www.muslimuz

www.muslimuz

Вівторок, 25 августь 2020 00:00

2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 91–93 ОЯТЛАР

 

 

وَإِذَا قِيلَ لَهُمۡ ءَامِنُواْ بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ قَالُواْ نُؤۡمِنُ بِمَآ أُنزِلَ عَلَيۡنَا وَيَكۡفُرُونَ بِمَا وَرَآءَهُۥ وَهُوَ ٱلۡحَقُّ مُصَدِّقٗا لِّمَا مَعَهُمۡۗ قُلۡ فَلِمَ تَقۡتُلُونَ أَنۢبِيَآءَ ٱللَّهِ مِن قَبۡلُ إِن كُنتُم مُّؤۡمِنِينَ٩١

91. Агар уларга: "Аллоҳ туширган нарсага имон келтиринглар" дейилса, "Биз ўзимизга туширилган нарсага имон келтирамиз" деб, ўз китобларини тасдиқлаб келган Ҳақ Китобни инкор қилишади. (Эй Муҳаммад): "Агар мўмин бўлсанглар, нега олдин Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирдинглар?" денг.

Ислом таълимотига кўра, Одам алайҳиссаломдан тортиб охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган барча пайғамбарлар Исломга – ёлғиз Аллоҳга имон келтиришга даъват қилишган, қиёмат кунига ва унда ҳар ким бу дунёдаги амалига яраша мукофот ёки жазо олишига ишонишга чақиришган, инсонларнинг икки дунё саодатига эришишларига сабаб бўладиган шариат аҳкомларини баён қилишган. Чунки Ислом келажак, истиқбол рисолати бўлгани каби олис мозий рисолати ҳамдир. У ўз жавҳарида, эътиқодий ва ахлоқий моҳиятида ўтган барча пайғамбарлар ва нозил қилинган китоблар рисолатидир. Демак, барча пайғамбарлар Ислом билан келишган, тавҳидга чақиришган. Бунга Қуръони каримнинг кўпгина оятлари далолат қилади. Ислом моҳиятига кўра, Нуҳ алайҳиссалом замонларидан то пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломгача келган барча пайғамбарларнинг рисолатидир.

Аммо инсониятнинг жуда оз қисми уларга эргашган. "Фақат қўлимиздаги нарсаларга ёки ота-боболаримиз эътиқодига ишонамиз" дея Аллоҳ таоло ҳузуридан келган ваҳийларга қулоқ солишмади, энг аянчлиси, уларни инкор қилишгача боришди. Гумроҳ ва сўқир инсонлар Аллоҳнинг пайғамбарлари даъватига қулоқ солишмади, ҳатто уларни ёлғончига чиқаришди, ўлдиришгача бориб етишди. Ана шундай саркаш, исёнкор, итоатсиз, ношукр қавмлар бу дунёнинг ўзидаёқ турли балою-офатларга, фалокатларга учраб, Ер юзидан йўқ қилиб юборилди. Қуръони каримда зикри келган пайғамбарларнинг қиссаларида ана шу қавмларнинг фожиаси келтирилган: "(Эй Муҳаммад), агар улар (яъни, Макка мушриклари) сизни ёлғончи қилсалар, улардан илгари Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ҳам (ўзларига юборилган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандирлар. Иброҳимнинг қавми (Иброҳимни), Лут қавми (Лутни), Мадян аҳолиси (Шуайбни ёлғончи қилгандирлар). Мусо ҳам ёлғончига чиқарилди. Мен эса кофир бўлган кимсаларга муҳлат бериб қўйиб, сўнгра уларни (Ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг инкорим қандай бўлди?!" (Ҳаж, 42-44). Дарҳақиқат, пайғамбарлар тарихига назар солсак, инсонлар ҳамиша исёнда бўлгани, ўзларига даъват ва ваҳий келтирган Аллоҳнинг элчиларига бўйсунишмагани учун охири бу дунёда чексиз азоб-кулфатлар, охиратда эса аламли жаҳаннам қийноқлари кутаётганидан огоҳлантирилган.

۞وَلَقَدۡ جَآءَكُم مُّوسَىٰ بِٱلۡبَيِّنَٰتِ ثُمَّ ٱتَّخَذۡتُمُ ٱلۡعِجۡلَ مِنۢ بَعۡدِهِۦ وَأَنتُمۡ ظَٰلِمُونَ٩٢

92. Ва Мусо сизларга очиқ ҳужжат келтирди, сизлар эса у йўқлигида золимлардан бўлиб бузоққа сиғиндингизлар.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Бани Исроилга пайғамбар қилиб юборганди. Мусо алайҳиссаломнинг номи Қуръони каримда юз мартадан кўп такрорланиб келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қавм томонидан жабр-зулм кучайиб кетганда у зот: “Аллоҳ биродарим Мусога раҳм қилсин. У мендан кўра қаттиқроқ озорларга учраса-да, лекин бунга сабр қилди”, деганлар. Мусо алайҳиссалом яшаган даврда Рамсес Иккинчи деган золим ва қаттиққўл фиръавн (ҳукмдор) давлатни бошқарган эди. Аллоҳ таоло пайғамбари Мусонинг имонсиз Фиръавнга қарши эътиқодий кураш олиб бориши учун уни турли мўъжизалар билан қўллади. Мусо алайҳиссалом кўрсатган ҳассанинг илонга айланиши, қўлларининг оппоқ бўлиши, денгизнинг иккига бўлиниши, Тавротнинг туширилиши каби очиқ-ойдин далил-ҳужжатларни кўриб туриб ҳам Бани Исроил дарров тўғри йўлдан чалғиди ва Мусо алайҳиссалом Тур тоғига Аллоҳ таоло билан роз айтишга кетганида бир коҳин ясаган олтин бузоққа сиғина бошлади.

وَإِذۡ أَخَذۡنَا مِيثَٰقَكُمۡ وَرَفَعۡنَا فَوۡقَكُمُ ٱلطُّورَ خُذُواْ مَآ ءَاتَيۡنَٰكُم بِقُوَّةٖ وَٱسۡمَعُواْۖ قَالُواْ سَمِعۡنَا وَعَصَيۡنَا وَأُشۡرِبُواْ فِي قُلُوبِهِمُ ٱلۡعِجۡلَ بِكُفۡرِهِمۡۚ قُلۡ بِئۡسَمَا يَأۡمُرُكُم بِهِۦٓ إِيمَٰنُكُمۡ إِن كُنتُم مُّؤۡمِنِينَ٩٣

93. Сизлардан аҳд олиб, тепангизга Тур тоғини кўтариб: "Биз сизларга берган Китобни маҳкам тутинглар ва эшитинглар" деганимизни эсланглар. Улар: "Эшитдик, аммо итоат қилмадик", дейишди. Куфрлари сабабидан қалбларига бузоқ муҳаббатини солдик. (Эй Муҳаммад), айтинг: "Агар мўмин бўлсанглар, "имон"ларингиз буюрган нарса бунчалик ёмон-а!".

Исроил авлодлари пайғамбар Мусо алайҳиссаломнинг Тур тоғига бориб Парвардигори билан розлашганидан кейин олиб келган даъватларини ҳам инкор қила бошлади. Шунда Аллоҳ таоло мушрик қавмни жазолаш учун улар қалбига бузоққа сиғиниш муҳаббатини солиб қўйди. Мусо алайҳиссалом Сомирий ясаган бузоқни оловда ёндириб, кулини денгизга сочиб юбордилар. Ким бузоққа сиғинган бўлса, ранги сарғайиб кетаверди. Исроил авлодларининг имонлиларидан бузоққа сиғинувчилар алоҳида ажралиб қолишди. Уларга жазони ёлғиз Аллоҳдан кутишар эди. Яъни, Бани Исроил ташида итоат қилганини айтса ҳам, қалбида буни инкор қилар эди. Шунинг учун Муҳаммад алайҳиссаломга уларнинг бу имонлари ёмонлигини айтиш буюрилмоқда.

  1. ИМОМИ РОББОНИЙ АҲМАД ФОРУҚ САРҲАНДИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 971 сана, милодий 1563 сана шаввол ойининг ўн тўртинчи куни, жумъа кечасида Ҳиндистоннинг Сарҳанд шаҳрида таваллуд топганлар ва ҳижрий 1034 сана, милодий 1625 санада ўша ерда вафот этганлар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи узун бўйли, буғдой рангли, кулча юзли, қирмизи кўзли ва қора соқолли зот эдилар. У киши ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг наслларидан эдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи шариат илмларини юксак даражада билишлари билан «иккинчи минг йилликнинг мужаддиди» лақабини олган эдилар. У киши бир йўла Нақшбандия, Қодирия, Чиштия, Суҳравардия, Шетория, Вирдория ва Кубравия каби бир неча тариқатларнинг шайхи эдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳининг ёшлик чоғлари шаръий илмларни талаб қилиш билан ўтди. У кишининг оталари катта олим бўлганлари учун хонадонларига ўша пайтнинг забардаст уламолари тез-тез ташриф буюриб турар эдилар. Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи улардан жуда кўп фойдалар олар эдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи тезда Қуръони Каримни тўлиқ ва пухта ёд олдилар. Сўнгра ўз оталаридан турли илмларни ўргана бошладилар. Тез орада у кишининг истеъдодлари намоён бўла бошлади. Кейинроқ ўша пайтнинг илмий марказларидан бири бўлган Сайлакутга сафар қилиб, машҳур олим шайх Камолиддин Кашмирийдан олий даражадаги китобларни хатм қилдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи бошқа олимлардан ҳам дарслар олиб, барча шаръий илмларда пешқадамликни қўлга киритдилар. Кейин бошқа илм марказларига ҳам сафар қилиб, кўпгина фойдаларга эга бўлдилар.

Ҳижрий 1008 санада ҳаж сафарига кетаётган Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи Деҳли шаҳрига тушдилар ва ўзларининг эски танишлари шайх Ҳасан Кашмирийдан Нақшбандия тариқати шайхи хожа Муҳаммад Боқий ҳазратларининг Деҳлига келганларини эшитдилар. У киши оталаридан Нақшбандия тариқати мадҳида кўпгина яхши сўзларни эшитган эдилар. Шунинг учун мазкур шайх билан учрашиб, у кишини зиёрат қилишни лозим кўрдилар.

Хожа Муҳаммад Боқий ҳазратлари Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳини худди олдиндан келишиб олгандай кутиб олдилар. Бироз суҳбат ва ишоратлардан кейин Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи у кишидан Нақшбандия тариқатини ўрганишга киришдилар.

Аввал Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи шайхга қўл бериб, байъат қилдилар. Шайх у кишини хилватхоналарига олиб кириб, қалбий зикрни талқин қилдилар. Ўша кундан бошлаб Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётларида катта ўзгариш содир бўлди. Ўша ерда икки ярим ой давомида ўз шайхларидан олган илмлари у кишини яна ҳам олий даражаларга кўтарди. Сўнгра Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи Сарҳандга қайтиб кетдилар.

Кўп ўтмай, Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи Деҳлига, ўз шайхларининг ҳузурига яна қайтиб келдилар. Бу сафар шайх у кишига ижозат бериб, халифалик хирқасини кийгиздилар ва толибларга илм, соликларга таълим ва муридларга тарбия беришга рухсат бердилар. Шу билан бирга, ўзларининг хос муридларидан баъзиларини ҳам у кишига топширдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи ўз шайхларининг ҳузурларига учинчи марта йўл олганларида шайх Муҳаммад Боқий ҳазратлари у кишини кутиб олиш учун узоқ масофани босиб, пешвоз чиқдилар ва кўпгина яхшиликлар ҳақида башорат бердилар. Шайх ўзларининг қариб қолганликларини айтиб, тариқат ишларини ҳам, ўз фарзандларини ҳам Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳига топширгандек ишора қилдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи шундан кейин бутун умрларини шариат ва тариқат илмларини тарқатишга бағишладилар. У кишининг тариқатга оид асарлари ичида ўз яқинларига ёзган мактублари жамланган «Мактубот» номли китоблари ҳозирги кунгача барча тасаввуф аҳли учун қўлланма бўлиб келмоқда.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи Ислом оламида кенг шуҳрат таратган зотлардан биридирлар. У кишининг илмий асарлари ва қилган ишлари тилларда достон бўлиб кетган. Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳига турли олий унвон ва шарафли лақаблар берилган. Чунончи, у кишини «иккинчи минг йилликнинг мужаддиди» ҳам дейдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ҳазратларидан олганлар.

 

  1. АЛ-УРВАТУЛ ВУСҚО ШАЙХ МУҲАММАД МАЪСУМ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1007 сана, милодий 1598 санада Ҳиндистоннинг Сарҳанд шаҳрида таваллуд топиб, ҳижрий 1079 сана, милодий 1669 санада ўша ерда вафот этганлар.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи узун бўйли, кулча юзли, буғдой рангли ва кўзларида қирмизи бор зот эдилар. У киши Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳининг етти ўғилларидан бири бўлиб, ўз оталарининг бош халифаси ҳам эдилар. Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг оталарига жуда ҳам ўхшар эдилар.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи ўз оталари Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи устозлари хожа Муҳаммад Боқий ҳазратлари билан топишган кунлари туғилганлар. Шунинг учун ҳам оталари шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи ҳақларида: «Бу ўғлим хайрли ва баракалидир. Зеро, Хожа Боқий ҳазратларига бунинг туғилиши ортидан етишганман», дер эдилар.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи улуғ истеъдод соҳиби эдилар. У киши ўн олти ёшларида барча зоҳирий ва диний илмларни эгаллаб, устозларининг олқишига сазовор бўлганлар ҳамда барчанинг орасида шуҳрат қозонганлар. Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи математика ва бошқа илмларда ҳам пешқадам эдилар. У киши зоҳиран ҳеч гуноҳ иш қилмаганлари учун «маъсум» лақаби берилганди.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи ўз оталарининг барча илмларини олган, маърифат ва ҳақиқатларини шарҳ қилган ва халифалари бўлган эдилар. Қисқа вақтда шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи вақтнинг қутби ва замоннинг муршиди бўлдилар. Оталарининг ёши улғайиб қолганда, у кишининг шогирдлари ва муридларининг тарбияси ила машғул бўлдилар.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи оталаридан кейин Нақшбандия тариқатининг бош шайхлиги шарафига мушарраф бўлдилар. У кишининг қўлларида араб, ажам ва ҳиндулардан кўплаб кишилар илм олдилар. Тариқат илмлари ҳам ўша кишидан тарқай бошлади.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳининг рисолалари оталари Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳининг китобларига шарҳ ўрнида келган. Булар уч мужалладдан иборат бўлиб, «Хазинатул улум вал маъориф», «Ал-асрор» ва «Ад-дақоиқ» деб номлангандир.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини оталари Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

 

  1. ШАЙХ САЙФУДДИН ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Имоми Роббонийнинг набиралари, шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳининг ўғиллари бўлмиш шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1049 сана, милодий 1639 санада Сарҳандда таваллуд топганлар ва ўша ерда ҳижрий 1096 сана, милодий 1694 санада вафот этганлар.

Шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳи узун бўйли, қорамтир рангли, кулча юзли, кўзлари катта ва соқолларининг икки тарафи бироз сийрак бўлган зот эдилар. У киши зоҳирий ва ботиний илмларга ҳамда зуҳду тақвога соҳиб эдилар. Шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишда барчага ўрнак эдилар. У киши ўз қўлларига тушган мол-мулкни муҳтожларга бўлиб беришни афзал кўрар эдилар.

Шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳи аҳли дунё билан бирга бўлмоқни ёқтирмас ва диндор кишиларнинг суҳбатидан завқ олар эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қатъий риоя қилишлари сабабли «суннатни тирилтирувчи» лақаби билан ҳам аталар эдилар.

Шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳининг суҳбатига келганларга ҳар куни лазиз таомлар тортилар эди. Шу тариқа соликлар ҳам моддий, ҳам маънавий озуқа олар эдилар. Бир куни кишилардан бири шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳига бу ҳақда савол бериб:

«Бу йўлдагилар учун оз емоқ лозим эмасми?» деди.

«Ғизони оз емоқ кишининг қуввати ва тоқатини озайтиради. Бизнинг тариқатимизнинг пирлари давомли равишда вуқуфи қалбий ва суҳбатлар асосида иш олиб борганлар. Ортиқча риёзат ва очлик ила вужудга машаққат бермоқ баъзи нохуш ҳолатларни юзага чиқаради. Биз бу нарсани иш ҳисобламаймиз. Бизнинг ғоямиз давомли зикр, Аллоҳга йўналмоқ ва суннатга эргашмоқ ҳамда шаръий ишларга машғул бўлмоқдир», дедилар шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳи саволнинг жавобига.

Шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини ўз оталари Муҳаммад Маъсум ҳазратларидан олганлар.

 

  1. САЙЙИД НУРМУҲАММАД БАДАВУНИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зотнинг туғилган ерлари ва йиллари ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Аммо ҳижрий 1135 сана, милодий 1722 санада Бадавунда вафот этганлари маълум ва машҳурдир.

Саййид Нурмуҳаммад Бадавуний раҳматуллоҳи алайҳи ўрта бўйли, қорамтир рангли ва сийрак соқолли бир зот эдилар. У кишининг пешоналарида нур аломати бор эди.

Саййид Нурмуҳаммад Бадавуний раҳматуллоҳи алайҳи ёшлик чоғлариданоқ ўзларини илм ва тақвога бағишлаган эдилар. У киши сарф, наҳв, мантиқ, ҳадис ва тафсир каби илмларда пешқадам эдилар. Шариат ва тариқат илмларида ўз замонасининг алломаси эдилар.

Саййид Нурмуҳаммад Бадавуний раҳматуллоҳи алайҳи шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳига шогирд тушдилар ва тез орада у зотнинг халифаларига айландилар.

Саййид Нурмуҳаммад Бадавуний раҳматуллоҳи алайҳи тақвода юксак даражаларга эришган эдилар. Ўзларига керакли ноннинг унини ҳалолдан топиб, ўзлари хамир қориб, ўзлари нон ёпар ва уни қуритиб олиб, фақат жуда муҳтож бўлганларидагина тановул қилар эдилар.

Саййид Нурмуҳаммад Бадавуний раҳматуллоҳи алайҳи аҳли дунё билан кўришишдан қочар эдилар. Бирор китобни олсалар, уч кундан кейин мутолаа қилишга киришар эдилар.

Саййид Нурмуҳаммад Бадавуний раҳматуллоҳи алайҳи қалблардан воқиф эдилар. Ўз шогирдларининг мушкулотларидан доимо хабардор бўлиб, уларни тезда ҳал этар эдилар.

Саййид Нурмуҳаммад Бадавуний раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини шайх Сайфуддин ҳазратларидан олганлар.

 

  1. ҲАБИБУЛЛОҲ МАЗҲАР ЖОНИ ЖОНОН ШАМСУДДИН ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зотнинг туғилган ва вафот этган ерлари ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Аммо туғилган йиллари ҳижрий 1113 сана, милодий 1701 сана, вафот этган йиллари эса ҳижрий 1195 сана, милодий 1781 санадир.

Ҳабибуллоҳ Мазҳар Жони Жонон Шамсуддин раҳматуллоҳи алайҳи узун бўйли, ҳайбатли, кулча юзли, буғдой рангли, сийрак соқолли ва маҳобат соҳиби бўлган бир зот эдилар.

У киши Муҳаммад ибн Ҳанафий розияллоҳу анҳунинг наслларидан бўлган саййидлардан эдилар.

Ҳабибуллоҳ Мазҳар Жони Жонон Шамсуддин раҳматуллоҳи алайҳи ўн олти ёшга кирганларида оталари Мирзажон вафот этдилар. Отадан ажраб қолган Ҳабибуллоҳ Мазҳар Жони Жонон Шамсуддин раҳматуллоҳи алайҳи ўн саккиз ёшларида саййид Муҳаммад Бадавуний раҳматуллоҳи алайҳига байъат қилдилар. У кишининг хизматларида тўрт йил бўлиб, сайри сулук илмини охирига етказдилар. Кейинроқ ўз устозларига халифа бўлиб, хирқа кийдилар.

Ҳабибуллоҳ Мазҳар Жони Жонон Шамсуддин раҳматуллоҳи алайҳи ўз устозлари ва шайхларининг вафотларидан кейин бошқа шайхларга ҳам хизмат қилдилар. У киши Нақшбандия, Қодирия, Мужаддидия, Чиштия ва Суҳравардия тариқатлари бўйича изн олиб, изн берганлар.

Ҳабибуллоҳ Мазҳар Жони Жонон Шамсуддин раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1195 сана, тўққизинчи муҳаррам, жума куни Фотиҳа сурасини ўқиб бўлиб, «Аллоҳ! Аллоҳ!» дея жон таслим қилдилар.

Ҳабибуллоҳ Мазҳар Жони Жонон Шамсуддин раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини саййид Муҳаммад Бадавуний раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

 

  1. ШОҲ АЛИ АБДУЛЛОҲ ДЕҲЛАВИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Улуғ шайх Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1158 сана, милодий 1745 санада Панжобнинг Вайтала номли ерида таваллуд топдилар ва ҳижрий 1240 сана, милодий 1824 санада Деҳлида вафот этдилар.

Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи ўрта бўйли, қорамтир рангли, сийрак соқолли ва кулча юзли бир зот эдилар. У кишининг насаблари ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга мансуб бўлиб, саййидлардан эдилар. Илмда эса нодир алломалардан бўлганлар.

Шоҳ  Али Абдуллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳининг падари бузурукворлари саййид Абдуллатиф ҳазратлари аҳли фазл кишилардан бўлиб, Қодирия тариқатига мансуб соликлардан эдилар. Саййид Абдуллатиф ҳазратлари бир куни туш кўрсалар, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу у кишига:

«Эй Абдуллатиф! Ҳақ таоло сенга бир ўғил фарзанд беражак. Сен уни исмимиз ила атагин», дебдилар.

Бола туғилганда отаси унга Али Абдуллоҳ деган исмни қўйди. Бола ёшлигидан одоб ва илм йўлида улғайди. У ўн уч ёшга кирганда отаси уни қодирий шайхларга дарсга берди. Шоҳ Абдуллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи айни илм олиш босқичида турганларида устозлари шайх Насруддин ҳазратлари вафот этиб қолдилар. Шунда оталари у кишига:

«Ўғлим! Бу ерда қолиш тузсиз тош ялаш билан баробар бўлиб қолди. Бошқа бир завқли ва шавқли ерни ахтар», дедилар.

Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи ўн беш ёшларида Ҳабибуллоҳ Мазҳар Жони Жонон Шамсуддин раҳматуллоҳи алайҳининг хизмат ва суҳбатларига кирдилар. Бу устознинг ҳузурларида Нақшбандия тариқатининг сайри сулугини батамом эгалладилар. Кейинчалик саъй-кўшиш қилиб, Қодирия, Чиштия ва Суҳравардия тариқатларидан ҳам дарс олиб, халифа бўлдилар. Устозлари фоний дунёни тарк этганларидан кейин эса у кишининг ўринларини эгалладилар.

Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи: «Нақшбандия йўли тўрт масаладан иборатдир:

Хавотирни даф этмоқ;

Ҳузур ҳолининг бардавом бўлмоғи;

Жазба;

Варидат», дер эдилар.

Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳининг муридлари жуда ҳам кўп эди. У киши уларнинг тарбиясини аъло даражада олиб борар эдилар.

Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1240 сана, сафар ойининг йигирма иккинчи куни ишроқ вақтида, етмиш икки ёшларида бу дунёни тарк этдилар.

Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини Ҳабибуллоҳ Мазҳар Жони Жонон Шамсуддин раҳматуллоҳи алайҳидан олган эдилар.

 

  1. МАВЛОНО ХОЛИД ЗИЁУДДИН БАҒДОДИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1193 сана, милодий 1779 санада Мосил вилоятининг қишлоқларидан бири бўлган Сеҳризорда таваллуд топдилар ва ҳижрий 1242 сана, милодий 1826 санада Шомда вафот этдилар.

Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи узун бўйли, ҳайбатли жуссали, оқ қирмизи рангли, йирик ва қора кўзли, бурунларининг ўртаси ингичка, сийрак тишли, кулча юзли, катта ва сийрак соқолли, кенг кўкракли, узун қўлли ва маҳобатли бир зот эдилар.

У киши ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг наслидан эдилар. Ўзлари аллома ва мужаддид эдилар.

Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи ёшликларидан илмга жуда ҳам қизиққан эдилар. У киши Сулаймония мадрасасида замоннинг улуғ олимларидан сарф, наҳв, фиқҳ, мантиқ, илми калом ва бошқа илмлардан дарс олдилар. Кейинроқ Бағдодда тафсир ва усули ҳадис каби катта илмларни ҳам пухта ўзлаштирдилар. Аммо бу билан ҳам у кишининг илмга бўлган ташналиклари қонмади. Қўшни юртларга бориб, ҳисоб, ҳандаса, истирлоб, ҳайъат каби зоҳирий илмларни ҳам ҳосил қилдилар.

Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи бу илмларни пухта ўрганиб олганларидан кейин тариқат илмини ўзлаштиришга киришдилар. У киши ҳаж қилиш мақсадида Ҳарамайни Шарифайнига бордилар. Йўлда Шомга кирдилар ва у ерда ҳадиснинг улуғ олимларидан ҳадис илмини ўргандилар. Бир қодирий шайхдан ул тариқатнинг ижозатини олдилар. Сўнгра ҳаж ибодатини адо этдилар.

Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи ҳаждан қайтишда Сулаймонияга кирдилар. У ерда Муҳаммад Дарвеш Азимободий ҳазратлари билан кўришдилар. У киши мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳига Ҳиндистонга бориб, Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратларига шогирд тушишни тавсия қилдилар.

Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи ҳажда юрганларида ҳам баъзи кишилардан худди шу тавсияни олган эдилар. У киши бу тавсияларга амал қилиб, бир йил йўл юриб, Ҳиндистонга етиб бордилар ва Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратларига қўл бердилар. У кишининг тарбиясида камолга етдилар.

Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратлари мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳини жуда ҳам ҳурмат қилар эдилар. У киши бу шогирдлари отининг узангисини тутар ва отга мингазар ҳамда ҳақларига кўпгина мақтов сўзларини айтар эдилар.

Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи ўз устозлари билан охирги марта кўришганларида у кишидан Нақшбандия, Қодирия, Суҳравардия, Чиштия ва Кубровия тариқатларидан ижозат олдилар.

Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1226 санада яна Сулаймонияга қайтиб келдилар. У киши ўттиз беш ёшларида иршодга бошладилар ва муридлардан қўл олишни йўлга қўйдилар.

Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи кейин Бағдодга келиб, етти йил давомида талаба етиштирдилар. Кейин Шомга қайтиб, Солиҳия деган жойда даргоҳ қуриб, халқнинг тарбияси билан машғул бўлдилар.

Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи мужаддид ўлароқ шариат ва тариқатга асри саодат нафасини қайтарган зот эдилар, дейишади тарихчиларимиз.

Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи Шомнинг Солиҳия номли жойида олтмиш уч ёшларида вафот этдилар.

Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратларидан олган эдилар.

 

СИЛСИЛАГА ХУЛОСА

Тариқат силсилаларини англашимиз учун келтирган Нақшбандия тариқати силсиласини шу ерда тўхтатишимиз ва ақлимиз етганича баъзи бир хулосалар чиқаришимиз лозим бўлади. Чунки силсиланинг шу қисмигача келтирилган ҳамма шайхларни барча эътироф қилади. Уларнинг ҳаммалари бу тариқатнинг буюк вакиллари сифатида эъзозланади. Шунингдек, мазкур азизларимизни бошқаларга ўрнак сифатида тақдим қилишга ҳам арзийди.

Албатта, силсиланинг бошида турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг икки буюк саҳобалари Абу Бакр Сиддиқ ва Салмон Форсий розияллоҳу анҳумо ва хайру баракасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари гувоҳлик берган асрнинг вакиллари бўлмиш Қосим ибн Муҳаммад ва Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳумо ҳақида гапириб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Улар ҳар қандай мулоҳазадан юқори турадилар.

Қолган йигирма беш шайхнинг таржимаи ҳолларидан баъзи бир хулосалар чиқарсак, тасаввуф ҳақидаги тасаввуримизнинг шайхлар ҳақидаги бобига кўпгина фойдалар келса, ажаб эмас, деган умиддамиз.

  1. Силсиланинг мазкур шайхлари турли насабга оид зотлардир. Бундан тариқатга шайх бўлиш учун маълум бир насабга мансуб бўлиш шарт эмаслиги келиб чиқади. Чунки шайхлар ичида саййид бўлиб, насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиганлари ҳам, шунингдек, ҳазрати Умар ёки ҳазрати Усмон ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳумга етиб борадиганлари ҳам, насаби оддий бўлганлари ҳам бор.
  2. Силсиланинг мазкур шайхлари турли ирқ ва миллатларга мансубдирлар. Бундан тариқат шайхи бўлиш учун маълум бир ирққа ёки миллатга мансуб бўлиш шарт эмаслиги аён бўлади.
  3. Силсиланинг мазкур шайхлари аввало шариат илмларини яхши ўзлаштириб олиб, кейин тариқатга юзланганлари кўринади. Бундан илмсиз киши, хусусан, шариатни пухта ўрганиб, олим бўлмаган кишилар тариқат шайхи бўлиши мумкин эмаслиги маълум бўлади.
  4. Силсиланинг мазкур шайхлари турли ижтимоий табақаларга мансуб бўлганлар: баъзилари ўта камбағал бўлсалар, бошқалари Хожа Аҳрор Валийга ўхшаб ўта бой бўлганлар. Баъзилари аслзода оилаларга мансуб бўлсалар, бошқалари етим ҳолда қийналиб ўсганлар. Бундан тариқат шайхи бўладиган зотлар маълум бир ижтимоий табақага хос бўлишлари шарт эмаслиги англанади.
  5. Силсиланинг мазкур шайхларидан баъзилари ўта хокисор ҳолда, қаттиқ нонни сувга ивитиб еб юрган бўлсалар, бошқалари ўзлари қолиб, муридларига ҳам лаззатли таомлар тарқатишни одат қилганлар.
  6. Силсиланинг мазкур шайхлари ўз меҳнатлари ва риёзатлари билан шайхлик даражасига етганлар. Баъзи ҳолларда отадан кейин бола тариқат шайхи даражасига кўтарилганда ҳам, бу нарса фақатгина ўзининг меҳнати эвазига бўлган. Ҳеч қачон шайхнинг ўғли бўлгани учун шайх бўлиш йўлга қўйилмаган. Бу ҳолни Имоми Роббонийнинг ўғиллари Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи ва у кишининг ўғиллари мисолида кўрамиз.

Силсиланинг мазкур шайхлари силсила омонатини бевосита ўз пирларидан олганлар. Фақат Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳудан маънан олганлар. Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳи эса силсила омонатини зоҳиран саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳидан, ботинан хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар. Бундан силсилани бевосита рухсат олиш билан ҳам, билвосита – маънавий боғланиш билан ҳам давом эттириш мумкинлиги келиб чиқади.

Асл тасаввуф китобларида Нақшбандия тариқати силсиласи машойихларининг таржимаи ҳолларини зикр қилиш мавлоно Холид Бағдодийнинг зикрлари билан тўхтайди.

Бунинг бир неча сабаблари бор. Аммо энг бош сабаб шуки, бошқа тариқатлар каби, Нақшбандия тариқатида ҳам мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳигача дунё бўйича бир дона тан олинган шайх бўлиб келган. Юқоридаги сатрларда қисқача таржимаи ҳоллари келтирилган буюк зотлар худди ўша мазкур шарафга муяссар бўлган зотлардир. Фақат бир шайхни тутиш ўша пайтларда осон бўлган. Ислом олами бир бутун бўлган. Орада чегаралар бўлмаган, тариқат ишлари авжида бўлган.

Аммо мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳининг вақтларидан кейин шароит тамоман ўзгарди. Ислом олами парчаланиб кетди. Исломнинг амалий қисми сусайди. Одамларнинг эътиқоди ҳам сусайди. Бинобарин, тасаввуф масаласида ҳам кўплаб муаммолар пайдо бўлди. Энди битта шайх дунёнинг ҳамма тарафларидаги ўз тариқати мухлисларини идора қилиши қийин бўлиб қолди.

Эҳтимол, мазкур омиллар туфайлидир ёки бошқа сабабларга кўрадир, ҳар ҳолда баъзи муҳаққиқларнинг таъкидлашларича, мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг бир юз ўн еттита халифаларига иршодга, одамларнинг байъатини қабул қилишга рухсат берганлар.

Баъзи бир кишилар: «Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи уч юз кишига иршодга, одамларнинг байъатини қабул қилишга рухсат берганлар», дейдилар.

Ана шу тарзда бошқа тариқатлар каби, Нақшбандия тариқатида ҳам кўпшайхлик вужудга келди. Кези келганда бир шаҳар ёки қишлоқда бир неча нақшбандий шайхлар одамлардан қўл оладиган бўлдилар. Бу ишнинг салбий тарафлари ҳам кўзга кўрина бошлади. Баъзи бир нолойиқ кишилар тариқат шайхи сифатида иш юрита бошладилар.

Оқибатда ҳаммамизга маълум ва машҳур сунний тасаввуфдан оғиш ва турли бидъатларга берилиш каби нохуш ҳолатлар кўпайди. Бу ҳолатнинг аччиғини ҳозиргача татиб келяпмиз.

Доктор Салжуқ Эройдиннинг «Тасаввуф ва тариқатлар» номли китобида айтилишича, Нақшбандия тариқатининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган яна иккита силсиласи бор.

Мазкур икки силсиладан бирининг аввалида:

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу;

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу;

Имом Зайнул Обидин;

Имом Муҳаммад Боқир;

Ва мазкур силсилаларнинг иккинчисининг аввалида:

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу;

Имом Ҳасан Басрий;

Ҳабиб Аъжамий;

Довуд Тоий;

Маъруф Кархий;

Саррий Сақатий;

Жунайд Бағдодий;

Абу Али Рудборий;

Абу Али Котиб;

Абу Усмон Мағрибий бор.

Ҳар икки силсила Абу Али Фармадийга келиб бирлашади ва Юсуф Ҳамадонийдан бошлаб аввалги силсила каби давом этади.

Нақшбандия тариқати ўз тарихи давомида бир неча номлар билан аталган.

Бу тариқат Боязид Бистомийга қадар «Сиддиқия» номи билан аталган.

Бистомийдан Ғиждувонийгача «Тайфурия» номи билан аталган.

Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандгача «Хожагония» номи билан аталган.

Баҳоуддин Нақшбанддан Убайдуллоҳ Аҳроргача «Нақшбандия» номи билан аталган.

Убайдуллоҳ Аҳрордан Имоми Роббонийгача «Нақшбандия-Аҳрория» номи билан аталган.

Имоми Роббонийдан Шамсуддин Мазҳаргача «Нақшбандия-Мужаддидия» номи билан аталган.

Шамсуддин Мазҳардан Мавлоно Холидгача «Нақшбандия-Мазҳария» номи билан аталган.

Мавлоно Холиддан «Нақшбандия-Холидия» номи билан аталган.

Кейин эса «Нақшбандия» номининг ўзи собит бўлиб қолган.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ШАЙХ МАСАЛАСИ

 

Неділя, 23 августь 2020 00:00

Жамоат намози

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража ортиқдир”, дедилар» (Имом Бухорий, Молик, Муслим, Термизий ва Насоий).

Киши намоз ўқиса ва бу билан Аллоҳ розилигини талаб этса, унда нима учун жамоатга қўшилмай, ўзи (якка) уйида ўқийди?! Ақлли киши ҳеч қачон кам нарсани кўп нарсадан устун қўймайди. Айниқса, бу нарса Ислом дини арконларидан муҳими бўлганидан унга кўпроқ аҳамият беришимиз лозим.

Бизлар эса гоҳо арзимас нарса ёки манфаатга эга бўлиш учун қанчадан-қанча водийларни кесиб ўтиб, бир қанча жамиятлар сафига кирамиз. Аммо қўлимизга илиниши осон бўлган диний манфаатларга юзланмаймиз. Аллоҳнинг йигирма етти марта кўпая­диган савоби нафсларимизга оғир келади. Жамоатга ҳозир бўлиб, намозни вақтида адо этишдан моддий машғулот ҳамда тижоратларимиз тўсиб қўяди. Аммо Аллоҳ шиорларини улуғлаб, Унинг ваъдасига ишониб, Унинг савобидан умидвор бўлиб, ҳисоб-китобини пухта қилган кишиларни бу вожибни адо этишдан турли сабаблар, узрлар тўса олмайди.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди:

 «(У чироқ) кўтарилишига (қурилишига) ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига Аллоҳ изн берган уйларда (масжидларда)дирУ (масжид)ларда эртаю кеч Унга тасбеҳ айтадиган кишилар бор, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олар. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар» (Нур, 36–37).

“Саҳобалар қиссаси” китобида зикр қилинганидек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари азон эшитишганида, уни улуғлаб, намозга муштоқ бўлишар эди. Солим Ҳаддод (розияллоҳу анҳу) тижоратчи эди. Ҳар гал азонни эшитганида ранги сарғайиб кетар эди. Шу заҳоти молларию дўконларини ташлаб, масжидга юрарди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кишининг жамоат билан ўқиган намози уйида ва бозорда ўқиган намозидан йигирма беш марта кўп­роқдир. Агар ана шу киши таҳоратини чиройли қилиб, мас­жидга фақат намоз ўқишни ният қилиб чиқса, ҳар бир қадамига даражалари кўтарилиб, хатолари ўчирилади. Фаришталар у кишига салавот айтишда бардавом бўлади. Агар ўша киши намозхонасида таҳоратли ўтирса, намозхонлар намозга интизор бўлиб, бу ишда бардавом бўлса, фаришталар: “Аллоҳ, уларга салавот йўл­ла ва раҳм қил”, деб айтади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий ва Ибн Можа).

Ҳадислардан билдик, жамоат билан ўқилган намоз якка ўқил­ган намоздан йигирма етти даража афзалдир. Аммо у бу ҳадисда йигирма беш бараварга ишора қилиняпти. Уламолар наздида, бундай фарқнинг бир неча сабаблари бор. Улар ҳадислар шарҳида зикр қилинган. Бу фарқлар кишиларнинг турли ҳолати билан боғлиқ. Ихлосига қараб, йигирма етти даража ёзиладиган одамлар бор. Ва улардан йигирма беш даража ёзиладигани бор. Баъзиларнинг фикрича, бу намоздаги хилма-хилликка биноандир. Масалан, махфий намозларда йигирма беш даража бўлса, жаҳрий намозларда йигирма етти даражадир. Баъзилар эса, бомдод ва хуфтон намозларига йигирма етти даража, дейди. Одатда, бу икки намоз кишиларга машаққатлидир. Аммо қолган намозларга йигирма беш даража берилади.

Баъзи олимлар бунинг сабаби умматга хос илоҳий раҳмат бў­либ, бу уммат доимо яхшидан яхшироққа кўтарилади. Бас, шундай экан, йигирма бешдан йигирма етти даражага тараққий этиб юксалаверади, дейишади.

Демак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ишора қил­ган нарсаларга фикрни йўналтириш лозим. Жамоат билан ўқилган намозда қай даражада катта савобларга эришиш мумкинлиги очиқ-равшандир. Қаранг, уйида таҳорат қилиб, сўнгра мас­жидга чиқ­са, ҳар бир қадами учун савоб ёзилиб, ёмонликлари ўчирилади.

Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Масжид ёнида бир жой бўшаб қолганида, Бани Салама қавми масжид ёнидаги (ҳов­ли­га) кўчишни хоҳлади. Бу хабар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га етганида: “Менга хабар етишича, сизлар масжид яқинига кўчаётган экансизлар”, деганларида, улар: “Ҳа, биз шуни хоҳладик, ё Расулуллоҳ”, дейишди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Бани Салама, сизлар уйларингизда қолинглар, (масжид сари) қадамингизга (ҳасанот) ёзилади”, дедилар. Шунда улар: “Энди яқин жойга кўчиш бизни хурсанд қилмайди”, дейишди».

Имом Муслим ривояти ҳам худди шу маънода келган, фақат охирида “Ҳар бир қадамингиз учун даража бордир” калимаси зиёда қилинган.

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Кимни эртага мусулмон ҳолида Аллоҳга йўлиқиш хурсанд қилса, (азон) ча­қирилган пайтдаги намозларини сақласин. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун ҳидоят йўлларини шариат қилди. Шу намозлар ўша ҳидоят йўлларидандир. Агар уйи­да қолиб ўқувчилар каби сизлар ҳам уйингизда ўқисангиз, Пай­ғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатини тарк қилган бў­ласиз. Агар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатини тарк қилсангиз, залолатга кетасиз”.

Бир киши чиройли таҳорат олиб, масжидлардан бирортасига борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ҳасанот ёзиб, даражасини кў­таради ва ёмонликларини ўчиради. Намозни фақат қилмишлари ошкор бўлган мунофиқларгина кечга суради. Мўмин агар икки киши ёрдамида бўлса ҳам, уни қоим қилиб, сафда туради.

Бошқа ривоятларда: “Намозни фақат нифоқи билинган муно­фиқ ёки касал кишигина кеч қолдиради. Мўмин киши икки одам ёрдамида юриб бўлса ҳам, намозни қоим қилсин”, деб айтилган.

“Албатта, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга ҳидоят йўлларини ўргатдилар. Ана ўша ҳидоят йўлларидан бири азон айтиладиган масжидда ўқилган намоздир” (Имом Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Саҳобалар жамоатга жуда қаттиқ аҳамият беришарди. Ҳатто касал киши беморлигига қарамай, қодир бўлганича жамоатга интилар эди. Агар мажбур бўлиб қолса, икки кишининг ёрдамида бўлса ҳам, жамоатга келар эди. Ахир саҳобалар жамоат намозига нега аҳа­мият бермасин, нега жамоатга шошишмасин. Чунки саййидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳатто қаттиқ касал бўлганларида ҳам жамоатга ана шундай аҳамият берганлар-ку!

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб айтди: «Мен сизлар­га Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитган бир ҳа­дис­ни айтиб бераман. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ­ни кўриб тургандек Унга ибодат қилинглар. Агар Уни кўрмасангиз, У сизларни кўриб туради. Ўзингизни ўликлардан, деб ҳисоб­ланг. Маз­лумнинг дуосидан қўрқинг, чунки у ижобат қилинади. Сиз­лардан ким бўлмасин хуфтон ва бомдод намозига судралиб юриб борса ҳам, унда иштирок этсин”, дедилар» (“Ат-тарғиб ват-­тар­ҳиб”, 295-б.).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мунофиққа энг оғири хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар сизлар (у икковидаги савобни) билганларингизда, эмаклаб бўлса ҳам келар эдингиз”, дедилар» (“Ат-тарғиб ват-тарҳиб”, 297-б.).

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ учун олдин так­би­ри таҳримага етиб, қирқ кун жамоат билан намоз ўқиса, унга икки четлатиш ёзилади. Биринчиси – дўзахдан четлатиш, иккин­чиси – нифоқдан четлатиш”, дедилар» (Имом Термизий).

Умар (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: “Ким мас­жид­да жамоат билан хуфтон намозини бирор ракатини қолдир­май ўқи­са, Аллоҳ ўша намози ила дўзахдан озод, деб ёзади”, дейилган. (Ибн Можа).

Яъни, ким ихлос ва чиройли ният билан илк такбирни (такбири таҳрима) ўтказмасдан, намознинг бошидан имомга иқтидо қилиб қирқ кун намоз ўқиса, дўзахга кирмайди ҳамда мунофиқлардан саналмайди. Чунки мунофиқлар Исломни кўз-кўз қилиб, куфрни беркитади.

Йил давомида намозларини жамоат билан адо этиб, илк такбирни ўтказиб юбормайдиган бахтли кишиларнинг дунё ва охиратдаги насибалари қандай ҳам яхши!

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким чиройли таҳорат олиб, сўнгра масжидга борса-ю, у ерда кишиларни намоз ўқиб бўлган ҳол­ла­ри­да топса, Аллоҳ таоло вақтида ўқиганларнинг ажридек савоб беради. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирил­мас”, дедилар» (Абу Довуд, Насоий, Ҳоким. Бу ҳадис Имом Муслимга биноан саҳиҳдир).

Саид ибн Мусайяб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ансорлардан бир кишига ўлим яқинлашганида, “Мен сизларга бир ҳадис айтиб бераман. Уни фақат савоб умидида айтаман. Уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганман. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким чиройли таҳорат қилиб… (деб ҳадис давомида) масжидга келиб, жамоат билан намоз ўқи­са, унинг гуноҳлари кечирилади. Ким масжидга келса-ю, баъзи ракатларини ўқиб бўлишганини кўрса, у киши қолганини ўқиб олса, унинг ҳам савоби ўшаларникидекдир. Агар ким масжидга келса-ю, улар ўқиб бўлган бўлса, (кеч қолган киши) намози­ни ўқиса, унинг савоби ҳам ўшаларникидекдир”, дедилар”, деди» (Абу Довуд).

Бир кишининг хоҳ намозга етишсин, хоҳ етишмасин, саъй-ҳаракат қилишининг ўзига ажр берилиши Аллоҳ таолонинг бандаларига улуғ неъмати ҳамда чиройли фазл-марҳаматидир. Модомики, у киши намозга ҳаракат қилиб етишар экан, ажр бўли­ши учун шунинг ўзи кифоя.

Агар биз бу ажрларга етишишда ва савоб ҳосил қилишда ўша неъмат ва марҳаматдан (дангасалик билан) узилиб қолар эканмиз, ўзимизга катта зарар қилган бўламиз. Бу ҳадисдан равшан бўлди, намоз тугади, деб масжидга бормаслик яхши эмас. Балки у ерга (кечикиб бўлса ҳам) бориб, ажрга етишиш керак. Аммо ишонч билан (вақт ўтганини билсак), унда (бормасликнинг) зарари йўқ.

Қуддус ибн Ашийм Лайсийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки кишининг бири имомликка ўтиб ўқиган намозлари Аллоҳ ҳузурида кетма-кет ўқилган тўртта намоздан яхшироқдир. Ва тўрт кишининг бири имомга эргашиб ўқиган намозлари Аллоҳ ҳузурида кетма-кет ўқилган саккизта намоздан яхшироқдир. Ва саккиз кишининг бири имомга ўтгандаги ўқиган намозлари юзта кетма-кет ўқилган намоздан яхшироқдир”, дедилар» (Имом Табароний).

Баъзилар масжидга бормай, бир неча киши жамланиб, дўконми ёки бошқа бир жойдами, жамоат бўлиб ўқиса, бўлаверади, деб гумон қилади. Бундай қилиш хатонинг ўзгинасидир. Биринчидан, улар масжид ва жамоатнинг катта савобларидан маҳрум бўлади. Чунки кўп жамоат Аллоҳга оз жамоатдан севимлидир. Бошқа томондан, биз Аллоҳнинг розилигини талаб қилар эканмиз, Унинг ҳузурида мақбул йўлни танлашимиз керак.

Юртимизда мўмин-мусулмонлар учун қурилган кўплаб масжидлар ҳам кишиларнинг ибодатларни эмин-эркин адо этишлари учун улкан имкониятдир. Шундай чиройли ва ажойиб масжидлар бўлатуриб, ҳар ким хоҳлаган жойида тўпланиб, намоз ўқиши ярамайди. Зеро, намоз учун таҳорат қилиш лозим. Шу билан бирга, таҳоратнинг ўзига яраша фарзлари, вожиблари, суннатлари бор. Масжидларимизда мана шу аҳкомларга тўлиқ риоя қилиш учун имкониятлар етарли.

Саҳл ибн Саъд Саъидий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қоронғида масжидга борувчиларга қиёмат куни мукаммал нур бўлиши хабарини хурсандлик ила билдирдилар” (Ибн Можа, Ибн Ҳузайма, Ҳоким. Бу ҳадис икки шайх шартига биноан саҳиҳдир).

Шунингдек, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир кўзи ожиз киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Аллоҳнинг Расули! Мени масжидга олиб борадиган ёрдамчи йўқ”, деди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан уйида намоз ўқишга рухсат сўради. Шунда Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга рухсат бердилар. Ёрдамчига эга бўлганидан кейин уни чақиртириб: “Уйингга азон эшитила­ди­ми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам): “Ундай бўлса, жамоат намозига чиқ!”, дедилар» (Имом Мус­лим).

Абу Умомадан қилинган ривоятда: “Қоронғида масжидга борувчиларга қиёмат куни нурдан минбар бўлишининг хабарини хурсандлик ила етказ. Кишилар қўрққанида улар қўрқишмайди”, дейилган (Имом Табароний).

Қоронғида масжидга боришга қийналамиз-у, лекин унинг фойда ва самараларини, иншааллоҳ, қиёмат даҳшатлари пайтида кўрамиз. Кечаси масжидга бориб орттирган баъзи қийинчилик ва машаққатларимиз нурдан бўлган гумбаз ва нур сочувчи қуёшга ай­ланиб қолади. Қиёмат зулумотида қаерга борсак, у нур ҳам биз билан бирга юради.

Албатта, динимиз таълимотлари ва кўрсатмаларига мувофиқ доимо масжидга қатнаш ва жамоатни топиш ажрни янада кў­пайтиради. Айни пайтда бу иш бандаларга улкан савоблар ва фойдалар келтиради. Шак-шубҳа йўқ, бу манфаатлар моҳиятини анг­лаш қийин. Бирор киши бу раббоний сирлар ва нозик илоҳий савобларни кўриши мумкинми? Лекин биз шулардан имкониятимиз доирасида насиба олдик. Уламолар жамоатда иштирок этиш фойдаларини қандай билган бўлишса, ўшандай қилиб бизга етказишди.

Ўз оти билан “саждагоҳ” деб ном олган масжидларимиз ҳақи­га риоя қилайлик. Намозларни тўғри келган жойда эмас, балки масжидларда, саждагоҳларда жамоат билан адо этишга интилайлик!

 

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

وَلَمَّا جَآءَهُمۡ كِتَٰبٞ مِّنۡ عِندِ ٱللَّهِ مُصَدِّقٞ لِّمَا مَعَهُمۡ وَكَانُواْ مِن قَبۡلُ يَسۡتَفۡتِحُونَ عَلَى ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ فَلَمَّا جَآءَهُم مَّا عَرَفُواْ كَفَرُواْ بِهِۦۚ فَلَعۡنَةُ ٱللَّهِ عَلَى ٱلۡكَٰفِرِينَ٨٩

  1. Қачон уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидагини тасдиқловчи Китоб келганида олдин шу Китобдан кофирларга қарши ёрдам кутиб юришган эди. Ўзларига таниш нарса келганида эса, уни инкор қилишди. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!

Кофирларга қарши курашда душман ғолиб келгудай бўлса, ёрдам кутган яҳудийлар: "Охирги замон пайғамбари тезроқ келсайди" деб дуо қилишар эди. У зот келганларида эса, ўзлари инкор қилиб, кофирлардан бўлишди. Ибн Исҳоқ Осим ибн Амр ибн Қатоданинг ушбу ривоятини келтиради: "Бизларнинг Исломга киришимизга Аллоҳ раҳмати ва ҳидояти билан бирга сабаб бўлган омиллардан яна бири шу эдики, биз жоҳилият замонида бутларга сиғинувчи жоҳиллардан эдик. Аҳли китобдан бўлмиш яҳудийлар эса, биз билмаган илмлардан хабардор эди. Ўртамизда тез-тез урушлар бўлиб турарди. Агар урушда биз енгсак: "Шошмай туринглар, янги бир пайғамбарнинг чиқиш вақти яқинлашиб қолди, ўша пайғамбар билан сизларни Од ва Эрам қавмларидай ҳалок қиламиз", дейишарди. Бу сўзларни улардан кўп бор эшитгандик. Аллоҳ Ўз Пайғамбарини юборгач, биз унинг даъватини қабул қилиб, яҳудийлар таҳдид қилаётган пайғамбар шу зот эканларини билдик ва яҳудийлардан олдин Пайғамбарга имон келтирдик. Аммо яҳудийларнинг ўзлари Пайғамбарни инкор этиб, кофирлардан бўлишди. Юқоридаги ояти карим айнан ўшалар ҳақида нозил бўлган".

Суддий айтади: "Жоҳилият даврида араблар яҳудийларга кўп азият етказишар эди. Яҳудийлар Тавротда охирзамон пайғамбари сифатларини, Аллоҳ у кишини юборишини ва арабларга (мушрикларга) қарши улар билан жанг қилишини билишарди. Энди арабларга Муҳаммад солллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларида ҳасад туфайли кофир бўлишди ва: "Пайғамбарлар Бани Исроилдан бўларди, бу эса Исмоил авлодидан чиқибди (бундай бўлмаслиги керак эди)", дейишди".

بِئۡسَمَا ٱشۡتَرَوۡاْ بِهِۦٓ أَنفُسَهُمۡ أَن يَكۡفُرُواْ بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ بَغۡيًا أَن يُنَزِّلَ ٱللَّهُ مِن فَضۡلِهِۦ عَلَىٰ مَن يَشَآءُ مِنۡ عِبَادِهِۦۖ فَبَآءُو بِغَضَبٍ عَلَىٰ غَضَبٖۚ وَلِلۡكَٰفِرِينَ عَذَابٞ مُّهِينٞ٩٠

  1. Улар Аллоҳ бандаларидан хоҳлаганига фазлидан юборганига ҳасад қилиб, Аллоҳ туширган нарсага куфр келтиришдек жуда ёмон нарса эвазига жонларини сотишди. Шунда ғазаб устига ғазабга гирифтор бўлишди. Кофирларга хўрловчи азоб муқаррардир.

Аҳли китоблар яна Ҳақ пайғамбар келишини яхши билишар, ҳатто бу ҳақда Таврот ва Инжилда хабар берилганидан ҳам воқиф эдилар. Аммо дилларидаги гумон ва ҳасад, кибр ва гина хасталиклари туфайли Муҳаммад алайҳиссаломга илоҳий ваҳийлар туша бошлаганини кўриб ҳам, у зотга эргашишмади. Аксинча, ҳар қадамда Аллоҳнинг сўнгги Пайғамбари ва у олиб келган шариатга қарши душманлик қила бошлашди. Аллоҳ таоло айтади: "Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Исломдир. Аҳли китобларга маълумот келганидан кейин ўзаро ҳасад юзасидан ихтилоф қилишга ўтишди. Ким Аллоҳ оятларини инкор этса, Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчидир" (Оли Имрон, 19). Яъни, Аллоҳнинг итоати остида жамланишлари учун Аҳли китобларга Ислом ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ Пайғамбарликлари билдирилди. Билганларидан сўнг улар энди ўзаро иттифоққа келишлари лозим эди. Лекин улар ҳақдан хабардор бўлатуриб, бир-бирларига ҳасад туфайли ихтилофларга боришди, бир-бирларига сўзларини ўтказишга киришиб кетишди. Натижада бир-бирларини инкор қилишгача боришди. Шу туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлишди.

Қуръони каримга иймон келтириш баёни

11 - وَمَا الْقُرْآنُ مَخْلُوقًا تَعَالَى     كَلاَمُ الرَّبِّ عَنْ جِنْسِ الْمَقَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Қуръон йўқдан бор қилинган эмас, Робнинг каломи мақол жинсидан (яъни банданинг тили ошкор қиладиган лафздан) олий бўлгандир.

 

Назмий баёни:

Қуръон ижодиймас, каломи илоҳий

Роб каломи мақол жинсидан олий.

 

Луғатлар изоҳи:

 مَا – нафий ҳарфи. لَيْسَ нинг амалини қилади[1].

الْقُرْآنُ – бу калима مَا нинг исми бўлгани учун раф бўлиб турибди.

مَخْلُوقًا – “йўқдан бор қилинган” маъносини англатади. مَا нинг хабари бўлгани учун насб бўлиб турибди.

تَعَالَى – “олий бўлди” маъносидаги мозий феъли.

تَعَالَى – كَلاَمُ феълининг фоили. Калом икки хил маънода ишлатилади:

  1. Ҳиссий калом. Ҳарфлар ва овозлардан иборат талаффуз;
  2. Нафсий калом. Ҳарф ҳам, овоз ҳам бўлмаган, ҳарфлар ва овозлар унга далолат қиладиган маъно.

الرَّبِّ – луғатда “эга” маъносини англатади. اَلْ билан келганда фақат Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилади.

عَنْ  – жор ҳарфи.

جِنْسِ – луғатда бирор нарсанинг жинсини ва синфини баён қилиш учун ишлатилади. Жинс “нав”дан умумий ҳисобланади. Чунки жинс ҳақиқати ҳар хил нарсаларга нисбатан ишлатилади. Нав эса ҳақиқати бир хил нарсаларга нисбатан ишлатилади.  

الْمَقَالِ – луғатда тўлиқ ёки тўлиқ қилмасдан тил ошкор қилган лафз тушунилади.

 

Матн шарҳи:

Қуръон луғавий жиҳатдан “ўқиш”, “жамлаш”, “бир-бирига қўшиш” каби маъноларни англатади. Улумул Қуръон истилоҳида: 

اَلْقُرْآنُ كَلاَمُ اللهِ تَعَالَى اَلْمُنَزَّلُ عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ اَلْمُتَعَبَّدُ بِتِلاَوَتِهِ.

“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ҳамда тиловати ибодат саналадиган Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръон деб аталади”[2].

Мақол луғавий жиҳатдан “сўзлаш”, “мулоҳаза қилиш” маъноларини ифодалайди. 

Аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодини баён қилувчи барча китобларда Қуръони каримнинг махлуқ эмаслиги, яъни бир пайтлар йўқ бўлиб кейин яратилган эмаслиги, балки Аллоҳ таолонинг калом сифати экани алоҳида таъкидланади. Чунки адашган тоифалар Қуръони карим тўғрисидаги эътиқодларига бошқаларни ҳам тортиш учун кўплаб фитналарни келтириб чиқарганлар. Ана шу маънода Ўший раҳматуллоҳи алайҳ Қуръони карим ҳақидаги Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодини баён қилган. Бу масала деярли барча ақоид китобларида келтирилиб, атрофлича баҳс юритилган. Жумладан, Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ “Ақоидун Насафий” китобида Қуръон ҳақида қуйидагиларни ёзган:

اَلْقُرْآنُ كَلاَمُ اللَّهِ تَعَالَى غَيْرُ مَخْلُوقٍ وَ هُوَ مَكْتُوبٌ فِى مَصَاحِفِنَا مَحْفُوظٌ فِى قُلُوبِنَا مَقْرُوءٌ بِاَلْسِنَتِنَا مَسْمُوعٌ بِآذَانِنَا غَيْرُ حَالٍّ فِيهَا.

“Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, у махлуқ (йўқдан бор қилинган) эмасдир. У мусҳафларимизда ёзилган, қалбларимизда ёдланган, тилларимиз воситасида ўқилган, қулоқларимиз воситасида эшитилгандир, уларга (мазкур нарсаларнинг бирортасига ҳам) ўрнашувчи эмасдир”.

Ушбу матндаги “уларга ўрнашувчи эмасдир” сўзларини аллома Тафтазоний шундай шарҳлаган: Қуръон мусҳафларга ҳам, қалбларга ҳам, тилларга ҳам, қулоқларга ҳам ўрнашувчи эмас, балки у Аллоҳ таолонинг зотида азалдан бор бўлган сифати маъносидадир. Унга далолат қиладиган назм воситасида талаффуз қилинади, эшитилади, ҳифз қилинган лафзлар билан ёддан айтилади. Унга далолат қиладиган ҳарфларнинг шакллари билан ёзилади. Тушунтириш маъносида айтиладики, олов ёндирувчи модда бўлиб лафзда зикр қилинади, қалам билан ёзилади, лекин бундан оловнинг ҳақиқати овоз ва ҳарф эканлиги лозим бўлиб қолмайди”[3].  

 

Қуръони каримнинг олдинги илоҳий
китоблардан фарқлари

Қуръони карим олдинги илоҳий китоблардан бир қанча жиҳати билан фарқ қилади:

– Олдинги илоҳий китоблар маълум бир қавмларга хослаб, Қуръони карим эса бутун башариятга умумий қилиб туширилган.

– Олдинги илоҳий китобларнинг асл ҳолида сақланиши Аллоҳ томонидан тайин қилинмаган, Қуръони каримнинг эса сақланиши тайин қилинган. Бунинг сабаби шуки, олдинги  китоблардаги ҳукмлар муайян замон ва қавмларга хос бўлган.

– Олдинги илоҳий китоблардан кейин яна илоҳий китоблар тушаверган, Қуръони каримдан кейин эса илоҳий китоб асло тушмайди, чунки у қиёматгача башариятга дастуруламал бўладиган охирги илоҳий китобдир.

 

Қуръони каримга иймон келтириш маъноси

 Ҳар бир мусулмон Қуръони каримнинг охирги илоҳий дастур эканига иймон келтириши лозим. Бу эса қуйидаги маъноларни билиш ва уларга шак-шубҳасиз ишониш орқали юзага чиқади: 

  1. Қуръони карим нозил қилинган китобларнинг энг охиргиси, ўзидан олдинги китобларда келтирилган илоҳий таълимотларни тасдиқлайди ва улар устидан назорат этади:

﴿وَأَنزَلۡنَآ إِلَيۡكَ ٱلۡكِتَٰبَ بِٱلۡحَقِّ مُصَدِّقٗا لِّمَا بَيۡنَ يَدَيۡهِ مِنَ ٱلۡكِتَٰبِ وَمُهَيۡمِنًا عَلَيۡهِۖ

“Сизга (эса, эй Муҳаммад!) ўзидан олдинги Китоб(лар)ни тасдиқ этувчи ва у (китоблар)ни мувофиқлаштирувчи сифатида Китоб (Қуръон)ни ҳақиқатан нозил қилдик”[4].     

Ушбу оят тафсирида Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу китоб бошқа китоблар устидан назоратчи этиб нозил қилинган, чунки бу китоб бошқа китобларнинг тўғри ва аниқлигига гувоҳлик беради”, – деган. 

  1. Қуръони каримга инсоният тарафидан бирор ўзгартириш киритилмаган ва киритилиши мумкин ҳам эмас, чунки у Аллоҳ таоло томонидан муҳофаза қилинади:

﴿إِنَّا نَحۡنُ نَزَّلۡنَا ٱلذِّكۡرَ وَإِنَّا لَهُۥ لَحَٰفِظُونَ٩

“Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз”[5]

Ушбу оят тафсирида муфассирлар: “Аллоҳ таоло ушбу Қуръонни муҳофаза қилишни ўз зиммасига олган. Шунга кўра бошқа китобларда бўлгани каби унга бирор нарсани қўшиб қўйишга ёки ундан бирор нарсани олиб ташлашга ёки унинг бирор жойини алмаштиришга ё ўзгартиришга ҳеч кимнинг кучи етмайди”, – деганлар.   

  1. Қуръони карим азиз, яъни кучли ва иззатли китобдир, шунинг учун унга куфр келтирганлар кучсиз ва хор бўладилар:

﴿ وَإِنَّهُۥ لَكِتَٰبٌ عَزِيزٞ٤١

“Шубҳасиз, у азиз Китобдир”[6].  

Яъни Қуръони карим ҳар қандай инкор қилувчини мот қилиб қўядиган ҳужжати кучли тенгсиз китобдир. 

  1. Қуръони каримга ботил нарсалар, яъни ёлғон ва беҳуда нарсалар мутлақо яқинлаша олмайди. У доимо мусаффо ҳолатида илоҳий мўъжиза бўлиб тураверади:

﴿لَّا يَأۡتِيهِ ٱلۡبَٰطِلُ مِنۢ بَيۡنِ يَدَيۡهِ وَلَا مِنۡ خَلۡفِهِۦۖ تَنزِيلٞ مِّنۡ حَكِيمٍ حَمِيدٖ٤٢

“Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил (ноҳақлик) келмас. (У) ҳикмат ва ҳамд эгаси (томони)дан нозил қилингандир”[7].    

Яъни Қуръони каримга бирор тарафдан ҳам ботил кела олмайди, уни инкор қилишнинг умуман иложи йўқдир. 

  1. Қуръони карим тақводор бандаларни дунё ва охират саодатига йўлловчи ҳидоятдир:

﴿ذَٰلِكَ ٱلۡكِتَٰبُ لَا رَيۡبَۛ فِيهِۛ هُدٗى لِّلۡمُتَّقِينَ٢

“Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дир”[8].  

Яъни ушбу китобнинг Аллоҳ таоло ҳузуридан туширилганига шак-шубҳа йўқ. Бу китоб буйруқларига бўйсуниш ва қайтариқларидан қайтиш билан Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқадиган бандаларга ҳидоятдир. 

  1. Қуръони карим намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга аниқ ишонадиган ихлос билан амал қилувчи бандаларга ҳидоят ва раҳматдир:

﴿هُدٗى وَرَحۡمَةٗ لِّلۡمُحۡسِنِينَ٣ ٱلَّذِينَ يُقِيمُونَ ٱلصَّلَوٰةَ وَيُؤۡتُونَ ٱلزَّكَوٰةَ وَهُم بِٱلۡأٓخِرَةِ هُمۡ يُوقِنُونَ٤

“Эзгу амал қилувчилар учун ҳидоят ва раҳмат (манбаи экани) жиҳатидан. Улар намозни баркамол адо этадилар, закотни (ўз жойига) берадилар ва охиратга аниқ ишонадилар”[9].     

  1. Қуръони карим мўмин бандаларнинг барча моддий ва маънавий касалликларига шифо ва раҳматдир. Унга иймон келтирмай золим бўлганларга эса зиёнларини орттирувчидир:

﴿وَنُنَزِّلُ مِنَ ٱلۡقُرۡءَانِ مَا هُوَ شِفَآءٞ وَرَحۡمَةٞ لِّلۡمُؤۡمِنِينَ وَلَا يَزِيدُ ٱلظَّٰلِمِينَ إِلَّا خَسَارٗا٨٢

(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир)ларга фақат зиённи орттирур”[10].    

  1. Қуръон қалбларни жонлантирадиган илоҳий зикр бўлиб, унинг тиловати руҳларга ҳузур бахш этади:

﴿صٓۚ وَٱلۡقُرۡءَانِ ذِي ٱلذِّكۡرِ١

“Сод. Зикр манбаи бўлмиш Қуръонга қасамёд этаман!” [11].     

  1. Қуръон инсоннинг бахтли ҳаёт кечириши учун лозим бўлган маънавий руҳдир:

﴿وَكَذَٰلِكَ أَوۡحَيۡنَآ إِلَيۡكَ رُوحٗا مِّنۡ أَمۡرِنَاۚ

(Эй Муҳаммад!) Шундай қилиб, амримиз билан Сизга Руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик”[12].   

Аллоҳ таоло Қуръони каримни руҳ деб номлади, чунки бу китобнинг ичида нафсни жаҳолат ўлимидан сақлайдиган ҳаёт бор. Молик ибн Динорнинг қуйидаги сўзлари буни тушунишимизга яқиндан ёрдам беради: “Эй Қуръон аҳли, Қуръон қалбларингизга нимани экди? Ёмғир ернинг баҳори бўлгани каби Қуръон ҳам қалбларнинг баҳоридир”.

 

Қуръони карим суралари

Қуръони каримда 114 та сура бўлиб, улар турли воқеа ва муносабатлар билан 23 йил давомида босқичма-босқич нозил қилинган. Қуръон суралари тўрт қисмга бўлинади:

 

  1. Тивол (узунлар). Узун ҳисобланадиган суралар еттита: 1. Бақара, 2. Оли Имрон, 3. Нисо, 4. Моида, 5. Анъом, 6. Аъроф, 7. Баъзилар ораларида “Басмала” бўлмаганидан Анфол ва Бароат суралари дейишган, баъзилар Юнус сураси дейишган.
  2. Миун (“юз”лар). “Юз”лар деб ҳисобланадиган суралар: Юз ёки шунга яқин ададдаги оятлари бўлган суралардир.
  3. Масаний (такрорланганлар). Ушбу суралар қироатда "тивол" ва "миун"лардан кўп такрорлангани сабабли шундай номланган.
  4. Муфассал (ажратилганлар). Бу суралар оралари “Басмала” билан кўп ажратилгани учун “ажратилганлар” деб номланган. Муфассални баъзилар “Қоф” сурасидан бошланади дейишса, баъзилар “Ҳужурот” сурасидан бошланади, дейишган. Муфассалнинг ўзи ҳам уч турга бўлинади:
  5. Узун;
  6. Ўртача;
  7. Қисқа.

Узун “Қоф” ёки “Ҳужурот” дан “Амма”гача ёки “Буруж”гачадир.

Ўртача “Амма”дан ёки “Буруж”дан “Зуҳо” гача ёки “Лам якуниллази”гачадир. Қисқа “Зуҳо”дан ёки “Лам якуниллази”дан Қуръоннинг охиригачадир” [13].

 

Ҳавас қилинадиган амал

Қуръони каримни доимий тиловат қилиб юрадиганларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай васф қилганлар:

عَنْ سَالِمٍ عَنْ أَبِيهِ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَا حَسَدَ إِلَّا فِي اثْنَتَيْنِ رَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ الْقُرْآنَ فَهُوَ يَتْلُوهُ آنَاءَ اللَّيْلِ وَآنَاءَ النَّهَارِ وَرَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ مَالاً فَهُوَ يُنْفِقُهُ آنَاءَ اللَّيْلِ وَآنَاءَ النَّهَارِ.  مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

Солим отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасад қилиш йўқ, фақат икки кишидаги нарсага ҳасад қилиш бундан мустаснодир. Бир кишики Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган, у тунги вақтларда ҳам, кундузги вақтларда ҳам (эртаю кеч) уни тиловат қилади. Яна бир кишики Аллоҳ унга мол ато қилган, у тунги вақтларда ҳам, кундузги вақтларда ҳам уни инфоқ қилади (яхши ишларга сарфлайди)”, дедилар”.    Муттафақун алайҳ.

Мазкур ҳадиси шарифни шарҳлаган уламолар, матнда حَسَدَ яъни “ҳасад қилиш” сўзи келган бўлса ҳам ундан اَلْغِبْطَةُ  яъни “ҳавас қилиш” маъноси ирода қилинган, деганлар.

“Ҳасад ҳақида Мийрук шундай деган: Ҳасад икки хил бўлади:

  1. Ҳақиқий;
  2. Мажозий.

Ҳақиқий ҳасад – бировдаги неъматнинг завол топишига кўз тикиш.

Мажозий ҳасад – бировдаги неъматнинг завол топишига кўз тикмасдан, ўшанга ўхшаш неъмат ўзида ҳам бўлишини орзу қилиш. 

Ҳавас қилиш дунё ишларида мубоҳ бўлади. Тоат ибодатларда эса мустаҳаб бўлади. Ҳадиси шарифдаги ҳасаддан мурод ҳавасдир. Яъни икки хислат тўғрисидаги ҳавас, мақталинган ҳавасдир”[14].    

Ҳа, мазкур ҳадиси шариф кўрсатмасига биноан икки кишига ҳавас қилиш мустаҳабдир. Бири тунги вақтларда ҳам, кундузги вақтларда ҳам Қуръон тиловат қилиб, маъноларини англашга астойдил ҳаракат қиладиган ҳамда унинг буйруқларига амал қилиб, қайтариқларидан қайтадиган инсондир. Бундай инсон Қуръони каримда ҳам мадҳ этилган:

﴿إِنَّهُۥ لَقُرۡءَانٞ كَرِيمٞ٧٧ فِي كِتَٰبٖ مَّكۡنُونٖ٧٨ لَّا يَمَسُّهُۥٓ إِلَّا ٱلۡمُطَهَّرُونَ٧٩

“Албатта, у Қуръони каримдир. У сақланган китобда (Лавҳул маҳфузда) дир. Уни фақат покланган кишиларгина ушлайди”[15].      

Иккинчиси эса қўлидаги молни асосий мақсад деб эмас, балки мақсадга эриштирувчи восита деб биладиган ва шу тушунчасига кўра кеча-ю кундуз уни яхшилик йўлига сарфлаш пайида бўладиган инсондир. Бу инсоннинг ҳавас қилса арзийдиган пок инсон эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билдирдилар.

 

Илоҳий китобларга иймон келтириш

Қуръони каримга иймон келтириш, иймон рукнларидан бири бўлган илоҳий китобларга иймон келтиришнинг бир бўлагидир. Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръонни нозил қилгани каби бошқа пайғамбарларга ҳам китоблар нозил қилган. Қуръони каримда ўша китоблардан баъзиларининг номлари келтирилган:

 

  1. Таврот. Бу китоб Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган бўлиб, унда ҳидоят ва нур бўлган. У билан халқ тарбиясига масъул кишилар ва яҳудий уламолари ҳукм юритганлар:

﴿إِنَّآ أَنزَلۡنَا ٱلتَّوۡرَىٰةَ فِيهَا هُدٗى وَنُورٞۚ يَحۡكُمُ بِهَا ٱلنَّبِيُّونَ ٱلَّذِينَ أَسۡلَمُواْ لِلَّذِينَ هَادُواْ وَٱلرَّبَّٰنِيُّونَ وَٱلۡأَحۡبَارُ بِمَا ٱسۡتُحۡفِظُواْ مِن كِتَٰبِ ٱللَّهِ وَكَانُواْ عَلَيۡهِ شُهَدَآءَۚ

“Дарвоқе, Биз (уларга) Тавротни нозил қилдик. Ундаги ҳидоят ва нур (аҳкомлар изоҳи) билан итоаткор набийлар, зоҳидлар ва уламолар яҳудий бўлганларга Аллоҳнинг Китобидан ёд олдирилган (билимлари)га биноан ҳукм баён этурлар. Ўзлари бунга гувоҳдирлар”[16].    

Ушбу ҳидоятли ва нурли Таврот маълум вақт ўтгандан сўнг унга эргашувчилари томонидан бузилган. Бу ҳақда Қуръонда шундай хабар берилган:

﴿۞أَفَتَطۡمَعُونَ أَن يُؤۡمِنُواْ لَكُمۡ وَقَدۡ كَانَ فَرِيقٞ مِّنۡهُمۡ يَسۡمَعُونَ كَلَٰمَ ٱللَّهِ ثُمَّ يُحَرِّفُونَهُۥ مِنۢ بَعۡدِ مَا عَقَلُوهُ وَهُمۡ يَعۡلَمُونَ٧٥

“Улар (Исроил авлоди)нинг сизларга ишонишидан умид қилаяпсизми (эй мусулмонлар)?! Ваҳоланки, улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитиб, англаб олганларидан сўнг, била туриб, уни ўзгартирар эдилар-ку!”[17]

  1. Инжил. Ушбу китоб Исо алайҳиссаломга туширилган бўлиб, унда ҳидоят ва нур бўлган. Бу китоб ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлиб келган:

﴿وَقَفَّيۡنَا عَلَىٰٓ ءَاثَٰرِهِم بِعِيسَى ٱبۡنِ مَرۡيَمَ مُصَدِّقٗا لِّمَا بَيۡنَ يَدَيۡهِ مِنَ ٱلتَّوۡرَىٰةِۖ وَءَاتَيۡنَٰهُ ٱلۡإِنجِيلَ فِيهِ هُدٗى وَنُورٞ وَمُصَدِّقٗا لِّمَا بَيۡنَ يَدَيۡهِ مِنَ ٱلتَّوۡرَىٰةِ وَهُدٗى وَمَوۡعِظَةٗ لِّلۡمُتَّقِينَ٤٦

“Уларнинг изларидан Исо ибн Марямни ўзидан олдинги (туширилган) Тавротни тасдиқ этувчи ҳолда издош қилиб юбордик ва унга Инжилни – ичида ҳидоят ва нури билан ўзидан олдинги (туширилган) Тавротни тасдиқ этувчи ҳолда тақводорлар учун ҳидоят ва насиҳат (манбаи) қилиб бердик”[18].      

Маълум вақтдан сўнг ҳидоятли ва нурли бўлган Инжил ҳам унга эргашувчилари томонидан асл ҳолатидан ўзгартириб юборилган:

﴿وَمِنَ ٱلَّذِينَ قَالُوٓاْ إِنَّا نَصَٰرَىٰٓ أَخَذۡنَا مِيثَٰقَهُمۡ فَنَسُواْ حَظّٗا مِّمَّا ذُكِّرُواْ بِهِۦ فَأَغۡرَيۡنَا بَيۡنَهُمُ ٱلۡعَدَاوَةَ وَٱلۡبَغۡضَآءَ إِلَىٰ يَوۡمِ ٱلۡقِيَٰمَةِۚ وَسَوۡفَ يُنَبِّئُهُمُ ٱللَّهُ بِمَا كَانُواْ يَصۡنَعُونَ١٤ يَٰٓأَهۡلَ ٱلۡكِتَٰبِ قَدۡ جَآءَكُمۡ رَسُولُنَا يُبَيِّنُ لَكُمۡ كَثِيرٗا مِّمَّا كُنتُمۡ تُخۡفُونَ مِنَ ٱلۡكِتَٰبِ وَيَعۡفُواْ عَن كَثِيرٖۚ قَدۡ جَآءَكُم مِّنَ ٱللَّهِ نُورٞ وَكِتَٰبٞ مُّبِينٞ١٥

“Биз – насронийлармиз” деганлардан (ҳам) аҳдларини олдик. Уларга эслатилган нарсадан (катта) бир қисмини унутдилар. Шундан кейин уларнинг ўрталарида қиёмат кунигача адоват ва нафрат қўзғатдик. Кейин Аллоҳ уларни ўз қилмишларидан хабардор қилажак. Эй аҳли китоблар! Сизларга расулимиз (Муҳаммад) келиб, Китобдаги кўпгина сиз яширган (оятлар)ни сизларга баён қилмоқда ва (хатоларингизнинг) аксариятини афв этмоқда. Аллоҳдан сизларга Нур ва равшан Китоб келди”[19].     

  1. Забур. Ушбу китобнинг Довуд алайҳиссаломга нозил қилингани шундай хабар берилган:

﴿وَرَبُّكَ أَعۡلَمُ بِمَن فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۗ وَلَقَدۡ فَضَّلۡنَا بَعۡضَ ٱلنَّبِيِّ‍ۧنَ عَلَىٰ بَعۡضٖۖ وَءَاتَيۡنَا دَاوُۥدَ زَبُورٗا٥٥

“Роббинг осмонлару ердаги барча жонзотларни яхши билувчидир. Дарҳақиқат баъзи пайғамбарларни баъзиларидан афзал қилдик ва Довудга Забурни бердик”[20].  

  1. Саҳифалар. Аллоҳ таоло Иброҳим ва Мусо алайҳиссаломларга саҳифалар нозил қилган. Бу саҳифаларда ҳалол ва пок, Аллоҳни зикр қилиб юрган, намоз ўқийдиган кишиларнинг ютуққа эришишлари ҳамда охиратнинг яхшироқ ва боқий экани тўғрисида хабарлар бўлган:

﴿قَدۡ أَفۡلَحَ مَن تَزَكَّىٰ١٤ وَذَكَرَ ٱسۡمَ رَبِّهِۦ فَصَلَّىٰ١٥ بَلۡ تُؤۡثِرُونَ ٱلۡحَيَوٰةَ ٱلدُّنۡيَا١٦ وَٱلۡأٓخِرَةُ خَيۡرٞ وَأَبۡقَىٰٓ١٧ إِنَّ هَٰذَا لَفِي ٱلصُّحُفِ ٱلۡأُولَىٰ١٨ صُحُفِ إِبۡرَٰهِيمَ وَمُوسَىٰ١٩

“Нажот топувчи одам, ҳақиқатан, (куфр ва гуноҳлардан) пок бўлур ва Парвардигорининг исмини ёд этиб, (беш вақт) намоз ўқир. Ҳа, сизлар, (эй кофирлар!) Дунё ҳаётини (охиратдан) устун қўюрсиз. Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир. Дарвоқе, бу (оятлар) аввалги (пайғамбарларга нозил бўлган) саҳифаларда – Иброҳим ва Мусо саҳифаларида (ҳам) бордир”[21].

Булардан бошқа китобларнинг номлари ҳақида Қуръони каримда бирор хабар келмаган. Аммо кўплаб пайғамбарлар юборилгани ва уларга китоблар берилгани ҳақида умумий хабарлар келган: 

﴿كَانَ ٱلنَّاسُ أُمَّةٗ وَٰحِدَةٗ فَبَعَثَ ٱللَّهُ ٱلنَّبِيِّ‍ۧنَ مُبَشِّرِينَ وَمُنذِرِينَ وَأَنزَلَ مَعَهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ بِٱلۡحَقِّ لِيَحۡكُمَ بَيۡنَ ٱلنَّاسِ فِيمَا ٱخۡتَلَفُواْ فِيهِۚ

“Одамлар бир миллат (бир хил динда, яъни Исломда) эдилар. Сўнгра (улар бузилиб кетгач), Аллоҳ ҳам хушхабар берувчи, ҳам огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборди. Яна улар билан бирга одамлар орасида чиққан келишмовчиликларни ҳал этадиган ҳукмларни чиқарсин деб (илоҳий) Китобни ҳам ҳақиқатан нозил қилди”[22].    

Қуръонда номлари зикр қилинмаган бошқа илоҳий китобларга ҳам умумий иймон келтириш лозим бўлади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

АРШГА ИСТИВО ҲАҚИДА

АЛЛОҲ БЕТИМСОЛ ЗОТДИР

 

[1] مَا ҳарфи баъзи ўринларда لَيْسَ нинг амалини, яъни, мубтадони раф, хабарни насб қилади. Бунда қуйидаги шартлар топилиши керак:

  1. مَا нинг хабари исмидан олдин келмаслиги керак. Агар олдин келса, مَا ҳарфи لَيْسَнинг амалини қила олмайди. Масалан, مَا فَائِزٌ سَعِيدٌ
  2. مَا дан кейин إِنْ келмаслиги керак. Агар келса مَاҳарфи لَيْسَнинг амалини қила олмайди. Масалан, مَا إِنْ خَالِدٌ شُجَاعٌ

مَا нинг нафийси إِلاَّ билан бекор қилинмаслиги керак. Агар  إِلاَّбилан бекор қилинса, مَا ҳарфи  لَيْسَ нинг амалини қила олмайди. Масалан, مَا أَنْتَ إِلاَّ كَرِيمٌ

[2] Манноъ Қаттон. Мабаҳис фи улумил Қуръон. – Байрут: “муассасату кутубис сиқофия”, 1980. – Б. 21.

[3] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. – Миср: “Мактабатул Азҳарий”, 2000. – Б. 65.

[4] Моида сураси, 48-оят.

[5] Ҳижр сураси, 9-оят.

[6] Фуссилат сураси, 41-оят.

[7] Фуссилат сураси, 42-оят.

[8] Бақара сураси, 2-оят.

[9] Луқмон сураси, 3, 4-оятлар.

[10] Исро сураси, 82-оят.

[11] Сод сураси, 1-оят.

[12] Шуро сураси, 52-оят.

[13] Маннаъ Қаттон. Мабаҳис фи улумил Қуръан. – Байрут: “Муассасату кутубис сиқофия”, 1980. – Б. 145.

[14] Мулла Али Қори. Мирқотул мафотиҳ. Байрут-Лубнан: “Дорул кутубил илмия”, 2007. – Б. 618.

[15] Воқиа сураси, 77, 79-оятлар.

[16] Моида сураси, 44-оят.

[17] Бақара сураси, 75-оят. 

[18] Моида сураси, 46-оят.

[19] Моида сураси, 14, 15-оятлар. 

[20] Исро сураси, 55-оят.

[21] Аъло сураси, 14, 19-оятлар.

[22] Бақара сураси, 213-оят.

Top