www.muslimuz

www.muslimuz

Середа, 14 августь 2019 00:00

Улуғларнинг ишлари ҳам улуғ

Ҳакиймул уммат Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг икки аёли бўлиб, катта аёллари ҳазратнинг кўп ҳизматларини қилар, шу билан у зотнинг дуоларини олишга ҳарис эдилар. Шу мақсадда Рамазон ойларидан бирида ҳазратга атаб камзул тиксам, ҳазрат уни ҳайит намозига кийиб чиқсалар, шу билан намоз ўқисалар ва менинг ҳаққимга ҳам дуо қилсалар, деган фикр қилдилар. Аммо аёл киши табиатан зебу зийнатга ўч қилиб яратилганлиги сир эмас. Мана шу табиат ҳазратнинг аёлларини ҳам четлаб ўтмаган эди. Шу сабаб дўкондан очиқ рангдаги, ёшлар боп матони танладилар. Ва буни ҳазратдан сир тутдилар, сабаби рамазон ойи ичида тикиб ҳайитга яқин кутилмаган совға қилиш эди. Бир ой давомида жуда ихлос билан бор маҳоратларини ишга солиб камзулни тикиб битирдилар. Ҳайитга бир кун қолганда фурсат топиб камзулни ҳазрат Таҳонавийга кўрсатдилар ва: “Бу камзулни кийиб намоз ўқисалар, охирида менинг ҳаққимга дуо қилсалар”, – деди. Ҳазрат Таҳонавий камзулни қўлга оларкан бу кийим у зотга мутлоқ муносиб эмаслиги бу ёшлар боп кийимлиги ва буни кийиш бачканалик эканлигини англаб етдилар. Лекин ҳазрат аёлларининг меҳнатини қадрлаб бу кийим жуда чиройли тикилганлиги, сотса яхшигина пулга кетиши, энг асосийси, иш ихлос билан қилинганлигини айтиб дуо қилдилар.

Эртаси куни камзулни кийиб намозгоҳга чиқиб ҳайит намозини адо этдилар. Намоздан сўнг одамлар бирин-кетин ҳазратни зиёрат қилишди ва ўзларига ярашмаган кийим кийганликлари учун ҳамма таажжубда эди. Шу пайт бир киши журъат қилиб: “Ҳазрат, нега бу ўзингизга ярашмаган кийимни кийиб олдингиз, ахир бу сизга ҳеч ярашмабди, сиздек улуғ инсон ўзининг улуғворлигига мос кийинса бўлмайдими?” – деди. Ҳазрат Таҳонавий унинг сўзларини жим туриб эшитдилар ва охирида: “Тўғри айтдинг, бу кийим ярашмаганлигини ўзим ҳам яхши биламан. Лекин аёлим бир ой давомида ихлос билан тикканлиги учун унинг меҳнатини, ихлосини қадрладим, энг асосийси, қалбини эҳтиёт қилдим”, – дедилар ва камзулни ечиб ўша кишига ҳадя қилдилар. Улуғ зотларнинг ишларида ўзлари каби улуғ бўларкан, бунда сиз ва биз учун ибрат бор.

Аёлларимизни эҳтиром қилайлик. Зеро, улар биз учун омонат. Гоҳида кўчадаги ишларимизни битириш учун энг разил кимсалар билан ҳам тил топишиб уларнинг аҳмоқгарчиликларига кўз юмамизу уйга келганда аёлимизнинг озгина ҳатти-ҳаракати ошиқчадек туюлади. Шунда бизнинг кўчадаги  одамларга кўрсатган илтифотимиз, ширин сўзимиз ва очиқ чеҳрамиз Аллоҳ учун эмаслиги сезилиб қолади. Унутманг! Аёлингиз билан муомала қилаётганда фарзандларингизга келажакда пишиб етиладиган шу билан бирга унутилмас сабоқ бераётган бўласиз. Шундай экан қандай дарс ўтиш ўзингизга ҳавола.

 

 

Андижон Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси Абдуғафур Ниёзқулов

Середа, 14 августь 2019 00:00

Гўзал масжидлардан бири

Малайзия пойтахти Куала Лумпурдан 20 км жанубда Путражая номли шаҳар жойлашган. Бу шаҳарда Путражая номли сунъий кўл бор. Кўл соҳилида эса дунёнинг йирик ва гўзал масжидларидан бири — Путра жомеъ масжиди қад ростлаган.

Масжид 1999 йилда қурилган бўлиб, ўзида 15 мингдан ортиқ намозхонни сиғдиради.

Гумбазларининг сони 9 та бўлиб, энг катта гумбазнинг баландлиги 76 метр, диаметри 36 метрни ташкил этади.

Катта хонақоҳдаги мазкур улкан гумбазни 12 устун кўтариб туради.

Миноралар сони 1 та бўлиб, баландлиги 116 метрга етади. Минора Исломнинг беш устуни рамзи сифатида 5 даражали қилиб ишланган.

Масжидни томоша қилар эканмиз, қалбимиз тўридан МАА ШАА АЛЛОҲ деган гап тилимизга келади.

Аллоҳ таоло бу масжидни ва дунёдаги барча масжидларни қиёматга қадар мўмин-мусулмонлар учун ибодат, илм-маърифат, ахлоқ ва тарбия маскани бўлишини насиб этсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Бировга ҳамроҳ бўлайин деб ботил йўлда юрма!

Бир ўзинг бўлсанг ҳам Ҳақ Йўлда юр!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Эслатма

Аёл киши эрининг ҳаққига кўп дуо қилиб туриши керак. Зеро, у бу дуони ихлос билан қилади. Чунки, дуосининг ижобатидан ўзи ҳам баҳраманд бўлади.

Уйдаги мастураларимизга бизнинг ҳаққимизга кўп дуо қилишларини тайинлаб турайлик!

*****

Зарари аниқ бўлганларга нисбатан доимий яхши гумонда бўлиш гоҳида сенга кулфат келтириши мумкин.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бечора фақир бутун умрини меҳнату машаққатда, ғамгин ҳолда ўтказади. Бир марта кулиб юборганда эса дарҳол уни суратга олишади-да, “Молу дунё бахтни пайдо қилмайди” деб пост қўйишади.

 “Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Сенинг синишингни кутаётган, синганингни кўриш истагида юрганнинг ёнидан ўтаётганингда шаҳдам қадамлар билан юр!

*****

Эсипаст ва аҳмоқлар билан тортишма. Акс ҳолда улар сени ўзларининг даражаларига тушириб оладилар-да, кейин аҳмоқлик борасидаги тажрибалари билан ютиб қўядилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Пар тўшакда ухлайдиганларнинг тушлари ерда ухлайдиганларнинг тушларидан гўзалроқ бўлмайди.

Жуброн Халил Жуброн

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Вівторок, 13 августь 2019 00:00

16.08.2019 й. ШУКР ВА САБРНИНГ ФАЗИЛАТИ

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلِّهِ الَّذِي وَعَدَ الصَّابِرِيْنَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَاب، وَجَعَلَ لَهُمُ الْعَوَاقِبَ الْجَمِيْلَةَ يَوْمَ الْمَآب، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِ الشَّاكِرِيْنَ وَعَلَى آلِهِ وَاَصْحَابِهِ أَجْمَعِيْن، وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِاِحْسَانٍ اِلَي يَوْمِ الدِّيْن

ШУКР ВА САБРНИНГ ФАЗИЛАТИ

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга сон-саноқсиз неъматлар ва туганмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлари билан инсонни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُوا لِلَّهِ إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шукр ҳақида шундай деганлар:

"مَنْ لَمْ يَشْكُرِ الْقَلِيلَ، لَمْ يَشْكُرِ الْكَثِيرَ، وَمَنْ لَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللَّهَ، التَّحَدُّثُ بِنِعْمَةِ اللَّهِ شُكْرٌ، وَتَرْكُهَا كُفْرٌ، وَالْجَمَاعَةُ رَحْمَةٌ، وَالْفُرْقَةُ عَذَابٌ" (رواه الإمام البخاري والإمام مسلم عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ).

яъни: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш шукрдир. Уни гапирмаслик эса ношукурликдир. Жамоат билан юриш раҳматдир.  Ёлғизлик эса азобдир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 

Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деганлар:

"إِنَّ النِّعْمَةَ مَوْصُولَةٌ بِالشُّكْرِ، وَالشُّكْرُ مُتَعَلِّقٌ بِالْمَزِيدِ، وَلَنْ يَنْقَطِعَ الْمَزِيدُ مِنَ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ حَتَّى يَنْقَطِعَ الشُّكْرُ مِنَ الْعَبْدِ" (رواه الإمام البيهقي)  .

яъни: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам барча гўзал амалларни ўзларида мужассам этган зот эдилар. Шукр қилишда ҳам У Зотга етадиган бирор бир киши топилмаслигига шубҳа йўқ. Сабаби, Аллоҳ таолога дуолари ижобат бўладиган киши бўла туриб, Аллоҳ таолодан кўп мол-дунё беришини сўрамаган эдилар. Балки, Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб яшаганлар. Очликдан қоринларига тош боғлаб юрганларини биламиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай ҳолатда шукр қилган бўлсалар, ҳозирги тўкинлик-фаровонлик даврида биз фақат шукримизни зиёда қилишга эътибор қаратишимиз лозим бўлади.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ шундай деганлар: “Ҳар бир инсон ўз ҳолига, ҳаётига, қисматига, тақдирига рози бўлишни, шукр қилишни ўрганиши керак. Чунки, бу ҳаётни унга Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло раво кўрди ва шундай бўлишини ирода қилди. Шунинг ўзи – катта марҳамат, шунинг ўзи – катта бир неъмат! Шукр қилсак, Аллоҳ бундан ҳам зиёда қилади. Аммо ношукурлик қиладиган бўлсак, бошқа ҳаётларга ҳавас қиладиган бўлсак, ўзимиздаги боридан ҳам маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин”.

Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар:

"إِنَّ أَحَبَّ عِبَادِ اللَّهِ إِلَى اللَّهِ الشَّكُورُ الصَّابِرُ الَّذِي إِذَا ابْتُلِيَ صَبَرَ وَإِذَا أُعْطِيَ شَكَرَ"

(رواه الإمام الطبري والإمام أحمد)

яъни: “Бандаларни Аллоҳ таолога энг яхшиси – мусибат келганда, сабр қилгувчи ва неъмат берилганда, шукр қилгувчисидир” (Имом Табарий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Саъдий Шерозий “Гулистон” асарларида қуйидаги ҳикояни келтирганлар: Узоқ йўл босиб келаётган мусофир киши ўзининг оёқ кийими эскириб кетганидан нолиб, ўз-ўзига “шунақа ҳам ночор одам бўламанми?” дея ҳолининг хароблигидан афсусланди. Шу нолиганича шаҳар дарвозасига яқинлашар экан, дарвоза тагида инсонлардан бирор нарса беришларини тиланиб ўтирган тиланчига кўзи тушди. Не кўз билан кўрсинки, тиланчининг икки оёғи ҳам йўқ эди. Бу ҳолни кўрган мусофир: “Мен-ку, пойабзалим йўқлиги учун ношукурлик қилибман, оёқларим йўқ бўлса, нима қила олардим, мендан ҳам ночорроқ одамлар бор экан-да!”, деб шукроналик йўлини тутди.

Демак, бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солиш ва борига шукр қилиш лозим.

Ҳурматли жамоат! Шукр қилувчи кишида меҳр-мурувват, инсоф-диёнат, қаноат, сабр каби ахлоқлар мавжуд бўлади. Бу ахлоқлар эса инсонни дунё ва охират саодатига бошлайди. Маълумки, Аллоҳ таоло бир қанча ояти карималарида сабрли кимсаларни мақтаган. Жумладан:

﴿وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ   الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ  أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ

яъни: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара сураси, 155-157 оятлар).

Бу дунёда бандага етган мусибат Аллоҳ таолонинг бандасига яхшиликни раво кўриши ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"إِذَا أَرَادَ اللَّهُ بِعَبْدِهِ الْخَيْرَ عَجَّلَ لَهُ الْعُقُوبَةَ فِي الدُّنْيَا وَإِذَا أَرَادَ اللَّهُ بِعَبْدِهِ الشَّرَّ أَمْسَكَ عَنْهُ بِذَنْبِهِ حَتَّى يُوَافِيَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ" (رواه الإمام الترمذى عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ الله عَنْهُ).

яъни: “Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо ва уқубат беради. Ёмонликни раво кўрса, гуноҳини  қиёматга қолдиради” (Имом Термизий ривояти).

Сабр – ҳар қандай ҳолатда инсон ўзини ушлаб ва тўхтатиб туришидир.

Уламоларимиз сабрнинг уч хил бўлишини айтганлар:

  1. Мусибатларга сабр қилиш.

Маълумки, инсон ҳаёти тинимсиз курашлардан иборат. Бу дунёда биз беҳисоб ва турли-туман қийинчиликларга дуч келамиз. Ушбу курашларда кишининг зафар қучиши унинг сабр-матонатига боғлиқ бўлади.

Машҳур саҳоба Ато ибн Рабоҳ разияллоҳу анҳу айтадилар: “Ибн Аббос разияллоҳу анҳу менга шундай деди: “Сизга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?” Мен: “Ҳа”, – дедим. У: “Мана бу қора танли аёл”, – деди ва сўзида давом этиб айтдики:

هذِهِ الْمرْأةُ، أتتْ النّبِيّ صلى الله عليه وسلم قالتْ: إِنِّي أُصْرعُ، وإِنِّي أتكشّفُ، فادْعُ اللّه لِي قال: "إِنْ شِئْتِ صبرْتِ ولكِ الْجنّةُ، وإِنْ شِئْتِ دعوْتُ اللّه أنْ يُعافِيكِ" فقالتْ: أصْبِرُ، فقالتْ: إِنِّي أتكشّفُ، فادْعُ اللّه لِي أنْ لا أتكشّف، "فدعا لها" (رواه الإمام البخاري والإمام مسلمٌ).

яъни: “Бу аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб: “Менинг тутқаноқ касалим бор. Тутқаноқ вақтида авратим очилиб қоляпти, Аллоҳга дуо қилинг (менга шифо берсин)”, – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар хоҳласангиз, сабр қилинг, жаннатга эришасиз. Агар хоҳласангиз, Аллоҳга дуо қиламан, сизга шифо беради”, – дедилар. Шунда аёл: “Мен сабр қиламан, лекин тутқаноқ вақтида авратим очилиб қоляпти, Аллоҳга дуо қилинг, очилмасин”, – деди. Расулуллоҳ дуо қилдилар. Аёлнинг тутқаноғи тутганда аврат аъзолари очилиб қолмайдиган бўлди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).

Бошқа ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: مَرَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآله وسَلَّمَ بِامْرَأَةٍ تَبْكِي عِنْدَ قَبْرٍ، فَقَالَ: "اتَّقِي اللهَ، وَاصْبِرِي" قَالَتْ: إِلَيْكَ عَنِّي، فَإِنَّكَ لَمْ تُصَبْ بِمُصِيبَتِي، وَلَمْ تَعْرِفْهُ، فَقِيلَ لَهَا: إِنَّهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآله وسَلَّمَ، فَأَتَتْ بَابَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآله وسَلَّمَ، فَلَمْ تَجِدْ عِنْدَهُ بَوَّابِينَ، فَقَالَتْ: لَمْ أَعْرِفْكَ، فَقَالَ: "إِنَّمَا الصَّبْرُ عِنْدَ الصَّدْمَةِ الأُولَى" (رواه الإمام البخاري) .

яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом бир қабр устида йиғлаб ўтирган аёл олдидан ўтиб қолдилар ва унга: “Аллоҳдан қўрқинг ва сабр қилинг!”, дедилар. Шунда у аёл Набий алайҳиссаломга: “Нари тур! Зеро, менга етган мусибат сенга етмаган ва менинг мусибатимни қай даражадалигини билмайсан ҳам”, деди. У аёлга: “Бу киши Пайғамбар алайҳиссалом бўладилар”, дейишди. Бояги аёл айтган сўзларидан пушаймон бўлиб, узр сўрашга Набий алайҳиссаломнинг уйларига келди ва у кишининг уйи олдида ҳеч қандай соқчиларни кўрмади. Бу аёл Пайғамбаримизни подшоҳлардек яшайди ва эшиги олдида дарвозабонлар туради, деб ўйлаган эди, аммо уйларига келганда ҳеч қандай эшикоғаларини кўрмагач, ажабланади. Набий алайҳиссалом билан кўришгач: “Мен Сизни танимабман”, – деди. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳақиқий сабр биринчи зарбадаги сабрдир!”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, инсоннинг бошига келган мусибат қандай бўлмасин, унинг илк дақиқаларидан сабр қилиш ҳақиқий сабр экан. Бундай сабрга Аллоҳ таоло жаннатни ваъдасини берган. Бу ҳақда ҳадиси қудусийда қуйидагича келади:

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَقُولُ اللهُ سُبْحَانَهُ: "اِبْنُ آدَمَ إِنْ صَبَرْتَ وَاحْتَسَبْتَ عِنْدَ الصَّدْمَةِ الْأُوْلَى لَمْ أَرْضَ لَكَ ثَوَابًا دُوْنَ الْجَنَّةِ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ اِبْنُ مَاجَة)

яъни: Абу Умома разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, У Зот айтдилар: Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам боласи, Мендан савоб умид қилиб, мусибатнинг илк дақиқаларидан сабр қилсанг, у ҳолда сен учун жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман”, –дейди” (Имом Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло томонидан “банда учун жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман” дейилиши жуда катта гап. Бу сабрлиларга жаннат вожиб бўлишига далолат қилади. Зеро Аллоҳ банданинг жаннатга киришига амр этар экан, бунга ҳеч ким ва ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди.

Сабр-тоқат туфайли жаннатга киришнинг бир нечта шартлари бор. Булар:

–  мусибатнинг илк дақиқаларидан сабр қилиш;

–  сабр қилгани учун Аллоҳдан савоб умидида бўлиш;

–  шикоятни тарк қилиш.

Абдулқодир Жийлоний: "Эй фарзанд, бало-мусибат сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади",– деб айтганлар.

  1. Гуноҳ-маъсиятлардан тийилишда сабр қилиш.

Бунда инсон нафсини ҳаром сўз ва ишлардан тияди. Масалан, бир кишига нафси зино қилишни васваса қилса, шунда у нафсини бу ишдан қайтарса, мана  шу иш “гуноҳдан тийилишдаги сабр” дейилади.

Ривоят қилинишича, Миср ҳокимининг хотини Юсуф алайҳиссаломни зинога чорлайди, эшикларни беркитади, “Бери кел!” – деб ўзига чақиради. Шунда Юсуф алайҳиссалом: “Агар мен хожамга (яъни сенинг эрингга) хиёнат қилсам, золимлардан бўлиб қоламан”, – деб унинг истагини рад этадилар, Аллоҳдан паноҳ сўрадилар ва сабр қилдилар.

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадисларида етти тоифа киши Қиёматда – ҳеч қандай соя бўлмайдиган, фақат Аллоҳнинг аршининг сояси бўладиган кунда Аллоҳнинг аршининг соясида бўлишини айтиб, шуларнинг қаторида: “Насл-насабли, чиройли аёл зинога чорлаганда, “Мен Аллоҳдан қўрқаман!” – деб, аёлнинг истагини рад этган киши”ни ҳам зикр қилганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда нафсини тийиб, сабр қилган кимсага жаннатни ваъдасини бергандир:

﴿فَأَمَّا مَن طَغَىٰ (37) وَآثَرَ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا (38) فَإِنَّ الْجَحِيمَ هِيَ الْمَأْوَىٰ (39) وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَىٰ (40) فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَىٰ (41(

яъни: “Бас, кимки (дунёда) ҳаддан ошган ва дунё ҳаётини (охиратдан) устун қўйган бўлса, у ҳолда, фақат жаҳаннамгина (унга) макон бўлур. Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур” (Нозиот сураси, 37-41 оятлар).

  1. Тоат-ибодатларга сабр қилиш.

Бунда инсон ўз нафсини тоатга ундайди, мажбур қилади. Масалан, бир киши намоз ўқимоқчи, аммо нафси уни дангасалик ва ялқовликка ундаб турибди. Ана шу пайтда нафсидан ғолиб келиб, Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатга турса, мана шу “ибодатга сабр” дейилади.

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу туннинг ярмида туриб, намоз ўқирдилар. Бомдоддан озроқ олдин аёли ва болаларини уйғотар ва қуйидаги оятни ўқирдилар:

﴿وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلَاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا لَا نَسْأَلُكَ رِزْقًا نَحْنُ نَرْزُقُكَ وَالْعَاقِبَةُ لِلتَّقْوَى

яъни:  “Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг! Сиздан ризқ сўрамаймиз, (аксинча), Биз сизга ризқ берурмиз. Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир” (Тоҳа сураси, 132-оят).

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг бу одатлари ҳар биримизга дарс ва ўрнак ҳисобланади.

Ҳурматли азизлар! Ҳозирги кунда ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли хил офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Ҳар куни ҳар хил қўпорувчилик воқеалари содир бўлаётган жойда инсонлар уй қурармиди, тўй қилармиди ёки халқининг кўнглига хурсандчилик сиғармиди?! Шундай юртлар борки, узоқ йиллардан бери хали ҳануз у юртларда тинчлик йўқ. Туғилган фарзанд уруш ўчоғида туғилиб, катта бўлмоқда, уйланмай туриб вафот этаётганлар қанча?!

Иброҳим Адҳам ғам чекиб ўтирган кишини кўриб, унга: “Нима учун ғамгинсиз? Сиздан уч нарсани сўрайман менга жавоб беринг”, – дедилар. У киши рози бўлди. Иброҳим Адҳам: Ушбу борлиқда Аллоҳ таоло хоҳламаган бирор нарса бўладими?” – деб сўрадилар. “Йўқ”, – деди бояги киши. Иброҳим Адҳам яна “Аллоҳ таоло тақдир қилиб қўйган ризқингиздан бирор нарса озаядими?” – деб сўрадилар. “Йўқ”, – деб жавоб берди. Иброҳим Адҳам: Аллоҳ таоло ёзиб қўйган ҳаётингиз борасидаги бирор нарса сиз сабабли ўзгарадими?” – дея сўрадилар. У киши яна: “Йўқ”, – деб жавоб берди. Иброҳим Адҳам: Ундай бўлса нега ғам чекяпсиз? – дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизни борига шукр қилувчи ва ҳар қандай ҳолатда сабр қилувчи бандаларидан айласин, бошига бир машаққат ё мусибат тушганида Ўзига ёлворувчи ва Ўзидан ёрдам кутувчи тақволи бандалари сафидан жой берсин, Ўзи ваъда қилганидай сабрларимиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин! Омин!

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ИЛМ ИККИ ДУНЁ САОДАТИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

 

 

Вівторок, 13 августь 2019 00:00

Бемор бўлганда бажариладиган 4 амал

  1. Дард ҳам, шифо ҳам Аллоҳдан эканига қатъий ишончда бўлиш.

"Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур" (Шуаро сураси, 80-оят).

 

  1. Дардга шифо излаш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Даволанинглар! Аллоҳ азза ва жалла қайси бир дардни берган бўлса, унинг шифосини ҳам берган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Гуноҳлар мағфират қилинишига умид қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат – ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам – ғуссами, ҳаттоки тикан киришими етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. Ушбу дуони ўқиш.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом барча касалликларга ва иситма чиққанида:

“Бисмиллаҳил Карийм, аъузу биллаҳил аъзийм, мин шарри кулли ҳирқин наҳҳар ва мин шарри ҳаррин нар”

“Буюк Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Улуғ Аллоҳнинг номи ила томирдан шовуллаб оқувчи қоннинг ва дўзах ўтининг ёмонидан паноҳ тилайман”, деб айтишни ўргатганлар (Имом Ибн Сунний ривояти.)

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Top