, бошқалар шунга интилганда, “Йўқ, маъзур тутинглар, Аллоҳ насиб этиб, покланиб келган бўлсам, энди мени номашруъ ишларга чорламанг”, деб бундай амаллардан сақланиши лозим.

Ҳожиларни сафарга кузатишдан аввал ҳаж комиссияси томонидан йиғилиш ўтка­зилиб, келганларидан кейинги дабдабали ҳолатларга йўл қўймаслик кераклиги тушунтирилади. Тарғиботларни янада давом эттирсак, жамиятимиздаги бу камчиликлар барҳам топиб, барча ишларимиз ўз изига тушиб кетади, иншоаллоҳ.

– Сўнгги пайтда аҳли сунна вал жамоа­нинг ақида ва маз­ҳаб имомлари йўлини хатога чи­қарадиганлар ҳам тез-тез учраб турибди. Бунинг сабаби нимада?

– Халқимиздаги: “Кўр тутга­нини қўй­майди, кар – эшитга­ни­­ни”, деган иборанинг ҳаё­ти­­миз­да кўп учрашига мисол­­­лар­дан бири бу. Донола­ри­мизда шундай ҳикмат бор: “Билиминг осмонга етган бўлса ҳам, бошқалар илмига қулоқ сол ҳар дам!” Эс-ҳуши жойида бўлган, ўз ҳола­ти ва даражасига кўра озми-кўп­ми тегишли билимлари бор одам асло бундай ножўя қилиқларга йўл қўймайди! Ақида ва мазҳаб имомларимиз йўлларини хато дейдиганлар Ислом дини моҳиятини тўғри ўрганмаган, қолаверса, кимларнингдир бузуқ ниятларини амалга оширишда ёрдам қилаётган кимсалардир.

– Ҳозир ижтимоий тар­моқлар ор­қали асоссиз гаплар тарқатиш, илм аҳлига маломат тошларини отиш ҳолатлари кузатиляпти. Ислом динида илм аҳлига нисбатан қандай муносабатда бўлиш талаб этилади?

– Интернет инсон имкониятларини ниҳоятда ошириб юборди. Илм олишни истовчилар учун унинг жуда осон ва қулай шароитлари бор. Хоҳлаган саволга жавобни интернет орқали осонгина топиш мумкин. Аммо, афсуски, у жавобларнинг ҳаммаси тўғрилигига кафолат йўқ. Шу боис интернетдан фойдаланишда ақллилик, ҳушёрлик жуда зарур. Берган саволингга жавоб кимдан келяпти, қандай манбага асосланган – буларни эътиборга олиш ниҳоятда зарур. Бошқалар билан ўзаро алоқага киришишу фикр алмашишда ҳам ақлли бўлинг, бузуқ ниятли кимсаларнинг алдовига учиб қолманг, деб доимо таъкидлаб туришга тўғри келмоқда.

Мўмин киши олим, қори ва бошқа илм аҳлларига нисбатан чиройли одоб сақлаши лозим. Чунки бу Қуръонга, ҳадисга – илмга ҳурмат бўлади. Ҳадиси шарифда айтилганидек, илмли кишилар бу дунёда иззат-ҳурматли, охиратда, иншоаллоҳ, шарафли бўладилар.

– Динимизни ўрганишни ­истаган баъзи ёшларимиз ўзла­ри билмаган ҳолда айрим “раҳ­намо”ларга эргашиб кетганлари бор гап. Бундай адашишларнинг олдини олиш учун тажрибали, оқсоқол имом сифатида қандай тавсиялар бе­расиз?

– Ислом дини халқимизнинг қонига сингиб кетган. Биноба­рин, ёшларимиз намозга ёки Қуръон ўқиш, динимиз асосла­рини ўрганишга рағбат қилишлари табиий ҳол. Шундай ният­да бўлган ёшлар учун мас­лаҳатимиз шуки, бунинг учун улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларнинг жойлардаги имом-хатибларига ёки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтларига мурожаат қилишлари лозим. Шундагина улар барча масалаларда тўғри, ишончли жавобларга эга бў­лишади. .

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) таркибидаги муассасалардан бири – Таълим, фан ва маданият  масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) 2020 йилда Ўзбекистоннинг кўҳна ва боқий шаҳри – Бухорои шарифни Ислом маданиятининг пойтахти деб эълон қилди.

Курраи заминда шаҳарлар жуда кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўз халқи учун азиз ва мўътабар. Аммо ер юзида шариф шаҳарлар саноқли. Ана шундай шарифлик мақомига эга бўлган, “Илм маскани”, “Зебу зийнат шаҳри”, “Фахрли шаҳар”, “Очиқ шаҳар”, деган маънони англатувчи – Бухорои шариф яккаю ягонадир.

 Археологик маълумотларга кўра, Бухорога милоддан аввалги 1-минг йиллик ўрталарида асос солинган. Унинг номи илк ўрта аср Хитой манбаларида Ан, Анси, Анго, Бухо, Буку, Бухэ, Бухаэр, Бухуаэр, Бухала, Бухуала, Фухо, Пухуала ва бошқа номлар билан аталган. Бу атамалардан аввалги учтаси Бухоронинг хитойча номлари бўлиб, қолгани “Бухоро” сўзининг хитой тилидаги талаффузидир. Ўрта аср араб манбаларида эса Бухоро Нумижкат, Навмичкат, Бумичкат (Янги қўрғон), Ал-Мадина ас-суфрийя (Мис шаҳар), Мадинат ат-тужжор (Савдогарлар шаҳри), Фохира (Фахрли шаҳар) каби номлар билан тилга олинган.

“Бухоро” атамаси санскритча “вихора” сўзининг туркмўғулча шакли –  “бухор” (“ибодатхона”) дан келиб чиққан деб тахмин қилинган. Кейинги тадқиқотларда бу атама сўғдийча “буғ” ёки “баг” ҳамда “оро” (“жамол”) сўзларидан иборат деган фикр илгари сурилмоқда.

Саёҳатчилар кундаликларида Бухоро – “Шарқ Венецияси”, “Римнинг тенгдоши”, бухороликлар эса “Ўрта Осиёнинг парижликлари” каби номлар билан аталади.

XI аср бутун Ўрта Осиё шаҳарлари жуғрофияси ва тарихини тадқиқ этган Ёқут Ҳамавий “Мужъам ал булдон” асарида “Мовароуннаҳрнинг кўрки тўрт томонда жойлашган шаҳардир. Биринчиси, илму фазл манбаи бўлган Бухоро. Унинг тупроғи Рум ва Чин мамлакатларига фахрдир”, деб ёзади. XIII аср тарихчиси Ибн Муҳаммад Жувайний “Тарихи жаҳон кушой” китобида Бухоронинг фазилати ҳақида бундай дейди: “Бухоро машриқ шаҳарларидан бири бўлиб, “Қуббатул Исломдир”. У томонда, яъни Мовароуннаҳрда Мадинат ул-ислом (Мадина) ўрнида бўлиб, фуқароси фақиҳлар ва олимлар нури билан безалган. Бухоро қадимдан ҳар ерда ҳар қандай дин олимлари, аҳллари тўпланадиган жой бўлиб қолган”.

Бухоро мусулмон шарқи фан, маърифат ва илоҳиётнинг ривожланишига ҳам улкан ҳисса қўшиб, мумтоз ўрта асрлар мусулмон оламида IX асрда “Қуббат ул-ислом” (“Ислом динининг гумбази”) ва XIII асрда “Бухорои шариф” (“Шарофатли шаҳар”) номлари билан шуҳрат топган.

Қарийб ўттиз асрлик тарихга эга Бухоро бугун ҳам дунё халқлари томонидан иззат-икром, ҳурмат ва эҳтиром ила тилга олинади. Шарқ гавҳари, жаҳон мўъжизаси, нурли шаҳар, Марказий Осиё дурдонаси, Осиё жавоҳири номлари билан янада шуҳрат топиб, бой ўтмиши ва шонли келажаги боқий яшаб, тилларда достон бўлмоқда.

Шавкат БОБОЖОНОВ

ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан

П'ятниця, 28 февраль 2020 00:00

Ҳадя улашинг, ўзаро иноқ бўласиз

Ҳадя (совға) улашиш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарғиб қилган амаллардан биридир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Ҳадя кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатнинг мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ушбу амални адо этишга имкон қадар ҳаракат қилиши лозим. Мазкур амалнинг бир қанча одоблари бор:

Биринчи одоб – эзгу ният қилиш. Ҳадя берувчи аввало Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида бир кишининг кўнглини шод этишни ният қилиши керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, амалларнинг афзали қайси?” деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритишинг ёки ундан қарзини узишинг ёки унга таом беришинг”, дедилар  (Имом Табароний ривояти).

Иккинчи одоб – ҳадяни қавм-қариндош ва қўни-қўшнилардан бошлаш. Ҳадя беришни яқин кишилардан бошлаш лозим. Бу ўртадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга, жамият вакиллари орасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг маҳкам боғланишига хизмат қилади. Қўни-қўшнилар орасидан ҳам, аввало, ён қўшнилардан бошлаш афзалдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Қўшнисига яхши муомала қилган, унга кўмакчи бўлган киши комил имон эгаси бўлади. Кишининг яхши-ёмон кунларида доимо ёнида яшайдиган инсон ҳам унинг қўшнисидир.

Учинчи одоб – ҳадяни арзимас санашдан сақланиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирор кичик нарса бериб бўлса-да,  мусулмонларни ўзаро ҳадя улашишга тарғиб қилганлар: “Ўзаро ҳадя улашинглар, чунки ҳадя кўнгилдаги норозилик туйғусини кетказади. Бирор аёл ҳам қўшни аёлга қўй туёғининг ярмини бўлса ҳам (ҳадя қилишни) ҳаргиз арзимас санамасин” (Имом Темизий ривояти).

Ҳадя берувчи ҳам, уни олувчи ҳам ҳадяни асло арзимас санамаслиги лозим. Шунингдек, ҳадяни ёки берувчисини камситадиган гапларни ҳазиллашиб гапиришдан ҳам қатъий тийилиш керак. Чунки бундай ноўрин ҳазил кишилар орасини бузиш учун шайтонга имконият эшигини очади.

Тўртинчи одоб – ҳадяни қайтармаслик. Ҳадяни қабул қилиш дўстлик рамзи ва ҳадя берувчини ҳурматлаш белгисидир. Ҳадяни қабул қилмай  қайтариш эса берилган ҳадяни ёқтирмаслик ёки ҳадя берувчини камситиш каби маъноларни ифодалайди. Бу эса ўртада совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳадяни қайтарманглар ва чақирувчининг чақирувини қабул қилинглар ва мусулмонларни урманглар”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Аммо ҳадяни қабул қилмаслик жоиз бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан, ҳадя пора ўрнида ёки берилган ҳадядан кўпроғини “ундириш” ёки бошқа бирор ғаразли ниятни амалга ошириш илинжида берилса, бундай ҳадяни қабул қилмаслик талаб этилади.

Бешинчи одоб – ҳадя берувчини тақдирлаш. Ҳадя олган киши ҳадя берувчига ташаккур айтиб, уни мукофотлаши ҳам суннат амал. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадяни қабул қилар эдилар ва унга кўра тақдирлар эдилар” (Имом Термизий ривояти).

Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадя берувчини берган ҳадясидан афзали билан ёки ўшанинг мислидек нарса билан тақдирлаганлар.

Олтинчи одоб – ҳадяни муносиб вақтда бериш. Ҳайит байрамлари сингари муборак кунларда ҳадя бериш ундан кўзланган мақсаднинг  самаралари янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Шунга кўра, ана шундай улуғ кунларда яқинларни ҳадя билан севинтириш афзал саналади. Ҳадя беришни ота-она ва устозлардан бошлаш ҳам ҳадя одобига киради.

Еттинчи одоб – муносиб ҳадя танлаш. Муносиб ҳадя танлаб бериш ҳам муҳимдир. Шу маънода кимгадир кийим-кечак, кимгадир китоб ва бошқа  нарсаларни ҳадя қилинадиган кишининг табиатига қараб, у яхши кўрадиганини танлашга ҳаракат қилиш лозим.

Саккизинчи одоб – ҳадяни миннат қилмаслик. Ҳадя берувчи ҳадясини миннат қилмаслиги вожиб. Чунки миннат қилиш ҳадянинг савобини йўқ қилади. Аллоҳнинг наздида қабул қилинмайди, балки унинг савобини кетказиб, азобга дучор этади.
Аллоҳ таоло садақа қилувчиларга буюради: “Эй имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!”(Бақара сураси, 264-оят).

Ушбу буйруқ садақа қилувчиларга қарата айтилган бўлса-да, ҳеч шубҳасиз, ҳадя қилувчиларга ҳам тааллуқлидир.

Абдулқодир АБДУР РАҲИМ

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан

П'ятниця, 28 февраль 2020 00:00

БУЮК ФАҚИҲ

Имом Маждуддин ал-Уструшаний таваллудининг 840 йиллигига
 
Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Имом Бухорий, ал-Хоразмий, ат-Термизий, ал-Беруний, Ибн Сино, Марғиноний, Мотуридий, Замахшарий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Зангиота, Насафий, Қаффол Шоший сингари улуғ сиймоларимизни бугун дунё танийди, тан олади. Уларнинг бебаҳо асарлари жаҳоннинг йирик университетлари дарсликларига киритилган. Илмий-маънавий меросига қизиқиш йилдан-йилга ошиб бормоқда. 
 
Мусулмон оламида маълум ва машҳур бўлган яна бир буюк зот бор. У улуғ бобокалонимиз Имом Маждуддин ал-Уструшаний! Жорий йилда илмий жамоатчилик, қатор мусулмон мамлакатлари ушбу аждодимизнинг 840 ёшини нишонлайди. Хўш, бу зот ким эди? 
 
Яқин яқингача аллома номи кўпчилик юртдошларимиз учун нотаниш эди. Чунки ҳаёти ва мероси ҳақидаги маълумотлар етарли бўлмаган. Асарлари чуқур ўрганилмаган. Ниҳоят бу хайрли ишга “Қуръони карим. Маъноларининг таржима ва тафсири”дек ноёб асарни халқимизга туҳфа қилган атоқли шарқшунос ва исломшунос олим Шайх Абдулазиз Мансур бошчилигида ёш тадқиқотчи олим, тарих фанлари номзоди Муслим Атаев қўл урди. У узоқ йиллар давомида фақиҳ ал-Уструшаний яшаган давр манбаларини чуқур ўрганди, уларни ўзаро қиёсий таҳлилдан ўтказиб, тадқиқ этди. Якунда тарихий маълумотларни тартибга солиб тизимлаштирди. Шунингдек, XII аср охири ва XIII аср биринчи ярми ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари, маданияти, илму маърифатини ўрганиб, илмий хулосаларини эълон қилди. Шу тариқа “Маждуддин ал-Уструшанийнинг Мовароуннаҳр фиқҳ илми тарихида тутган ўрни” мавзуидаги номзодлик диссертацияси муваффақиятли ёқланди.
 
Ушбу тадқиқот орқали Жиззах воҳаси уламолари ҳам ақлу зако, илму маърифат бобида ислом дунёсининг пешқадам олимлари билан бўйлаша оладиган даражада бўлгани аниқланди. Шулардан энг етуги сифатида Мавлоно Маждуддин ал-Уструшаний, Соҳиби фусул тахаллуслари билан дунёда машҳур аллома Имом Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Маждуддин ал-Уструшаний номи тилга олинади. 
 
XII аср охири ва XIII аср биринчи ярмида Мовароуннаҳрнинг Уструшана воҳасида таваллуд топиб, устози Бурҳониддин Марғинонийнинг маънавий хазинасидан чуқур баҳраманд бўлган аллома кейинчалик оиласи билан Самарқандга кўчиб ўтади ва назарий-илмий жиҳатдан юксак асарлар яратиб, фиқҳшунослик илмига беқиёс ҳисса қўшади. 
 
Тадқиқот жараёнида Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалар орасида Имом Маждуддин Уструшанийнинг ҳамон илмий жамоатчик эътиборидан четда қолиб келаётган, ҳанузгача ҳеч бир табақот жанрига оид асарларда қайд этилмаган “ал-Асъила ва-л-ажвиба” (“Саволлар ва жавоблар”) асари мавжудлиги аниқланди. Ушбу рисола аллома ҳаёти ҳақида тамомила янги маълумотларни тақдим этди. Аммо олим ҳақидаги айрим фикр-мулоҳазалар анча ойдинлашган бўлса-да, ҳали баъзи чигалликлар ўз ечимини кутарди. Масалан, мавжуд манба ва тадқиқотларда Имом Маждуддин ал-Уструшаний 632/1234-35 йилда вафот этган, деб қайд этилиб, туғилган йили эса зикр этилмаган эди. Бироқ унинг таваллуд йилини аниқлаш вазифаси турарди. 
 
Тадқиқотчи “Ал-Асъила ва-л-ажвиба” асари хотимасида олимнинг ўзи ёзиб қолдирган қуйидаги жумлага қаратди: “...Лекин кунлар 60 ёшли оқсоқ кампир сингари ўз ёпинчиғига ўраниб, мендан юз ўгириб кетди. ...Китобни тамомлаш тонги ҳижрий 637 сананинг зу-л-қаъда ойининг олтинчи куни пешиндан олдинроқ ёришди”. Мазкур ёзувга таянилса, олим ҳижрий 637/1240 йил 28 майда ҳали ҳаёт, ёши эса 60 да, туғилган санаси 577/1180 йил атрофида деган хулоса чиқади.
 
Бу далил биринчидан, бошқа манбалардаги Имом Маждуддин ал-Уструшаний 632/1234-35 йилда вафот қилгани тўғрисидаги маълумот нотўғрилигини, иккинчидан улуғ фақиҳ омонатини 637/1240 йилдан сўнг топширганини асослайди. Оддий ҳисоб-китоблар ёрдамида алломанинг туғилган санаси 577/1180 йил экани аниқланди. Бундан, 2020 йилда “Китоб ал-фусул”, “Жомиъ аҳком ас-сиғор”, “ал-Фатово”, “ал-Қуруд ва-д-дуюн” ва “ал-Асъила ва-л-ажвиба” каби асарлар қолдирган бобокалонимиз Имом Маждуддин Уструшаний ҳазратлари 840 ёшга тўлади, деган хулоса чиқади. 
Мутафаккирнинг барча илмий-маънавий мероси Мовароуннаҳр, хусусан, Уструшана аҳолиси мўғул истилочилари оёқлари остида хўрланган, битмас жароҳатлар олиб оғир мусибатларга учраган, масжид ва мадрасалари ёқилган, кўпчилик уламолар ўз Ватанини ташлаб ўзга юртларга бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган машъум даврда ёзилгани маълум бўлди. Масалан, “Китоб ал-фусул” ўз даврига оид энг кўп маълумотларни ўзида мужассам фиқҳий асар бўлиб, ўз замонасининг қозилари ва муфтийлари ишини ислоҳ қилиш ва уларга илмий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш, амалиётдаги ишларини енгиллаштириш мақсадида юздан ортиқ машҳур мужтаҳид ва фақиҳларнинг асарларидан танқидий фойдаланган ҳолда китобот ҳолига келтирилган. Ушбу асарнинг ўнта қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, улардан тўрттаси Тошкентда, қолганлари Миср, Туркия, Россия, Ҳиндистоннинг қўлёзма фондларида сақланмоқда. 
 
Болалар ҳуқуқларига доир “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари ҳам жаҳон цивилизациялар тарихида биринчи ва ягона изоҳли ҳуқуқий қўлланма сифатида мусулмон мамлакатларида кенг тарқалган ва бугунгача истеъмолда. Зеро, мусулмон оламида Имом Уструшанийдан олдин ҳам, кейин ҳам болалар ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли фиқҳий асар ёзилмади. Унда ҳанафий мазҳаби бўйича ёш болаларга тааллуқли фиқҳга оид тарқоқ ҳолда берилган юзга яқин манбалардан олинган 1280 та фатво келтирилган. Болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳимояси вазиятга қараб дастлаб ота-онаси, улар бўлмаса, яқин қариндоши, улар ҳам бўлмаса, теварак-атрофда яшаётган муомала лаёқатига эга кишилар зиммасига адо этиш вожиб амаллар сифатида юклатилган. Ушбу ҳақларга унинг насаби аниқ бўлиши, эмизилиши, кимнингдир ҳомийлиги, сўнг валийлиги остида бўлиши, нафақа билан таъминланиши ва гўзал таълим-тарбия олиши каби шартлар кирган.
 
Ислом дини болалар ҳуқуқларини улар туғилмасиданоқ муҳофаза қилади. Бунга ажрашган ёки эри вафот этган аёлларга идда сақлаш шарт қилинганини мисол қилиб келтириш мумкин. Бундан мақсад, ҳомиладор аёл қорнидаги боланинг насабини аниқ билишдир. Эри вафот қилган аёлнинг иддаси тўрт ойю ўн кун бўлса, талоқ қилинган аёлнинг иддаси эса уч ойдир. Боланинг насаби аниқ бўлиши унинг энг биринчи ҳақидир. Шу билан бирга, туғилмаган болада ҳам мерос олиш ҳуқуқи бор. Бу ислом шариатида туғилмаган бола ҳам ижтимоий таъминланганига яна бир яққол мисол бўла олади. 
“Жомеъ аҳком ас-сиғор”даги шаръий ҳукм ва фатволар узоқ асрлар синовидан ўтган бўлиб, у ота-она ва болаларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифаларини танитишда ажойиб дурдона асар сифатида қадрлидир. Чунки ноҳақлик ва тажовузкорликнинг ўз вақтида олди олинмаса, бора-бора ундан бошқа иллатлар урчийди. Бундан дастлаб ота-оналарнинг ўзи катта азият чекиб, бир умр боши эгик ҳолда яшаб ўтишлари ҳаётимизда кўплаб учрайди.
 
Ислом ҳуқуқшунослиги асосида битилган ушбу асарда болалар ҳуқуқлари бўйича келиб чиқадиган муаммолар одилона ҳал қилиниб, ижтимоий ҳаётда болаларнинг хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб саволлар муҳокама қилинган. Унда ушбу соҳада ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари учун жуда кўп аниқ далил ва кўрсатмалар берилган. Асар ислом ҳуқуқининг энг муҳим ва мукаммал тизимларини ўзида мужассам этиб, салкам саккиз асрдан бери ўзининг ҳаётийлигини исботлаб келаётир. Уни ҳар томонлама чуқур ўрганиш бизга диёримиздаги диний ҳуқуқ тизимининг муҳим масалалари ҳақида қимматли маълумотлар беради. Ғарб олимлари мазкур асарни “Мовароуннаҳрда яратилган болалар конвенцияси”, “Болалар ҳуқуқлари бўйича Биль” деб атаганларининг ўзиёқ бизга ғурур ва фахр бағишлайди. 
 
Қирқ фаслдан иборат “Ал-Фатово” фиқҳий асарида кундалик ҳаётда учрайдиган масалаларнинг ҳадиси шарифлар, мужтаҳид ва мутасаввифларнинг сўзлари билан изоҳланган фиқҳий ҳукмлари содда ва тушунарли услубда, қисқа жумлалар билан ёритилган бўлса, “Ал-Асъила ва-л-ажвиба”, яъни “Саволлар ва жавоблар” деб номланган асарда XII асрнинг иккинчи ярми ва XIII аср бошида Мовароуннаҳрдаги ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт, халқларнинг урф-одатига оид қимматли маълумотлар, ислом оламида шуҳрат қозонган юздан ортиқ фақиҳ ва мужтаҳидларнинг етмишдан ортиқ энг машҳур фиқҳий асарлардан саралаб олиб, нақл қилган фатволари келтирилган. 
 
“Қуррат ал-айнайн фи ислоҳ ад-дорайн”, яъни “Икки дунё саодати учун кўз қувончи” деб номланган асарнинг ягона қўлёзма нусхаси Миср Миллий кутубхонасида I/340 рақам остида сақланади. Алломанинг “ал-Асъила ва-л-ажвиба” китобида қайд этилган “ал-Қуруд ва-д-дуюн”, яъни “Қарз турлари” номли, пул, молия, банкларда кредит бериш ва олиш масалаларига доир асарининг қўлёзма нусхаси ҳали топилмаган.
 
Олимнинг бобоси Маждуддин ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний ўз замонасида ҳурматли фақиҳлардан, отаси Маҳмуд ибн Маждуддин ал-Уструшаний “Жалолуддин” (“Диннинг улуғи”) деган шарафли унвонга сазовор бўлган зотлардан, амакиси Бурҳонуддин Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшанийдек “Китоб ал-фатово” номли фиқҳий асар таълиф этиб, зиё тарқатиб келганини инобатга оладиган бўлсак, Имом Уструшанийнинг илмий дунёқараши шаклланишида улуғ фақиҳлар сулоласи ҳамда пок оилавий муҳитнинг аҳамияти бениҳоя салмоқли бўлганини илғаб олиш мушкул эмас.
 
Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган Уструшана (маъноси – Устиравшан, Устиойдин, Ёруғмакон, Нурмакон) таркибига Жиззах воҳаси ҳам киргани маълум. Тарихий манбаларда Уструшананинг маркази — Бунжикетда Уструшана афшини (ҳокими) қароргоҳи, шаҳар ташқарисида қасрлар, боғлар, узумзор ва экинзорлар жойлашгани ҳақида маълумотлар учрайди. Шаҳар атрофи хандақлар билан ўралган. Зомин, Миросманда, Нужкет ва Каҳалбоз деган тўрт дарвозаси бўлган Бунжикет Самарқанддан Жиззах тарафга олти фарсах (60-65 км) масофада жойлашган. Эркак аҳолиси 20 минг кишини ташкил этган. Қадимий шаҳарнинг бугунги кундаги ўрни Жиззах ва Ғаллаорол ўртасида деб тахмин қилинади, археологларнинг мавзу юзасидан олиб борган тадқиқотлари бу масалага ойдинлик киритган бўлар эди. 
 
Бункижетни Истаравшан ёки Шаҳристоннинг қадимий номи деб қараш, Имом Устурушанийнинг ўз қўли билан ёзган асарларига мос келмайди, дейди биз билан суҳбатда Муслим Атаев. Айнан шу олимнинг “Жиззах алломалари” китоби айнан бундан қарийб уч минг йил аввалги тарих китобларида ҳам эътироф этилган Устурушана, қўйингки, Жиззах воҳасида яшаб ўтган ва бугунги кунгача номлари номаълум бўлган юздан ортиқ илмпеша уламолар, шоирлар ва адиблар ҳаёти, уларнинг мероси, илмий ва бадиий ижоди, қолаверса, минтақанинг шаҳар ва қишлоқлари таърифига бағишлангани билан ажралиб туради. 
 
Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг зиёлилар, олимлар ва ваколатли идоралар раҳбарлари олдига қўйган вазифалар ижросини таъминлаб, Имом Устурушанийдек буюк зотнинг ҳаёти, илмий мероси ва аллома яшаган даврни ўрганиш, 840 йиллигини муносиб нишонлаш, унинг юртида зиёратгоҳ барпо этиб, “Зиёрат туризми” йўл харитасига киритиш, кўтарилган масалалар юзасидан илмий анжуманлар ўтказиш, бобокалонимизнинг табаррук номни абадийлаштириш, шу ерлик уламолар ва улар қолдирган бебаҳо асарларини тадқиқ этиш, ўзбек тилига таржима қилиб, нашр қилиш ниҳоятда долзарб ва шарафли ишдир. Зеро, ўзлигимизни англаш, буюк тарихимиздан ғурурланиш туйғуларини юксалтиришда айнан Устурушаний сингари боболаримизнинг ҳаёти ва асарлари доимо биз учун ибратдир. 
 
Муҳиддин ПОЛВОН, адиб
 ЎзА

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top