www.muslimuz

www.muslimuz

 

Аввал хабар берганимиздек, ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов 10-18 апрель кунлари Ал-Кувайт шаҳрида бўлиб ўтадиган 10-халқаро Қуръон мусобақасида тиловат йўналиши бўйича иштирок этиш учун Кувайт давлатига жўнаб кетган эди.

11 апрель куни Зафар қори Маҳмудов 1-босчиқдан муваффақиятли ўтгач, қуръа натижаларига кўра, биринчи бўлиб тиловат йўналиши баҳсларини бошлаб берган эди.

Кеча 18 апрель куни қизғин ўтган мусобақа ўз ниҳоясига етди ва якунга кўра институтимиз ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов 80 та давлатдан иштирок этган 160 та қорилар орасида фахрли ўнталикка кириб мусобақани муваффақиятли якунлади.

10-халқаро Қуръон мусобақасида 1-ўринни нигериялик қори қўлга киритди, 2-ўрин жазоирлик қорига насиб этди, 3-ўринга сомалилик қори муносиб топилган бўлса, тўртинчи ўринни суданлик қори эгаллади.

Кувайтдаги ушбу 10-халқаро Қуръон мусобақаси ҳифз, тиловат йўналишида ва бу йилдан бошлаб ёш, ўсмир қорилар ўртасида ўтказилди.

Эътиборли томони, Зафар қори Маҳмудов 2011 йили Саудия Арабистонида бўлиб ўтган халқаро Қуръон мусобақасида ҳам муносиб иштирок этган эди.

Манба: Islaminstitut.uz
Четвер, 18 апрель 2019 00:00

Зиёратда ширкдан сақланайлик!

Шу кунларда Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қуриган дарахтни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби ширк амаллар акс этган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётгани кузатилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан зиёратгоҳлардаги  ширк амаллардан сақланиш борасида аниқ кўрсатма ва фатволар эълон қилинган.

Дарҳақиқат, Ислом – тавҳидга асосланган дин. Аллоҳ таолонинг ягоналигига, барча яхшилик ва ёмонлик фақат Унинг иродаси билан бўлишига имон келтириш имоннинг асосий шарти ҳисобланади.

Мусулмон киши ўзининг имон-эътиқодига асосан барча ҳожатларини фақат Аллоҳ таолодан сўраши ва Унинг Ўзигагина ибодат қилиши шарт. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

“...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф, 110).

Аллоҳ таоло ҳожатни ёлғиз Ўзидан сўраш кераклигини ана шу ва бошқа кўплаб ояти карималарида очиқ-ойдин маълум қилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва У зотнинг меросхўрлари бўлган уламолар инсон эҳтиёжини фақат Аллоҳ таолодан сўраш лозимлиги ҳақида таълимот берганлар. Афсуски, кўп йиллардан бери айрим кишилар билимсизлиги дейсизми, жоҳиллиги сабаб бўлибми, Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари зиёратгоҳи ҳудудидаги қуриган дарахтни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби ширк амалларни қилиб келмоқдалар.

Қуръони каримда:

“Албатта, Аллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у (тўғри йўлдан) жуда узоққа адашибди” (Нисо, 116).

Бугунги кунда кўплаб зиёратгоҳларда ана шундай бидъат ва ширк амалларига кўзингиз тушади. У ерлардаги нарса ва буюмлардан фарзанд, бахт, бойлик ва ҳоказоларни сўраш нодонлик ва улкан гуноҳдир.

Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қадимий дарахт ҳам инсонларнинг йўлдан озишларига, ширк амалларга қўл уришларига сабаб бўлмоқда. Зиёратга келганлар ўша дарахтни силаб, юз-кўзларини суртиб, атрофини айланиб, турли нарсаларни сўрашаётгани кузатилмоқда. Ахир аллақачон қуриб қолган, биттагина барг чиқаришга ҳам мажоли етмаётган дарахт инсонга қандай қилиб фойда келтириши мумкин?!

Бундан бир неча йил аввал мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Дарахт ва тош кабиларни муқаддас деб билишнинг ширклиги ҳақида”ги фатвоси ҳам эълон қилинган ҳамда тушунтириш ишларини олиб борилган эди. Шунингдек, зиёратгоҳларга Ислом ақидаси ва шариатида кўрсатилган зиёрат қилиш одоблари ҳақида лавҳалар қўйилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Аллоҳ таолога ширк бўлган бундай амалларнинг давом этаётганидан жиддий ташвишда. Негаки, Аллоҳ таолони қўйиб, дарахтдан ҳожат истаган банда Аллоҳ таолонинг қаҳрини келтиради. Натижада ҳожати раво бўлиш у ёқда турсин, боши ташвишу ғамдан, мусибату балолардан чиқмай қолади. Диний идора уламолари ана шундан хавотирга тушиб зиёратчилардан ушбу ширк амални қилмаслик ҳамда зиёратгоҳ масъулларидан ушбу қадимий дарахт ҳақида тўғри тушунча беришни жорий этди.

Бугунги кунга келиб, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги мазкур қуриган дарахт атрофида бирмунча тартиб ўрнатилди. Жумладан, имом-хатиблар жалб этилиб, келган зиёратчиларга у қадимий қуриган дарахт экани, кимда-ким ундан бирор нарса сўраса, айланса ширк бўлиши ҳақида маълумотлар бериб турибдилар.

Аммо ушбу дарахтдан мадад сўраш ягона ҳодиса эмас, юртдошларимиз Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги  дарахтдан, Тошкент вилоятидаги Кумушкон санаторияси тепасидаги садақайрағочдан, Самарқанд вилоятининг Чўнқаймиш қишлоғидаги чинор дарахтидан ҳам ҳожат сўрашдек ширк амалларни одат қилганлар.

Баъзи кишиларнинг ҳамма нарсага етган ақллари нега шунга қолганда оқсайди ҳайрон қолади одам: тагини юмшатиб сув қўйсангиз, ўсадиган; касалланса, дори сепсангиз тузаладиган; сув қўймасангиз қуриб қоладиган ёхуд сизнинг қаровингизга муҳтож бир дарахт сизга бойликни қаердан олиб келади. Ундан фарзанд сўраш-ку ақлга сиғмайдиган даражадаги таажжубли ҳолат.

Мусулмон одам нимаики ҳожати бўлса, барчасини фақат ва фақат Аллоҳ таолодан сўраши лозим. Бандани асровчи ҳам, унга бойлик, фарзанд неъмати ва бошқа

нарсаларни берувчи ҳам фақат Ҳақ таолонинг Ўзидир!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Аввал хабар берганимиздекмашҳур олимшайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Самарқанд бўйлаб зиёратни бошлаган эдилар. Самарқанд зиёратидан сўнг меҳмонлар Сурхондарё вилояти сари йўл олдилар.

Кеча 2019 йилнинг 17 апрель куни шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг Ўзбекистондаги зиёратларининг навбатдаги қисми Китоб шаҳридан бошланди. Бунда меҳмонлар Хўжа Бухорий номидаги ўрта махсус таълим муассасасига ташриф буюришди. Ташриф асносида зиёратчилар мадраса фаолияти билан яқиндан танишдилар, устоз ва толиби илмлар суҳбат қурдилар. Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ушбу суҳбат ва танишувлардан кўп мамнун эканликларини билдириб, уларнинг ҳақларига кўпдан-кўп дуолар қилдилар.

Шундан сўнг меҳмонлар Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган Имом Абу Исо Термизий ҳазратларининг зиёратларида бўлдилар. Зиёратгоҳ ёнида қад ростлаган масжидда аср намози ўқилганидан сўнг, шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ йиғилганларга Имом Абу Исо Термизий ҳазратларининг умр йўллари ва илмий фаолиятлари ҳақида маъруза қилдилар.

Сурхондарё вилоятидаги кейинги зиёрат Термиз шаҳрида жойлашган Ҳаким Термизий ҳазратларининг зиёратлари бўлади. Ушбу зиёратдан сўнг шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг Сурхондарё вилоятидаги зиёратлари ўз якунига етади. Меҳмонларнинг Ўзбекистон бўйлаб зиёратлари давом этмоқда.

 

Islom.uz портали таҳририяти

Аввал хабар берганимиздек, ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов 10-18 апрель кунлари Ал-Кувайт шаҳрида бўлиб ўтадиган 10-халқаро Қуръон мусобақасида тиловат йўналиши бўйича иштирок этиш учун Кувайт давлатига жўнаб кетган эди. Кувайтдаги 10-халқаро Қуръон мусобақаси ҳифз, тиловат йўналишида ва бу йилдан бошлаб ёш, ўсмир қорилар ўртасида ҳам ўтказилиб, унда 80 та давлатдан 160 та қорилар иштирок этмоқда.

11 апрель куни Зафар қори Маҳмудов 1-босчиқдан муваффақиятли ўтгач, Кувайт вақти билан 12:30 да қуръа ташлаш натижаларига кўра, биринчи бўлиб тиловат йўналиши баҳсларини бошлаб берди.


Эътиборли томони, Зафар қори тиловатни бошлашдан олдин ўзининг Кувайт давлатига бўлган ташаккур ва эҳтиромини “Ўзбекистон Кувайт давлатига барча яхшиликларни Аллоҳ таолодан сўрайди”, деган сўзлар билан изҳор қилди ва бу дуои хайр ташкилотчилар ҳамда иштирокчилар кайфиятига янада кўтаринкилик бағишлади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақа 18 апрель кунига қадар давом этади.

 

Куни кеча, 11 апрель куни Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон уламолари иштирокида Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини аниқлаш бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков, Қозоғистон мусулмонлари идораси Шариат ишлари бўлими мудири Чуханов Сансибай, мудир ўринбосари Аманқулов Ҳасан, Қирғизистон мусулмонлари идораси аппарати бошлиғи Кадирбердиев Абибулла иштирок этди.

Мулоқотда қўшни мамлакатлар диний идоралари билан ҳамкорлик алоқалари ўзининг ижобий самараларини бериб келаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш, шаръий эҳтиёжларини қондириш ва уламолар ҳамфикрлилигини йўлга қўйишда бўйича яхши натижаларга эришилмоқда. Масалан, ўтган Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини аниқлашда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари идоралари ҳамкорликда ишлашлари ўзининг жуда яхши натижаларини берди.

Уламолар Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда 2019 йилда Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи куни қайси кунга тўғри келиши мумкинлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни маълум қилдилар. Шунингдек, Шаъбон ойини кузатиб бориш ва Рамазон ойи ҳилолини аниқлаш бўйича келгусида яна бир бор кенгашиб олишга келишилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top