muslim.uz

muslim.uz

Середа, 13 декабрь 2017 00:00

Бахилнинг боғи кўкармас

Инсонлар ҳаётда доимо тўкин ва ҳеч бир жиҳатдан муҳтожлик сезмай яшашга интилади. Бунинг учун бойлик йиғишга, яхши маош олиб ишлашга, савдо билан шуғулланиб тезда кўп мол-дунё ортиришга ҳаракат қилади. Шу сабаб кўпчилик бой-бадавлат бўлгиси келади ва Аллоҳ насиб қилган бўлса ҳаракатлари бир сабаб бўлиб бойликка ҳам, муҳтожликсиз ҳаётга ҳам эришади. Аммо бойлик ва молнинг кўплигини, фақат ўзида бўлишни истаб дунё йиғиш инсонни ёлғизлик ва маънавий қашшоқликка олиб боради. Маънавий қашшоқлик ортидан эса Ислом динида қораланган қатор иллатлар  келиб чиқади. Ана шундай ёмон иллатлардан бири – бахиллик бўлиб, унинг ёмон одат экани ҳақида Қуръони каримда қуйидагича келтирилади:

Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига  яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир” (Оли Имрон сураси, 180-оят).

Бахил ўзини бахиллик қилмаяпман, ўз молимни ҳимоя қилиб тежамкорлик қиляпман деб ўйлайди ва закотини бермай фақат йиғиб асрайди, аммо оятда айтилаётгандек у ўзи учун ёмонликнинг айни ўзидир. Бу дунёда барака топмагани бир жазо бўлиб умрини зое қиладиган бўлса, қиёматда ўша закоти берилмаган, бахиллик қилган моллари бўйнига ўралиб дўзахга бошлаб кетади.

Ушбу оятни тафсир қилиб келган ҳадисда бахилнинг ҳолати яна ҳам очиқ айтиб ўтилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга мол берса-ю, закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки холли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб: “Мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман”, дейди”, дедилар. Кейин “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар”, оятини охиригача ўқидилар” (Бухорий ривоят қилган).

Ҳадисда бахилнинг ҳолати аниқ баён этиб берилмоқдаки, бундан ортиқ шарҳга зарурат йўқ, унинг зарари эгасини хорликка судраб кетади. Бахилликнинг зарари шундаки у жамиятда камбағалларнинг кўпайиб муҳтожлик ва табақаланиш кенг ёйилишига сабаб бўлади. Ислом дини эса инсонлар орасида муҳтожлик ва молига қараб табақаланишдан сақлашга чақиради. Мол тўплаш бандасига қанчалик ёқмасин, агар Аллоҳ унинг тақдирига мол бериб бой бўлишни ёзмаган бўлса бойлик унга етмайди. Энди Аллоҳ унга Ўз фазлидан мол ва бойлик берса-ю, у банда Аллоҳнинг фазлини инкор этиб ўзим топганимни нега бераман деса, бу дунёдан-ку шу ҳолатда яшаб ўтар, аммо Аллоҳ уни қиёматда моли билан азобланувчилардан қилиб қўяди.  Аммо закоти берилмаган моллар шу дунёдаёқ ўз эгасига кулфатлар олиб келаверади. Мол эгаси ё саломатлиги ёки фарзандлари, ёки уй-жойи, ёхуд касби-коридан балоланаверади. Шундай экан, бахиллик фақат ва фақат инсоннинг ўзига зарардир.

Бахиллик нафақат молда, балки инсон, оддий ҳолатдаги буюмлари ва бошқа жиҳатларини қизғанишида ҳам кўринади. Инсонлар жамиятда қўшни бўлиб яшайди шу сабаб ҳам қўшнининг ҳаққи Ислом динида жуда катта ўринда туради. Қўшни у ҳамма тушунадиган уй-девор қўшни бўлса, бундан ташқари, мактаб, коллеж, институт ва ҳамкасблар ҳам бир-бирлари ҳаёт йўли давомида қўшни бўлиб яшашда давом этади. Шу жиҳатдаги қўшниларга ҳам бахиллик қилиш мусулмон кишига хорлик ва жамиятдан узилиш, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқиб дунё-охиратда баракасиз ва савобсиз Аллоҳнинг даргоҳидан ва фазли ила жаннатга киришдан маҳрум бўлади.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”, дедилар (Термизий ривояти). Мўмин кишининг хулқи ва одоби ҳақидаги бу ҳадисда бутун ҳаёт йўлини изга солиб турувчи ҳикмат бор. Мусулмон киши Аллоҳ учун яшашда давом этар экан унда бахиллик каби иллатлар қалбига ўрнашмайди. Бахилликнинг давоси эса Аллоҳ молини ҳам, жонини ҳам омонат ва фазл қилиб берганини, уни ҳисобини албатта беришини унутмаслик ва соҳиби эҳсон бўлишдадир.

Зафар  МАҲМУДОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси.

Рабиул аввал, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ойнинг охирги кунларида турибмиз. Шу муносабат билан эътиборингизга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саломатликка оид суннатларини ҳавола этамиз:

Эрта туриш. Набий алайҳиссаломнинг эрта туриш одати бўлган, азон вақтида уйғонганлар. Албатта, эрта туриш кун бўйи инсонга тетиклик ҳамда ишчанлик қобилиятларини беради. Ҳамда ақлий фаолиятни яхшилайди. Баъзилар учун эрта туриш қийин туюлиши ёки иложи йўқдек кўриниши мумкин. Лекин бу одатни кичик қадамлар билан шакллантириш мумкин. Бу эса ҳаётни сезиларли даражада яхшилаши исботланган.

Меъёрида овқатланиш. Меъёрида овқатланиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидандир. Йиллар давомида бир эмас, бир неча текширувларнинг натижаси меъёрида овқатланиш кўплаб касалликларнинг олдини олишини тасдиқлаган. Инсон тўйиб эмас, балки 80 фоиз тўйгунига қадар овқатлангани маъқул.

Сув истеъмол қилиш. Ҳадиси шарифда сувни катта эмас, кичик ҳўпламлар билан ичишга чорланади. Акс ҳолда катта ҳўплаб ичишдан жигар шикастланиши мумкин дейилади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сув ичишдаги суннатларидандир. Бугунги кунда илмий тадқиқотлар ҳам шуни таъкидлайдики, қисқа вақт ичида, бирданига кўп миқдорда сув ичиш жигарни зарарлашга олиб келади.

Рўза. Илмий тажрибалар шуни кўрсатадики, фақат егуликларнинг ўзи эмас, балки уни тановвул қилиш вақти ҳам инсон организмига таъсир кўрсатади. Рўза тутиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари бўлган. Бу ишни фақат Рамазон ойида қилмаганлар. Инсон қанчалик кам овқат еса, унинг организми ҳазм қилишга шунчалик кам куч сарфлайди.

Хурмо. Хурмо – шундай меваки, ўзида бир неча фойдали элементларни жамлайди. Тўғри овқатланиш тарзини йўлга қўйган инсонлар, албатта, бундай фойдали маҳсулотлар ҳақида биладилар. Хурмо эса улардан биридир. Ушбу мева инсон организмида қанд даражасини нормаллаштиради. Қондаги холестерин миқдорини камайтиради, юрак билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олади.

Доимий ҳаракатда бўлиш (фаоллик). Исломнинг 5 арконларининг 3 таси жисмоний фаолликни талаб этади. Намоз – биринчи навбатдаги жисмоний ҳаракат кўринишидир, ҳажга бориш ҳамда рўза тутиш ҳам ана шулар жумласидандир. Пайғамбаримиз доимий ҳаракатда бўлганлар ҳамда саломатлигини мустаҳкамлаш  мақсадида сузиш, чавандозлик, мерганлик кабилар билан шуғулланганлар.

Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари саломатлик борасидаги муҳим тавсиялардир.

 

Шаҳзода АБДУМАЖИДОВА,

Тошкент ислом университети талабаси

Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келганларида, ансорийларнинг ҳар бири у зотни меҳмон қилиш орзусида эди.  Ҳатто Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг туяси жиловига осилиб олиб, у зотни уйига таклиф этишарди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом жиловни қўйиб юборишларини ўтиниб сўрар, туя қаерга чўкса, ўша уйга тушажакларини айтардилар. Ниҳоят туялари у зотнинг қариндошлари Адий ибн Нажжор маҳалласига етганида Абу Айюб Холид ибн Зайид Ансорийнинг эшиги олдида тўхтаб чўккалади (Холид Муовия розияллоҳу анҳу халифалик даврида Истамбулни олиш учун бўлган жанг чоғида шаҳид бўлиб, шаҳар ташқарисига дафн этилган).

Расулуллоҳ алайҳиссалом туяларидан тушдилар ва: "Иншоаллоҳ турар жойимиз шу ер бўлади. Эй Раббим, мени муборак ерга туширгин, сен ҳамиша қутлуғ жойни ато этгувчисан", дедилар. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг нарсаларини ичкарига олиб кирди, Асъад ибн Зурора эса туяга емиш бериш учун уйига олиб кетди. Бани Нажжор маҳалласининг қизалоқлари Расулуллоҳни қўшиқ айтиб кутиб олишди. "Мени яхши кўрасизларми?" деб сўрадилар Сарвари олам. Қизлар "ҳа" деб жавоб қайтаришди. "Худо ҳаққи, мен ҳам сизларни жон-дилимдан яхши кўраман", дедилар у зоти муборак.

Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг уйи икки қават бўлиб, Расулуллоҳга иккинчи қаватни муносиб кўрди, бироқ у киши зиёратчилар билан кўришиб, суҳбатлашишнинг қулайлиги учун пастда туришни ихтиёр этдилар. Мезбон келим-кетим кўпайиб чанг-тўзон, дам-бадам сепилган сувлардан ҳовур кўтарилиб Расулуллоҳ озор чекишларидан ташвишланган эди. Чиндан ҳам кунларнинг бирида сув солинган хум синиб кетди. Эр-хотин Расулуллоҳнинг устларидан чакка ўтмасин деб сувни кўрпага шимдириб олишди. Шундан кейин қўярда-қўймай Расулуллоҳни юқориги қаватга кўчириб чиқишди. Биринчилардан бўлиб, ансорларнинг катталаридан Саид ибн Убода, Асъад ибн Зурора, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумнинг оналари турли-туман ширин овқатлар пишириб келишди.

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

“Пул емас ота” жоме масжиди имом-ноиби

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 12 декабрь куни мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг ушбу соҳани ривожлантириш, уни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бу борада бирламчи тиббиёт хизмати, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган тиббий хизмат, хусусий тиббиёт, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш каби йўналишлар устувор вазифа қилиб белгиланган.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари “Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш, халқимизни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш – барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир”, деб алоҳида қайд этди.

 

2016 йил билан қиёслаганда ўзгаришлар яққол кўзга ташланади. Жорий йилда оилавий поликлиникалар 793 тага кўпайди. Туну кун фаолият кўрсатадиган 793 қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилиб, уларда тез тиббий ёрдам шоҳобчаси ҳамда кундузги стационарлар очилди. Сил билан касалланиш кескин камайди. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассислари ҳудудларга 2407 марта чиқди, ваҳоланки, 2016 йилда бу рақам 500 дан ошган эди. Ўтган йили уларнинг хизматидан 30 минг киши фойдаланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 220 мингга етди. 100 га яқин ўзбекистонлик малакали шифокор хориждан юртимизга қайтиб, халқимизга хизмат қилмоқда.

 

Бугунги кунда, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Муҳтож фуқароларни реабилитацион техник воситалар билан таъминлаш 90 фоизгача оширилди. Ногиронлар аравалари, эшитиш мосламалари каби буюмлар билан таъминлаш икки ҳисса ортди. Тиббий-ижтимоий муассасаларни қуриш ва реконструкция қилиш учун 49,3 миллиард сўм, яъни 2 баробар кўп маблағ ажратилди.

 

Соҳа учун кадрлар тайёрлаш кўлами кенгаймоқда. Олий маълумотли шифокорлар тайёрлаш учун қабул квоталари сони 3445 тага етказилди, шундан 1180 таси мақсадли ҳудудий квотадир. Клиник ординатурада тайёрлаш бўйича ҳам квоталар оширилди.

 

Тиббиётда хусусий секторни ривожлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайди, солиқ ва божхона имтиёзлари 2022 йилга қадар узайтирилди, “Асакабанк” ҳузурида Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди, хусусий тиббиёт муассасалари сони 400 тага кўпайди. Айни пайтда давлатга қарашли ва хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланди.

 

Давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун ажратилган маблағ миқдори 821 миллиард сўмни ташкил этди. Бу 2016 йилдагидан 3,5 баробар кўпдир.

 

Шу билан бирга, соҳага жалб қилинаётган хорижий инвестиция миқдори ошиб бормоқда. 2016 йилда 40,2 миллион доллар ўзлаштирилган бўлса, жорий йилда бу рақам 93,5 миллионга етди.

 

Лекин ҳали соҳада амалга ошириш лозим бўлган ишлар кўп.

 

Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммо ва камчиликларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти ва салоҳияти етарли эмаслиги, яъни бугунги кунда мамлакатимизда 11 мингдан зиёд шифокор етишмаслиги сабабли янгидан ташкил этилаётган тиббиёт муассасалари томонидан аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсата олинмаётгани, бунинг сабаблари, оқибат ва ечимларига алоҳида эътибор қаратди.

 

Шунингдек, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси заифлиги, қишлоқ оилавий поликлиникаларида зарур бўлган тез тиббий ёрдам шохобчалари ва дорихоналар ташкил этилмагани, хусусий тиббиёт тизимини ривожлантиришда тадбиркорлар ишига тўсиқ бўлаётган раҳбарлар фаолияти танқид қилинди.

 

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам тизими фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида фармон ва қарорлар қабул қилинганига қарамай, республика ихтисослаштирилган марказларининг ҳудудлардаги фаолияти талаб даражасида ташкил этилмаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Республика ихтисослаштирилган педиатрия, хирургия, урология, кўз микрохирургияси, кардиология, дерматовенерология, эндокринология, нейрохирургия каби илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликлар, хусусан, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ишлари етарли эмаслиги, жойларда замонавий диагностика ва даволаш усуллари суст татбиқ этилаётгани, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ҳамда аҳоли ўртасида профилактика ишлари талаб даражасида ташкил этилмаётгани муҳокама қилиниб, мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.

 

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қайд этилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2018 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши лозим бўлган қатор стратегик вазифалар белгилаб берилди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни доимий назорат қилиш ва мониторингини юритиш мақсадида олти ойлик иш режасини ишлаб чиқиши ва унинг қатъий ижросини таъминлаши лозимлигига эътибор қаратилди. Шунингдек, бир ҳафта муддатда ҳар бир ҳудуд бўйича раҳбар ходимлардан иборат доимий ишлайдиган ишчи гуруҳларни тузиш ва уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

 

Ишчи гуруҳлари томонидан амалга ошириладиган ишлар юзасидан туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланиши ва қатъий назоратга олиниши қайд этилди.

 

Ушбу ишларни амалга оширишда текшириш эмас, балки жойлардаги реал ҳолатни чуқур ўрганган ҳолда, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш усулини ишлаб чиқиш ва жорий этиш талаб этилди.

 

Кадрлар таъминоти масаласи ечими сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёжни ҳудудлар, туманлар ва муассасалар кесимида аниқлаш, 2018 йилда бакалавриат таълим йўналишининг мақсадли қабул квотасини 2017 йилга нисбатан 20 фоиз ошириш, мақсадли магистратурани 10 фоиз, клиник ординатура қабул квотасини 15 фоиз ошириш белгиланди.

 

Тез тиббий ёрдам тизимида дори воситалари учун ажратилаётган маблағларни 2018 йилда камида икки баробар ошириш ва ҳудудлар кесимида бир меъёрда молиялаштириш бўйича чоралар кўриш топширилди.

 

Шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, бунда ҳомиладор аёлларга кўрсатилаётган перинатал хизматни такомиллаштириш, оналар, гўдаклар ва болалар ўлимини камайтириш, туғма нуқсонли ва наслий касалликлар билан туғилишларнинг олдини олиш, туғруқ комплекслари ва болалар шифохоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, аёллар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш мақсадида аёллар тиббий кўригини тўлақонли ташкил этиш тизимини жорий қилиш вазифаси юклатилди.

 

Хусусий тиббиётни тизимли асосда ривожлантиришга қаратилган топшириқлар берилди. Хусусан, пойтахтимизда фаолиятини бошлаган “Акфа медлайн” хусусий тиббиёт муассасаси негизида мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантириш ва уларга малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув-даволаш марказини ташкил этиш, мазкур тиббиёт маркази ҳамкорлигида Корея Республикасининг олий таълим тиббиёт муассасаси ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

 

Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда аҳолининг ҳудудларга хос касалланиш кўрсаткичлари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, тор йўналишларга ихтисослашган стационар шароитдаги ҳусусий тиббиёт ташкилотларини кўпроқ ташкил этиш топширилди.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овқат еб бўлсалар:

“Алҳамдулиллаҳиллазий атъамана ва сақона ва жаъалана муслимийн”,

(Бизларни овқатлантириб, суғориб ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин) деб айтардилар.

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top