muslim.uz
Халқаро анжуман иш бошлади
2017 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров ва Тошкент ислом университети исломшунослик илмий-тадқиқот маркази директори в.б. Жасур Нажмиддинов Москва шаҳрида ўтказиладиган “Ислом ақидаси ва академик исломшунослик: ҳамкорлик ва ривожланиш истиқболлари” номли илмий-маърифий анжуманда иштирок этиш учун жўнаб кетишди. Ушбу анжуман ўз ишини 2017 йил 29–31 октябрь кунлари олиб боради.
Мазкур анжуманнинг бориши ва унда кўтарилган масалалар тўғрисида сайтимизда ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мусулмон олимлари дунёга совға қилган ихтиролар (Тиш чўткаси)
Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам тишларини тозалаш учун мисвокдан фойдаланганлар ва умматларига ҳам шуни тавсия қилганлар. “Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим” (Имом Молик ва Имом Бухорий ривояти).
Мисвок арок деган бутанинг учи юмшатилган новдалари бўлиб тишни тозалаш баробарида оғизнинг ҳидини ҳам олар экан.
Демак, мусулмонларга Саодат асридаёқ тишни тозалаб юриш одат бўлган. Орадан кўп асрлар ўтганидан кейин француз императори Наполеон Бонапарт (1769-1821) отнинг ёлидан ясалган тиш чўткасидан фойдаланган.
Оғиз гигиенаси катта тарихга эга. Археологик қазишмалар натижасида шундай хулосага келинди. Бундай қазишмалар чоғида тиш тозалагичнинг турли воситалалари топилди. Киев Русида ҳам мисвок қолдиқлари топилгани мисвоклар ушбу мамлакатга мусулмонлар таъсирида келтирилган деган фикрга асос бўлади.
Тиш чўткасини расман ишлаб чиқишни эса 1780 Англия фуқароси Вильям Аддис (ингл. William Addis) бошлаган. Ўша йили исёнга қўшилиб қолган Аддис турмага ташланади ва турмада ўтириб тиш чўткаси ясайди. Бунинг учун у суякдан қатор тешиклар очиб, очилган тешиклардан бошнинг орқа қисмидаги сочларни ўтказади ва уларни елим билан маҳкамлайди. Озодликка чиққанидан кейин у тиш чўткаси ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Аддис асос солган Wisdom Toothbrushes, фирмаси ҳали ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Уммон ортида эса тиш чўткаси ишлаб чиқариш учун америкалик ишбилармон Водсворф (ингл. H.N.Wadsworth) 1850 йилда патент олган. Бироқ уни оммавий равишда ишлаб чиқариш 1885 йилга келиб бошланган. Ўша тиш чўткаларининг дастаси суякдан, чўтканинг ўзи эса сибирь тўнғизининг жўнидан бўлган. У расво материал бўлган: чўтка тезда қуримаган, бунинг устига, табиий чўтканинг ичида, таг қисмида микроблар тўпланиб кўпайишига ғоятда ўнғай бўлган яна бир қатлам пахмоқ қил бўлган.
1938 йилнинг 24 февралида Oral-B компанияси тишни тозалайдиган толаси нейлондан бўлган тиш чўткаси ишлаб чиқаради.
Биринчи электр чўткаси Broxodentни эса 1959 йилда Squibb Pharmaceutical компанияси таклиф қилди.
2003 йилнинг январида ўтказилган сўровда америкаликлар тиш чўткасини инсоният қилган ихтироларнинг биринчи рақамлиси деб айтдилар. Улар машинасиз, компьютерсиз, мобиль телефонсиз, микротўлқинли ўчоқсиз яшай олмагани каби тиш чўткасисиз ҳам мутлақо яшай олмаслигини эътироф этган.
Бундан аён бўладики, энг буюк ихтиро сифатида тан олинган тиш чўткасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиро қилган эканлар.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади
Илмий мактаблар фаолиятини бошлаш арафасида
25 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказилган йиғилишда Самарқанд вилоятида “Ҳадис”, “Калом”, Фарғона вилоятида “Ислом ҳуқуқи”, Бухоро вилоятида “Тасаввуф”, Қашқадарё вилоятида “Ақида” илмий мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича масалалар келишиб олинди.
Мажлисни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов кириш сўзи билан очиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги видеоселекторда аҳоли, айниқса, ёшларни бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, буюк аждодларимиз қолдирган илмий меросни ўрганиш мақсадида, Самарқанд вилоятида ҳадис илми, калом илми, Фарғона вилоятида ислом ҳуқуқи, Бухоро вилоятида тасаввуф, Қашқадарё вилоятида ақида мактабларини ташкил этиш бўйича берган тавсия ва кўрсатмаларига алоҳида тўхталиб, мазкур мактаблар фаолиятини ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирди.
Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўз олиб, ташкил этилаётган мактаблар олдига жуда катта вазифалар қўйилганини алоҳида таъкидлаб, ҳар бир мактабларда фаолият олиб бориш учун жалб қилинадиган ўқитувчилар диний идорада тузиладиган махсус ҳайъат суҳбатидан ўтказилгандан сўнг иш бошлашини маълум қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров муҳокамада сўзга чиқиб, ташкил этилаётган мазкур мактаблар Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида ташкил этилаётган Ислом академияси ва магистратура мутахассисликларида таҳсил олиш истагида бўлганларни тайёрлашда ҳам муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаб ўтди.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов ушбу мактабларга диний маълумотга эга бўлган мутахассислар билан бир қаторда дунёвий илмларга эга бўлган фан номзоди ва фан докторларини ҳам жалб қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди.
Сўзга чиққан нотиқлар мазкур илмий мактаблар илмий-тадқиқот маркази шаклида ташкил этилиши, уларда юртимизда шаклланган устоз-шогирд анъаналарига асосланган Бухоро, Самарқанд мактаблари услубида фаолият олиб боришини алоҳида қайд этишди. Шунингдек, илмий мактаб ходимлари ихтисослиги бўйича мўътабар асарлар асосида давра дарсларини олиб бориши, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши, тингловчилар (илмий изланувчи) учун тегишли асарларни давра дарслари шаклида ташкил этилиши, жамиятдаги турли диний масалаларни чуқур ўрганган ҳолда матбуотда материаллар эълон қилиниши тўғрисида сўз борди.
Шу ўринда маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу илмий мактабларга диний маълумоти тўғрисида ҳужжатга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суҳбат асосида тингловчи сифатида қабул қилинади. Тингловчиларга илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва давра дарсларида иштирок этиш муддати белгиланмайди, яъни таълим замонавий модуль шаклида олиб борилади. Мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлаганлиги тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилади.
Йиғилиш сўнггида мактаб фаолиятини юритиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мусулмон олимлари дунёга совға қилган ихтиролар (Мусиқа)
Мусиқа қадимги даврлардаёқ пайдо бўлиб юзйилликлар оша такомиллашиб келган эса-да, унинг янада равнақ топишига Ўрта Шарқ мусулмонлари катта ҳисса қўшган. Масалан, мусулмон созандалар Европага олиб борган уд сози скрипканинг ихтиро қилинишига сабаб бўлган. Бундан ташқари, асрлар давомида кенг қўлланиб келинаётган нота ёзувлари ҳам араб алифбоси асосида яратилган.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА
Хазон фасли ҳазинлик даврими?
Миллатимиз қуёши – ҳазрат Навоий инсон умрини тўрт фаслга бўлиб назмий асарларига тўрт фаслга мос равишда тартиб бергани замирида буюк ҳақиқат борлиги барчага аён. Улар: болалик – баҳор, ёшлик – ёз, ўрта ёш – куз, кексалик – қиш.
Ана шу даврийликни инсон зоти умрининг ҳар йили давомида ҳам яшашига эътибор қилганмисиз? Масалан, ҳозир куз фасли. Келинг, шу фаслнинг кириб келишини хотирлаб кўрамиз: офтобнинг чароғон нурлари камаяди ва куйдирувчи тафти секин-аста сўниклашади... Кўп ойлар кўк юзида кўринмаган булутлар суруви қайдандир пайдо бўлиб, баъзида бир неча кунлаб қуёш юзини тўсиб қўяди. Айнан шу кезларда кўплаб инсонлар кайфияти маҳзунлашади. Ҳатто, табиатан қувноқ, шалдир-шулдир одамларнинг ҳам аллақандай мунгли туйғулар оғушида, ўйчан бўлиб қолгани кўзга ташланади. Қизиғи, ўша туйғунинг нима эканини уларнинг ўзлари ҳам тушунтириб бера олмайди. Аслида уларнинг бирор дарди ва жони сиқиладиган иши йўқ. Фақат вақт оқиб бораётир; инсонни қонини гупиртирган, жойида тек тура олмайдиган даражада ғайрат-шижоат, завқу шавқ ато этган фасллар ортда қолаётир...
Демак, бу ўйчанликнинг асл сабаби назмга, насрга, кўй-қўшиқларга мавзу бўлган, буюк шоирларимиздан бирининг таъбири билан айтганда, донишманд куз – хазон (ҳазин) фаслидир. Табиатдаги яшиллик қандай сўлишни, сарғайишни бошласа, инсон ҳам бир куни айни шундай сўлиб, сарғаяди. Ҳозир биз яшаётган куз фасли эса ана ўша томонга қараб ташланаётган қадамлардандир.
Унинг ортидан қилич қайраб келаётган қиш фасли эса гумонасини ичида тарбия қилган, каттартирган она раҳмига ҳамда инсон қайта тириладиган кун қийматга қадар ичида қоладиган қабр ҳаётига ўхшайди.
Ва ниҳоят баҳор! Туғилишнинг бошланиши... тупроқни ёриб чиққан чечаклар ер юзига жилмайиб, атрофга масрур боқадиган, шоду хуррамлик улашадиган, муаттар ҳидлар таратадиган беғубор фасл. Раббимизнинг қудратини тафаккур этмоқ учун энг ажойиб вақтлардан бири. Шип-шийдам, ўлик тупроқ қандай қилиб бирданига тирилади. Инсоннинг ҳам туғилиши бўлган баҳор, навқирон кучга тўлган ёзи, ҳаётининг сўнгги дамлари бўлган кузи, ниҳоят бу дунё ҳаётининг охири – охиратнинг остонас и бўлган қиши бор.
Бинобарин, ҳар баҳорда ер юзининг тирилиши қиёматда инсонларнинг қайта тирилишига ўхшаши бир неча оятларда ифода этилган. Хусусан:
“Яна унинг оятларидан, ерни қақраган ҳолда кўришингдир. Бас, Биз унинг устидан сув туширсак, у қимирлар ва ўсар. Уни тирилтирган Зот, албатта, ўликларни ҳам тирилтиргувчидир. Албатта, У зот ҳар нарсага қодирдир”, деб марҳамат қилинади (Фуссилат сурасининг 34-ояти).
Инсон ҳаёт кечирар экан, ҳар йили ана шу оятнинг тасдиғини ўз тимсолида кўради. Кимдир фасллар алмашувини одатий табиат ҳодисаси деб ҳисоблайди. Аммо ҳар бир ишга ҳикмат назари билан боқувчи мўминнинг яшнаган уруғни кўрганда иймони ортади. Она раҳмига тушган уруғ қандай қилиб гўзал бир чақалоқ ўлароқ бу дунёга кўзларини очса, айни шаклда бу дунёдаги ҳаётини яшаган борлиқ янги бир бошланғич учун тупроқ бағрига кўмилади.
Мевалари ғуж-ғуж бўлган дарахтларнинг мевалари тугаб, барглари сўлмоқни, сарғаймоқни бошлайди. Хушбўй ҳидли гулларнинг япроқлари тўкилади, тириклиги битади. Бу ҳол инсонни ҳазинликка ундайди. Шу туйғу уни қоплаб олади. Ўзини кучсиз ва ҳорғин ҳис қилади. кўк юзидан томган ҳар ёмғир томчиси кўзидан оққан ёшга ўхшайди. Осмоннинг ойдинлиги ўз ўрнини қора булутларга бўшатганда қалбининг завқи ҳам ўрнини сассизликка бўшатади.
Бошқа тарафдан, ёзнинг узун кунларида тиним билмай ишлаган инсон учун энди ўтириб дам олмоқ замони...
Қисқарган кунлар, узайишни бошлаган кечалар, инсон учун бир роҳатланиш, ҳордиқ чиқариш даври экан, кишининг жони нега сиқилсин... Аллоҳни севган, унга етишмоқ талабида бўлганлар узайган кечалардан янада унумли фойдаланади.
Зотан, бу дунё ҳаёти бир меҳмонлик эмасми? Меҳмонликнинг эса вақти унчалик узоқ бўлмайди. Йўлга чиқмоқ учун тайёргарлик кўриш керак. Сафар анжомларини кўздан кечириб камчиликларни тўлдириб қўйиш зарур...
Хазон фасли кишилар онгига, менимча, ана шу туйғуларни жойлайди.
Дамин ЖУМАҚУЛ