muslimuz

muslimuz

«Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ваҳий қилиб: “Охиратга захира қил, Менга нафллар билан яқинлаш, сени Ўзимга яқин қиламан. Менга таваккул қил, Сенга кифоя қиламан. Мендан бошқани дўст тутма. Балога сабр қил. Тақдирга рози бўл...

Менга яқин бўл, зикримни тилинг билан тирилтир, қалбингдаги менга муҳаббатинг ғафлат пайтида уйғоқлик бўлсин. Мендан ҳикмат лутфини тила. Менга қўрқиб дуо қил. Қалбингни қўрқув билан ўлдир.

Розилигим учун тунларни ғанимат бил. Қониб сув ичадиган кунинг учун кунларингда чанқа. Яхшиликларда бор кучинг билан мусобақа қил. Одамлар орасида менинг адолатимни жорий қил. Улар орасида менинг насиҳатим билан ҳукм қил.

Сенга қалб васвасаларига шифо, кўр кўзларни очадиган даволар туширдим. Тирик ҳолингда ўлик каби ўтирмагин. Баттоллар кулганда кўзларингни ғам ёшлари билан ёшла.

Аниқ келажак охират синовлари, қўрқинчларидан огоҳ бўл. Ўшанда оила, фарзандлар, мол-дунё фойда бермайди. Ўзинг учун дунёни тарк қилиб, оиласи билан видолашаётган киши каби йиғла. Шунга сабрли бўл, савоб иста.

Сабр қилувчиларга ваъда қилган нарсаларимга эришишинг сен учун қандай бахт. Дунёдан кунма-кун рози бўл. Дунёдан борига қаноат қил. Билдингки, борадиган жойинг ёзилган. Олганинг ўзингга ҳужжат.

Ҳисоб-китоб билан амал қил, сендан сўралажак. Агар сен Аллоҳ бандалари учун тайёрлаб қўйилган неъматларни кўрганингда эди, қалбинг уларнинг иштиёқида ёнарди. Бу маърифат манзилларидан биридир. Банда бу манзилга тушса, одамларга итоат этишидан хурсандлиги, ўз нафсига итоат этиши хурсандлиги каби бўлади.

Одамлар орасида қилган гуноҳига афсуси ўзи ёлғиз ҳолда қилган гуноҳидан афсуслиги каби бўлади. Бу барча ҳолларда эмас. Чунки у Аллоҳга юзланса, гуноҳлар уни даҳшатга солади. У бу даҳшатдан водийларда юриб, сўнг денгизга тушган кишига ўхшаб қолади. У денгиз тўлқинлари даҳшатига тушиб қолса, дарёлар даҳшати эсига ҳам келмайди».

 

Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

Аллома, шайх, муфтий Муҳаммад Шафиъ раҳимаҳуллоҳ Ислом уммати учун кўп меҳнат қилди. Aллоҳ таоло уни Ўз фазли ила олим ва тақводор зурриётлар билан неъматлантирди. Икки ўғли – Муҳаммад Рафиъ Усмоний ва Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ жаҳонга машҳур муфтийлар бўлиб етишди. Бироқ, буларнинг барчасида Муҳаммад Шафиъ раҳимаҳуллоҳнинг аёли муҳим рол ўйнади.

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бундай ёзади: “Отам вафотидан кейин онам менга энг катта ёрдамчи бўлди. Унинг меҳр-шафқати барча ташвишларга даво эди. Мулойим нигоҳи эса ҳаётнинг барча қийинчиликларининг аччиқлигини йўқ қиларди. Отамнинг бутун умри Ислом дини хизматига бағишланди. Онам ҳар қандай вазиятларда, тинч-нотинч даврларда отамни қўллаб-қувватларди. Эмин-эркин динга хизмат қилиши учун барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб берарди. Ҳатто уй юмушларини ҳам отамга айтмасди. Шубҳасиз марҳум отам қилган барча эзгу ишларда онамнинг ҳиссаси жуда катта" (Нуқуш-э-рафтагон. – Б.159-160).

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ёзади: “Онамнинг қўллари нафақат бешик, балки илм ва тарбиянинг жонли маркази ҳам эди. У мени китоблар билан эмас, балки амалий ҳаёт билан тарбиялаган. Онам коллеж, университет ёки мадрасани тамомламаган бўлса-да, феъл-атвори, таълим-тарбияга бўлган иқтидори ниҳоятда юқори эди. Бундай қобилият малакали мутахассис аёлларда ҳам учрамасди. Сабр-тоқат, хотиржамлик, фидоийлик ва жасорат унинг учун иккинчи табиат эди. Онам менга урду тилидаги китобларни ўқиб берарди” (Нуқуш-э-рафтагон. – Б. 160).

Барча улуғ зотлар она бағрида тарбияланган. Ислом тарихининг кўплаб буюк алломалари деярли етим қолган ва ёлғиз оналари қўлида вояга етган. Бироқ, бундай натижага эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун онадан метин жасорат ва фидоийлик талаб қилинади.

 Муфтий Муҳаммад Тақи Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ёзади: “Аллоҳ таоло онамга нафл ибодатларни адо этишга кучли рағбат берган. У тўшакка ётиб қолишидан аввал Қуръон тиловати, дуо, зикр, тасбеҳ ва нафл намозларни асло қолдирмаган. Тонгдан то ярим тунгача фарзандларга, отам, кекса бувимга қараш билан машғул бўлиб, шу пайтгача дам олмасди. Бироқ, бу хизматлар ҳеч қачон уни ибодатлардан тўсиб қўймасди. Ҳатто шол бўлиб тўшакка ётиб қолганида ҳам намозини қолдирмас, қиблага юзланиб, қўлидан келганича ўқирди.

Вафотидан бир неча кун аввал қиблага қараганида иккинчи марта фалаж бўлиб, тўшакка йиқилиб тушди. У шу ҳолатида ҳам ёстиқ остидан ниманидир излаб, қўлини қимирлатаётганини кўрдим. Ўша ерда унинг тасбеҳи турарди. Мен тасбеҳини излаётганини тушуниб, дарҳол тасбеҳни олиб, қўлига узатдим. Ҳушидан кетгунича тинмай қўли билан тасбеҳ мунчоқларини ўгирарди.

Бир неча кундан кейин онам бу дунёни тарк этди. Шундай қилиб, унинг ҳаётлик вақтида қилган охирги икки иши: намоз учун қиблага бурилиш ва тасбеҳ айтиш бўлди” (Нуқуш-э-рафтагон. – Б.162).

Ҳикматлардан бирида бундай дейилади: “Қандай яшасанг, шундай ҳолатда вафот топасан”. Умрини Aллоҳ таолога бағишлаганлар охир-оқибат Aллоҳ таоло билан ажойиб тарзда учрашадилар. Aгар биз ҳам мўъжизавий ўлимни хоҳласак, келинг, ажойиб ҳаёт кечиришни бошлайлик. Бундай ҳаёт – гуноҳдан холи ва солиҳ ишларга тўла бўлади.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Ҳар йили Ҳаж мавсумининг бошланиши мўмин-мусулмонлар учун катта шодиёна бўлади. Ер юзининг ҳар бир гўшасидан зиммасига ҳаж ибодати фарз бўлган инсонлар катта иштиёқ ва муҳаббат билан Маккаи мукаррамага қараб йўл оладилар. Яратганнинг марҳамати билан биз ҳам она юртимиздан бир гуруҳ зиёратчиларга элликбоши этиб юборилдик. Айни кунларда йўлдошларимизнинг хизматида бардавом бўлиб турибмиз.

Моҳиятан ҳаж – машаққат. Ана шуни ҳисобга олган Давлатимиз раҳбарияти қулай имкониятдан фойдаланиб қолиш – минглаб ҳажга бораётган юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиб, бунинг эвазига чандон-чандон савобларга эга бўлиш мақсадида, биринчи  ўринда ҳажнинг квотасини йилдан йилга ошириб бормоқда. Жумладан, Ватанимиздан 2019 йил 7200 нафар, 2022 йил 12000 нафар юртдошимиз ҳаж амалини бажариб қайтди. Жорий йилда эса ҳожиларимиз сони 15000 тага етиши кутилмоқда.

Ундан кейин эса мусофир юртга ҳажни ният қилиб келган юртдошларимизнинг истиқоматининг сифати яхшиланди. Биласиз, ҳажга келувчиларнинг аксари нуроний отахонлару муниса онахонлар бўлади. Уларнинг ҳар бири эътиборга, парваришга муҳтож бўлиши ёш билан боғлиқ табиий ҳол, албатта. 

Масаланинг ана шу жиҳатини ҳисобга олган Диний Қўмитамиз раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Муфтий ҳазратнинг ўринбосари Жалолиддин Ҳамроқулов ва бошқа улуғларимиз зиёратчиларимизнинг ҳар бирининг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб, уларга зарур бўлган барча шароитларни ҳозирлашга бош-қош бўлиб турибдилар. Айниқса, бу борада пойтахтликларнинг мингбошиси – Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов, ишчи гуруҳ таркибидаги Алишер Соатов бошчилигидаги малакали шифокорлар, маҳоратли ошпазлар, элликбошилар ҳожиларимизга астойдил хизмат қилмоқдалар.

Музаффархон АЪЗАМ,

 Тошкент шаҳридаги“Пулемас ота” масжиди  имом-хатиби

 

Бу касалликда – одам ҳамманинг диққат марказида бўлишга ҳаракат қилади, эътиборни жалб қилиш ва ҳурматга эришиш учун ўзини билимдон қилиб кўрсатади, чиройли ва баландпарвоз оҳангда гапиради.


Муолажа услуби

Инсон энг аввало, қилаётган насиҳатига ўзи амал қилиши, бошқаларга сўзи билан эмас, балки амали орқали ўрнак бўлиши керак. Кимки аввал ўзи амал қилиб, кейин бошқаларга ваъз-насиҳат қилса, уларни яхшиликка чорласа унинг сўзлари таъсирли бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Исро кечаси бир тоифа кишилар ёнидан ўтдим, уларнинг лабларини оловдан бўлган қайчилар билан қирқардилар. “Эй, Жаброил, булар кимлар?” деб сўрадим, “Улар Сизнинг умматингизнинг воизлари, одамларга амру маъруф қиладилару, ўзларини унутиб қўядилар. Ваҳоланки, улар Китоб ўқирлар, ақлларини ишлатмайдиларми?!” деб жавоб берди» (Имом Ахмад, Имом Ибн Хиббон ривояти).

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақлни ишлатмайсизми?!” (Бақара сураси, 44-оят).

Ибн Арабий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсонларнинг энг ёмони – бошқалар олдида солиҳ бўлиб кўринишга уриниб, уларнинг олдида яхши амаллар қилади, лекин жон томиридан ҳам яқинроқ бўлган Роббининг кузатиб турганини билиб туриб гуноҳ қилади”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

 

Середа, 21 июнь 2023 00:00

Алданишнинг асоси нафсдадир

Мутарриф ибн Абдуллоҳ Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳуга уни касаллигида кўргани кирганида айтди (у касал бўлиб ўттиз йил тўшакда ётган эди): “Сизга оғир бўлмаганида кўпроқ кўргани келардик”. Яна унинг илми ҳақида гапирди. Имрон: “Кам санама, мен Аллоҳ яхши кўрганини яхши кўраман”, деди.

Бир-бирини яхши кўрганларга муҳаббат кучи билан Аллоҳ йўлидаги қийинчиликлар осон бўлади. Кимнинг ушбу улуғ режадан насибаси бўлса, у қийинчиликларда бўлади.

Муҳаббатнинг ҳаловати, қийинчиликларнинг аччиғи бор. Агар нафс муҳаббат ҳаловатини татиса, қийинчиликлар аччиғини писанд қилмайди. У аччиқ дориси бор кишига ўхшайди. У дорининг чиркинлиги кетиши учун уни ёғ билан пиширади. Аччиғи кетиши учун асал билан аралаштиради. Аллоҳ муҳаббати қалб ва нафсга бундан-да ҳаловатли ва латофатлироқдир. Ишларнинг аччиғи унинг олдида сезилмайди. Бу алданишнинг барчаси нафсдан.

Алданишнинг асоси нафсдадир. Уни шаҳватлар билан алдаган. Алданишнинг таги ҳавойи нафсдан. Ҳавони эса, нафс ундаги шаҳватлар билан эгаллаган. Ҳаво шаҳватларнинг хамирнинг хамиртуруши каби хамиртурушидир.

Агар ҳаво келса, шаҳватлар жунбушга келади. Чунки ҳаво дўзах атрофи ўралган шаҳватлар асоси билан тирик. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўзах шаҳватлар билан ўралган, жаннат қийинчиликлар билан ўралган”, деганлар. Ўша асос дўзахнинг эшиги олдида ва нафсларда. Ҳамда ҳар бир нафсга қўйилгандир. Шунинг учун ўлим аччиғи бошқа нарсалар орасида тоттирилган. Аллоҳ таоло Танзилида: “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир” (Оли Имрон сураси, 185-оят), деган.

“Ҳар бир руҳ” ёки “Ҳар бир қалб” ёки “Ҳар бир бадан”, демаган. Балки тотиш нафсга нисбат берилди. Чунки ҳавойи истаклар дўзах эшигидан олиб келадиган шаҳватларга эргашадиган нафсдир. Бу шаҳватлар қўзғалса, улардан тийилиб, ўзини Аллоҳ томон буради. Савобни Ундан умид қилади, Унга бўйсунади. Бу банданинг Роббисига шукридир. Шу билан Аллоҳ ундан рози бўлади. Агар шаҳватлар қўзғалганда, бунга хурсанд бўлишга йўналтирса, уларга ҳирс билан эришишга интилса, Аллоҳнинг зикридан чалғиса, ҳаво унинг қалбини эгаллаб, уни олиб кетади. Чунки шаҳватлар муҳаббати зийнати нафсдадир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди” (Оли Имрон сураси, 14-оят).

Бу оятда шаҳватларнинг турларини санаган. Булардаги зийнат хурсандликдир. Уларни яхши кўриш ҳаловатдир. Агар нарсалардан хурсанд бўлиш уларнинг ҳаловати билан бир нафсда жам бўлса, нафс бундан хурсанд бўлса, бу шаҳват бўлади.

Шаҳват деб аталишига сабаб нафснинг ундан хурсанд бўлишидир. Агар қалбда уни Аллоҳнинг зикрига бурадиган Аллоҳ маърифатининг қуввати бўлмаса, бу шаҳватлар унга мусибат бўлади. Қалб нафс асирларидан бири бўлади.

Нафс жасадга ҳукмрон бўлади. Уни истаган томонига бошқаради. Агар қалб Аллоҳни таниш билан кучли бўлса, нафсни Аллоҳ томон, унинг шукри томон, шу шаҳватларда Унинг ҳақини адо қилишга буради. Чунки Аллоҳ таоло неъматларни бандага ризқ қилиб яратган.

Аллоҳ таоло Танзилида неъматларни сифатлаб: “Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик) (Қоф сураси, 11-оят), яна: (Парвардигорга) қайтувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма бўлиши учун (шундай қилдик) (Қоф сураси, 8-оят), деган.

Қайтувчи банда неъматлардан баҳраманд бўлаётган вақтида Аллоҳга юзланадиган бандадир. Агар неъматларга юзланиб, Аллоҳдан чалғиса, адашиб, зиёнкор бўлади. Неъмат у учун фитна бўлади. Аллоҳ таоло айтган: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят). Сўнг: “Мен улардан бирор ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман” (Зориёт сураси, 57-оят), деган. Яъни, Мен улардан ўзларига ризқ беришларини сўрамайман, деган. Кейин “Зеро, Аллоҳнинг ўзи Раззоқ (ризқ берувчи)(Зориёт сураси, 58-оят), деди.

Бу билан бандаларни Ўзига йўллади, уларни Ўзига ибодат қилишлари учун яратганини билдирди. Ким неъмат талаби ва ундан баҳраманд бўлиш вақтида Унинг зикридан чалғиса, қалбини ўша неъмат ҳаловати, муҳаббати, хурсандчилиги асир қилиб олади. Натижада нафси, динори ва дирҳамининг қули бўлиб қолади.

 

Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

Top