www.muslimuz

www.muslimuz

 

 САМОЪ

«Самоъ» сўзи арабча бўлиб, «эшитиш» маъносини англатади. Бу сўз тасаввуфга хос истилоҳлардан бирига айланиб қолган. Тасаввуфда «самоъ» сўзи зикр ёки зикрга оид нарсаларни эшитишга ишлатилади.

Бунда зикр учун мусиқа, қўшиқ, шеър ва бошқа нарсаларни эшитиш кўзда тутилган. Турли омилларга кўра, сўфийлар орасида зикрни рақс тушиб туриб қилиш, мусиқа ила қилиш, турли шеърларни оҳанг ила айтиш, ёш болаларни гўзал кийимлар кийгизиб, ўртага ўтирғизиб қўйиб адо этиш каби ғалати одатлар пайдо бўлган. Бунга асосан сунний тасаввуфга бегона бўлган унсурлар сабаб бўлган. Баъзи бир боҳисларнинг таъкидлашларича, чет эллардаги ва бошқа динлардаги тоифалар сабаб бўлган ҳолатлар ҳам бор.

Доктор Соиҳ Али Ҳусайн ўзининг «Ламаҳотун минат-тасаввуфи ва тарихиҳи» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Тасаввуфнинг ёмон насибаларидан бири чегарасиз равишда бошқа маданиятлар, йўналишлар ва фикрларга очиқ бўлишдир. Ўшалар ўзи билан соғлом мантиқ ва тафаккурга тўғри келмайдиган турли нарсаларни олиб келганлар.

Ҳижрий еттинчи асрда Ироқ ва араб шарқига ҳинд мутасаввифлари келишган. Улар ҳакимлардан кўра кўпроқ фирибгарларга ўхшар эдилар. Ўшалар сўфийларнинг ҳалқаларига турли сунъий банжларни олиб кирдилар ва уларни «банжи асрор» деб атадилар. Яна «Фалакнинг айланишига ўхшайди» деб, айланиб тушиладиган рақсни ҳам киритдилар. Бу рақс Мавлавий тариқатида ҳозиргача ижро этилиб келмоқда.

Улар кийимларни йиртишни ҳам одатга киритдилар. Бу худди суюқ амирларнинг гўзал қўшиқчи қизларнинг қўшиғини эшитганда қиладиган ишига ўхшайди.

Бидъатлар бирин-кетин келаверди. Афсунгарлик ўсаверди. Охири бориб каромат билан сеҳрнинг орасини ажратиб бўлмайдиган ҳолга етди. Бу ишлар Басрадаги Рифоъия, Мисрдаги Байюмия, Микносдаги Ийсавия тариқатларида авж олди. Улар орасида илон, чаён, чўғ ва шиша синиқларини ейиш, баданларга пичоқ ва қиличларни санчиш ва бошқа шунга ўхшаш ишларни қилиш кенг тарқалди.

Деярли барча тариқатларда зикр давомида бақир-чақир ва дод-войлар кўпайди. Уларда Аллоҳ таолонинг исми ўрнига турли англаб бўлмайдиган овозларни чиқариш одатга айланди. Мазкур овозлардан баъзиларини ҳарф билан ифода қилиб ҳам, ёзиб ҳам бўлмайди.

Мана шу нотўғри ишларнинг содир бўлмаслиги учун кўпчилик уламолар зокирларга Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларини билиб олишни шарт қилиб қўйдилар.

Баъзи сўфийларда «шоҳид ила сабоъ» деган бидъат зоҳир бўлди. Бу бидъат бўйича, улар ёш болаларга гўзал кийимларни кийгизиб, ҳалқанинг ўртасига ўтирғизиб қўядилар. Уларнинг бу ишни қилишга келтирган баҳоналари шуки, гўзал манзарани тааммул қилиш Аллоҳ таолога тасбеҳ айтишга тенг эмиш. «Чунки ўша нарсада Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири сокин бўлгандир», дея даъво қиладилар».

Ушбу иқтибосда келган ҳар бир нарсага сўфийларнинг ўзлари далил ва ҳужжат келтирадилар.

Рақсни мубоҳ деган сўфийлардан бири Абу Абдурраҳмон Силмий ва яна бири имом Ғаззолийдир.

Рақсни жоиз деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга: «Мен сенданман, сен мендансан», деганларида, у кишининг хурсандчиликдан бир оёқларини кўтариб, иккинчисини тушириб сакраганларини далил қилиб келтирадилар.

Иккинчи далил: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд розияллоҳу анҳуга: «Сен биродаримиз ва мавломизсан», деганларида, у кишининг хурсандчиликдан бир оёқларини кўтариб, иккинчисини тушириб сакраганлари.

Учинчи далил: Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳабашларнинг рақсини томоша қилганлари.

Аммо уламолар бу гапларни қатъиян рад қиладилар. Ибн Жавзий ва Жавҳарий: «Хурсандчиликдан бир оёқни кўтариб, иккинчисини тушириб сакраш ва ҳабашларнинг ўйини рақс эмас, хурсандликни ифода этувчи енгил ҳаракатдан бошқа нарса эмас», деганлар.

Рақс тушадиган мутасаввифлар ҳақида имом Моликдан сўралганида: «Улар гўдакми ёки жинними?! Аҳли Исломдан бирортаси буни қилганини эшитганимиз йўқ», деганлар.

Биз ўзимиздан қўшамизки, юқоридаги уч ҳолатни рақсга далил деб фараз қилган чоғимизда ҳам, зикр учун рақс тушиш мутлақо мумкин эмас. Ахир ўзи учун хурсандчилик хабарини эшитган одамнинг қувончдан сакраши ва ийд куни ҳарбий машққа ўхшаш ўйин кўрсатиш билан Аллоҳ таолони зикр қилишни рақс ила ижро этиш орасида фарқ бўлиши керак-ку!

Ибн Қудома Мақдисий самоъ ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки у зотнинг саҳобаларидан бирортасининг ҳам бу номаъқул йўлга юрганлари нақл қилинмаган. Ҳеч замонда кечаси тонг отгунча самоъ билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилинмаган. Ҳеч ким «Ким рақс тушса, унга бунча савоб бўлади», дегани йўқ. Ҳеч ким «Қўшиқ қалбда иймонни ўстиради», дегани йўқ. Ҳеч ким «Уларни эшитишда ажр бор», дегани йўқ!»

Самоънинг мазаммати ҳақидаги фуқаҳоларнинг фатволари жуда ҳам кўп. Уларни қайта-қайта такрорлаб ўтирмаймиз. Минг афсуслар бўлсинки, кўпчиликнинг маломатига сабаб бўлган ўша ҳолатлар ҳозир ҳам баъзи бир жойларда давом этиб келмоқда.

Аммо бизнинг диёрларимизда асосан Нақшбандия тариқати кенг ёйилгани учун, бу нарсалар тарқалмай қолган. Бу ерларда самоъда баъзи байтларни мусиқасиз, оҳанг билан айтиш бор. Буни эса ҳозирги замонимизда тасаввуфда кўпгина илмий ишлар олиб борган кишилар ҳам жоиз нарса сифатида эътироф қиладилар.

Устоз Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Тарбиятунар-руҳия» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар билан ўтказган ҳаётлари давомида «ҳадаа» маълум нарса бўлган. (Ҳадаа – шеърни хиргойи қилиш.) Баъзилар юриб кетаётиб, ҳадаа айтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ҳадаада иштирок этганлар. Саҳобалар шеър айтар эдилар. Ўша шеърларнинг баъзилари оҳанг билан айтиларди. Баъзиларини қизлар, баъзиларини эркаклар иш ва юриш давомида айтганлар.

Аммо саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг доимий бўлмаса ҳам, ғолибо самоълари Қуръони Карим бўлган.

Шеър айтиш ёки ўқиш ҳам бўлган. Лекин бу нарсалар асосан дам олиш пайти, хурсандчилик ва тўй муносабатлари ила бўлган.

Ибн Касир, Ибн Мурдавайҳи ва Насаий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларнинг бирортангиз бир оёғини иккинчисининг устига қўйиб олиб, қўшиқ айтаётганини зинҳор кўрмай. Бақара сурасини ўқимай қўймасин. Шайтон Бақара сураси ўқилган уйдан қочади. Албатта, уйларнинг энг кичиги Аллоҳнинг Китобидан холи бўлганидир», деганлар.

Бу эса саҳобалар ҳаётида асосий самоъ Қуръони Карим бўлганини билдиради.

Шеърнинг ҳам ўз ўрни бор. Лекин бу нарса уларнинг ҳаётида худди таомга қўшиладиган туз каби бўлган. Шунингдек, уларнинг ҳаётида оҳанг билан бир нарса айтишнинг ҳам ўрни бўлган. Аммо бу нарсалар уларнинг улкан ишлар билан тўлиб-тошган улуғ ҳаётларидан оз жой эгаллаган.

Бу гаплар баъзи сўфийларга эътироз сифатида айтиладиган нуқталардан биридир. Уларнинг ҳаётида оҳанг ва гўзал овоздан ҳузурланиш саҳоба розияллоҳу анҳумнинг ҳаётларидагига қараганда катта улуш олгандир».

Ўша чегараланган самоъ вақтида ҳам одобга риоя қилиш қаттиқ таъкидланади. Тўғри йўлдаги сўфийлар бу борадаги одобларни ҳам тартибга солганлар:

  1. Самоъ вақтида гапирмаслик.
  2. Беҳуда нарсалар билан шуғулланмаслик.
  3. Табассум қилмаслик.
  4. Овозини баланд қилмаслик.
  5. Кийим-бошини йиртмаслик.
  6. Бошини қимирлатмаслик.
  7. Қарсак чалмаслик.
  8. Самоъ учун махсус тўпланмаслик.
  9. Самоъ бўлмаса, ахтармаслик.
  10. Танбур чалиш ва «Яшанг, яшанг», дейиш бўлмаслиги.
  11. Тор бўлмаслиги.
  12. Доира ҳам, дўмбира ҳам бўлмаслиги.
  13. Шам, тўшаклар ва ёстиқлар бўлмаслиги.

Бу борада Нақшбандия тариқати жуда ҳам қулай ҳолатда бўлиб келган. Чунки суннатга энг яқин деб эътироф қилинган бу тариқатда одатдаги зикрни ҳам овозни чиқармай қилиш йўлга қўйилган.

 

МАДАД СЎРАШ

Баъзи сўфийлар доирасида тирик ёки ўлик аҳли солиҳлардан мадад сўраш одати бўлган. Улар бошларига бало келса, авлиё ва солиҳлардан балогардон бўлишларини, бошларига тушган мушкулларни кушойиш қилишларини сўраганлар. Шунингдек, бирор фойдали иш бўлишини ҳам сўраганлар. Бу ҳол айниқса одамлар бошига оммавий кулфат тушган пайтларда ёрқин намоён бўлади. Ўша пайтларда зикрлар уюштирилиб, «Ё мадад! Ё мадад!» кўпайиб қолади. Ҳар қавм ўзи эътиқод қиладиган валий ёки солиҳ кишининг исмини айтиб, мадад сўрайди.

Аксар ҳолларда Хизр алайҳиссаломдан мадад сўраш одат тусига кирган. Оналар болаларини бирор жойга юбораётиб: «Хизр бувам қўлласин», дейдилар. Бошқаларда ҳам бунга ўхшаш мадад сўрашлар тез-тез такрорланади.

Одатда беморлигига шифо излаганлар ҳам бирор авлиёнинг қабрини зиёрат қилиб, назр атаб туриб, дардига шифо сўрайди. Баъзилар фарзанд сўрайди. Яна бошқа бировлар ўзининг бошқа ҳожатининг раво бўлишини тилайди. Улар қабр тошларини ўпиб, кўзларига суртадилар, яна бошқа бидъат ишларни қиладилар.

Уламоларимиз бу ишларнинг барчасини инкор қиладилар ва уларга қарши курашадилар. Улар тирик ёки ўлик шахслардан, ким бўлишларидан қатъи назар, мадад сўраш ширк эканини тинмай таъкидлайдилар.

Аммо тасаввуф сафига суқилиб кириб қолган баъзи бировлар мазкур ишларни ўзларича таъвил қиладилар. Улар аҳли солиҳ кишилар тирикликларида ҳам, ўтганларидан кейин ҳам ўз руҳлари билан мадад бера олишларини даъво қиладилар. Бу даъволарини тасдиқлаш учун турли қиссалар ҳам айтадилар. Улардан баъзиларини мисол тариқасида келтирамиз.

Бир мурид оғир юкни кўтариши керак бўлиб қолибди. У ҳарчанд уринса ҳам, ҳалиги юкни кўтара олмабди. Кейин шайхи эсига тушибди-да, «Ё пирим», деб туриб кўтарган экан, дарҳол юкни кўтариб, йўлига равона бўлибди. Манзилга етгандан кейин пирининг олдига кириб, бўлган ҳодисани айтибди. Шунда пир: «Юкни сен кўтардинг-у, азобини биз тортдик», деб елкасини очиб кўрсатибди. Қараса, елка юк ботганидан шилиниб кетган эмиш.

Бу дунёдан ўтиб кетган авлиёларнинг ихлос қилган кишиларга берган «ёрдамлари» ҳақида сон-саноқсиз қиссалар бор ва улар тинмай янгилари билан тўлиб боради.

Бу масалани атрофлича ўрганиб чиққан олимлар мадад сўраш масаласида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларнинг сабабларини ҳам аниқлаганлар.

Ўша сабаблардан бири шийъа мазҳабидан таъсирланиш, дейдилар мазкур олимлар. Турли омилларга кўра, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги кишилардан баъзилари аҳли ташаййуънинг фикрларидан таъсирланган ҳолатлар ҳам бўлган. Шийъа мазҳабидаги кишиларда имом ҳақида ўзига хос эътиқод бор. Ўша эътиқодга биноан, имом ғайбни билади, халойиқнинг нидоларини эшитади ва ҳоказо. Тариқатда юрган баъзи кишилар ҳам ўз шайхлари ҳақида мана шу эътиқодни қиладилар.

Замонамизнинг кўзга кўринган алломаси Абулҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Араб шарқидаги саёҳатчининг эсдаликлари» номли китобларида тариқат шайхларидан бирининг эшиги олдида ҳалқа бўлиб олиб зикр қилаётган кишилар «Мадад! Эй саййидим Ҳасан! Сен – султони замон!» деб турганларини кўрганликларини ёзганлар ва шайхлар тавҳидга зид бу ҳолни кўриб туриб, жим турганларидан ажабланганлар.

Мазкур сабабларнинг иккинчиси ва асосийси баъзи бир оят ва ҳадиси шарифларни нотўғри таъвил қилиш ёки ўта заиф ҳадиси шарифларни ҳужжат қилиб олишдир.

Баъзи бир илмли шайхлар бу ҳолни енгиллаштириш учун мадад фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина бўлишини таъкидлаш билан бирга, азиз-авлиёлардан мадад сўраш ишини бошқачароқ тушунча асосида англашга ёки англатишга ҳаракат қиладилар.

Замондош тариқат шайхларидан Мисрдаги «Ашийраи Муҳаммадия» тариқатининг бошлиғи фазилатли шайх Муҳаммад Закий Иброҳим ҳазратлари бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Аммо «мадад» деган гапларига келсак, албатта, йўқдан бор қилиш ва мадад бериш неъмати фақатгина Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига хосдир ва Аллоҳ таолонинг Ўзидангинадир. Бу дунё ҳаёти ҳам, охират ҳаёти ҳам, мулкнинг барчаси ҳам, малакутнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳ таолонинг яратиши ва мадади билан бўлади. У Зотнинг Ўзи «Ҳаммасига, анавиларига ҳам, манавиларига ҳам Роббинг атосидан мадад берурмиз!» деган (Исро сураси, 20-оят). Бу оят комил ва шомилдир. Бошқа бир оятда «Ҳаммаси Аллоҳнинг ҳузуридан, деб айт!» дейилган (Нисо сураси, 78-оят).

Банда йўл ва сабабдир.

Ҳар бир нарсага йўл ва сабаб бор.

Бас, агар мадад сўровчи тирик шайхдан мадад сўраётган бўлса, унинг мадад сўрашдан мақсади илм, иршод ёки дуо сўрашдир. Қалб орқали ёки нафс орқали ёхуд шайхнинг иймон сирлари, ибодат қуввати ва робитаи ҳузур билан йўғрилган қувватидан руҳий оқим ёки таъсирини сўрашидир.

Ҳар бир махлуқнинг таъсир қилувчи кучи, магнит оқими ва йўналишлари бор. Буни эски ва янги илм исбот қилди. Ҳамда бунга инсондаги шижоат, мурувват, ҳиммат ва шунга ўхшаш нарсаларни далил қилди. Буларнинг ҳаммаси махфий қувватлардир. Биз уларни турли номлар билан атаб, «ахлоқ» деб васф қилганмиз.

Сўнгра буни янги илми нафс ҳам тасдиқлади. У ҳасадни инсондаги ёмон қувватга мисол қилиб олди. Бу нарса инсондаги ёмон қувватга муқобил ўлароқ яхши қувватлар борлигига далилдир. Ўша қувватлар бошқаларга худди ҳасад қилинган шахсга таъсир кўрсатганидек таъсир кўрсатади. Ҳар бир нарсанинг муқобили бордир. Бу унинг зиддидир.

Сўнгра дунёнинг барча дорилфунунлари ва маҳкамалари томонидан эътироф этилган магнит ухлатилиши ҳам бор. Бу нарса инкор қилиб бўлмайдиган далилдир.

Шайх Ибн Қайюм ўзининг «Руҳ» номли китобида тириклар ва ўликларда кўпгина инсоний қувват ва энергиялар борлигини таъкидлаган:

«Агар вафот этган шайхдан мадад сўралса, унинг Ҳаққа яқин ҳолда, барзахда ҳаёт турган руҳидан сўрайди. Ундан ўзининг ишларида Аллоҳ таолога шафоатчи бўлиб йўлланишини сўрайди. Руҳлар ўз оламида замон ва макон чегараси ила боғланмаган ҳолда ҳаёт кечиради. Чегара ва чеклашлар башарий ҳаёт натижасидир. Руҳлар эса озодлик оламидадир. Шубҳасиз, бу нарса энг хатарли тойиш жойларидан биридир. Буни тўғри англаб етишга ва забт қилишга фақат юксак ақл эгаларигина қодир бўладилар.

Бу тасаввуфга нисбат бериладиган баъзи жамоаларнинг алаҳлашга ўхшаш ҳолатларини жоиз нарса деганим эмас. Мен бу мавзунинг аҳли илм наздида қандай тушунилишини айтиб ўтдим, холос. Ҳар бир ҳаққа ўхшаган ботил ҳам бор. Кўзи очиқ билан кўр, зулмат билан нур тенг бўла олмас».

Бошқа бир замондош уламо, тасаввуф ҳақида бир қанча китоблар ёзган мутахассис Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Тарбиятунар-руҳия» номли китобининг 312-313-бетларида бу борада тамоман бошқача фикр тақдим этади:

«Авлиёлар Аллоҳ таолонинг «Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир» деган қавлида зикр қилингандирлар. Уларнинг кароматлари шариатдаги шартлари ила собитдир. Шу билан бирга, эътиқод шулки, улар розияллоҳу анҳум ўзларига ҳаётлик чоғларида ҳам, мамотларидан кейин ҳам наф ва зарар бера олмайдилар. Бас, шундай экан, ўзгаларга ҳеч нарса бера олмасликлари турган гап.

Ривоятларда келган, ҳадисларда таърифланган кайфиятда қабрларни зиёрат қилиш шариатда суннат ҳисобланади. Аммо ким бўлишларидан қатъи назар, қабрдагилардан мадад сўраш, уларга бу ҳақда нидо қилиш, улардан ҳожатларни раво қилишларини сўраш, уларга назр аташ, қабрларни безаш, мунаввар қилиш, силаш, Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш ва улардан келиб чиқадиган бидъатлар гуноҳи кабиралар бўлиб, уларга қарши курашиш лозим. Баъзи ғаразли кишиларнинг турли сафсаталарига дарча очмаслик учун бу ишларни таъвил қилишга ўтмаймиз.

Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганса, тавҳид ақийдасини ҳимоя қилиш энг муҳим масала эканини яққол кўради. Ҳеч шубҳа йўқки, мазкур нидоларга ўхшаш нарсаларни таъвил қилиш имкони бўлса ҳам, улар энг оз деганда, баъзи одамлар учун ширк эшикларидан биридир.

Баъзи кишилар авлиё ва шайхларга нидо қилиб, мадад сўраш шийъалардан кириб қолган нарса эканини баҳона қиладилар ва бунга шийъалар ишлатадиган «мадад» сўзини далил қилиб келтирадилар.

Баъзилари эса руҳларнинг бу дунё билан алоқаси бўлиши мумкинлигини таъкидлайдилар.

Аммо униси ҳам, буниси ҳам тавҳиднинг аслига таъсир ўтказадиган мазкур ишларни оқлаш учун кифоя қилмайди. Аллоҳ таоло бизга ўтганларга дуо қилишимизни амр қилган, улардан бирор нарсани сўрашни амр қилмаган. Аллоҳ таоло мўминларнинг васфида шундай марҳамат қилади:

وَٱلَّذِينَ جَآءُو مِنۢ بَعۡدِهِمۡ يَقُولُونَ رَبَّنَا ٱغۡفِرۡ لَنَا وَلِإِخۡوَٰنِنَا ٱلَّذِينَ سَبَقُونَا بِٱلۡإِيمَٰنِ وَلَا تَجۡعَلۡ فِي قُلُوبِنَا غِلّٗا لِّلَّذِينَ ءَامَنُواْ رَبَّنَآ إِنَّكَ رَءُوفٞ رَّحِيمٌ١٠

«Улардан кейин келганлар: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», дерлар» (Ҳашр сураси, 10-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозимизда «Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин», дейишимизни таълим бердилар.

Иш чаппасига айланиб, уларнинг ҳаққига дуо қилиш ўрнига, улардан мадад сўраб турсак, шубҳасиз, хато қилган бўламиз».

 

ЎЗАРО АНГЛАШУВ ЗАРУР

Аввал ҳам бир неча бор таъкидланганидек, тасаввуф ҳақида мусулмонлар орасида хилма-хил қарашлар мавжуд. Баъзилар тасаввуфни «куфр ва ширк» дейдилар. Баъзилар эса тасаввуфдан бошқа нарса ботил, дейдилар. Кўпчилик ҳар нарсага ўзига тегишли баҳо беради. Бу масаладаги асосий тортишув биринчи икки тоифа орасида боради.

Ҳозирги кунимизга келиб, икки тарафни бир-бирига яқинлаштириш борасида бирмунча ишлар қилинди ва қилинмоқда. Кўпчилик ҳар бир нарса каби, бу масалада ҳам ҳақиқат ўз ўрнини топишига ишонмоқда.

Ҳижрий 1423, милодий 2003 сананинг ҳаж мавсумида «Робитатул Оламил Исломий» ташкилоти уюштирган маданий мавсумда Судан жумҳурияти Вақф ва Диний ишлар вазири Исом Аҳмад Башир жаноблари «Исломий келишув уфқлари» мавзусида маъруза қилди. У киши ўз маърузасида мусулмонлар орасида келишув лозим бўлган бир неча масалалар ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, тасаввуф масаласига алоҳида тўхталди. Унда аҳли тасаввуф билан уларга қарши кучлар орасида келишув, бир-бирини англашув лозимлигини илмий йўл билан кўрсатиб берди. Тасаввуфга қарши тарафларга уларнинг имомлари ҳисобланган Ибн Таймиянинг ёзганларидан далиллар келтириб, эслатма берди.

Биз ҳам Ибн Таймия ва бошқа кишиларнинг тасаввуф ҳақидаги гапларидан намуналар келтириб, юқоридаги фикрни қўллаб-қувватламоқчимиз.

Аҳмад ибн Абдул Ҳалим Ибн Таймиянинг «Ал-фатаво ал-кубро» номли китобининг ўн биринчи жуз, ўн еттинчи саҳифасида қуйидагилар келган:

«Сўфийлар ўз замонларига қараб гоҳида энг улуғ сиддиқлардан бўладилар. Улар замонларининг энг мукаммал сиддиқларидандир. Биринчи асрдаги сиддиқ улардан мукаммалроқдир. Сиддиқларнинг даражалари ва навлари бўлади.

Улардан содир бўладиган кўпгина ижтиҳодлар туфайли одамлар улар ҳақида низога тушганлар.

Бир тоифа одамлар сўфийларни ва умуман, тасаввуфни мазаммат қилган ва уларни «бидъатчилар, суннатдан чиқувчилар» деб аташган.

Бошқа бир тоифа эса улар ҳақидаги мақтовда ҳаддидан ошган ва уларни «халойиқнинг энг афзали ва анбиёлардан кейинги акмали» деганлар.

Бу ишларнинг икки тарафи ҳам мазаммат қилингандир. Улар Аллоҳнинг тоатида ижтиҳод қилувчилардир. Бу худди бошқа аҳли тоатлар ижтиҳоди кабидир. Уларнинг ичида ижтиҳодига қараб, ўзувчилардан бўлганлари бордир. Уларнинг ичида ўртачалардан бўлиб, ўнг тараф аҳлидан ҳисобланадиганлари ҳам бор. Икки тоифадан ҳам ижтиҳод қилиб, хатога йўл қўйганлари бор. Гуноҳ қилиб, тавба қилганлари ва қилмаганлари бор».

Ибн Таймия ўзининг «Ал-ақоид ал-восития» номли китобида авлиёларнинг кароматлари ҳақида қуйидагиларни ёзган:

«Авлиёларнинг кароматларини ва улар томонидан содир бўладиган одатдан ташқари ишларни, илмларни, мукошафотларни, турли қудрат ва таъсирларни тасдиқлаш ҳам аҳли суннанинг усулларидандир. Бу нарсалар ўтган умматларда Каҳф ва бошқа сураларда келгани каби содир бўлган. Бу умматнинг аввалида эса саҳоба ва тобеъинлар ҳамда умматнинг баъзи тоифалари орасида содир бўлгандир. Бу нарса то қиёматгача давом этади».

Ибн Таймиянинг бош шогирди Ибн Қайюм ҳам тасаввуф ҳақида худди устозига ўхшаш гапларни айтган. У ўзининг «Мадорижус-соликийн» номли китобида аҳли тасаввуф ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Ушбу шатаҳотлар одамлардан икки тоифани фитнага солган. Улардан бири ушбу тоифа(аҳли тасаввуф)нинг яхшиликларидан, улар нафсининг лутфидан ва гўзал муомалаларидан шатаҳотлари айби ва нуқсони туфайли тўсилгандирлар. Ушбу шатаҳотлар туфайли уларни тамомила инкор қилганлар ва уларга нисбатан мутлақо ёмон гумонда бўлганлар. Бу тажовуз ва исрофдир. Агар ҳар бир хатокорни ёки адашганни бирйўла тарк қилинадиган бўлса, барча яхшиликлари унутиладиган бўлса, барча илмлар, синоатлар ва ҳикматлар бузилган бўларди ва уларнинг кўзга кўринган нарсалари ишдан қоларди.

Иккинчи тоифа ул қавмнинг яхшиликларини, қалбларининг мусаффолигини, қасдларининг тўғрилигини ва муомалаларининг гўзаллигини кўрганларида уларнинг шатаҳотларини, нуқсонларини кўришдан тўсилдилар. Улар ўша камчиликлар устига яхшилик этагини ёпдилар, уларни қабул қилиш ҳукмини чиқардилар ва уларга ёрдамчи бўлдилар. Бу ҳам ҳаддан ошиш ва хатодир.

Аҳли адолат ва аҳли инсофлар эса ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини берганлар, ҳар бир мартаба эгасини ўз мартабасига туширганлар. Соғ-саломатга беморнинг ҳукмини, беморга соғ-саломатнинг ҳукмини бермаганлар. Балки қабул бўладиган нарсани қабул қилиб, рад қилинадиган нарсани рад қилганлар».

Биздаги ўзини Ибн Таймия ва Ибн Қайюмнинг издошлари деб юрганлар ҳам ушбу маъноларни билиб қўйсалар, ўзлари учун яхши бўлар эди.

Қадимда ва ҳозирда ўтган, ўзлари сўфий бўлмаса ҳам, катта олим бўлган шахслар тасаввуф ҳақида инсоф ва адолат билан сўз юритганлар.

Жамиятшунослик илмининг асосчиси, кўплаб илм ва маърифатларнинг таърифини келтирган машҳур олим Абдурраҳмон ибн Халдун тасаввуфни миллат ичида пайдо бўлган янги илмлардан ҳисоблаган. У тасаввуфни усул, мусталаҳ ва шунга ўхшаш бошқа диний илмлар қаторида кўрган. Унинг фикрича, тасаввуфнинг асли ахлоқ ва ибодат бобидаги исломий ҳақиқатдир.

Абдурраҳмон ибн Халдун ўзининг «Муқаддима» номли машҳур асарида тасаввуф ҳақида жумладан, қуйидагиларни ёзади:

«Аслида уларнинг тариқати умматнинг ўтганлари ва катталари бўлмиш саҳобалар, тобеъинлар ва улардан кейин келганлардан буён келаётган ҳақ ва ҳидоят тариқатидир. Бунинг асли ибодатга берилиш, Аллоҳ таолога ажраб чиқиш, дунёнинг зебу зийнатидан юз ўгириш, кўпчилик ўзини урган лаззат ва молдан ўзини тийиш ва халойиқдан ажраб, хилватда ибодат қилишдан иборатдир.

Бу ҳол саҳоба ва салафларнинг ҳаммаларида бор эди. Иккинчи асрда ва ундан кейин дунёга берилиш қулоч ёзиб, одамлар молу дунёга аралашиб кетганларида, ибодатга берилганлар «сўфийлар» деган исм билан ажралиб чиқдилар».

Салафийлардан бўлган имом Абу Исҳоқ Шотибий ўзининг «Эътисом» номли машҳур китобида тасаввуф ҳақида қўйидагиларни ёзади:

«Тасаввуфнинг дақиқ маънолари ҳақидаги калом мутлақо бидъат эмас. Шу билан бирга, у мутлақо далили тўғри бўлган нарса ҳам эмас. Бу ерда иш тақсим бўлади.

Аввало, «тасаввуф» лафзини шарҳ қилиш лозим. Токи ҳукм мавҳум ишга воқе бўлсин. Чунки кейин келган авлод учун бу иш мужмалдир. Шунинг учун аввалгилар айтган нарсага қайтмоғимиз керак. Уларнинг ҳузурида тасаввуф икки хил маънога далолат қилади.

Биринчиси – «ҳар бир яхши ахлоқ ила хулқланиш ва ҳар бир ёмон ахлоқдан четланиш».

Иккинчиси – «ўз нафсидан фоний бўлиб, Робби ила боқий бўлиш».

Гоҳида бу иккисини бошқа лафз ила ифода қилиш ҳам мумкин. Агар бу маъно собит бўлса, биринчи маънодаги тасаввуфда сўз юритиш бидъат эмас. Чунки у амал қилиш лозим бўлган нарсани чуқур англаш, унинг офатлари, белгилари ҳамда унга етган фасодни ислоҳ қилишга қайтади. Бу эса тўғри фиқҳдир. Унинг асллари Қуръон ва Суннатда очиқ-ойдиндир. Бунга ўхшаш нарсалар бидъат деб аталмайди».

Асримизнинг кўзга кўринган алломалари ҳам тасаввуфни тўғри тушунишга чақирганлар ва чақирмоқдалар. Бу чақириқлар аста-секин ўз самарасини ҳам бермоқда. Ҳозирда ижобий натижалар кўзга кўриниб бормоқда.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

БИЗ НИМА ҚИЛИШИМИЗ ЛОЗИМ? (хотима)

Фаришталарнинг вазифалари

Фаришталарга хилма-хил вазифалар тайин қилинган. Улардан айримларининг номлари ва қандай вазифани адо этишлари Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда хабар берилган:

  1. Жаброил алайҳиссалом. Бу зот Руҳул Амин деб ҳам аталган. Жаброил алайҳиссалом Қуръони каримда шундай васф қилинган:

إِنَّهُۥ لَقَوۡلُ رَسُولٖ كَرِيمٖ١٩ ذِي قُوَّةٍ عِندَ ذِي ٱلۡعَرۡشِ مَكِينٖ٢٠ مُّطَاعٖ ثَمَّ أَمِينٖ٢١

“Албатта, у (Қуръон) бир улуғ элчи (Жаброил Аллоҳ ҳузуридан келтирган ваҳий) сўзидир. (Жаброил) қувватли, Аршнинг соҳиби (Аллоҳ) наздида мартабали, у жойда (фаришталар томонидан) итоат этилувчи ва ишончли зотдир”[1].     

Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломни пайғамбарларга ваҳий олиб тушишдек улуғ вазифага тайин қилган.   Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

وَإِنَّهُۥ لَتَنزِيلُ رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ١٩٢ نَزَلَ بِهِ ٱلرُّوحُ ٱلۡأَمِينُ١٩٣ عَلَىٰ قَلۡبِكَ لِتَكُونَ مِنَ ٱلۡمُنذِرِينَ١٩٤

“Албатта, (бу Қуръон) оламлар Парвардигорининг нозил қилган (китоб)идир. Уни Руҳул-амин (Жаброил) олиб келиб огоҳлантирувчи (пайғамбар)лардан бўлишингиз учун қалбингизга туширди”[2]. 

  1. Микоил алайҳиссалом. Бу зот улуғ фаришталардан бўлгани учун Қуръони каримда фаришталар умумий баён қилинганларидан кейин алоҳида Жаброил алайҳиссалом билан бирга зикр қилинган:

مَن كَانَ عَدُوّٗا لِّلَّهِ وَمَلَٰٓئِكَتِهِۦ وَرُسُلِهِۦ وَجِبۡرِيلَ وَمِيكَىٰلَ فَإِنَّ ٱللَّهَ عَدُوّٞ لِّلۡكَٰفِرِينَ٩٨

“Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, (билиб қўйсинки) Аллоҳ ҳам (ундай) кофирларга душмандир”[3].    

Микоил алайҳиссаломни Аллоҳ таоло ёмғир ва набототларга вакил қилган.

  1. Исрофил алайҳиссалом. Қиёмат куни бўлганда сурга пуфлашга вакил қилинган. Сур ҳақида шундай хабар берилган:

وَنُفِخَ فِي ٱلصُّورِ فَصَعِقَ مَن فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَمَن فِي ٱلۡأَرۡضِ إِلَّا مَن شَآءَ ٱللَّهُۖ ثُمَّ نُفِخَ فِيهِ أُخۡرَىٰ فَإِذَا هُمۡ قِيَامٞ يَنظُرُونَ٦٨

“Сур чалиниши билан осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлади, илло Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолурлар). Сўнгра у яна бир бор чалинганда, ногоҳ улар (барча халойиқ тирилиб, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) қараб тургайлар”[4].

 Сур, Аллоҳ таолонинг буйруғига кўра Исрофил алайҳиссалом пуфлайдиган, шохга ўхшаш нарсадир.

  1. Малакул мавт (Азроил) алайҳиссалом. Бу зот руҳларни олишга вакил қилинганлар. Ушбу фариштанинг “Азроил” деб аталиши тўғрисида ихтилофлар бор. Баъзилар, “Қуръонда ҳам, суннатда ҳам “Азроил” деган ном келмаган, балки “Малакул мавт” деб номланган. Шунинг учун бу зотни асли йўқ ном билан эмас, зикр қилинган ном билан аташ керак, дейишган. “Айсарут Тафосир” тафсирида эса, “ўлим фариштасининг исми Қуръонда келмаган, аммо Аҳли сунна унинг исми “Абдуллоҳ” маъносини ифодаловчи “Азроил” эканини эътироф этадилар”[5], дейилган.

۞قُلۡ يَتَوَفَّىٰكُم مَّلَكُ ٱلۡمَوۡتِ ٱلَّذِي وُكِّلَ بِكُمۡ ثُمَّ إِلَىٰ رَبِّكُمۡ تُرۡجَعُونَ١١

“Сен: “Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олади, сўнгра Роббингизга қайтариласиз", деб айт”[6].

  1. Азроил алайҳиссаломнинг ёрдамчилари. Ушбу ёрдамчилар икки турга бўлинади:
  2. Раҳмат фаришталари;
  3. Азоб фаришталари.

Уларнинг ишлари ҳақида шундай хабар берилган:

 حَتَّىٰٓ إِذَا جَآءَ أَحَدَكُمُ ٱلۡمَوۡتُ تَوَفَّتۡهُ رُسُلُنَا وَهُمۡ لَا يُفَرِّطُونَ٦١

“Қачонки бирортангизга ўлим келса, элчиларимиз камчиликка йўл қўймаган ҳолда уни вафот эттирадир”[7].       

  1. Аршни кўтариб турувчи фаришталар. Аршни кўтариб туришга тайин қилинган фаришталар ҳақида шундай хабар берилган:

“Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришта)лар (яккаю ягона) Парвардигорларига ҳамд билан тасбеҳ айтурлар”[8].    

  1. Ризвон. Бу фаришта жаннатга қўриқчи ва у ерда хизмат қиладиганларга бошлиқдир. Қуйидаги ривоятда Ризвон ҳақида хабар келган:

 عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّ الْجَنَّةَ لَتُنَجَّدُ وَتُزَيَّنُ مِنَ الْحَوْلِ إِلَى الْحَوْلِ لِدُخُولِ شَهْرِ رَمَضَانَ فَإِذَا كَانَتْ أَوَّلُ لَيْلَةٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ هَبَّتْ رِيحٌ مِنْ تَحْتِ الْعَرْشِ يُقَالُ لَهَا الْمُثِيرَةُ تُصَفِّقُ وَرَقَ أَشْجَارِ الْجِنَانِ وَحَلَقَ الْمَصَارِيعِ يُسْمَعُ لِذَلِكَ طَنِينٌ لَمْ يَسْمَعِ السَّامِعُونَ أَحْسَنَ مِنْهُ فَيَثِبْنَ الْحُورُ الْعِينُ حَتَّى يَشْرُفْنَ عَلَى شَرَفِ الْجَنَّةِ فَيُنادِينَ هَلْ مِنْ خَاطَبٍ إِلَى اللهِ فَيُزَوِّجَهُ ثُمَّ يَقُلْنَ الْحُورُ الْعِينُ يَا رَضْوَانَ الْجَنَّةِ مَا هَذِهِ اللَّيْلَةُ فَيُجِيبُهُنَّ بِالتَّلْبِيَةِ ثُمَّ يَقُولُ هَذِهِ أَوَّلُ لَيْلَةٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ فُتِحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ عَلَى الصَّائِمِينَ مِنْ أُمَّةِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ وَيَقُولُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ يَا رَضْوَانُ افْتَحْ أَبْوَابَ الْجِنَّانِ وَيَا مَالِكُ أَغْلِقْ أَبْوَابَ الْجَحِيمِ عَلَى الصَّائِمِينَ مِنْ أُمَّةِ مُحَمَّدٍ، وَيَا جِبْرِيلُ اهْبِطْ إِلَى الاَرْضِ فَاصْفِدْ مَرَدَةَ الشَّيَاطِينِ وَغُلَّهُمْ بالاَغْلاَلِ ثُمَّ اقْذِفْهُمْ فِي الْبِحَارِ حَتَّى لاَ يُفْسِدُوا عَلَى أُمَّةِ مُحَمَّدٍ حَبِيبِي صِيَامَهُمْ.  رَوَى الْبَيْهَقِىُّ فِى شُعَبِ الإِيْمَانِ

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Жаннат ҳар йили Рамазон ойи киришида безак берилиб, зийнатлантирилади. Қачон Рамазон ойининг биринчи кечаси бўлганда, Аршнинг тагидан шамол эсади. Ўша (шамол) “Мусийро” (ҳаяжонга солувчи) деб номланади. У жаннатлардаги  дарахтларининг баргларини ва эшик табақаларининг ҳалқаларини тебратиб ўтади. Ундан бир оҳанг эшитиладики, эшитувчилар ундан гўзалроғини эшитмаган бўладилар. Бундан оҳу кўз ҳурлар ўринларидан туриб кетадилар ва  жаннатнинг энг юқорисига кўтарилиб: “Аллоҳ таолодан унаштиришни сўровчи борми, уни жуфтлаб қўяди”, – дея нидо қиладилар. Сўнгра оҳу кўз ҳурлар: “ Эй жаннат Ризвони, бу қандай кеча?”, – дейдилар. У талбия айтиб уларга жавоб беради. Сўнгра: “Бу Рамазон ойининг аввалги кечасидир, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлган рўзадорларга жаннат эшиклари очилди”, – дейди. Яна у зот дедилар: Аллоҳ азза ва жалла: “Эй Ризвон, жаннат эшикларини очгин, эй Молик, дўзах эшикларини бекитгин, эй Жаброил, ерга тушиб исёнкор шайтонларни боғла ва уларни темир бўйинбоғлар билан занжирлаб ташла, сўнгра уларни денгизларга улоқтирки, дўстим Муҳаммад умматининг рўзаларини бузмасинлар”, – дейди”, – деётганларини эшитган”. Байҳақий “Шуъабул иймон”да келтирган.    

  1. Жаннат хизматчилари. Бу фаришталар жаннатга кирганларга хизмат қилиш учун тайин қилинганлар. Жаннатийлар хизматига шай бўлиб турган фаришталарнинг ададини Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи билади. Улар ҳақида шундай хабар келган:

 وَٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ يَدۡخُلُونَ عَلَيۡهِم مِّن كُلِّ بَابٖ٢٣ سَلَٰمٌ عَلَيۡكُم بِمَا صَبَرۡتُمۡۚ فَنِعۡمَ عُقۡبَى ٱلدَّارِ٢٤

“Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: “Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай ҳам яхши!” (дерлар)[9].   

  1. Забония. Улар ўн тўққизта фаришта бўлиб уларни Аллоҳ таоло дўзахга кирганларни азоблаш ишига тайин қилган. Булар ҳақида Қуръонда шундай хабар берилган:

لَا تُبۡقِي وَلَا تَذَرُ٢٨ لَوَّاحَةٞ لِّلۡبَشَرِ٢٩ عَلَيۡهَا تِسۡعَةَ عَشَرَ٣٠

“У (бирор кофирни) қолдирмас ҳам, (ўз ҳолига) қўймас ҳам (балки куйдириб, азоб берур). (У) териларни қорайтириб куйдирувчидир. Унинг устида ўн тўққиз (фаришта қўриқчилик қилур)”[10].         

Забонияларнинг бошлиғи Молик деб аталади. Дўзахга тушганларнинг азобга чидай олмасдан Моликка нидо қилишлари Қуръони каримда шундай тасвирланган:

وَنَادَوۡاْ يَٰمَٰلِكُ لِيَقۡضِ عَلَيۡنَا رَبُّكَۖ قَالَ إِنَّكُم مَّٰكِثُونَ٧٧

“Улар (дўзах фариштасига): “Эй Молик! Парвардигоринг бизга Ўз ҳукмини қилсин (жонимизни олсин!)”, – деб нидо қилганларида, у (фаришта): “Сизлар (шу азобда мангу) қолувчидирсиз”, – дейди”[11].    

  1. Ҳурматли ёзиб турувчилар. Бу фаришталар башариятнинг қилаётган ишларини ёзиб боришга тайин қилинганлар. Улар инсонларнинг қилаётган барча яхшию ёмон ишларини ёзиб борадилар. Бу ҳурматли ёзувчилар ҳақида шундай хабар берилган:

وَإِنَّ عَلَيۡكُمۡ لَحَٰفِظِينَ١٠ كِرَامٗا كَٰتِبِينَ١١ يَعۡلَمُونَ مَا تَفۡعَلُونَ١٢

“Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар”[12].    

Ҳар бир балоғатга етган, ақли расо бўлган инсоннинг иккала тарафида ҳам фаришта бўлади. Ўнг тарафдаги фаришта унинг солиҳ амалларини, чап тарафидаги фаришта эса ёмон ишларини ёзиб боради:

إِذۡ يَتَلَقَّى ٱلۡمُتَلَقِّيَانِ عَنِ ٱلۡيَمِينِ وَعَنِ ٱلشِّمَالِ قَعِيدٞ١٧

“Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки (ёзиб турувчи фаришта) қабул қилиб (ёзиб) турурлар”[13].      

  1. Сақловчи фаришталар. Бу фаришталар инсонни жин, шайтон ва турли офатлардан сақлаш ишига тайин қилинганлар. Инсонни ҳифзу ҳимоя қилиб турадиган бу фаришталар ҳақида қуйидаги оятда хабар берилган:

لَهُۥ مُعَقِّبَٰتٞ مِّنۢ بَيۡنِ يَدَيۡهِ وَمِنۡ خَلۡفِهِۦ يَحۡفَظُونَهُۥ مِنۡ أَمۡرِ ٱللَّهِۗ 

“Унинг (инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб этувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни муҳофаза қилиб турурлар”[14].     

  1. Бачадонга тайин қилинган фаришта. Бу фаришта отадан онанинг бачадонига нутфа тушишидан бошлаб, унинг ривожланиш босқичлари ҳақида Роббисига ҳисобот бериб боради. Ҳомиланинг ўғил ё қиз бўлишини бахтли ё бахтсиз бўлишини Роббисидан сўрайди. Қуйидаги ҳадисда бу фаришта ҳақида хабар берилган:

  عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ  قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ اللَّهَ وَكَّلَ بِالرَّحِمِ مَلَكًا يَقُولُ أَىْ رَبِّ نُطْفَةً أَىْ رَبِّ عَلَقَةً أَىْ رَبِّ مُضْغَةً فَإِذَا أَرَادَ اللَّهُ أَنْ يَقْضِىَ خَلْقَهَا قَالَ يَا رَبِّ أَذَكَرٌ أَمْ أُنْثَى أَشَقِىٌّ أَمْ سَعِيدٌ فَمَا الرِّزْقُ فَمَا الأَجَلُ فَيُكْتَبُ كَذَلِكَ فِى بَطْنِ أُمِّهِ.  رَوَاهُ الْبَيْهَقِىُّ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бачадонга бир фариштани тайин қилиб қўйган. У: “Эй Роббим, “нутфа”[15] ҳолатда, эй Роббим, “алақа”[16] ҳолатда, эй Роббим, “музға”[17] ҳолатда”, – дейди. Қачон Аллоҳ таоло унинг яратилишини ирода қилса, у: “Эй Роббим, ўғилми ё қизми, бадбахтми ё бахтлими, ризқи нима, ажали нима”, – дейди. Бас, ўшандай қилиб онасининг қорнида ёзилади”, – дедилар”.  Байҳақий ривоят қилган.   

  1. Тоғлар фариштаси. Ушбу фариштани Аллоҳ таоло тоғларга тайин қилган. Тоғлар фариштаси ҳақида қуйидаги ривоятда хабар берилган:

عَنْ عَائِشَةَ زَوْج النَّبِيِّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهَا قَالَتْ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَا رَسُولَ اللَّهِ هَلْ أَتَى عَلَيْكَ يَوْمٌ كَانَ أَشَدَّ مِنْ يَوْمِ أُحُدٍ فَقَالَ لَقَدْ لَقِيتُ مِنْ قَوْمِكِ وَكَانَ أَشَدَّ مَا لَقِيتُ مِنْهُمْ يَوْمَ الْعَقَبَةِ إِذْ عَرَضْتُ نَفْسِي عَلَى ابْنِ عَبْدِ يَالِيلَ بْنِ عَبْدِ كُلاَلٍ فَلَمْ يُجِبْنِي إِلَى مَا أَرَدْتُ فَانْطَلَقْتُ وَأَنَا مَهْمُومٌ عَلَى وَجْهِي فَلَمْ أَسْتَفِقْ إِلَّا بِقَرْنِ الثَّعَالِبِ فَرَفَعْتُ رَأْسِي فَإِذَا أَنَا بِسَحَابَةٍ قَدْ أَظَلَّتْنِي فَنَظَرْتُ فَإِذَا فِيهَا جِبْرِيلُ فَنَادَانِي فَقَالَ إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ قَدْ سَمِعَ قَوْلَ قَوْمِكَ لَكَ وَمَا رُدُّوا عَلَيْكَ وَقَدْ بَعَثَ إِلَيْكَ مَلَكَ الْجِبَالِ لِتَأْمُرَهُ بِمَا شِئْتَ فِيهِمْ قَالَ فَنَادَانِي مَلَكُ الْجِبَالِ وَسَلَّمَ عَلَيَّ ثُمَّ قَالَ يَا مُحَمَّدُ إِنَّ اللَّهَ قَدْ سَمِعَ قَوْلَ قَوْمِكَ لَكَ وَأَنَا مَلَكُ الْجِبَالِ وَقَدْ بَعَثَنِي رَبُّكَ إِلَيْكَ لِتَأْمُرَنِي بِأَمْرِكَ فَمَا شِئْتَ إِنْ شِئْتَ أَنْ أُطْبِقَ عَلَيْهِمْ الْأَخْشَبَيْنِ فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللَّهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَلْ أَرْجُو أَنْ يُخْرِجَ اللَّهُ مِنْ أَصْلَابِهِمْ مَنْ يَعْبُدُ اللَّهَ وَحْدَهُ لاَ يُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا.  مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:  “Эй Аллоҳнинг Расули, сизда Уҳуд кунидан ҳам шиддатлироқ бирор кун бўлганми, деб сўрабди. У зот: “Мен қавминг[18] сабабидан йўлиққан эдим, ўша қийинчилик кунида улар туфайли йўлиққан нарсам шиддатлироқ бўлган эди. Мен Ибн Абду Йалил ибн Абду Кулолга таклиф қилган эдим (яъни ундан ёрдам сўраган эдим), у мен хоҳлаган нарсага жавоб бермади. Мен хафа бўлган ҳолатда йўлимга тушдим. Қорнис Саълибгача тўхтамасдан юрдим. Бошимни тепага кўтариб, менга соя солиб турган булутни кўрдим. Қарасам, унда Жаброил бор экан. У менга нидо қилиб: “Аллоҳ азза ва жалла қавмингнинг сенга айтган сўзини ва сени рад қилганларини эшитди. Улар тўғрисида хоҳлаган нарсангни буюришинг учун сенга тоғлар фариштасини жўнатди”, – деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шунда менга тоғлар фариштаси нидо қилди ва салом берди. Сўнгра: “Эй Муҳаммад, Аллоҳ қавмингнинг сенга айтган сўзини эшитди. Мен тоғлар фариштасиман, мени Роббинг хоҳлаган буйруғингни менга буюришинг учун сенга юборди, агар хоҳласанг уларнинг устиларига икки баланд тоғни ағдараман”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Балки Аллоҳ уларнинг сулбларидан ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган кимсаларни чиқаришини умид қиламан”, – дедилар”. Муттафақун алайҳ.         

  1. Кезиб юрадиган фаришталар. Ушбу фаришталар ер юзида айланиб юришга тайин қилинган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматларининг саломини етказиб турадилар.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ لِلَّهِ عَزَّ وَجَلَّ مَلاَئِكَةً سَيَّاحِينَ فِي الاَرْضِ يُبَلِّغُونَنِي مِنْ أُمَّتِي السَّلاَمَ.  رَوَاهُ اَحْمَدُ 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалланинг ерда кезиб юрадиган фаришталари бор. Улар менга умматимдан салом етказадилар”, – дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.  

  1. Дуо фаришталари. Ушбу фаришталар дўсту биродарлари ҳаққига махфий ҳолатда хайрли дуо қиладиганларнинг устига тайин қилиб қўйилган. Бу фаришталар дуо қилувчига: “Омийн, сенга ҳам шундай бўлсин”, – деб турадилар.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ أَنَّ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقُولُ دَعْوَةُ المَرْءِ المُسْلِمِ لأَخيهِ بِظَهْرِ الغَيْبِ مُسْتَجَابَةٌ  عِنْدَ رَأْسِهِ مَلَكٌ مُوَكَّلٌ كُلَّمَا دَعَا لأَخِيهِ بِخَيْرٍ قَالَ المَلَكُ المُوَكَّلُ بِهِ آمِينَ  وَلَكَ بِمِثْلٍ.  رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон кишининг биродари ҳаққига махфий қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида вакил қилинган бир фаришта бўлади, у биродари ҳаққига хайрли дуо қилган пайтда, вакил қилинган фаришта: “Омийн, сенга ҳам шундай бўлсин”, – деб туради”, – деган эдилар”. Муслим ривоят қилган.

  1. Бандаларнинг руҳларини юқорига олиб чиқадиган фаришталар. Бу фаришталарга вафот этган бандаларнинг руҳларини юқорига олиб чиқиш вазифаси юклатилган:

عَن أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا خَرَجَتْ رُوحُ الْمُؤْمِنِ تَلَقَّاهَا مَلَكَانِ يُصْعِدَانِهَا قَالَ حَمَّادٌ فَذَكَرَ مِنْ طِيبِ رِيحِهَا وَذَكَرَ الْمِسْكَ قَالَ وَيَقُولُ أَهْلُ السَّمَاءِ رُوحٌ طَيِّبَةٌ جَاءَتْ مِنْ قِبَلِ الْأَرْضِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْكِ وَعَلَى جَسَدٍ كُنْتِ تَعْمُرِينَهُ فَيُنْطَلَقُ بِهِ إِلَى رَبِّهِ عَزَّ وَجَلَّ ثُمَّ يَقُولُ انْطَلِقُوا بِهِ إِلَى آخِرِ الْأَجَلِ قَالَ وَإِنَّ الْكَافِرَ إِذَا خَرَجَتْ رُوحُهُ قَالَ حَمَّادٌ وَذَكَرَ مِنْ نَتْنِهَا وَذَكَرَ لَعْنًا وَيَقُولُ أَهْلُ السَّمَاءِ رُوحٌ خَبِيثَةٌ جَاءَتْ مِنْ قِبَلِ الْأَرْضِ قَالَ فَيُقَالُ انْطَلِقُوا بِهِ إِلَى آخِرِ اللأَجَلِ قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ فَرَدَّ رَسُولُ اللَّهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَيْطَةً كَانَتْ عَلَيْهِ عَلَى أَنْفِهِ هَكَذَا.  رَوَاهُ مُسْلِمُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон мўминнинг руҳи чиқса, уни икки фаришта қабул қилиб олиб юқорига олиб чиқадилар”. Ҳаммод айтади (ушбу ҳадис ровийларидан бири): (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг ҳидининг хушбўйлигини айта туриб мушкни зикр қилиб дедилар: “Само аҳли айтадилар: Эй ер тарафдан келган муаттар руҳ, сенга ва сен эгаллаган жасадга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Уни Роббиси азза ва жаллага олиб борадилар. Сўнгра (Роббиси): “Уни (қиёмат кунигача белгиланган) охирги маконга олиб боринглар”, – дейди. Яна дедилар: “Қачон кофирнинг руҳи чиқса, Ҳаммод айтади: (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг ҳидининг бадбўйлигини айта туриб, лаънатни зикр қилиб дедилар: Само аҳли ер тарафдан келган ифлос руҳ деб айтадилар. Уни  охирги маконга (қиёмат кунигача белгиланган сижжинга) олиб боринглар, дейилади”, – дедилар”. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам устиларидаги чойшабни бурниларига бундай қилиб ёпдилар”. (Худди кофир руҳининг бадбўй ҳидидан бурунларини тўсган каби). Муслим ривоят қилган.    

  1. Мункар ва Накир. Бу фаришталарнинг номлари “нотаниш” маъносини англатади. Чунки булар маййитга нотаниш бўладилар. Маййит улардек кўринишни олдин кўрмаган бўлади. Бу иккала фаришта қабрга қўйилган инсонларни сўроқ-савол қилишга тайин қилинганлар.

عَن أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا قُبِرَ الْمَيِّتُ أَوْ قَالَ أَحَدُكُمْ أَتَاهُ مَلَكَانِ أَسْوَدَانِ أَزْرَقَانِ يُقَالُ لِأَحَدِهِمَا الْمُنْكَرُ وَالْآخَرُ النَّكِيرُ فَيَقُولَانِ مَا كُنْتَ تَقُولُ فِي هَذَا الرَّجُلِ فَيَقُولُ مَا كَانَ يَقُولُ هُوَ عَبْدُ اللَّهِ وَرَسُولُهُ أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ فَيَقُولاَنِ قَدْ كُنَّا نَعْلَمُ أَنَّكَ تَقُولُ هَذَا ثُمَّ يُفْسَحُ لَهُ فِي قَبْرِهِ سَبْعُونَ ذِرَاعًا فِي سَبْعِينَ ثُمَّ يُنَوَّرُ لَهُ فِيهِ ثُمَّ يُقَالُ لَهُ نَمْ فَيَقُولُ أَرْجِعُ إِلَى أَهْلِي فَأُخْبِرُهُمْ فَيَقُولاَنِ نَمْ كَنَوْمَةِ الْعَرُوسِ الَّذِي لاَ يُوقِظُهُ إِلاَّ أَحَبُّ أَهْلِهِ إِلَيْهِ حَتَّى يَبْعَثَهُ اللَّهُ مِنْ مَضْجَعِهِ ذَلِكَ وَإِنْ كَانَ مُنَافِقًا قَالَ سَمِعْتُ النَّاسَ يَقُولُونَ فَقُلْتُ مِثْلَهُ لاَ أَدْرِي فَيَقُولاَنِ قَدْ كُنَّا نَعْلَمُ أَنَّكَ تَقُولُ ذَلِكَ فَيُقَالُ لِلأَرْضِ الْتَئِمِي عَلَيْهِ فَتَلْتَئِمُ عَلَيْهِ فَتَخْتَلِفُ فِيهَا أَضْلاَعُهُ فَلاَ يَزَالُ فِيهَا مُعَذَّبًا حَتَّى يَبْعَثَهُ اللَّهُ مِنْ مَضْجَعِهِ ذَلِكَ.   رَوَاهُ التِّرْمِذِيّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон маййит қабрга қўйилса, ё[19] сизлардан бирларингиз қабрга қўйилса, унга иккита қора кўк фаришталар келадилар. Уларнинг бири Мункар, иккинчиси Накир дейилади. Улар: “Бу киши ҳақида нима дердинг”, – дейдилар. У олдин айтган нарсасини айтади: “У Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир,  гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир”, – дейди. Улар: “Сенинг шундай дейишингни билардик”, – дейдилар. Сўнгра унинг қабри етмишга етмиш зироъ қилиб кенгайтирилади. Сўнгра у ер унинг учун чароғон қилинади. Сўнгра унга, “ухла” дейилади. У: “Аҳлимга қайтиб уларга хабар берай”, – дейди. Улар: “Сен оиласининг энг севимли кишиси уйғотадиган янги уйланган куёвнинг уйқусидек ухлагин”, – дейдилар. У то Аллоҳ таоло уни ўша ётган жойидан қайта тирилтиргунича шундай ётади. Агар мунофиқ бўлса: “Одамларнинг айтаётганларини эшитган эдим, мен ҳам ўшандай деганман, билмайман”, – дейди. Улар: “Биз сенинг шундай дейишингни билардик”, – дейдилар. Ўша пайт ерга: “Унинг устида бирлашгин!” – дейилади. Ер унинг устида бирлашади, ўшанда унинг қовурғалари аралашиб кетади. У то Аллоҳ таоло уни ўша ётган жойидан қайта тирилтиргунича доимо азобланиб туради”, – дедилар”.  Термизий ривоят қилган.    

 

Фаришталар вафот этадиларми?

Исрофил алайҳиссалом сурга пуфлаган пайтда Аллоҳ уларнинг вафот этмасликларини хоҳлаган баъзи фаришталардан ташқари қолган барча фаришталар вафот этадилар. Бунга қуйидаги оятда далолат қилади:

وَنُفِخَ فِي ٱلصُّورِ فَصَعِقَ مَن فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَمَن فِي ٱلۡأَرۡضِ إِلَّا مَن شَآءَ ٱللَّهُۖ ثُمَّ نُفِخَ فِيهِ أُخۡرَىٰ فَإِذَا هُمۡ قِيَامٞ يَنظُرُونَ٦٨

“Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса қулаб ўлди. Магар Аллоҳ хоҳлаганларгина қолди. Сўнгра унга яна бир бор пуфланди. Бас, тўсатдан улар туриб интизор бўлурлар”[20].

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ ушбу: “Магар Аллоҳ хоҳлаганларгина қолди” оятини, “улар Жаброил, Микоил, Исрофил ва Малакул мавтлардир, валлоҳу аълам”, дея тафсир қилган.  Имом Байҳақий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда мазкур фаришталарнинг ҳам бирма-бир вафот этишлари хабар берилган. 

 Ҳар бир қилаётган амалларимизни фаришталарнинг кузатиб ёзиб бораётганларини доимо ёдимизда сақлаб, яхши амалларимизнинг ададлари ва сифатларини ошириб бориш бахтига Аллоҳ таоло барчаларимизни муваффақ қилсин.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ХОТАМУЛ АНБИЁ ҲАҚИДА ЭЪТИҚОДИМИЗ

ХОТАМУЛ АНБИЁНИНГ СИФАТЛАРИ

 

[1] Таквир сураси, 19, 21-оятлар.

[2] Шуаро сураси, 192, 194-оятлар.

[3] Бақара сураси, 98-оят.  

[4] Зумар сураси, 68-оят.

[5] Абу Бакр Жобир Жазорий. Айсарут-Тафосир ликаламил Алийил Кабир. – Байрут: “Мактабатул улум вал ҳикам”, 2002. – Б. 1189.

[6] Сажда сураси, 11-оят.

[7] Анъом сураси, 61-оят.

[8] Ғофир сураси, 7-оят.

[9] Раъд сураси, 23, 24-оятлар.

[10] Муддассир сураси, 28, 30-оятлар.

[11] Зухруф сураси, 77-оят.

[12] Инфитор сураси, 10, 12-оятлар.

[13] Қоф сураси, 17-оят.

[14] Раъд сураси, 11-оят.

[15] Нутфа луғатда “озгина сув”  маъносини англатади. Истилоҳда эркак кишидан ажралиб чиқадиган уруғ “нутфа” дейилади. Бу уруғ озгина сувга ўхшагани учун “нутфа” деб номланган.

[16] Алақа луғатда “қон шимадиган кичкина қора қурт” яъни, зулук маъносини англатади. Истилоҳда бачадонга ёпишиб ундаги қонни шимиб турадиган ҳомила “алақа” дейилади.

[17] Музға луғатда “кичкина бир бўлак гўшт” маъносини англатади. Истилоҳда “алақа”дан кейинги босқичдаги ҳомила “музға” дейилади. Музғанинг катталиги бир чайнам гўшт миқдорида бўлади.

[18] Яъни Қурайш мушриклари сабабли Тоифга чиқиб, улардан ёрдам сўрашга мажбур бўлганлар.

[19] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки гапдан қайси бирини айтганларини ровий аниқ била олмагани сабабли омонатдорлик билан ҳар иккаласини ҳам айтиб қўйган. Ҳадис илмида бундай ҳолатни “ровийдан шак” дейилади.

[20] Зумар сураси, 68-оят.

П'ятниця, 19 март 2021 00:00

Muslim Info (19-03-2021)

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

Бугун замонамизнинг энг машҳур олимларидан бщлган шайх Муҳаммад Али ибн Жамил ас-Собуний ал-Ҳалабий Истанбул яқинидаги Ялоқо шаҳрида Ҳақ раҳматига сазовор бўлди.

 

Аллома Муҳаммад Али ибн Шайх Жамил Собуний раҳимаҳуллоҳ 1930 йил Суриянинг илм ва уламолари билан машҳур бўлмиш шаҳри Ҳалабда дунёга келди. Ўғлини етук олим бўлишида сабабчи бўлган падари бузруквори Ҳалабдаги “Умавий жоме” масжидида дарс берар эди. Ёш Муҳаммад Али Қуръон дарсларига қатнашиб, Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. Қорилар шайхи Нажиб Хиёта, Шайх Муҳаммад Нажиб Сирож, муҳаддис шайх Абдуллоҳ Сирожиддин, Шайх Роғиб Таббох, Шайх Муҳаммад Идлибий, Шайх Аҳмад Шаммоъ каби кўплаб фазилатли уламолар Муҳаммад Али Собунийнинг устозларидан ҳисобланадилар.

Бошланғич ва ўрта мактабни имтиёзли тамомлаб, Қоҳирадаги “Ал-Азҳар” университетида таҳсил олди. 1952 йилда университетнинг Шариат факультети дипломига эга бўлди. 1954 йил мутахассислик ўқишини тамомлаб, Азҳари шарифнинг “Шаръий суд мутахассислиги”нинг имтиёзли дипломини қўлга киритди. Бу диплом ўша вақтларда энг олий диплом ҳисобланиб, ҳозирги кундаги докторлик дипломи билан баробардир. Мисрда ўқишни тамомлагач она юрти Сурияга қайтиб, 1955-1962 йиллар давомида Ҳалабдаги ўрта мактабда “Ислом маданияти” фанидан дарс берди.

Шайх Собуний Сурия таълим вазирлиги томонидан Маккаи мукаррамага исломий фанлар, тарбия ва шариъат факультетига дарс бериш учун жўнатилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топган муборак заминда йигирма саккиз йилга яқин дарс берди. Бу вақт давомида бир қанча уламолар, жумладан Масжидул ҳарам имомлари етишиб чиқди.

Собуний ҳазратлари дарс бериш билан чекланмай, шайх Саййид Алавий ва Ҳасан Машшот каби ўз даврининг забардаст олимларининг дарсларида ҳам қатнашар эди.

Абу Жаъфар Наҳҳас (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг “Маъонил Қуръон” номли асарини беш йил давомида тадқиқ қилиб, олти жузда нашр қилдирган. 1998 йилдан Маккадаги халқаро ташкилот ҳамда Ислом олами уюшмасига қарашли муассасада бир неча йил фаолият юритди. Масжидул ҳарамда имомлик ҳам қилган.

Шайх Муҳаммад Али Собуний Маккада бўлган онлари ҳар куни Каъбаи мауззаманинг яқини, “Ҳажарул асвад” билан “Рукнил яманий”нинг орасида ўтириб, Қуръони карим тиловат қиларди, савол сўраганларга жавоб берар эди.

Муҳаммад Али Собуний “Ат тибён фи улумил Қуръон”, “Сиҳоҳи ситта” (олти саҳиҳ тўплам) китобларининг шарҳи ҳисобланган “Мин кунузис суннат ан набавийятил мутоҳҳароҳ” (Пок набавий суннат хазиналари), “Ал фиқҳ аш шаръий ал муяссар”, “Софват ат тафосийр”, “Равоиул баён фи тафсирил Қуръон” ҳамда “Мухтасар тафсири Ибн Касийр” каби бир қанча асарларнинг муаллифидир. “Равоиул-баён” номли асари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида ўқитиб келинмоқда.

Алломанинг аксар асарлари инглиз, француз, рус, форс, урду ва бошқа тилларга таржима қилинган. Унинг Қуръони карим тафсири соҳасига бағишланган таснифлари чуқур илм, кенг маъно ва гўзал ифода ҳамда осон ибораси билан ажралиб туради.

Шайх Собуний ҳаётларини Қуръони Карим ва суннати набавийя хизматига сарфлади. Тафсир, ҳадис ва бошқа илм соҳаларига бағишланган асарлари билан илмий-маърифий кутубхоналарни бойитди ва ҳақли равишда “Китоб ва суннат ходими” унвонига эга бўлди.

Аллоҳ таоло улуғ олимни Ўз раҳматига олсин!

Матбуот хизмати

БУ – «ЕТТИ ҚИРОАТ»НИНГ МАШОЙИХЛАРДАН, ИШОНЧЛИ УММАТДАН МАХЛУҚОТЛАРНИНГ АФЗАЛИ РАСУЛУЛЛОҲГАЧА БЎЛГАН МУТАВОТИР САНАДЛАРИДИР

 

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Жанобимиз уммий[1] Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг салоту саломи бўлсин. Буюк Қуръони Каримга нозик ҳақиқатларнинг маънавий хазиналарини жамлаган, махлуқотларидан танлаб олганига унинг калитларини бериб, натижада Қуръони Карим замиридаги мазмун, моҳият ва тушунчаларни ўзлаштирган, бандаларидан хоҳлаганини ўз Китобининг ҳифзу муҳофазасига хослаб, унга бу Китобнинг талаб ва одобларига амал қилишни илҳом қилган Аллоҳ таолога мақтовлар бўлсин. Бизларни хос танлаб олиб, тавфиқ бериб, шу Китобнинг ҳомили – кўтариб юрувчиси қилгани учун У Зотга ҳамду сано айтаман, бизларни эъзозлаб, тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун шукр келтираман. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ягонадир, Унинг шериги йўқдир, деб гувоҳлик бераманки, бу гувоҳлик барча амаллар ҳавола ва ҳисоб қилинадиган Кунга захира бўлсин. Саййидимиз ва набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг бандаси ва Расулидир, деб гувоҳлик бераман. У зот мураббийларнинг мураббийсига энг суюкли дўстдир. Аллоҳ таоло у кишининг доно аҳлу асҳобларига ҳам кўплаб дуруду салавотлар йўлласин. Аммо баъд:

Яратган Парвардигорининг мағфиратидан умидвор бўлган камина Абдуллоҳ Қорий ал-Ҳанафий[2] ал-Чиштий[3] шундай дейди:

«Илмларнинг энг аҳамиятлиси, энг мўътабари Қуръон илмидир. Зеро, у далолатлар билан барча илмни ўз ичига олгандир. Хусусан, унга муҳаққиқ уламолар, буюк тадқиқотчилар берилдилар, унинг бокира дурларининг юзидан пардани очдилар ҳамда уни мукаммал расмий равишда нақд қилдилар. Ибн ал-Жазарий[4] ўзининг «Таййиба»сида[5] айтадики:

«Қуръон ҳомиллари шарафга ҳақли,

Уммат буюклари яхшилик аҳли».

Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган китобларнинг энг улуғи бўлар экан, у нозил қилинган зот ҳам юборилган пайғамбарларнинг энг афзали бўлади. Бинобарин, унинг уммати ҳам инсонлар учун чиқарилган энг яхши умматдир. Қуръон ҳомиллари эса ана шу умматнинг энг шарафли кишиларидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламгошг шундай деганлари ривоят қилинади:

«Умматимнинг энг шарафлилари Қурьон ҳомиллари ва тун соҳибларидир».[6]

Имом Табароний Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшингиз Қуръонни ўқиб, уни ўзгаларга ҳам ўқитганингиздир»,[7] деганлар.

Имом Бухорий Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Сизларнинг яхшингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ҳам ўргатганингиздир».[8]

Имом Термизийнинг «Жомеъ»сида Абдуллоҳ ибн Масъуддан қуйидаги ҳадис ривоят килинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Кимники Куръон менинг зикримдан ва мендан сўрашдан машғул қилган бўлса, мен унга сўрагувчиларга берадиганимнинг энг афзалинй бераман».[9]

Ушбу ҳадиснинг бошқа йўл билан қилинган ривоятида «Кимники Қуръон қироати: уни ўрганиш ёки ўргатиш менга дуо қилишдан ва мендан сўрашдан машғул қилиб қўйган бўлса...» деб келган.[10]

Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръон қироатидир», деганлар.[11]

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки Қуръон ўқиса ва бирор кишига ўзига берилгандан кўра афзалроқ нарса берилган, деб ўйласа, аниқки, Аллоҳ улуғлаган нарсани кичик санабди».[12]

Яна шундай деганлар: «Кимки Қуръонни (қалбида) жамласа, унинг икки елкаси орасига пайғамбарлик жойлашибди, фақат унга ваҳий тушмайди, холос».[13]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки Қуръонни (қалбида) жамласа, Аллоҳ таоло уни то вафот этгунича ақлидан баҳраманд этади».[14]

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай дейдилар: «Қиёмат куни Қуръони Каримдан кўра мартабаси улуғроқ шафоатгўй бўлмайди, пайғамбар бўлсин, фаришта бўлсин ёки бошқа бўлсин».[15]

Бошқа бир ҳадисда: «Кимки Қуръон ўқиб юрган ҳолида вафот топса, Байтул атиқ (Эски уй, яъни Каъба) зиёрат қилинганидек, фаришталар унинг қабрини ҳаж қилурлар».[16]

Бу борада ҳадиси шарифлар жуда кўп.

Албатта, Аллоҳ таоло бу улуғ неъмат ва буюк тортиқни неъматларнинг эгаси бўлган Аллоҳнинг йўлидаги азиз биродаримиз, ҳурматли мухлис олим ва фозил Мулла Рўзи ибн Муҳаммад Толеъ Бухорийга Қуръонни тўла ёд олиш, унинг ҳарфлари махражларини таҳрир-таҳқиқ ва баён билан мукаммал адо этишни муяссар этиш ила бекаму кўст атр этди. Бу у кишининг ҳажга келиб, Маккаи Мукаррамада турган чоғлари – ҳижрий 1325 санада бўлди. У менинг ҳузуримда Қуръони Каримни бошидан охиригача етук ифода ва баркамол суратда таҳриру тажвид билан Шотибий тариқасида мукаммал ўқиб берди. У мендан «ижозат» беришимни сўради. Мен у кишига қаерда бўлмасин, қай тарафга бормасин, бу «ижозат»нинг уламолари тарафидан қўйилган шартга биноан ўқиши ва ўкитишига ижозат бердим. Маълум қиламанки, мен бу «ижозат»ни жанобим, ус-тозим, пешвойим ва пушти паноҳим фазилатли, баркамол зот хожамиз Шайх Иброҳим Саъд ал-Мисрий аш-Шофиъ-ий ал-Хилватийдан олганман. У киши эса ўз шайхи, моҳир устоз, етук аллома Шайх Ҳасан Бидир аш-Шофиъий ал-Хилватий ал-Мисрий Ал-Жарисийдан олганини айтган.

У муҳаққиқ тадқиқотчи жанобимиз Шайх Муҳаммад Мутаваллийдан;

У мутқин ва муҳаққиқ Саййид Аҳмад ат-Тиҳомийдан. Аллоҳ таоло унга гўзал муомала қилиб, унинг узра раҳмат ёғдирсин;

У Аҳмад Саламунадан;

У Саййид Иброҳим ал-Убайдийдан;

У эса бир нечта машойихлардан олган. Жумладан:

а) Мутқин муҳаққиқ шайх Абдурраҳмон ал-Ужҳурий ал-Моликий ал-Муқрий ал-Азҳарий ал-Аҳмадий ал-Ашъарий аш-Шозилий ал-Мисрий;

б) Муътамад олим, фозил, муҳаққиқ, замонанинг ягонаси Саййид Алий ал-Бадрий ал-Азҳарий аш-Шозилий ал-Аҳмадий ал-Мисрий;

в) Фазилатли, муътамад олим шайх Мустафо ал-Азизийлардир.

Шайх Абдурраҳмон ал-Ужҳурий ҳам бир нечта устозда ўқиганлар:

а) Шайх Абдуҳ ас-Сужоъий;

б) Шайх Аҳмад ал-Бақарий;

в) Шайх Аҳмад ал-Асқотий;[17]

г) Шайх Юсуф Афандийзода. У Қустантиния (Константинополь шаҳри) диёри қориларининг шайхи бўлган. Унга 1151 йили Миср қалъасида, муборак ҳажга келаётган пайтида ўқиб берган;

д) Шайх Муҳаммад ал-Азбаковий. У киши Ал-Жомиъул-Азҳар лақаби билан машҳур бўлган;

е) Шайх Абдуллоҳ аш-Шаймотий[18] ал-Мағрибий. У кишига ҳижрий 1151 йили Мадинаи Мунавварага қилган сафарлари чоғида ўқиб берган.

Саййид Алий ал-Бадрий ҳам бир нечта устозда ўқиганлар:

а) Шайх Аҳмад ал-Асқотий;

б) Шайх Юсуф Афандийзода;

в) Шайх Муҳаммад ал-Азбаковий;

г) Шайх Маҳфуз;

д) Шайх Абдуллоҳ аш-Шаймотий ал-Мағрибий. Шайх Абдуҳ ас-Сужоъий эса ўз асрининг муҳаққиқи марҳум Ибн ас-Самоҳда[19] ўқиган.

Шайх Аҳмад ал-Асқотий Абу ад-Димётийда;[20] У эса:

а) «Итҳоф» китобининг муаллифи муҳаққиқ Шайх Аҳмад ал-Банно;

б) Қироат илмининг тадқиқотчиси Шайх Султон ал-Маззоҳийларда ўқиган.

Шайх Аҳмад Султон эса Юсуф ад-Доний ал-Басирда ўқиган.

Юсуф Афандийзода жаноб Шайх Али ал-Мансурийда, Қустантинияга борган пайтлари ўқиган. Шайх Алий ал-Мансурий эса:

а) Олдин зикр қилинган «Итҳоф»нинг соҳибида (яъни Аҳмад ал-Баннода);

У Шайх Султонда;

б) Шайх Алий аш-Шабромуллисийда ўқиган. Шайх Аҳмад ал-Бақарий:

а) Шайх Муҳаммад ал-Бақарийда; У Шайх Абдурраҳмон ал-Яманийда;
У отаси Шайх Шаҳоза ал-Яманийда;

У Шайх Абдулҳақ ас-Санботийда ўқиган.

б) Шайх Алий аш-Шабромуллисийда;

У Шайх Абдурраҳмон ал-Яманийда ўқиган.

Юсуф ад-Доний ал-Басир ҳам ас-Санботийда ўқиган.

Шайх Муҳаммад ал-Азбаковий Шайх Муҳаммад ал-Бақарийда ўқиган.

Шайх Маҳфуз Шайх Алий ар-Рамлийда;

Ар-Рамлий эса Шайх Муҳаммад ал-Бақарийда ўқиган.

Шайх Абдуллоҳ аш-Шаймотий кўп кишиларда ўқиган. Жумладан:

Шайх Абдулхолиқ аш-Шаймотийдир. Унинг санади машҳур «Ал-Авқоф» китобининг соҳиби шайхулислом шайх Абдуллоҳ ад-Дастийга,[21] унинг санади эса Абу Амр ад-Донийга боғланади.

Шайх Шаҳоза эса Носир Табловийда ҳам ўқиган.

Санботий ва Табловий шайхулислом Закариё ал-Ансорийда;

У Шайх Ризвон ал-Уқбийда;

У «Таййиба»ни шарҳ қилган Муҳаммад ан-Нувайрийда;

Ан-Нувайрий эса ўзининг ҳамда ал-Уқбийнинг устози, қироат илмининг ҳақиқий тадқиқотчиси Шайх Муҳаммад ал-Жазарийда;

У порлоқ имом Ибн ал-Лаббонда;

У Шотибийнинг куёви Шайх Аҳмадда:

У Абулҳасан Алий ибн Ҳузайлда;

У Абу Довуд Сулаймон ибн ан-Нажоҳда;

У «Ат-Тайсир»[22]нинг муллифи Ҳофиз Абу Амр ад-Донийда ўкиган. Буни Имом ал-Жазарий «Ат-Ташҳиз»да айтган.

«Тайсир»даги етти қироатнинг санади

1 - Имом Нофеъ ал-Маданий қироати.

1) Имом Нофеъ ал-Маданийдан Ийсо Қолун орқали келган санад:

Ундан Ийсо Қолун қилган ривоят ҳақида бизга Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад ал-Жийзий хабар қилган. У айтади:

«Бизга уни Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мунир хабар қилган. У айтади:

«Бизга уни Абдуллоҳ ибн Ийсо ал-Маданий хабар қилган. У айтади:

«Бизга Қолун Нофеъдан хабар қилган».

(Абу Амр ад-Доний) айтади:

«Мен бу ривоят билан тўла Қуръонни устозим Шайх Абул-Фатҳ Форис ибн Аҳмад ибн Мусо ибн Имрон ал-Муқрий аз-Зарирга[23] ўқиб берганман». У киши айтганки:

«Мен бу ривоят билан тўла Қуръонни Абулҳасан Абдулбоқий ибн Ҳасан ал-Муқрийга ўқиб берганман. У киши айтганки:

«Иброҳим ибн Умар ал-Муқрийга ўқиб берганман. У киши айтганки:

«Абулҳасан Аҳмад ибн Усмон ибн Жаъфар ибн Савбонга[24] ўқиб берганман. У киши айтганки;

«Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн ал-Ашъабга[25] ўқиб берганман. У киши айтганки:

«Абу Нашит Муҳаммад ибн Ҳорунга ўқиб берганман. У киши айтганки:

«Нофеъга ўқиб берганман».[26]

2) Имом Нофеъ ал-Маданийдан Усмон Варш орқали келган санад:

Ундан Усмон Варш қилган ривоят ҳақида бизга Мисрда қози бўлган Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Маҳфуз хабар қилган ва айтган:

«Бизга Аҳмад ибн Иброҳим ибн Жомиъ хабар қилган ва айтган:

«Бизга Абу Муҳаммад Бакр ибн Саҳл хабар қилган ва айтган:

«Бизга Абу Муҳаммад Абдуссамад ибн Абдурраҳмон хабар қилган ва айтган:

Бизга Варш Нофеъдан хабар қилган».

(Абу Амр ад-Доний) айтади:

«Мен бу ривоят билан тўла Қуръонни Мисрдаги муқрий Абулқосим Халаф ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Хоқонга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен бу ривоят билан Қуръоннинг ҳаммасини Абу Жаъфар Муҳаммад (бир нусхада Аҳмад) ибн Усома ан-Нажибийга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Исмоил ибн Абдуллоҳ ан-Наҳҳосга ўқиб берган-ман. У айтганки:

«Мен Абу Яъқуб Юсуф ибн Амр ибн Ясор ал-Азраққа ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Варшга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Нофеъга ўқиб берганман. Нофеъ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Нуайм эса Жауннанинг мавлосидир. Куняси Абу Рувайм. Бошқача ҳам келган. Унинг асли Асфиҳондан бўлиб, қора танли эди. Дорул-ҳижранинг (яъни Мадинаи Мунавваранинг) қироатдаги имоми бўлган. У киши узоқ умр кўрган. Тобеъинлардан етмиштасида Қуръон ўқиган. Язид ибн ал-Қаъқоъ, Шайба ибн Насоҳ, Абдурраҳмон ибн Ҳурмуз ўшалар жумласидандир. Улар Абдуллоҳ ибн Аббосда, у киши Убай ибн Каъбда, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ўқиганлар».

2 - Имом Ибн Касир қироати:

1) Ундан Муҳаммад ибн Қунбул қилган ривоят ҳақида
бизга Абу Муслим Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Алий ал-Бағдодий хабар берган. У айтганки:

«Бизга Ибн Мужоҳид хабар берган. У айтганки:

«Мен (бу ривоят билан) Қунбулга ўқиб бердим ва у айтди:

«Мен Абул-Ҳусайн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Авф ал-Қавсийга[27] ўқиб бердим ва у айтди:

«Мен Абул Ихрит Ваҳб ибн Возиҳга ўқиб бердим ва у айтди:

«Мен Исмоил ибн Абдуллоҳ ал-Қистга ўқиб бердимва у айтди:

«Шибл ибн Аббод ва Маъруф ибн Мушконга ўқиб бердим. Улар:

«Биз Ибн Касирга ўқиб берганмиз», дейишган».

(Абу Амр ад-Доний айтади:)

«Мен ушбу ривоят билан Қуръоннинг ҳаммасини Форис ибн Аҳмад ал-Ҳимсий[28] ал-Муқрий аз-Зарирга ўқиб бердим. У айтди:

«Мен бу ривоят билан Абдуллоҳ ибн Ҳусайн ал-Бағдодийга ўқиб бердим. У айтди:

«Мен Муҳаммад ибн Мужоҳидга ўқиб бердим. У айтди:

«Мен Қунбулга ўқиб бердим».

2) (Ибн Касирдан) Аҳмад ал-Баззийнинг ривояти:

«Бизга бу ривоят ҳақида Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Котиб хабар берди ва айтди:

«Бизга Аҳмад ибн Мусо хабар берди ва айтди:

«Бизга Наср[29] ибн Муҳаммад аз-Заббий хабар берди ва айтди:

«Бизга Абу Базза[30] хабар берди ва айтди:

«Мен Икрима ибн Сулаймон ибн Умайр (бир нусхада Омир)га[31] ўқиб бердим ва у айтди:

«Мен Исмоил ибн Абдуллоҳ ал-Қистга ўқиб бердим ва у айтди:

«Мен Ибн Касирнинг ўзига ўқиб бердим. Баззий мана шундай деган».

(Абу Амр ад-Доний айтади:)

«Мен бу ривоят билан Қуръоннинг ҳаммасини Абулқосим Абдулазиз ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Муқрий ал-Форисийга ўқиб бердим. У менга айтдики:

«Мен Қуръоннинг ҳаммасини Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳасан ан-Наққошга ўқиб бердим. У менга айтдики:

«Мен бу ривоят билан Абу Рабиъа Муҳаммад ибн Исҳоқ ар-Рабъийга ўқиб бердим. У айтдики:

«Мен Баззийга ўқиб бердим».[32]

Бу иккинчи тўлин ой[33] Абу Муид[34] ибн Касир ал-Маккий Амр ибн Алқаманинг мавлоси бўлиб, тобиъийдир. Унинг асли форс авлодидан. У новча, йўғон, буғдойранг, кўзи кўкка мойил эди. Сочини ҳино билан бўяр эди. У саҳоба Абдуллоҳ ибн ас-Соиб ал-Махзумий, Мужоҳид ибн Жабр ва Дирбосда ўқиган. Абдуллоҳ ибн ас-Соиб эса Убай ибн Каъбда ўқиган. Мужоҳид ва Дирбос иккиси Абдуллоҳ ибн Аббосда, у киши Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собитда ўқиган. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда ўқиганлар.

3 Имом Абу Амр ибн Ало ал-Басрий қироати:

1) Абу Умар ад-Дурий ривояти:

«Бизга уни Абу Ийсо Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Қатн[35] 318 санада хабар берган. Айтганки:

«Бизга Абу Халлод Сулаймон ибн Халлод хабар берган ваайтганки:

«Бизга Язидий Абу Амрдан нақл қилган».

(Абу Амр ад-Доний айтади:) «Мен бу қироат билан Абу Амр[36] тариқасига кўра, шайхимиз Абдулазиз ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Бағдодий ал-Муқрийга ўқиб берганман. У менга айтганки:

«Мен бу қироат билан Қуръонни Абу Тоҳир Абдулвоҳид ибн Умар ибн Абу Ҳишом ал-Муқрийга кўп марта, сон-саноқсиз ўқиб берганман. У киши айтганки:

«Мен бу қироат билан Абу Бакр ибн Мужоҳидга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен у билан Абуззаъро Абдурраҳмон ибн Абдусга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Абу Умарга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Язидийга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Абу Амр (ибн Ало)га ўқиб берганман».

2) (Абу Амр ибн Алодан) Солиҳ Абу Шуайб ас-Сусий
ривояти:

«Бизга уни Халаф ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Муқрий хабар берган. У айтганки:

«Бизга Абу Муҳаммад Ҳусайн (бир нусхада Ҳасан)[37] ибн Рошиқ ал-Муаддал хабар берган. У айтганки:

«Бизга Абу Шуайб хабар берган.[38] У айтганки:

«Бизга Язидий Абу Амрдан нақл қилган».

(Абу Амр ад-Доний айтади:) «Мен Қуръоннинг ҳаммасини Форис ибн Муҳаммад ал-Муқрийга ушбу қироат билан мислайн ва мутақорибайнларнинг биринчисини изҳор ва идғом қилиб ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен худди шундай қилиб, Абдуллоҳ ибн Ҳусайн ал-Муқрийга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен худди шундай қилиб, Абу Имрон Мусо ибн Жарир ан-Наҳвийга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Абу Шуайбга ўқиб берганман. У айтганки:

Язидийга ўқиб берганман. У эса «Абу Амрга ўқиб берганман», деган».

Ҳофиз Абу Амр ад-Доний айтади;

«Бизга усули идғомни Муҳаммад ибн Аҳмад Ибн Мужоҳиддан, у Абдурраҳмон ибн Абдусдан, у Абу Умар ад-Дурийдан, у Язидийдан, у Абу Амр(ибн Ало)дан нақл қилган. Шунингдек, бу (қироат) ҳақида бизга шайхимиз Абулҳасан хабар берган. У айтганки:

«Абдуллоҳ ибн Муборак Жаъфар ибн Сулаймондан, у Абу Шуайбдан, у Язидийдан, у Амрдан[39] ривоят қилган».

Бу учинчи тўлин ой Абу Амр ибн Ало ал-Басрий ал-Мозиний бўлиб, Бану Мозиндандир. Асли Казриндан.[40] Буғдойранг, бўйдор, насаби тоза, аслзода эди. Исми ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзилар исми куняси бўлган, деса, баъзилар Забон бўлган, дейди, яна баъзилар бошқача айтган. Ҳижоз ва Ироқдаги тобеъинлардан бир жамоасида ўқиган. Жумладан, Ибн Касир, Мужоҳид Саъид ибн Жубайрда, улар Ибн Аббосда, у қиши Убай ибн Каъбда, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда ўқиганлар.

4 Имом Абдуллоҳ ибн Омир аш-Шомий қироати.

1) Ундан Ибн Заквоннинг ривояти:

«Бизга ундан Муҳаммад ибн Аҳмад хабар берган. У «Аҳмад ибн Мусо ибн Мужоҳид хабар берган», деган. У айтганки:

«Аҳмад ибн Юсуф ат-Тағлибий хабар берган. У айтганки:

«Абдуллоҳ ибн Заквон хабар берган. У айтганки:

«Абу Айюб ибн Тамим ат-Тамимий хабар берган. У айтганки:

«Яҳё ибн Ҳорис аз-Зимморий (бир нусхада ад-Дамморий)[41] хабар берган. У эса:

«Мен Ибн Омирга ўқиб бердим», деган».

Абу Амр (ад-Доний) айтади:

«Мен Қуръоннинг ҳаммасини ушбу қироат билан Абдулазиз ибн Жаъфар ал-Форисий ал-Муқрийга ўқиб бердим. У менга айтганки:

«Мен Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Ҳусайн ан-Наққошга ўқиб бердим. У айтганки: «Мен бу қироатни Абу Абдуллоҳ Ҳорун ибн Мусо ибн Шарик ал-Ахфашга ўқиб бердим. Ахфаш эса уни Абдуллоҳ ибн Заквондан ривоят қилган».

2) (Абдуллоҳ ибн Омир аш-Шомийдан) Ҳишом ривояти: «Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад хабар берган. У: «Ибн

Мужоҳид хабар берган», деган. У айтганки: «Бизга Ҳасан ибн Абу Меҳрон ал-Жаммол хабар берган. У: «Аҳмад ибн Язид ал-Ҳулвоний хабар берган», деган. У: «Ҳишом ибн Аммор хабар берган. У Ирок ибн Холид ал-Миррий (бир нусхада ал-Музаний)[42] хабар берган», деган. У: «Яҳё ибн Ҳорис аз-Зимморийга ўқиб берганман», деган. У: «Абдуллоҳ ибн Омирга ўқиб берганман», деган».

Абу Амр (ад-Доний) айтади:

«Мен бу қироат билан Қуръоннинг ҳаммасини шайхимиз Абулфатҳга ўқиб бердим. У менга: «Бу қироат билан Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайнга ўқиб бердим», деган. У айтганки:

«Мен Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Абдонга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен ал-Ҳулвонийга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Ҳишомга ўқиб берганман».

Бу тўртинчи сиймо Абдуллоҳ ибн Омир ад-Димашқий ат-Тобиъий бўлиб, Муғира ибн Абу Шиҳобга, у киши Усмон ибн Аффон ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумга, улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб берганлар.

5 – Имом Осим қироати.

1) Ундан Абу Бакр Шуъбанинг ривояти:

«Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али ал-Котиб хабар берган. У айтади:

«Бизга ибн Мужоҳид хабар берган. У айтганки:

«Иброҳим ибн Аҳмад ибн Умар ал-Вакиъий хабар берган.

«У: «Отам (Аҳмад) хабар берган», деган. У айтганки: «Яҳё ибн Одам хабар берган». У айтганки: «Абу Бакр (яъни Шуъба) Осимдан нақл қилган».

Абу Амр (ад-Доний) айтади:

«Мен Қуръоннинг ҳаммасини бу қироатда Форис ибн Аҳмад ал-Муқрийга ўқиб бердим. У менга айтдики:

«Мен бу қироат билан Абулҳасан Абдулбоқий ибн ал-Ҳасан ал-Муқрийга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Иброҳим ибн Абдурраҳмон ибн Аҳмад ал-Муқрий ал-Бағдодийга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Юсуф ибн Яъқуб ал-Воситийга ўқиб берганман.

У: «Шуайб ибн Айюб ас-Сайрафийга ўқиб берганман», деган.

У: «Яҳё ибн Одамга, у Абу Бакрга, у Осимга ўқиб берган», деган.

Шунингдек, менга Форис ибн Аҳмад шундай деган:

«Мен ушбу қироат билан Абдуллоҳ ибн Ҳусайнга ўқиб берганман.

У менга хабар берганки, у Аҳмад ибн ал-Қофилонийга ўқиб берган.

У Аҳмадга, у Сайрафийга[43], у Яҳёга, у Абу Бакрга, у Осимга ўқиб берган».

2) (Осимдан) Ҳафс ривояти:

«Бизга уни Абулҳасан Тоҳир ибн Ғалбун ал-Муқрий хабар берган. У айтганки:

«Бизга Басрадаги Муқрий Абулҳасан Алий ибн Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Ҳошимий аз-Зарир хабар берган. У айтганки:

«Бизга Абул-Аббос Аҳмад ибн Асҳал ал-Ушноний хабар берган. У айтганки:

«Мен Абу Муҳаммад Убайд ас-Саббоҳга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Ҳафсга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Осимга ўқиб берганман».

Абу Амр (ад-Доний) айтади:

Мен Қуръоннинг ҳаммасини ушбу қироат билан шайхимиз Абулҳасанга ўқиб берганман. У менга айтганки:

«Мен ал-Ҳошимийга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен: ал-Ушнонийга ўқиб берганман. У Убайдга, у Ҳафсга, у Осимга ўқиб берган».

Бу бешинчи сиймо тобиъий Осим ибн Абуннажуд бўлиб, куняси Абу Бакрдир. У Абу Абдуллоҳ ибн Ҳабиб ас-Суламий[44] ва Зирр ибн Ҳубайшда, улар Усмон, Алий, Ибн Масъуд, Убай ва Зайд розияллоҳу анҳумда, улар Набий соллаллоҳу аяайҳи васалламда ўқиганлар.

6 – Имом Ҳамза аз-Зайёт ал-Кўфий қироати.

1) Ундан Халафнинг ривояти:

«Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад хабар берган. У айтганки:

«Бизга Ибн Мужоҳид хабар берган. У айтганки: «Бизга Идрис ибн Абдулкарим хабар берган. У Халафдан, у Сулаймдан, у Ҳамзадан нақл қилган».

(Абу Амр ад-Доний) айтади:

«Мен ушбу қироат билан Қуръоннинг ҳаммасини шайхимиз Абулҳасанга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен бу қироат билан Басрада Муқрий Муҳаммад ибн Абулҳасан ибн Юсуф ибн Наҳор ал-Ҳартакийга[45] ўқиб бер-ганман. У менга айтганки:

«Абулҳусайн (бир нусхада Абулҳасан)[46] Аҳмад ибн Усмон ибн Жаъфар ибн Савбонга[47] ўқиб берганман. У менга айтганки:

«Мен Идрис ибн Абдулкаримга «Халафнинг ихтиёри»да[48] ўқимай туриб, ўқиб берганман. У менга айтганки:

«Мен Халафга ўқиб бердим. У айтганки:

«Мен Сулаймга ўқиб бердим. У айтганки:

«Мен Ҳамзага ўқиб бердим».

2) (Ҳамзадан) Халлоднинг ривояти:

«Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад айтиб берган. У айт-ганки:

«Бизга Аҳмад ибн Мусо хабар берган. У айтганки:

«Бизга Яҳё ибн Аҳмад ибн Ҳорун ал-Марзуқ[49] Аҳмад ибн Зайд ал-Ҳулвонийдан, у Халлоддан, у Сулаймдан, у Ҳамзадан нақл қилган».

(Абу Амр ад-Доний айтади:)

«Мен ушбу қироат билан Қуръоннинг ҳаммасини шайхимиз Абулфатҳ аз-Зарирга ўқиб бердим. У айтдики:

«Мен бу қироат билан Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайн ал-Муқрийга ўқиб бердим. У айтдики:

«Мен бу қироат билан Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Шанабузга ўқиб бердим. У айтдики:

«Мен Абу Бакр Муҳаммад ибн Шозон ал-Жавҳарий ал-Муқрийга ўқиб бердим. У айтганки:

«Мен бу қироат билан Халлодга ўқиб бердим. У айтганки: «Мен Сулаймга ўқиб бердим, у Ҳамзага ўқиб берган». Бу олтинчи сиймо Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайёт ал-Куфий бўлиб, куняси Абу Амморадир. Нозим имом Шотибий айтганларидек, у киши жуда заковатли, парҳезкор, Қуръонга ужра – ҳақ олишдан қаттиқ эҳтиёт бўладиган, ибодатга сабру бардошли эди. Кечаси озгина ухлар эди, холос. Мукаммал тартил билан тиловат қилар, ким унга рўпара бўлса, фақатгина Қуръон ўқиётган ҳолида топар эди. У Жаъфар Содиқда, у отаси Муҳаммад Боқирда, у отаси Зайнул-обидинда, у отаси Ҳусайнда, у отаси Алий ибн Абу Толибда ўқиган. Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин. Ҳамза яна Аъмашда, у Яҳё ибн Вассобда, у Алқамада, у Ибн Масъудда ўқиган. Шунингдек, у Муҳаммад ибн Абу Лайлода, у Абу Минҳолда, у Саъид ибн Жубайрда, у Абдуллоҳ ибн Аббосда, у Убай ибн Каъбда ўқиган. Яна у Ҳумрон ибн Аъёнда,[50] у Абул Асвадда, у Усмон ва Алийда ўқиган. Усмон, Алий, Ибн Масъуд ва Убай розияллоҳу анҳум Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда ўқиганлар.

7 – Имом Али ал-Кисоий қироати.

1) Абу Амр ад-Дурий ривояти:

«Бизга уни Муҳаммад Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Умар ибн Муҳаммад ал-Муаддал хабар берган. У айтганки:

«Бизга Абдуллоҳ ибн Аҳмад ад-Димашқий хабар берган. У айтганки:

«Бизга Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Асад ан-Насибий хабар берган. У айтганки:

«Бизга Абу Умар ад-Дурий Алий ал-Кисоийдан нақл

қилган».

(Абу Амр ад-Доний айтади:)

«Мен  ушбу   қироат   билан  Қуръоннинг  ҳаммасини Абул-Фатҳ аз-Зарирга ўқиб бердим. У айтганки:

«Мен Абдулбоқий ибн ал-Ҳасанга ўқиб берганмаи. У айтганки:

«Мен Муҳаммад ал-Жуланда[51] ал-Мавсилийга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Жаъфар ибн Муҳаммадга ўқиб бердим. У айтганки:

«Мен Абу Умарга ўқиб берганман. У айтдики:

«Мен Ал-Кисоийга ўқиб бердим».

2) (Алий ал-Кисоийдан) Абул-Ҳорис ривояти:

«Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад хабар берди ва айтдики:

«Бизга Ибн Мужоҳид хабар берди ва айтдики:

«Бизга Муҳаммад ибн Яҳё хабар берган, у Абул-Ҳорисдан, у ал-Кисоийдан нақл қилган».

(Абу Амр ад-Доний айтади:)

«Мен ушбу қироат билан Қуръоннинг ҳаммасини Абул-Фатҳ Форис ибн Аҳмадга ўқиб бердим. У менга айтдики:

«Мен Абулҳасан Абдулбоқий ибн ал-Ҳасан ал-Муқрийга ўқиб бердим ва у менга айтдики:

«Мен Зайд ибн Алийга ўқиб бердим ва у айтдики:

«Ал-Баттий нисбати билан танилган Аҳмад ибн ал-Ҳасанга ўқиб бердим. У айтдики:

«Мен Абулҳасан Муҳаммад ибн Яҳё ал-Кисоий ас-Сағирга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Абул-Ҳорисга ўқиб берганман. У айтганки:

«Мен Ал-Кисоийга ўқиб бердим».

Бу еттинчи порлоқ сиймо Абулҳасан Алий ибн Ҳамза ан-Наҳвий бўлиб, Бану Асаднинг мавлоси бўлган. Ўзи форс авлодидан. «Кисоий» деб аталипшга сабаб шуки, у киши «кисо», яъни кўйлак-иштон каби кийимни эҳром қилган. У Ҳамза аз-Зайётнинг қўлида ўқиган. Унинг (Ҳамзанинг) санади юқорида ўтди.

Шунингдек, бу зот Ийсо ибн Умарда, у Талҳа ибн Мусаррифдa, y Ан-Нахаъийдa, y Алқамадa, y Ибн Масъудда, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда ўқиган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қироатни Жаброил алайҳиссаломдан, у Лавҳул Маҳфуздан, Оламларнинг Робби – Аллоҳ таолодан олган.

Энди у (Мулла Рўзи ибн Муҳаммад Толеъ ал-Бухорий) ўзи етишган нарсанинг, унга сероб қилиб берилган мана бу улуғ неъмат, буюк марҳаматнинг қадрини билсин. Аллоҳ таолонинг Китобидан таълим берсин. Унга талаби илм билан келган кишига қанотини паст қилсин, ўзида ҳосил бўлган нарса билан чекланиб қолмасин, балки зиёдалашиш талабида бўлсин. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларнинг саййиди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзининг Китобида мана шунга буюриб, «Роббим, илмимни зиёда қилгин», деб айт», дегандир. Шунингдек, бу мақом унда ҳусни хулқ ва ҳилмни ўстирсин. Тоабад мен унга машойихларим – устозларим менга қилган насиҳатни қилиб қоламан:

Ошкору махфий ҳолда Аллоҳга тақво қилгай, ривояти тўғри бўлиши ҳаракатида бўлгай, ўзи ўқиганида ҳам, ўзгага ўқитаётганида ҳам ўзидан олдинги ўтган устозларига эргашгай. Мен унга хатодан қайтишдан ор қилмасликни, ўзидан ўтган камчиликда нафсу ҳавосига эргашмасликни, ўзидан кичикка шафқат кўрсатиб, билмаган нарсасида мулойимлик бйлан тўғри йўлга солишни, ўзидан каттани эъзозлаб, агар ундан озор етса ҳам, ўтиб юборишни, ўзига зулм қилганни кечиришни, биродарларга муҳаббат кўрсатишни ўзининг сармояси қилиб олишни, дўстларга қўлидан келганича, бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам, яхшилик қилишни қатьий васият қиламан. Зеро, тавозуъ – ўзини паст олиш билан ўзининг қадри юксалади, унга неъматлар ёғилади. Аллоҳ таоло унга доимо раҳмат назари билан боқсин. Мен Аллоҳ таолодан Қуръони Карим менинг учун ҳам, унинг учун ҳам зиёнимизга эмас, фойдамизга ҳужжат бўлишини, бизларга Ўз баракоти билан эҳтиёжимиз тушган нарсани осон қилиб беришини умид қиламан.

Мен бу биродаримиздан бўш ҳолида-ю, банд ҳолида каминани дуои хайрда унутмаслигини, хусусан, ҳаққимга иймон саломатлиги, барча гуноҳу айбларимнинг мағфират бўлишини, бизни мазкур биродаримиз ва яқинларимиз билан Доруссалом жаннатда саломат бирга қилишини дуо этишини сўрайман. Зеро, барчамиз ўшанга муҳтожмиз, у ерда нималар бўлишини Аллоҳ билувчидир.

Аллоҳ таолодан бизларга сўзда ва амалда тавфиқ, муваффақият ато этишини, хато қилиш ва тойилишдан сақлаш билан бизларга лутф кўрсатишини сўраб қоламан. Албатта, У Зот бунга қодирдир ҳамда ижобат қилишга ҳақлидир.

Мен бу биродаримизга қироат ва ривоят билан, барча важҳларни ўқиши ва ўқитишига ижозат бердим. Аллоҳ таоло менга ҳам, унга ҳам бу ишни осон қилсин ва муваффақ айласин, омин!

Бу муборак хатм Маккаи Мукаррамадаги Бухоро амири шаҳаншоҳ Амир Абдулвоҳидхонга тегишли такяда бўлди. Аллоҳ у кишини давомий боқий қилсин, муроду мақсадларига етказсин ҳамда мажлисдошларию умаролари, қозиларию бош қозилари, раҳбару мулозимлари билан азизлик ва омонликда айласин. Чунки қонунлар ва даврнинг интизоми улар билан камолини топгай. Уларнинг фазилати ва ўрни доимо замон пешонасида ярқираб, уларнинг мақтовлари ҳар бир тилда жорий бўлиб туради. Бу хатмона бир қанча уламоларнинг ҳозирлигида бўлди. Улар бугунги куннинг энг сара сиймолари, замонанинг пешволари, асрнинг намояндаларидир. Аллоҳ уларни Ўз паноҳида асрасин, уларга Ўз инъому эҳсонини бардавом айласин. Бизнинг ҳам, уларнинг ҳам оқибатларимизни иймон билан тамомласин. Бу эса халқнинг энг яхшиси – у кишига афзал салавот, энг покиза салом бўлсин – Набийимиз ҳижратидан ҳисоблаганда, 1325 йил Зулҳижжа ойининг саккизинчиси, якшанба оқшоми бўлди. Аллоҳ таолонинг фазлидан, буюк Пайғамбарининг ҳурматини васила қилиб, бизларга ҳам, сизларга ҳам ризо ва қабулни ато этишини сўрайман. Зеро, У энг улуғ Хожа, энг буюк сўралувчидир.

«Иззат Робби бўлмиш Роббинг улар қилаётган васфдан покдир. Ва юборилган расулларга салом бўлсин! Оламларнинг Робби – Аллоҳга ҳамд бўлсин!» (Соффаат сураси, 180-182-оятлар).

Яратган Парвардигорининг афвидан умидвор Абдуллоҳ Қори.

Ўрганилган бу санад бир қорининг санадидир. Ундан бошқа ҳам бир қанча санадлар мавжуд. Ушбу ижоза ва санад матни билан танишган ҳар қандай инсон Аллоҳ таоло Қуръони Каримни сақлаш ҳақидаги ваъдасини нечоғлик рўёбга чиқарганини кўриб, тан бермай иложи йўқ.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ТАФСИР ВА МУФАССИРЛАР

 

[1] Уммий – ўқиш-ёзишни билмайдиган одам. Бу сифат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хислатларидан бўлиб,  у кишининг мўъжизаларидандир.

[2] Яъни фиқхда имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларига эргашган. Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 80 (м. 699-700) йилда таваллуд топиб, 150 (768) йили вафот этганлар.

[3] Яъни сулукда чиштийлик тариқатида бўлган. Бу тариқат олтинчи ҳижрий асрнинг охирларида фаолият кўрсатган Абу Исҳоқ ад-Димашқий ал-Чиштийга нисбатан «чиштийлик» деб юритилади. У киши Мимшод Улув ад-Дайнурийнинг муридларидан бўлган. Чишт Ҳиротдаги бир қишлоқнинг номи бўлиб, ҳозирги Афғонистоннинг шимоли-ғарбига тўғри келади. «Ал-Чиштий» лақаби билан машҳур бўлган Хожа Муъийнуддин Ҳасан ас-Санжарий ал-Ажмирий бу тариқатни Ҳинд диёрида кенг ёйган. У киши Ажмирда вафот этган. Унинг вафот санаси турлича айтилади: ҳижрий 620 (м. 1223-1224), 627 ёки 634 йили. Ҳиндистондаги энг машҳур ва мўътабар тариқат чиштийлик сулукидир. Зеро у Ҳиндистон мусулмонлари тарихидаги биринчи тариқатдир.

[4] Имом Шамсуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарий аш-Шофиъий ҳижрий 751 (м. 1350-1351) санада туғилиб, 822 (1419-1420) йили вафот этганлар. У киши Қуръон ва тажвид илмининг султони ҳисобланиб, қироат илмида улкан асарлар қолдирганлар.

[5] Имом ал-Жазарийнинг «Тоййибатун нашр фил қироатил ъашр» номли шеърий асарига ишора.

[6] «Ал-Муъжамул кабир», 12262 ҳадис. Абул Қосим Сулаймон ибн Аҳмад ат Тобароний.

[7] «Ал-Муъжамул кабир», 10325.

[8] «Ал-Жомиъус саҳиҳ», 4739. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Д. Мустафо таҳқиқи. Дору ибн Касир нашриёти, 1407 (м. 1987).

[9] Аммо Термизийнинг «Сунан»ида матн бир оз ўзгачароқ келган: «Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан сўрашдан машғул қилган бўлса, Мен унга сўрагувчиларга берадиганимнинг афзалини бераман». Ҳадиснинг давоми қуйидагича: «Аллоҳнинг Каломининг бошқа каломлардан афзаллиги Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан афзаллиги кабидир». «Ал-Жомиъус саҳиҳ», 2926. Имом Абу Ийсо Муҳаммад ибн Ийсо ат-Термизий.

[10] Ҳофиз Абул Ало ал-Ҳамадоний келтирган. Уни Имом ал-Жазарий «Ан Нашр фии қироатил ъашр» китобида ривоят қилган.

[11] «Шуъабул иймон» 2022. Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ал Байҳақий.

[12] «Аз-Зухд» 799. Абу Абдуллоҳ Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий. Бу ҳадис турли лафз, турли йўл билан ҳам ривоят қилинган.

[13] «Ахлақу ҳамалатил Қуръан». Абу Бакр Муҳаммад ибн ал Ҳусайн ал-Ажуррий Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилган. Ҳадиснинг тўлиқ шакли қуйидагича: «Кимки Қуръонни жамласа, улуғ ишни зиммасига олибди. Батаҳқиқ, пайғамбарлик унинг икки елкаси орасига жойлашибди, фақат унга ваҳий тушмайди, холос. Бас, аччиқланганга қўшилиб аччиқланиш, нодонлик қилганга қўшилиб нодонлик қилиш унга жоиз бўлмайди. Ахир унинг ичида Қуръон бор!»

[14] Ибн Адий, Ибн Мурдавайҳ, Ибн Нажжор ва Дайламийлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. «Жомиъул ҳадис», 21967. Жалолуддин ас-Суютий. Ал-Муновий уни заиф деган.

[15] «Ал-муғний ан ҳамлил асфар» 858 ҳадис (мурсал). Абул Фазл ал Ироқий.

[16] Ҳадиснинг қуйидагича ривоят қилинганини топдик: а) «Эй Алий, Қуръонни ўрган ва уни одамларга ўргат, зеро унинг ҳар бир ҳарфига ўн ҳасана – яхшилик бордир. Эй Алий, Қуръонни ўрган ва уни одамларга ўргат, шунда агар вафот этсанг, одамлар Аллоҳнинг Байтул атиқини ҳаж қилгандек, фаришталар сенинг
қабрингни ҳаж қилурлар». «Жомиъул ҳадис» 26147. Жалолуддин Суютий;

б) «Эй Абу Ҳурайра, Қуръонни кишиларга ўргат, уни ўзинг ҳам ўрган. Агар мана шу ҳолда ўлим топсанг, фаришталар сенинг қабрингни Байтул атиқ зиёрат қилинганидек зиёрат қилурлар. Одамларга менинг суннатимни ўргат, гарчи ёқтирмасалар ҳам. Агар Сиротда кўз юмиб-очгунча ҳам турмай, жаннатга киришни хоҳласанг, АлЛоҳнинг динида ўз фикринг билан янги нарса айтма». «Жомиъул ҳадис» 42656. Жалолуддин Суютий.

[17] Айрим манбаларда ал-Исқотий деб ҳам берилган.

[18] Манбаларда аш-Шаммозий, баъзи нусхалардагина аш-Шаймозий дейилган. Бундан кейин келадиганлари ҳам шундай ўқилиши лозим.

[19] Куняси Абус Самоҳ, асл исми Аҳмад ал Бақарий.

[20] Манбаларда Абун-нур ад-Димётий деб берилган.

[21] Абдуллоҳ Қорий Ҳанафий: «Ал-Воситий бўлса керак», дейди. Шунингдек, китобнинг номини «Ал-Авқот» деб келтирган. Манбаларда унинг исми Абдуллоҳ ал-Ҳабтий деб, китобнинг номи эса «Алавқоф» деб келтирилган.

[22] Китобнинг тўлиқ номи «Ат-Тайсир фил-қироатис-сабъ», Муаллифнинг тўлиқ исми имом Абу Амр Усмон ибн Саъид ибн Амр ад-Доний (ҳижрий 371-444, милодий 981-1053).

[23] «Зарир» сўзи «аъмо» деган маънони билдириб, кўпинча кўзи кейинроқ кўрмай қолган кишига нисбатан ишлатилади.

[24] Аслида «Буён». «Ат-Тайсир фил қироатис сабъ». Абу Амр ад-Доний (бундан кейинги барча тузатишлар ушбу китобдан олинди)

[25] Аслида Ашъас.

[26] Бу ерда асосий ровий – Ийсо Қолун тушиб қолган, чунки Абу Нашит Нофеъга эмас, Ийсо Қолунга, Ийсо Қолун эса имом Нофеъ ал-Маданийга ўқиб берган.

[27] Аслида ал-Қаввос.

[28] Аслида ал-Ҳимсий.

[29] «Бир нусхада ... дейди Абдуллоҳ Қорий. Аслида Музар.

[30] Аслида Аҳмад ибн Абу Базза, яъни Аҳмад ал Баззий.

[31] Тўғриси ҳам Омир.

[32] Баззийнинг Ибн Касиргача санади сал аввал олдин ўтди.

[33] Порлоқ сиймо демоқчи, яъни Ибн Касир.

[34] Аслида Абу Маъбад, исми Абдуллоҳ.

[35] Аслида Аҳмад ибн Қатн.

[36] Аслида Абу Умар (ад-Дурий).

[37] Тўғриси ҳам Ҳасан.

[38] Аслида Абу Мухаммад Ҳусайн билан Абу Шуайбнинг ўртасида Абу Абдурраҳмоп Аҳмад ибн Шуайб ан-Насаий ҳам бор.

[39] Яъни Абу Амр. «Абу» сўзи тушиб қолган.

[40] У Форс ўлкасига тегишли жой бўлиб, мўътабар манбаларда, жумладан, Имом Жазарийнинг «Ғоятун-ниҳая фии тобақотил-қурро» асарида «Казрун» дейилган.

[41] Тўғриси аз-Зимморий.

[42] Баъзи нусхаларда ал-Музаний эмас, ал-Миззий келган.

[43] Аслида ас-Сарифийний.

[44] Аслида Абу Абдурраҳмон Абдуллох ибн Ҳабиб ас-Суламий.

[45] Аслида Абулҳасан Муҳаммад ибн Юсуф ибн Наҳор ал-Ҳартакий. Қўлёзмада ... га ҳам ўхшаб қолган.

[46] Тўғриси Абулҳусайн.

[47] Аслида Буён.

[48] Яъни Халафнинг Ҳамзадан айри ҳолда ихтиёр қилган қироати.

[49] Аслида ал-Музаввиқ.

[50] Қўлёзмада «ю» каби ёзилган.

[51] Аслида Муҳаммад ибн Алий ибн Жуланда.

Top