www.muslimuz

www.muslimuz

Понеділок, 03 февраль 2020 00:00

ФИРҚАЛАРГА БЎЛИНМАНГ!

 

Фирқалар ҳақида гапирар эканмиз, улар мусулмонлар ўртасини бузиш, улар орасида турли фитналарни тарқатишдир.

Минг афсуски, ҳеч ким қабул қилмаган бу оқимни диёримиздаги айрим илмсиз кишилар, Ислом динининг ҳақиқатидан беҳабар, мусулмончилигига бирон далил келтира оломайдиган ёшлар қабул қилдилар. Айрим ёшлар дин деб ўйлаб унга кириб кетдилар. Натижада мусулмонларнинг жамоаси бўлиниб қолди, бу бўлинишга мана шу фирқалар асосий сабабчи бўлди.

Аллоҳ таолор Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси, 103-оятида марҳамат қилиб:

«Ҳамангиз Аллоҳнинг  арқони (қуръони)ни –махкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг» деб бизни динимиздаги зарур ишга-иттифоқликка буюрган.

Мана шу оятда динимизнинг мохияти биз мусулмонларга аниқ баён қилиб берилди. Демак, Аллоҳ таоло бизни  аввало, барчамиз имкон қадар Қуръони карим кўрсатмасига амал қилган ҳолда, бирликда, ҳамжихатликда яшаб бормоғимизга, иккинчидан эса, фирқаларга бўлинмамасликка буюрди. Биз бу оятдаги «БЎЛИНМАНГ» деган буйруқни Ислом номини ниқоб қилиб олган биронта гурух ёки оқимга кирманглар, деб тушунамиз,

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 14 аср олдин:

«Менинг умматим 73 фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг ҳаммаси дўзахи бўлади фақат бир тоифасигина жаннати бўлади» - деганлар.

Яхши амаллар қилсак, ҳалол, пок бўлсак Ислом тараққий топаверади, мусулмончиликка хавас ортаверади.

Лекин, агар мусулмонлар турли фирқаларга бўлинсалар, уруш жанжал қилсалар мусулмонларнинг эмас балки Исломнинг шаънига доғ тушади. Ҳозир исломни ниқоби остида чиқаётган фирқаларнинг мақсади Исломнинг номини булғаш, ёшларни  шу фирқаларга киргизиб, йўлдан уришдир.

Минг афсуслар булсинки, улар ўзларини мақсадларига бир қадар эришмоқдалар. Аллоҳ таоло инсонларга динни уларни қийнаш ёки азоблаш учун эмас, балки дунёда Аллоҳни таниб, ҳалол ва пок ҳамда хотиржам ҳаёт кечиришлари учун нозил қилган.

Исломни шиор қилиб олган фирқаларнинг ўзларига эргашган гумрохларни дунё ҳаётидан бездириб уларни одамлардек яшашдан чалғитишлари, “дин шунга буюрган”, деб турли бузғунчиликлар қилишга ундашлари, ўзгаларнинг ҳаётига ҳавф солишлари ислом таълимотига асло тўғри келмайди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлидан адаштириб қўймасин.

 

Маъруфхон Алоходжаев
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме масжиди имом-хатиби
           

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Саждадаги энг ажойиб нарса шуки, сиз ернинг “қулоғи”га пичирлайсиз. Сизни эса оламлар Робби эшитади.

*****

Фақирлик фақатгина пулнинг етишмовчилиги эмас. Ақлий ва ахлоқий тарбиянинг етишмовчилиги ҳам бор.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ҳар қанча ғазаб қилсанг ҳам, ҳар қанча адоват қилсанг ҳам, ҳар қанча ҳасад қилсанг ҳам, ҳаммадан кўпроқ ўз асабларингни еб битирасан, ўз қалбингни ёқасан ва фақат ўзингнинг ҳасанотларинг сочилиб кетади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Одамларнинг мақтов ва ёмонлашларидан кўра ўз амалларингга ва қалбинг ислоҳига машғул бўл! Чунки, мол ва болалар фойда бермайдиган, фақатгина Аллоҳ таолога саломат қалб билан келганларгагина фойда берадиган кунда амалларинг ҳақида сўроққа тутиласан!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Менга ёрдам бермасанг берма, аммо менга озор берма!

Мени ёмон кўрсанг, ўзингни худди мени яхши кўрадигандек тутма!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Шундай инсон бўлгинки, одамлар сени таниганларига афсус қилмасинлар!

“Ховатир роқия журнали”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

2020 йил 30 январь куни Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” жоме масжидига хушхон ҳофиз Авазбек қори Давлатов имом ноиби этиб тайинланди.

Авазбек Давлатов Акбарали ўғли 1983 йил 29 июлда Андижон вилояти Марҳамат туманида зиёлилар оиласида дунёга келган. Қуръон илмини Ўш шаҳридаги Абдулмуталлиб қори дада роҳимаҳуллоҳдан олиб, Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган. Авазбек қори 1990-1999 йилларда ўрта мактабда таълим олган. 1999-2000 йилларда «Саййид Муҳйиддин Махдум» ўрта махсус Ислом билим юрти тайёрлов курсида таълим олган. Таълим даврида мадрасанинг катта устозларидан Раҳматуллоҳ қори ака қўлларида Қуръони каримни яна қайта ўтказиб олган. 2000-2004 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (олий маъҳад)ни тамомлаган.

2005 йилда Саудия Арабистонида Фаҳд ибн Абдулазиз номидаги Халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этиб, совринли ўринни эгаллаган.

2006-2007 йилда Дамашқдаги шайх Аҳмад Юсуф Даббонийзодадан Осим қироатининг икки ривояти бўйича Қуръони карим ижозасини олган.

Авазбек қори биринчи маротаба Андижон вилоятида хатми Қуръон қилиб, таровеҳ намозларига ўта бошлайди. Шундан сўнг 2000-2004 йилларда Тошкент шаҳар «Дўстжонбой» жоме масжидида, бир неча йил «Жўрабек» (ҳозирги Ислом ота), 2017 ва 2018 йилларда  «Ислом ота» жоме масжидида хатми Қуръон таровеҳ намозларида иштирок этган.

2019 йилда Тошкент шаҳридаги Таровеҳ намозларида ўтказилган хатми қуръонларларда қориларнинг қироати, ҳифз, тажвид, тараннум билан ўқишларини назорат қилиш ишларига жалб қилинган.

2018 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти ташаббуси билан ўтказилган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”нинг барча босқичларида ҳакамлик  қилган. Аллоҳ таоло инъом этган илми ва ширали овози билан кўплаб мухлис ва устозлар муҳаббатига эришиб келмоқда.

Авазбек қори Давлатовга янги вазифада Аллоҳ таолодан куч-қувват ва муваффақиятлар тилаймиз.

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ботинкатумшуқ – лайлаксимонлар гуруҳига мансуб бўлиб, ботинкатумшуқлар оиласининг вакили ҳисобланади.

Ботинкатумшуқ йирик қуш бўлиб, ўртача баландлиги 1.2 метрни, қанотларининг узунлиги 2.3 метрни, вазни эса 4-7 килограммни ташкил этади. Шарқий Африканинг тропик ўрмон ботқоқликларида яшаб, балиқ овлаб кун кечиради. Ёғоч поябзалга ўхшаган тумшуғи унинг балиқ овлашда моҳир уста бўлишига хизмат қилади. Бошқа қушлардан фарқли ўлароқ, ботинкатумшуқнинг кўзлари бош суягининг икки ёнида эмас, балки олди тарафида жойлашган. Бу эса унга узоқдаги нарсаларни яқинлаштириб кўриш имконини беради. Бу жониворнинг тумшуғи йирик бўлгани учун у дам олаётган пайтда тумшуғини кўкраги устига қўяди.

Бу қуш Африканинг Судан, Эфиопия, Конго, Уганда, Кения, Танзания, Замбия ва Ботсвана давлатларида ботқоқли жойларда яшайди. Унинг узун оёқлари ва кенг панжалари ботқоқлик устида бемалол юришга имкон беради. Узоқ вақт саёз сувда ҳаракатланмай тура олади. Бу қуш кун давомида ов қилади, бироқ тонгда жуда фаол бўлади. Асосан балиқлар билан, шунингдек, қурбақа, илон ва кичик тошбақалар билан ҳам озиқланади. Бошини сувга тиқиб, қимирламай, ўлжасини сабр билан кутиб туради. Бу қуш қамишзорда аста-секинлик билан юриб, ўлжасини кўрган заҳоти қанотларини кенг ёйиб, унинг ортидан юугуради, аввал тумшуғи билан қисиб олиб, кейин тумшуғи учидаги илгаги билан ўлжасини илиб олади. Овдан сўнг у ўлжани хас-ҳашак, ўсимликлардан ажратиб олади-да, кейин ютиб юборади.

 

 

Бу жонивор уясининг диаметри 2.5 метрга етади. Уя учун папирус ва қамиш пояларини ишлатади.

Бу жониворнинг насл бериш даври у яшайдиган минтақага боғлиқ. Масалан, Суданда ёмғирли мавсум тугаши билан жуфтлашиш бошланади. Бу қушнинг табиатда қандай жуфтлашиши билан боғлиқ маълумотлар жуда оз.

Беш кун ичида урғочиси 1-3 та тухум қўяди ва уни кўпинча тунда иситади. Жўжалар тахминан 30 кундан сўнг тухумдан чиқади. Улар юмшоқ, кулранг туклар билан қопланган бўлиб, тумшуқлари кичик, аммо ўткир, илгакли учга эга бўлади. Жўжалардан, одатда, биттаси омон қолади. Ота-оналари унга ярим ҳазм қилинган таом беришади. Бир ойдан сўнг ёш жўжа йирик ўлжаларни ҳам юта бошлайди. Жўжа уяда тахминан икки ой давомида қолади. Тўрт ой ўтгач эса ота-онасидан мустақил ҳолда яшай бошлайди. Бу қуш жуда ноёб бўлиб, уларнинг сони тахминан 10-15 минг атрофида.

Азизлар, Аллоҳ таоло ҳамма жонзотлар қаторида бу қушни ҳам яшайдиган муҳитига мослаб яратган. Ботқоқда эркин юра олиши учун узун оёқлар ва панжалар, ов қилиши учун катта тумшуқ, овни ушлаб туриш учун тумшуқ учида илгак, ўлжани чўчитиб юбормаслик учун сувда ҳаракатланмай туриш, қамишзорда секин юриш каби кўплаб имкониятларни яратиб берган.

Буларнинг ҳаммаси Буюк Яратувчининг барча нарсага қодир ва ўта ҳикматли Зот эканига далолат қилади.

Сўзимиз сўнггида Аллоҳ таолонинг ушбу оятини келтирсак:

هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

 

Середа, 29 Январь 2020 00:00

Таъзия билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Фатво бўлими масъул ходими Сайдаралиев Саидаҳмад домланинг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳума онахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳуманинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Сайдаралиев Саидаҳмад домлага ва марҳуманинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Жаноза намози 2020 йил 29 январь куни соат 16:30 да Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Тошҳавуз қишлоғи Беруний кўчасида адо этилади.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top