www.muslimuz

www.muslimuz

 Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар”, – дея  белгилаб қўйилган. Шу маънода мамлакатимизда миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлаш учун барча ҳуқуқий асослар ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилган. Бағрикенглик маданиятини шакллантириш ва янада мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрдаги 28-сессиясида “Бағрикенглик тамойиллари тўғрисида”ги Декларация қабул қилинди. Мазкур декларацияда: “Бағрикенглик бўлмаса тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди”, дейилган.  Ўшандан буён 16 ноябрь санаси Халқаро бағрикенглик куни сифатида бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади.
Республикамизда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансублигидан қатъий назар биргаликда, тинч ва осойишта шароитда,  юртимиз равнақи учун хизмат қилишмоқда. Юртимизда виждон эркинлигига доир қонун асослари янада такомиллаштирилиб, турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ибодат қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Тарихдан шу нарса маълумки, қайси жамият ҳаётида диний бағрикенглик тамойиллари ўз ифодасини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топади. Инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечиради. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби, диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди.
Ўзбекистон заминида қадим замондан Ислом дини билан бир қаторда бошқа дин вакиллари ҳам ёнма-ён яшаб келишган. Диний бағрикенглик намуналарини юртимизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам намоёндир. Буюк саркарда Амир Темур ҳазратларининг қўшини таркибида ғайридин аскарларнинг ҳам хизмат қилиши ёки Соҳибқироннинг ўғилларидан Мироншоҳ ўша пайтдаги Франция, Испания ва Англия каби давлатлар билан дипломатик алоқалар учун масъул этиб тайинлангани фикримизнинг тасдиғидир. Ҳиндистон халқи бугунги кунгача Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларини ҳурмат билан ёдга олади. Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки, бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида масжид, черков ва синагогалар ўз ибодатчиларига эмин-эркин хизмат кўрсатиб келгани, тарихимизнинг оғир синовли дамларида ҳам диний можароларнинг чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолатдир.
Шу боисдан ҳам Ўзбекистонда том маънода диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Яҳудийлар жамоасининг вакилларидан бири Р.Бенеман шу ҳақда тўхталар экан, Бухорода дастлабки синагога VIII асрдаёқ қурилганини таъкидлаб:  “Ўрта асрларда Европа ва Византия империясидан қувғин қилинган яҳудийлик, Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”, – деб ёзади. Мамлакатимиздаги рус Православ черкови расмий вакили Сергей Стаценко: “Ўзбекистон учун бугунги кун шунчаки сана эмас, балки байрам дейиш мумкин. Чунки турли динга, эътиқодга мансуб, бироқ Ватани бир, инсонлар фикрлашамиз, дўстона мулоқот қиламиз. Шукрки, бугун бизнинг юртимиз тинч, мақсад-ниятларимиз ўхшаш. Ана шу тотувлик ва осойишталик бардавом бўлишини Яратгандан сўрайман”, дейди. Ўзбекистонга келиб, мамлакатингиз ҳақидаги тасаввурим янада бойиди, - деди Шанхай ижтимоий фанлар академиясининг Динлар институти директори Ян Кэцзя. Шунингдек хорижий давларларнинг корпус вакиллари Ўзбекистондаги миллатлар ва диний конфессиялараро аҳиллик, дўстлик ва бағрикенглик муҳити инсон омилига устувор эътибор қаратиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаши бизни жуда манун этди, дейди.
Ўзбекистонда ўн йилдан буён фаолият юритаман, - деди Ўзбекистондаги Рим католик черкови епископи Ежи Мацулевич. Бу ерда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ, тинч ва осуда ҳаёт кечираётгани, жамиятда қарор топган бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик бизни қувонтиради. Одамлар тинч-хотиржам яшамоқда, ўз орзулари, интилишларини эмин-эркин амалга оширмоқда. Ўзбекистонда қарортопган тинчлик, барқарор ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муҳит дунё ҳамжамияти ҳавасини тортаётгани таъкидланади. Бугунги мураккаб даврда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун динлар, конфессиялар, миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тушуниш ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Турли динга эътиқод қилувчилар учун зарур шароитлар яратилгани, уларнинг ўз анъаналари ва удумлари, маросимларини бемалол адо этиб келаётгани эътиборга моликдир. Яқинда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари юртимиздаги диний бағрикенглик муҳитига юқори баҳо бериб, Ўзбекистондаги динлараро ҳамжиҳатликни барча давлатларга намуна бўлишини эътироф этди.
Бундай иноқликнинг яна бир сабаби мамлакатимизда турли дин вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада ободлиги йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларидир. Бу борада турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилиб, муштарак вазифаларни адо этиб борилади. Бир-бирларимизни диний байрамларимиз билан қутлаймиз. Бу шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталикда ўз ифодасини топмоқда.
Инсоннинг дини, тили, миллати, ирқидан қатъий назар, аввало, уни инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг олижаноб фазилатларидандир. Шундай экан, бағрикенглик, ўзаро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида ҳаёт кечириш ҳам диний, ҳам миллий қадриятларимизга ҳамоҳангдир.
Ҳозирги вақтда юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари мавжуд.  16та диний конфессиялар ўзаро аҳил-иноқ бўлиб фаолият юритмоқда. Бу эса юртимиз тараққиёти ва тинчлигининг гаровидир.
Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи ёдгорлигига боқар эканмиз, ўзбек аёлининг меҳрибон қучоғи барча миллат болаларини ҳаттоки Немис боласини ҳам бағрига олганлиги Ўзбек халқининг нақадар бағрикенглиги ифодасидир.
 
Бухоро шаҳар “Халифа Худойдод” масжиди 
имом хатиби  О.О.Садиллаев
Понеділок, 30 декабрь 2019 00:00

Сохта салафийлик халқимизга ёт оқим

“Инсонларнинг хайрлиси менинг даврим аҳли, кейин уларга яқин бўлганлар, сўнгра уларга яқин бўлганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади », деб  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтадилар.
 Демак, ушбу уч асрдан кейинги авлод вакиллари яшаган ҳар бир даврда, турли фитналар пайдо бўлишига ва шариат аҳкомларга юзаки қараш ҳолатлари ва ўз манфаати йўлида ундан фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб боришига далолат қилади. 
Бугунги кунда Салаф ва салафийлик каби ибораларини кўп  ишлатилиши, унинг асл негизи қаерга бориб тақалишини кўплаб кишилар том маънода билмаслиги сир эмас. 
 Мазкур истилоҳий маънонинг қўлланишинг (асосий) масдари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу орқали икки шайх ривоят қилган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқорида айтилган сўзларидир. 
“Салаф” луғатда  “илгари яшаган одамлар”, “аждодлар” каби маъноларни ифодалайди. Истилоҳда исломий асрларнинг энг афзали, иқтидо ва эргашишга энг лойиқроқ бўлган (даврга) яшаб ўтганларга нисбатан қўлланилади.
Ислом уламолари юқоридаги ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, ана шу илк ҳижрий уч асрда яшаб ўтган саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлардан иборат олиму фозиллар ҳамда мужтаҳидлар “салафлар” деб аталишини таъкидлайдилар. 
Ҳижрий тўртинчи асрдан бошлаб то ҳозирги кунимизга қадар яшаб ўтган бирорта олим, фозил ёки авлиёга нисбатан “салафи солиҳ” деган атамани ишлатиш мумкин эмас. Ҳатто дастлабки уч асрда яшаб ўтган бўлсалар-да, хорижийлар, муътазилалар, қадарийлар, жаҳмиялар ва бошқа фирқалар вакиллари ҳам “салафи солиҳлар”га кирмайдилар. 
Кейинчалик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳижрий ўн иккинчи асрда ана шу атамани Нажд минтақасида янгидан жонлантирди. Ушбу оқимнинг ҳозирги замондаги энг кўзга кўринган вакиллари Абдулазиз ибн Боз, Муҳаммад Носируддин Албоний, Муҳаммад ибн Солиҳ ибн Усаймин, Яъқуб ал- Боҳисийн ва ҳоказолардир. 
Ҳуқуқий соҳада эса уларнинг энг асосий кўзга ташланадиган жиҳати мазҳабаларни тан олмаслиги. Улар ҳеч бир мужтаҳид ўзларига тақлид қилишларини истамаган деб таъкидалашади. Улар муайян бир кишига эмас, балки умумий ҳолда салафга эргашиш лозим дейишади.
Салафийликнинг ривожланишини Аҳмад ибн Ҳанбалга боғлашади. Умуман олиб қараганда ҳанбалий мазҳабининг фақат насс билан чекланишга урунишига ва ушбу мазҳабга мансуб Ибн Таймия, Ибн Қаййим ва Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоблар шундай хулосага келган бўлсалар ҳам бу унчалик тўғри эмас. Ҳанбалий мазҳабида араблар менталитетига хос бўлган хусусият акс этганлигидан, унда қаттиқўллик бор. Фақат кейинги даврларда унинг тарафдорлари бу жиҳатга кўп урғу бериб юборишган. Шу билан бирга тасаввуфга мансуб, барча томонидан эътироф этиладиган Абдулқодир Жийлоний каби кишилар ҳам ҳанбалий мазҳабига мансуб бўлган.
   Ўзбекистон ҳудудида ҳам салафийлик қарашига эга кишилар олдиндан мавжуд бўлган. Уларнинг баъзилари барча замонавий техникаларни рад қилиш ва ҳатто телевизор кўришни ҳаром дейишгача етган ҳаддан ошганлари бўлган бўлсалар ҳам, уларнинг бу камчиликларини қабул қилмаган ҳолда шариат ҳукмларига урғу берувчи кишилар мавжуд.
Бугунги кунда ақида йўналишида; ашъарийя, мотуридийя ва аҳли суннат мазҳаблари мавжуд, деган эътиқоддаги салафийлар ҳам бор, ваҳоланки, ашъарийя ва мотуридийянинг ўзи аҳли суннат эканлигига жумҳур уламолар ижмоъ қилишган.
 Минг йиллар давомида Ислом оламига устозлик қилган уламоларни етиштириб берган ватанимизда албатта уламоларимиз йўли сақланиб қолиши шарт. Ҳар бирларини номларини эшитганда бутун дунё сесканиб тушадиган уламоларимиз оғишмай амал қилиб келган мазҳаб бугунги кунга келиб нима учун тан олинмаслиги керак? Шубҳасиз, мазҳабсизликни даъво килаётганлар мазҳабда амал билан ўтган уламоларимиз ёзган китобларни ўқиб тушуна олмайдилар. Тўрт мазҳаб шаклланганидан кейин кўп асрлар ўтди, лекин дунё ва дин илмларига катта хизматлар қилиб ўтган уламолар, гарчи уларни дунё тан олсада, мазҳаб тузишга журъат қилмадилар. Бу қандай журъатки, ҳозирги вақтда диний илмни тўлиқ эгаллламасдан туриб мужтаҳидлик даъвосини қилмоқдалар. Бундай жоҳилларга гапимиз – илм олинг! Олимларимиз китобларини ўрганиб чиқинг, шунда Китоб ва Суннатга қанчалик амал қилишганини билиб оласиз. Ишончли мазҳаби бўлган халқни чалғитманг!- деймиз.
Хулоса қилиб айтамизки, салафийлик ва бошқа оқимлар халқимизга ёт ва бегонадир. Биз илмий-диний меросимиз бўлган китобларни ўқиб-ўрганиб халқимизга етказиб беришимиз кифоядир.
 
Бухоро шаҳар “Абу Хавси Кабир”
жомеъ масжиди имом хатиби А Абдуллаев.

 

ТЎРТИНЧИ ФАСЛ

МИСР НАБИЙЛАРИ ВА ТАМАДДУНЛАРИ

Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфондан кейин у зотнинг фарзандлари, аввал айтиб ўтганимиздек, турли тарафларга тарқалиб кетди. Сом ва унинг ўғиллари Ироқ, Арабистон яримороли, Яман ва бошқа тарафларга, Ҳом ва унинг ўғиллари эса Ҳиндистон тарафга тарқалди. Улардан баъзилари Аф­рика қитьасига бориб жойлашди. Бушман деган бутпарастлардан иборат жамоа Африканинг жануби-ғарбий тарафида қарор топди. Аллоҳ таоло уларнинг устидан ҳатантутларни ҳукмдор қилиб қўйди. Кейинроқ қора танлилар, занжийлар Африканинг ҳамма тарафини эгаллаб олишди. У ердан қочиб борганлар Африканинг ўрмонларига, ҳеч ким билмайдиган жойларига беркиниб олишди. Барбарлар эса ушбу қитъанинг шимоли-ғарбий тарафларини ўзларига ватан тутдилар.

Қадимги мисрликлар эса Нил дарёси қирғоқларининг шимолий қисмларини эгаллаб олишди. Бу халқларнинг барчаси бутларга ибодат қилар эди.

 

ФИРЪАВНЛАР[1] ТАМАДДУНИ

Миср Африка қитъасининг энг серҳосил минтақаларидан бири эди. Шунинг учун унинг аҳолиси жуда ҳам кўп бўлиб, унда фиръавнлар давлатига асос солинди.

Секин-аста бу давлатнинг ҳукмдорлари худолик даъвосини қилишга ўтишди. Халқни турли-туман эҳромлар бино қуришга мажбурлаб, ҳайкаллар ясаттиришди. Бу ишларни ўзларининг таъбири билан тамаддун – цивилизация деб атадилар.

Мана шу пайтларда Иброҳим алайҳиссалом ўз жуфти ҳалоллари Сора онамиз билан Мисрга келдилар. Миср фиръавни Сора онамизни ўзиники қилиб олишга уринди. Лекин у кишини фиръавндан Аллоҳ таолонинг Ўзи қутқарди. Бу воқеанинг тафсилотини Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаётлари ва пайғамбарликлари хусусидаги бобда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис орқали батафсил ўрганган эдик.

Фиръавн Сора онамизга Ҳожарни ҳадя қилиб берди ва икковларини Мисрни тарк қилишга амр этди. Бу гаплар ҳам юқорида айтиб ўтилди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло золим фиръавнларга Шом юртидан келган чўпонларни устун қилиб қўйди. Бора-бора улар катта ҳудудни ўзларига бўйсундириб, подшоҳ бўлиб олишди ва бу халқ Ҳалкусис деган ном билан танилди.

Фиръавнларнинг маълум бир даври Тутмос (Тҳутмос) III (мил. авв. XV аср) ҳамда Рамсес II (мил. авв. XIII аср) даври деган ном билан машҳур бўлди. Тутмос III ҳамда Рамсес II Шомдаги Ҳайсия давлатига қарши уруш олиб бориб, уни йўқ қилишди. Уларнинг диёрида хойротлар зиёда бўлди. Шу би­лан бирга, куфр, фисқу фасод, ширк каби иллатлар ҳам ҳаддан ошиб кетди. Бу ишларнинг энг ёмони шу бўлдики, Бану исроилликлар ичида «Яқинда бир ўғил бола туғилиб, фиръавн ва унинг қавмини йўқ қилади», деган гап тарқалиб, фиръавнлар Бану Исроилда туғилган ўғил болаларни ўлдира бошлашди.

 

МУСО АЛАЙҲИССАЛОМ

Мусо алайҳиссалом «улул азм» («сабот-матонатли») пайғамбарлардан биридирлар. У зотнинг «Калимуллоҳ» деган лақаблари ҳам бор. Мусо алайҳиссаломнинг ҳаётлари куфрга, исёнга, ширкка қарши кураш билан ўтган.

Бану Исроил Юсуф алайҳиссалом даврларида асл ватанларидан Мисрга ҳижрат қилган эди.

Акалари Юсуф алайҳиссаломни қудуққа ташлаб кетганларидан сўнг карвондаги йўловчилар у кишини топиб олиб, Миср азизига, яъни вазирга сотишди.

Орадан йиллар ўтиб, Юсуф алайҳиссалом бош вазирлик мартабасига кўтарилдилар ва ота-оналари бошлиқ бутун қавмларини Мисрга чақирдилар.

Замон ўтиши билан улар шу жойда ўрнашиб, ўзларидан кўпайиб, кўп сонли халққа айланишди. Қавмларидан кўплаб пайғамбарлар чиққан, қадимдан самовий динлар билан алоқада бўлиб, пайғамбарлар келтирган ақийда ва динга эгалик қилиб яшаб ўтган бу халқ Мисрнинг бутпарастлик динини ҳеч қабул этмас, айниқса фиръавннинг шахсига сиғинишни мутлақо истамас эди. Ўзини Худо ўрнига қўйган фиръавн уларни айнан шу сабабли қийнарди.

Шу билан бирга, илоҳий таълимот, илоҳий тузум ва илоҳий адолатдан хабардор бўлган Бану Исроил қавмида фиръавн ўз шахси, ҳукми ва худолик даъвосига қарши катта хавф-хатарни кўрарди. Бану Исроилнинг ҳақиқатдан хабардорлигининг ўзи фиръавн учун катта ташвиш эди. Фиръавнга қолса, қани энди Бану Исроил ўзи билган ҳақиқатга амал қилмаса ва ўша ҳақиқатни ерлик аҳолига ҳам ўргатмаса.

Шу мақсадда фиръавн дастлаб уларнинг ораларини бўлиб ташлади. Бану Исроилни эзиш, зуғум ўтказиш сиёсатини олиб борди, ўзига сиғингани учун ерлик аҳолини улардан юқори қўйди. Ниҳоят Бану Исроилни заифлаштириш йўлини ўйлаб топди: ўғилларини бўғизлаш ва қизларини тирик қолдириш сиёсатини қўллади. Шу йўл билан аста-секин Бану Исроилни ер юзидан умуман йўқотишни режалаштирди. Эркаклар йўқ бўлиб кетаверса, одам сони камаяди, аёлларни хоҳлаган кўйга солиш осон бўлади.

Бунинг учун баҳона ҳам топилди. Ривоятларда келишича, фиръавн атрофидаги гумашта сеҳргар-коҳинлар унга «Бану Исроилдан келажакда туғилажак бир ўғил бола сенинг мулкингнинг заволидир», деган хабарни етказишди.

Фиръавн ўз мулкининг заволга учрашига чидай олмади. Тахтига бўлган хавфни жонига бўлган хавфдан устун кўрди. Гарчи ўзи худоликни даъво қилса ҳам, тахтига хавф солгани учун она қорнидаги ҳомиладан ҳам қўрқди.

Фиръавннинг гумашталари унинг бу заиф жойини яхши билишарди. Шунинг учун фиръавнга ёқмаган тоифанинг қорнидаги боласини ҳам унга ашаддий душман, тахтига кўз олайтирган қилиб кўрсатишга уринишди. Келажакда Бану Исроилдан туғиладиган ҳар бир ўғил бола унинг мулкининг заволи бўлиши мумкин. Шу боис фиръавн «Улар дарҳол ўлдирилсин!» деган фармон чиқарди. Шу соатдан бошлаб ҳар бир Бану исроиллик ҳомиладор аёлнинг ёнида бир доя қўшилиб юрадиган бўлди. Аёлнинг кўзи ёриши билан доя кўрар, чақалоқ ўғил бўлса, хабар берар ва жаллодлар болани ўлдиришарди. Шу тариқа фиръавн ўзининг мисли кўрилмаган шафқатсиз сиёсатини юргизди.

Мусо алайҳиссалом даврларида Рамсес II нинг фиръавн, Бани Миср подшоҳи (мил. авв. XIII аср) бўлганини кўпчилик таъкидлайди. Қуръони Каримда Худонинг йўлидан чиққан фуқароларни ўз хоҳишига бўйсундиришга ҳаракат қилган, одамларга ўзининг робб сифатида кўрсатган, ўзига бўйсунмай, унинг айтганини қилмаган, унга қул бўлишни хоҳламаганларга чексиз зулм ўтказган ягона ҳукмдори мутлақ бу шахс мустабид подшоҳ сифатида сифатланади.

Ўзи ҳукмронлик қилган ер аҳолисини турли тоифаларга ажратиб, бўлиб ташлаш барча фиръавнларнинг одатидир, чунки у фақат ўзини, ўз ҳаловатини, ўз тахтини ўйлайди. Тахтдан ажраб қолмаслик учун ҳар қандай пасткашликдан қайтмайди. Аҳолини парчалаш эса фиръавнга айнан тахтни мустаҳкамлаш, шахсий роҳатини таъминлаш учун керак. Чунки фиръавн аҳолини тоифаларга бўлиб ташлаб, уларнинг орасида низо чиқариб, бир-бирига қарши қилиб қўйса, улар бир-бирлари билан овора бўлиб, фиръавн билан ишлари бўлмай қўяди. Қайси тараф ўзига яхшироқ топинса, ўшани қувватлаб, бошқаларнинг томошасини кўриб, ҳукм сураверади. Мусо алайҳиссалом даврларидаги Миср фиръавни ҳам шу йўлдан бориб, Миср аҳолисини турли тоифаларга бўлиб ташлаган эди.

«Улардан бир тоифасини эзар, ўғилларини сўйиб, қизларини тирик қолдирарди. У бузғунчилардан бўлган эди» (Қасас сураси, 4-оят).

Фиръавн эзган тоифа Бану Исроил эди.

«Биз эса ер юзида хўрланганларга беминнат неъмат беришни, уларни пешво қилишни, уларни ворислар қилишни ва ер юзида уларга имкон беришни, Фиръавн, Ҳомон ва икковининг лашкарларига улардан қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз» (5-6-оятлар).

Ҳомон – фиръавннинг вазири. У ҳар доим фиръавн қиладиган ёмонликларга бош-қош бўлиб келган.

Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг аскарлари Бану Исроилдаги нима учун қўрқишарди? Аниқки, улар мулкига завол етиш хавфидан беҳаловат эдилар. Аллоҳ таоло улар қўрққан нарсани айнан Бану Исроил орқали кўрсатишни ваъда қилмоқда.

Мусо алайҳиссалом ниҳоятда хатарли бир вақтда дунёга келганлари учун оналари нима қилишни билмай қолди. Фиръавннинг айғоқчилари янги туғилган гўдакнинг ўғиллигини сезиб қолишса, уни онасидан тортиб олиб, ўлдиришлари мумкин. Нима қилиш керак? Бирор чораси борми? Инсоннинг қўлида ҳеч қандай чора йўқ. Шунда Аллоҳ таолонинг Ўзи йўл кўрсатди.

«Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, маҳзун бўлма, Биз, уни сенга албатта қайтарамиз ва уни расуллардан қиламиз», деб ваҳий қилдик» (7-оят).

«Барибир ўлиб кетади, деб болани ташлаб қўйма, уни эми­завер, ноумид бўлма. Агар фиръавннинг одамлари уни ўлди-ришидан қўрқсанг, болани сандиққа солиб, дарёга ташла». «...қўрқма, маҳзун бўлма...» «Боламга нима бўлар экан, деб қўрқма. Жигаргўшамдан ажраб қоляпман, деб хафа бўлма».

«Биз уни сенга албатта қайтарамиз ва уни расуллардан қиламиз», деб ваҳий қилдик».

Яъни «Биз болангни тезда ўзингга қайтарамиз ва уни ўзинг эмизасан. Келажакда эса уни пайғамбарлардан қиламиз».

Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг онасига билдирган иш амалга ошди: ичига гўдак Мусо солинган сандиқ дарёда оқиб келиб, фиръавннинг қасридаги боққа кирди. Ҳеч нарсага қо­дир бўлмаган, ҳатто ўзига керак бўлган овқатни ҳам тановул қила олмайдиган гўдак Мусо душманнинг қоқ ўртасига келиб тушди. Аллоҳ таоло фиръавннинг хотинининг қалбига гўдакнинг муҳаббатини жойлади. Унинг гапи билан гўдакни ўлдирмай, боқиб олишга қарор қилинди. Мусо алайҳиссалом ўз қавмига мойил бўлиб ўсиб-улғайдилар. Бир куни Бану исроиллик бир одам ерлик қибтий билан жанжаллашиб қолди. Бану исроиллик Мусо алайҳиссаломдан ёрдам сўради. Мусо алайҳиссалом қибтийни бир уриб, ўлдириб қўйдилар.

Бошқа бир куни худди шунга ўхшаш ҳолат яна такрорланди. Мусо алайҳиссалом бўлган воқеалардан таъсирланиб, бунинг оқибати нима бўлар экан, деб ҳадиксираб юрганларида у кишига хабар келди. Бу ҳақда Қасас сурасида шундай дейилган.

«...ва шаҳарнинг нариги четидан бир киши шошиб келиб: «Эй Мусо, аниқки, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Чиқиб кет! Мен сенга насиҳат килувчиларданман», деди» (20-оят).

Сўнг Мусо алайҳиссалом Мадян юртига бош олиб кетдилар. У ерда икки қизга қўйларини суғоришда ёрдам бердилар. Ўша икки қизнинг оталари бўлмиш Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга саккиз ёки ўн йил ишлаб бериш шарти билан қизларидан бирини никоҳлаб беришни таклиф қилдилар ва бу гап амалга ошди ҳам. Орадан йиллар ўтди. Вақти-соати келганда, Мусо алайҳиссалом ўз аҳллари билан Мисрга қайтишга қарор қилдилар. Сийно минтақасига етиб келганларида Аллоҳ ваҳий қилиб, у зотни фиръавн ва унинг қавмига пайғамбар қилиб юборди. Шу билан бирга, Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга акалари Ҳорунни ёрдамчи қилиб берди, у зотни мўъжизалар билан қўллаб-қувватлади.

Мусо алайҳиссалом фиръавнни Аллоҳга даъват қилар, у эса ўз сиёсатида, исёнда давом этиб, ўзининг худо эканини даъво қилар, у зотни ёлғончига чиқарар эди. Мусо алайҳиссаломнинг қўлларининг оқ бўлиб чиқиши, ҳассаларининг илонга айланиб, ҳаракатга келиши каби мўъжизаларни фиръавн сеҳр деб даъво қилди. Сеҳргарларни тўплаб, улар билан Мусо алайҳиссалом орасида беллашув ўтказишни, ким ғолиб келишини аниқлашини эълон қилди.

Аллоҳ таоло бу ҳакда Нозиъот сурасида хабар берган:

«Сенга Мусонинг хабари келдими?» (15-оят)

Яъни «Сенга Мусонинг хабари келган, буни биласан».

«Эсла, Робби унга муқаддас Туво водийсида нидо қилди» (16-оят).

Тур тоғида – Туво деб аталган муқаддас водийда Мусо алайҳиссалом бошқаларга насиб этмаган марҳаматларга жумладан, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло билан роз айтишиш бевосита сўзлашиш шарафига муяссар бўлганлар. Оятда мана шу улкан ҳодиса зикр қилиняпти. Ўшанда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга деди:

«Фиръавннинг ҳузурига бор, у туғёнга кетди» (17-оят).

Аллоҳни унутиб, туғёнга кетган, ҳаддидан ошиб, кишиларга зулмни кўпайтирган, ҳаттоки худолик даъвосини ҳам қилган золимга, туғёнга кетган подшоҳга Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Мусо алайҳиссаломни юбориб, юмшоқ гапиришни тайинлаяпти.

«Айт: «Сенда покланишга (рағбат) борми?» (18-оят)

Яъни «Эй фиръавн, сенда кофирликдан, худолик даъво­сини қилишдан ва бошқа гуноҳларингдан покланишга рағбат борми?» дегин.

Кунда динга даъват қилувчилар учун катта ибрат бор. Улap даъват қилинаётган шахс фиръавн бўлса ҳам, унга юмшоқ гапириб, тушунтириб, даъват қилиш керак.

«...ва сени Роббингга ҳидоят қилсам, шоядки, қўрқсанг» (19-оят).

Яъни «Мен сени Роббингни рози қиладиган нарсага ҳидоят қилайми? Шояд, ўша ҳидоятга амал қилиб, Аллоҳдан қўрқадиган, Унга тақво қиладиган бандалардан бўлсанг».

Ушбу оятда олдин ҳидоят, кейин қўрқиш зикр қилиниши ҳам ўзига яраша ҳикматга эга, чунки банда ҳидоят топмагунча, Аллоҳдан қўрқмайди.

Кейинги оятларда эса Мусо алайҳиссалом билан фиръавн орасида бўлиб ўтган можаролар зикр қилинади.

«...ва унга катта оят-аломатни кўрсатди» (20-оят).

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини қўллаб-қувватлаш, кишиларга уларнинг ҳақиқий пайғамбар эканини тан олдириш учун мўъжизалар беради. Мусо алайҳиссаломга ҳам Аллоҳ таоло кўплаб мўъжизалар берган. Мўъжизани Қуръони Ка­рим баъзида «оят-аломат» дейди. Бу оятдаги улкан аломатдан мурод Мусо алайҳиссаломга берилган катта мўъжиза – қўлларидаги ҳассанинг илонга айланишидир. Демак, шу мўъжизани у зот золим фиръавнга кўрсатдилар. Шунда

«У ёлғончига чиқарди ва осий бўлди» (21-оят).

Яъни фиръавн Аллоҳнинг пайғамбари бўлмиш Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқарди, Аллоҳ таолонинг амрига исён қилди.

«Сўнг ортига ўгирилиб, тезлаб кетди» (22-оят).

Яъни фиръавн Мусо алайҳиссалом томонларидан кўрсатилган мўъжизаларни кўрганидан сўнг ортига ўгирилиб, тезлаб юриб кетди.

«Кейин (одамларни) тўплади ва нидо қилди» (23-оят)

Фиръавн Мусо алайҳиссаломнинг олдларидан бурилиб кетганидан кейин бориб, ўз ҳукми остида яшаётган одамларни бир жойга тўплади ва

«Мен сизларнинг энг олий роббингизман», деди» (2 оят).

Яъни робблик даъвосини қилди. Қилганда ҳам, энг олий робблик даъвосини қилди, чунки Мусо алайҳиссалом фиръавнни ҳам, бошқаларни ҳам Роббул оламинга ибодат қилишга даъват қилган эдилар. Фиръавн ўзининг бу иши ила «Мусо даъват қилаётган Робб эмас, энг олий робб менман», демоқчи бўлди.

«Аллоҳ уни аввалги ва охирги(гуноҳ)лари учун бездирувчи иқобга олди» (25-оят).

У бўлса ақлини йўқотиб: «Мен сизларнинг энг олий роббингизман», деб юрибди.

Ваъдалашилган кунда бўлиб ўтган беллашувда Мусо алайҳиссалом сеҳргарлар устидан ғолиб келдилар. Ўзлари қилиб юрган нарса ботил экани аён бўлиб, Аллоҳга иймон келтирган сеҳргарларни фиръавн осишга буюрди, уларни қатл қилди. Сўнг Бану Исроилга нисбатан озорлар яна ҳам шиддатли тус олди. Шунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фиръавнни в унинг қавмини қаҳатчилик – очарчилик йиллари билан сиқувга олди. Шунда ҳам улар ўз ишларидан қайтишмагач, Аллоҳ таоло уларга бошқа уқубатларни ҳам нозил қилди.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Аъроф сурасида шундай хабар берган:

«Устларига тўфон, чигирткалар, каналар, бақалар ва қонни очиқ-ойдин ва муфассал белгилар қилиб юбордик. Мутакаббирлик қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар» (133-оят).

Яъни Аллоҳ таоло фиръавн ва унинг аҳли ваъз-насиҳатга қулоқ тутсин, инсофу иймонга келсин, қилаётган жиноятларидан қайтсин деб, уларга муфассал тарзда, алоҳида-алоҳида қилиб оят-белгиларни юборди. Баъзи уламоларнинг фикрича, Исро сурасида «Батаҳқиқ, Мусога тўққизта очиқ-ойдин оят-мўъжиза бердик» дейилишига қараганда, тўққиз йилда тўққизта оят-мўъжиза юборилган, чупончи: асо, қўл, қаҳатчилик, мева ва жонларни нуқсонга учратиш, тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қон.

Бу ҳолат ҳақида имом Ибн Жарир Табарий Саъид ибн Жубайp розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Мусо алайҳиссалом фиръавннинг ҳузурига келиб, «Бану Исроилни мен билан қўйиб юборгин» деганида, фиръавн кўнмади. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг устига тўфон - шиддатли ^мгир юборди. Устларидан сел қилиб қуйди. Улар «Бу илоҳий ачоб бўлса керак», деб қўрқишди ва Мусога: «Роббингга дуо цил, биздан ёмғирни даф этсин. Биз сенга иймон келтирамиз ва liauy Исроилни сен билан қўйиб юборамиз», дейишди. Мусо амайҳиссалом дуо қилган эдилар, ижобат бўлди. Бироқ улар иймон келтиришмади, Бану Исроилни қўйиб ҳам юборишма-ди. Уша йили Аллоҳ уларга бундан олдин етишмаган турфа шроат, мева ва ўт-ўланларни ўстирди. Улар: «Биз орзу қилган парса шу эди», дейишди. Аллоҳ уларнинг устидан чигиртка иалосини юбориб, ўсимликларга завол етказди. Улар чигирт-калардан ўсимликларга етаётган зарарни кўриб, набототнинг уруғи ҳам қолмаслигига ишонишди ва: «Эй Мусо, Роббингга дуо қил, биздан чигиртка балосини даф этсин, биз сенга иймон келтирамиз ва Бану Исроилни сен билан қўйиб юборамиз», де­йишди. Мусо алайҳиссалом дуо қилдилар. Аллоҳ уларни чи­гиртка балосидан халос этди. Улар эса яна иймон келтириш­мади, Бану Исроилни ҳам қўйиб юборишмади. Улар донларни уйда сақлашни ўрганиб олишди ва хотиржам: «Энди сақлаб олаверамиз», дейишди. Шунда Аллоҳ уларга митани (доннинг ўчидан чиқадиган қурт) юборди. Улардан бир киши тегирмонга ўн жариб (дон) олиб борса, ўн қафиз ҳам ун чиқмайдиган бўлди[2]. Шунда улар: «Эй Мусо, Роббингга дуо қил, биздан митани даф этсин, биз сенга иймон келтирамиз ва Бану Исроилни сен билан қўйиб юборамиз», дейишди. Мусо алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилдилар ва улардан бу азоб йироқлашди. Аммо улар Бану Исроилни қўйиб юборишдан яна бош тортишди.

Бир куни Мусо алайҳиссалом фиръавннинг ҳузурида ўтирганларида бирдан бақанинг овозини эшитиб қолдилар ва фиръавнга: «Сен ва қавминг буни нима деб ўйлайсан?» дедилар. У (фиръавн): «Бу ҳам бир бало бўлмаса эди», деб жавоб берди. Кечга бориб уларнинг ҳар бири томоғигача бақага кўмилиб ўтирар, гапирмоқчи бўлишса, оғизларига бақа кириб кетар эди. Улар яна Мусога: «Роббингга дуо қил, биздан манави бақаларни даф этсин. Кейин биз сенга иймон келти­рамиз ва Бану Исроилни сен билан бирга қўйиб юборамиз», дейишди. Аллоҳ улардан балони даф этди, лекин қавм яна иймон келтирмади. Сўнг Аллоҳ уларнинг устига қон балосини юборди. Анҳорлардан, қудуқлардан, идишларидан сув олмоқчи бўлишса, янги қон чиқар эди. Улар бу ҳакда фиръавнга арз қилиб: «Биз қон балосига учрадик. Тоза ичимлик қолмади», дейишди. Фиръавн: «У (Мусо) сизларни сеҳрлаб қўйган бўлса, ажаб эмас», деди. Улар: «Қаердан сеҳрлайди? Биз идишларимизда сув топа олмаяпмиз, янги қондан бошқа ҳеч вақо йўқ!» дейишди. Сўнг келиб: «Эй Мусо, Роббинг­га дуо кил, биздан қон балосини кўтарсин. Кейин биз сенга иймон келтирамиз ва Бану Исроилни сен билан бирга қўйиб юборамиз», дейишди. Бало даф бўлди. Улар яна иймон келтиришмади, Бану Исроилни қўйиб ҳам юборишмади». Аллоҳ таоло Тоҳо сурасида хабар берган: «Мусога «Бандаларим ила кечаси йўлга туш, уларга денгиздан қуруқ йўл оч, етиб олишларидан хавф қилма ва қўрқма», деб ваҳий қилдик» (77-оят).

Фиръавннинг зулми ва туғёни яна ҳам авжига чиқди. Ўшанда Аллоҳ таоло пайғамбари Мусо алайҳиссаломга ўз қавми билан Шом диёрига ҳижрат қилишни буюрди. Фиръавн ва унинг одамларидан қочиб, Қизил денгизнинг шимолидаги тор қисмига етганларида Аллоҳнинг изни билан Мусо алайҳиссалом ҳассалари билан денгизни урдидар. У ер дан осон ўтадиган йўл очилди. У зот қавмлари билан мана шу йўл орқали ўтиб олдилар.

«Фиръавн лашкарлари билан уларнинг ортидан таъқиб этди. Денгиз уларни ўраганича ўраб олди» (78-оят). Фиръавн ўз аскарлари билан Бану Исроилни қувиб келиб, ортларидан денгизга тушди. Улар денгиз тубида кетишаётган бир пайтда тўхтаб турган сув бирдан ҳаракатга келди ва барчалари тўлқинлар остида қолиб кетишди. Аллоҳ таоло уларни шу зайлда ҳалок қилди. Мусо алайҳиссалом ва у зот билан бирга бўлганлар эса қирғоқнинг нариги томонига эсон-омон етиб олишди.

«Фиръавн ўз қавмини адаштирди, тўғри йўлга бошламади» (79-оят).

Оқибат шу тарзда якун топди. Худога эмас, фиръавнларга эргашганлар доимо шундай оқибат топадилар.

Аллоҳ таоло фиръавн ва унинг лашкарини ғарқ этиб, Бану Исроилни зулм, жабр-ситамдан озод қилди.

Яҳудийлар Мусо алайҳиссаломдан егулик-таом сўрашди. Аллоҳ таоло уларга осмондан манн (ширинлик, таом) ва салво (пиширилган бедана) туширди. Мусо алайҳиссалом улар би­лан юришни давом эттириб, ниҳоят Сийно минтақасига етиб бордилар. Мусо алайҳиссалом тоққа чиқиб, у ерда қирқ кун турдилар. Ўшанда Аллоҳ таоло у зот билан бевосита гаплашди ва Тавротни нозил қилди, тошдан бўлган лавҳларга ёзилган насиятларни берди. Сўнг Мусо алайҳиссалом ўз қавмларига қайтдилар. Уларнинг тилладан ўзлари ясаб олган бузоққа ибодат қилаётганларини кўриб, жуда қаттиқ ғазабландилар. Сўнгиқоб тарзида уларга бир-бирларини ўлдиришга амр қилдилар, Бу амр Аллоҳдан бўлган эди. Шундан сўнг у зот қавмларига Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга тийҳни, яъни адашиб-улоқиб юришни, зое бўлишни ёзгани, бу ишлар Сийно саҳросида қирқ йил давом этиши ҳақида хабар бердилар.

Мусо алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломдан кейин вафот этдилар. Бану Исроилни Муқаддас заминга у зот эмас, Юшаъ ибн Нун олиб кирдилар. Мусо алайҳиссалом бу дунёни 120 ёшларида тарк этдилар ва Ўлик денгизининг шимоли-шарқий тарафида, Муоб минтақасидаги Нибу (Небо) тоғига дафн этилдилар.

Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръони Каримда энг кўп келган қиссадир.

Мулоҳаза қилинса, Мусо алайҳиссалом инсоният илоҳий таълимотлардан жуда ҳам узоқлашган бир пайтда пайғамбар бўлганликлари англашилади.

У зот пайғамбар бўлиб келган қавм подшоҳни «илоҳ» деб эътиқод қилган, жамият эса ўзида барча нобакорликларни мужассам этган эди. Улар ҳар бир каттаю кичик масалада илоҳий таълимотдан узоқлашиб, ўзлари ихтиро қилган нобакорликларга амал қилишга ўтиб олишганди.

Шунинг учун Мусо алайҳиссалом уларга кўплаб тушунтириш ишлари олиб борган бўлсалар ҳам, у зотнинг қавмларидан бўлган бир гуруҳ ёшлардан бошқа ҳеч ким илоҳий йўлга юрмади. Аксинча, улар ўзларига пайғамбар бўлиб келган зотни ўлдиришга қасд қилишди.

Мусо алайҳиссаломнинг фиръавн ва унинг аҳли билан бўлган курашлари кофир қавмнинг Аллоҳ таоло томонидан ғарқ қилиниши ила якунланди.

Бошқа пайғамбарларнинг қиссаларида кофир қавм ҳалок бўлади, пайғамбар ва унга иймон келтирганлар нажот топадилар, аммо Мусо алайҳиссалом қиссасида асосий воқеалар кофир қавм ҳалок бўлганидан кейин бошланади. Фиръавн ва унинг қавми ҳалок бўлганидан кейин Мусо алайҳиссалом ва у зотнинг акалари Ҳорун алайҳиссалом ўз қавмлари билан юзма-юз қоладилар.

Узоқ муддат қулликда, азоб-уқубатда яшаган бу қавм А.ллоҳ таоло озод қилиб, Ўз неъматларини ато қилганидан кейин турли ношукрликлар қилишни бошлади.

Мусо алайҳиссалом уларни инсофга, шукр қилишга чақириб, даъват қилиб, кўп уриндилар. Аллоҳ таоло ҳам уларга танбеҳ учун турли азоб-уқубатларни йўллаб турди. Аммо халқ инсофга келмади. Бану Исроилнинг нобакорлиги борган сари кучайиб бораверди. Охир-оқибат Аллоҳ таоло уларнинг ёш болаларидан бошқа барчаларини доимий адашувда ўлиб кетишларини ирода қилди.

Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръони Каримда бунчалик кўп келишининг асосий сабабларидан бири Бану Исроил илоҳий китобга – Тавротга амал қилиб яшаши талаб этилган қавм эди. Мусулмонлар ҳам охирги илоҳий китоб – Қуръони Каримга амал қилиб яшашлари лозим ва нобуд умматдир. Ана шу маънода улар ҳаммадан кўра Бану Исроилдан кўпроқ ибрат олишлари ва улар йўл қўйган хатоларни такрорламасликлари керак. Шунинг учун ҳам Қуръони Карим бу масалага алоҳида эътибор берган.

 

ФИРЪАВНЛАРДАН КЕЙИНГИ МИСР

Мусо алайҳиссалом давридаги фиръавн ҳалок бўлгач, фиръавнлар давлати заифлашди. Милоддан аввалги 525 йилда Мисрни форслар, кейинроқ Александр Македонс­кий раҳбарлигидаги иғриқийлар босиб олишди. Ундан сўнг Мисрга батолима (батламийлар, птолемейлар) деган сулола, ундан кейин румликлар ҳукмронлик қилишди. Сўнг Мисрда насроний дини тарқалди ва у ернинг аҳолиси «қибтлар» деган ном билан танилди. Ислом фатҳи келгунча шу зайлда давом этишди ва Ислом уларни залолатдан қутқарди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

БЕШИНЧИ ФАСЛ. АРАБИСТОН ЯРИМОРОЛИ;

Боида араблар;

Ҳуд алайҳиссалом;

Солиҳ алайҳиссалом;

Шуайб алайҳиссалом;

Шуайб алайҳиссалом ва у зотнинг қавмлари қиссасси;

 

[1] Фиръавнлар – қадимги Миср подшоҳлари.

[2] Жариб, қафиз – ўлчов бирликлари. 1 жариб 132 литр, 4 қафиз эса 33 литр сиғимга тенг.

Понеділок, 30 декабрь 2019 00:00

ТИЛГА ЭРК БЕРИШ ЖОҲИЛЛИКДИР

Аллоҳ таоло инсонларга сон-саноқсиз неъматларини берган. Улар ичида инсон вужудининг соғ-саломат бўлиши энг улуғ неъматларидан биридир. Бу вужуд инсонларга берилган омонат

ҳисобланиб, уни ҳайрли ишларда ишлашига ва ёмон ишлардан сақлашга шариатимиз амр қилади.

Тил – инсонларнинг жисман кичик, аммо масьулият ва вазифа жихатидан эьтиборга молик аьзосидир. Шунинг учун хам Қурьони каримда Аллоҳ таоло уни миннат қилиб:

 “ Ахир Биз унга кўз, тил ва икки лаб (ато) қилмадикми? ”-дейди. (Балад 8-9)

  Бошка оятда эса нутқ инсонга берилган фазл ва мархаматнинг энг сараси эканлиги баён қилинади:

Мехрибон (Аллох Мухаммад ва унинг умматларига) Курьонни таьлим берди. У зот инсонни яратиб, унга (дилидаги максадини аён эта олиши) баённи (нутқни) таьлим берди”. (Рохман 1-4)

  Шундоқ экан тилни фақат хайрли сўзларда ишлатиш ва ёмон сўзларга одатланиб қолишдан сақлаш зарур.

  Имом Молик (р.а.) Яхё ибн Саьиддан ривоят қилишича, бир куни Исо (а.с.) йўлда кетаётиб бир тўнғизнинг ёнидан ўтиб қолдилар. Шунда тўнғизга қараб: “ Манзилинга саломат етиб ол” – дедилар. Буни кўрган хамрохлари: “ Шу гапни тўнғизга айтяпсизми?” – деб сўрашди. Исо (а.с.): Ха, мен тилимни ёмон сўзларни сўзлашга одатланиб қолишидан қўрқаман” – деб жавоб берган эканлар.

  Дарҳақиқат, Расулуллох (с.а.в.) ҳам биз умматларини тилни ножўя сўзлардан асрашга, иложи боўлмаганда сукут сақлашга буюрганлар.

  Ким Аллох таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, факат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”. (Муттафақун алайх)

  Ислом дини тилга эьтибор беришга ундашининг, уни бефойда ва гунох бўладиган  сўзларга ишлатишдан қайтаришининг боиси шундаки, тил қалбга яқин ерда жойлашган, шунингдек , тил қалбнинг таржимони ҳисобланади. Қалб эса имон масканидир. Демак, инсоннинг имони қай даражада бақувват, қалби қанчалик соф бўлса, унинг тилидан фақат ҳикматли, ширин гаплар чикади. Ўз навбатида тил қанчалик ёмон гапларни кўп гапирса инсоннинг қалби қораяди, натижада имони сусаяди. Бу ҳакида Пайгамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:

 “Банданинг имони тўғри бўлмайди токи қалби тўғри бўлмагунча, шунингдек, қалби тўғри бўлмайди токи тили тўғри бўлмагунча”.

        Тил (сўз) офатлари кўп: бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш, фаҳш, сўкиш, одобсиз, ахлоқсиз ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, ўзгаларни мазахлаш ва устидан кулиш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат, чақимчилик ва бошқалар тил офатидир. Буларнинг ҳаммаси қораланган ва инсонлар булардан қайтарилган. Чунки бу сўзларнинг манбаи ёмонлик ва маломатдир.

Динимизда кўп сўзлашдан қайтарилган, чунки сўз кўпайганда мақсад унитилади.

Ёмон, фахшни билдирувчи сўзларни айтиш эса қаттиқ қораланган. Пайғамбар алайҳиссолом фақат рост сўзни айтардилар ва умматни шунга чақирганлар “Ростгўйликнинг энг паст даражаси зохир билан ботиннинг баробар бўлишдир”, деган Абулқосим Кушайрий.

Тил офатларнинг энг ёмони ёлғон гапириш, ёлғон гувохликка ўтишдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анху: “Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган” дедилар ва кейин ”Ёлғон сўз гувохликдан узоқ бўлинглар” оятини тиловат қилдилар (Табароний ривояти) Ёлғондан гувохлик бериш жамиятидаги тинчликни бузишга,одамларга зулм,жафо етгазишга, улар ўртасида адоват ва хусумат туғилишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таолони яхши кўрган бандалари ёлғон гувоҳлик бермаслиги хақида шундай мархамат қилади: “Улар (Рахмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган холда) ўтарлар” (Фурқон сураси 72 оят)

Ёлғон барча разилликларнинг онаси, кулфатларнинг боши, инсонни қабиҳ ишларга бошловчи, обрўйини тўкувчи иллатдир. Шу сабабдан динимиз ёлғон гапиришдан қайтаради.

Аллоҳ таоло бундай таълим беради:

“Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончидир”(Нахл сураси 105 оят)

Тил офатларидан яна бири сўкиш ва аччиқ-тизиқ гапиришдир. Рост бўлса ҳам аччиқ-тизиқ ва уят сўз гапларни гапириш, сўкиниш ҳам шариатимизда қаттиқ қораланган. Сўкиш қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир. Аччиқ-тизиқ ва кесатиш сўзлари рост бўлса ҳам нуқтдаги фаҳш ва қабиҳликдан бошқа нарса эмас.

Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоху анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир” деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Улуғ муаллим Абдулла Авлонийнг бундай сўзлари бор: “Иғво ва чақимчилик энг ярамас сифат бўлгани учун бу ёмон сифатни ўзларига маслак қилиб олган кишилар ҳалқ назарида мунофиқ саналади. Икки киши орасида сўз юритиб, бирини иккинчисига душман қилган, икки томонга адоват оловини ёқиб, уларни бир-биридан жудо этган кимсаларнинг дилларида заррача инсонийлик туйғуси бўлмайди, булар виждонсиз, номуссиз кишилардир. Шунинг учун улардан ҳазар қилинг” деганлар.

Хозирги давримиз ахборатлашув ва техналогия давридир. Айниқса ижтимоий тармоқлар кўлами кенгайиб бормоқда. Минг афсуски яхшилик билан бирга ёмонлик фитна-фасод тарғиботлари ҳам кучайиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларда бир кишининг жасади, нафси, аҳлоқи, қилган ишлари айтган сўзлари, уйи, оиласи болалари, ота-онаси, насил насаби,обрўси-шаъни  ва шу каби унга тегишли бўлган барча нарсаларига айиблаш авж олмоқда. Бу албатта ғийбатга киради. Бир кимса хақида ёлғон тўқиб гапиришига эса бўҳтон дейилади. Ғийбат гуноҳи кабира хисобланади. Имом Қуртубий раҳматуллохи алайҳ: “Ғийбатнинг гуноҳи кабира эканига ихтилоф йўқдир, шунинг учун  ғийбат қилган киши Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилиш лозим”, деган.

Тилига эрк бериб, Аллоҳ таолонинг дўстлари бўлган уламоларни ғийбат қилишнинг гуноҳи жуда ҳам оғир бўлгани учун баъзи хакимлар: “уламоларнининг гўшти захарлидир”, дейишган. Ғийбат қилиш ўлган биродарининг гўштини ейиш билан баробар бўлгани сабабли шундай дейилган. Инсон заҳарланган гўштни еб ўлгани каби, уламоларни ғийбат қилган киши ҳам дунё ва охиратини барбод қилади. Шундай экан, уламоларга бўҳтон қилаётганлар ҳақида нима дейиш мумкин?!

Инсонларнинг обрўсига тегишнинг гуноҳи ҳақида хадиси шарифда шундай дейилган:

Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллолоҳу алайҳи васаллам: “Энг кўп (зарарли) бўлган судхўрликдан бири мусулмоннинг обрўсига ноҳақдан тил теккизишдир”, дедилар.

Демак  “Тил фақат тўғри сўзни айтиш ва Аллоҳни зикр қилиш учун” бўлиши лозимдир

Аллоҳ таоло тилимизга эътибор берадиган, уни беҳуда сўзларни сўзлашдан эҳтиёт қиладиган ва доимо чиройли ва маъноли сўзлайдиган, тил ва сўз қоидаларига риоя қиладиган ўзига маҳбуб бандаларидан қилсин.Омин!

 

Миробод тумани бош имоми : Одил Холмуродов

 

Понеділок, 30 декабрь 2019 00:00

ЮРТ УЛАМОЛАРИГА ЭРГАШИШНИНГ ФАЗЛИ

Уламолар маънавият осмонида зиё таратиб турган йўлчи юлдузлардир. Улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар. Уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етадилар.

Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатларнинг халқ орасига кириб келишини олдини оладиган зотлардир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда илм эгаларини дунё ва охиратда баланд даражаларга кўтаришини айтади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

( سورة المجادلة/11)

“…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни(баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам олимларнинг фазли тўғрисида шундай дейдилар:

اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ اَبُو دَاوُدَ وَالْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

“Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар”

 (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий).

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги, менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳллари ҳатто уясидаги чумоли ва ҳатто балиқ одамларга яхшиликни таълим берадиганга саловат айтади”, дедилар”.

Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти.

Олимларга бўладиган эҳтиромни кўринг. Нафақат инсонлар, балки, тилсиз жонзотлар ҳам уларни ҳурмат қилар экан. Олимларнинг даражаси қанчалик баландлигига шу ҳадиснинг ўзи кифоя қилади!

Ўтган боболаримиз, уламоларнинг ҳақларини тўлиқ адо этиб, уларнинг қадрлари нечоғли баланд эканини ҳис этишган.

Бу борада Ҳазрат Алишер Навоий айтади:

“Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила.

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила”.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Устозим Имом Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, уйларимизнинг орасида еттита кўча бор эди. Ҳар намозда ота-онамнинг қаторида у зотга мағфират сўрайман. Шунингдек, бошқа барча устозларимнинг ҳақларига дуо қиламан”.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ўттиз йилдан буён бирор кечада устозим Имом Шофиъийнинг ҳақига дуо қилмай ухламаганман”, дейди.

Булар уламоларга кўрсатиладиган одоблар уммонидан айрим томчилар холос. Мухтасар қилиб айтсак, инсон олимларнинг розилигини топишга интилиши ва уларни норози ва хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, уламоларни, устозларни ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Афсуски, ҳозирги пайтда масжидларда, ижтимоий тармоқларда аҳли илмлар, юртимиз уламоларни ғийбат қилиш, очиқчасига ҳақорат қилиш, камситиш, менсимаслик каби ишлар авж олмоқда. Уламоларни сўкиш, ҳақорат қилиш у ёқда турсин, уларга нисбатан қалбда адоват, нафрат бўлишининг ўзиёқ кишининг мунофиқлигига далил экан.

Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг Расули улуғлаб турсаю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳурматсизлик қилишдир.

Уламоларни ғийбат қилиш бошқаларни ғийбат қилишдан кўра хавфлироқ. Ғийбат ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Олимларнинг гўштлари заҳарланган, ким уни ҳидласа, касал бўлади, еган эса ўлади”. У киши яна дейди: “Ким олимга тил теккизса, ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.

Мўмин банда учун қалбининг ўлишидан ҳам каттароқ мусибат борми?!

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ким олимларни пастга урса, охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, одамгарчилиги барбод бўлади”.

Бинобарин, олимларни рисоладагидек ҳурмат қилмай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимизни эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, тадбиркор инсонлар этиб улғайтириш мумкин эмас. Бу – бамисоли уруғни ерга қадамасдан туриб ҳосил кутишдек гап.

Уламолар – дин хизматчилари, илм хазинаси, ҳаққа чақирувчилардир. Олимларини ҳурматламаган жамият душманлар нишонига айланиши тайин. Ҳозирги таҳликали замонда бу жуда муҳим муаммо. Эътибор қилсак, “Араб баҳори”, Сурия ва Ироқдаги вазиятга ҳам жамиятдаги шахсларнинг ўз олимларига муносабати сабаб бўлди. Ғаразли кучларнинг бирламчи мақсади маҳаллий имомларни обрўсизлантириш, аҳолини улардан чалғитиб, ташқаридаги “чин олимликни” даъво қилаётганларга эргаштиришдир. Телевидение ва интернет орқали “сўз эркинлиги” ўйинини ўйнаб, юртимиз уламолари ва имом-хатибларга танқидий муносабат билдириш билан бу ишни бузғунчилар учун ўзимиз қилиб бермоқдамиз.

Юрт уламоларига эргашмоқлик фазилатдир. Уларга эргашмаслик оқибати хатарлидир. Бунга ёрқин мисол бутун Ислом оламига машҳур уламо Саъийд Рамазон Бутийнинг ҳаётларидир. Шайх Рамазон Бутий ҳазратлари Суриядаги ИШИД жангариларини ҳаракатлари бошланишида халқни уларга эргашмасликка чақирдилар ва мусулмонларни огоҳлантирдилар.

Шу ўринда, Рамазон Бутийнинг Суриядаги тартибсизликлар ҳақидаги маърузасида айтиб ўтган қуйидаги фикрларини келтириб ўтсак: “Эй инсонлар, эй ёшлар! Ҳозир Сурияда бўлаётган ҳодисалар ташқарида тузилган режа асосида амалга оширилмоқда. Биз бу режа тузаётганларнинг кимлигини ҳам, улар бу режалари билан қандай мақсадларни кўзлаганликларини ҳам билмаймиз. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса бас у жоҳилият ўлимини топибди” деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканлигини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.

Рамазон Бутий ҳазратлари 2013 йил 21 март пайшанба куни кечки пайт Дамашқдаги “Иймон” масжидида дарс айтаётган пайтида содир этилган портлаш натижасида шаҳид бўлдилар. Ҳазратнинг муборак жасади “Ал-жомеъул умавий” масжди яқинидаги машҳур саркарда Салоҳиддин Айюбий қабри ёнига қўйилди.

Сурия халқининг боши тушган воқиалардан ҳаммамизни хабаримиз бор. Бутун мамлакат вайрон бўлди. Минглаб бегуноҳ мусулмонларнинг қони тукилди.

 Набий (алайҳиссалом): “Ё Аллоҳ, олимга эргашилмайдиган, оқилдан ҳаё қилинмайдиган замон келиб қолмасин!”, дея уламолар ҳурмат қилинмайдиган замон келишидан паноҳ сўраганлар (Имом Аҳмад ривояти)

Юқоридаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, мусулмон инсон ўз юрти уламоларини ҳурмат қилиши ва ҳар бир чиқарган фатво ва кўрсатмаларига итоат қилиши вожибдир.

Аллоҳ таоло барчамизни олимлар, аҳли илмлар, имом-хатибларга нисбатан ҳурматли ва меҳрли бўлишимизни насиб этсин.

Сергели тумани “Қуддус-Шариф”  жоме масжиди имом- хатиби   Н.Муминов               

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top