muslim.uz

muslim.uz

Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Таййип Эрдоған Бухорога ташрифи аввалида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилдилар. Қуръон тиловат қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида хабар берилди.

Ўзбек ва турк халқларининг дини, маънавий қадриятлари бир. Юртимизда яшаган авлиё ва алломалар Туркияда ҳам эъзозланади. Буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ана шундай сиймолардан биридир.

Олий мартабали меҳмонга унинг ҳаёти, ислом дини ривожига қўшган улкан ҳиссаси, «Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин» деган ғоянинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берилди.

Мустақиллик йилларида бу маскан юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар кўп келадиган зиёратгоҳга айланди.

Туркия Президенти Ўзбекистон буюк алломалар юрти эканини, халқимиз тарихи ва маънавиятига ҳурмати баландлигини таъкидлади.

Зиёрат туркиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 май куни Бухорога келди. Давлатимиз раҳбари Бухоро халқаро аэропортида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Таййип Эрдоғанни кутиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида хабар берилди.

Президентлар биргаликда Бухородаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилади, диққатга сазовор масканлар билан танишади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Юртимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Туркия Жумҳурияти президенти Режеп Таййип Эрдўған кеча, 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари олдида чиқиш қилди.

Чиқиш видеотасвири Туркия Жумҳурияти президентининг "Твиттер"даги расмий саҳифасида эълон қилинди. Қарийб 20 дақиқача давом этган чиқишида Эрдўған икки давлат ўртасидаги тарихий алоқалар ва бўлажак савдо-иқтисодий, маданий муносабатлар ҳақида сўз юритган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Келиб чиқиши покистонлик муҳожирларга бориб тақалувчи Сожид Жовид Буюк Британиянинг ички ишлар вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда "Sky News" нашри хабар берди.

Сожид Жовид "Chase Manhattan" ва "Deutsche Bank" банкларида ишлаган. 2016 йилдан бери эса мамлакатнинг Жамоалар ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ишлари бўйича вазирлиги раҳбари сифатида ишлаб келаётган эди.

Эътиқодига кўра мусулмон ҳисобланган янги вазир Буюк Британия ҳукумати таркибида фаолият бошлаган биринчи мусулмон эмас. Ундан аввал ҳам келиб чиқиши покистон ва бангладешлик бўлган шахслар ҳукумат таркибида юқори лавозимларга тайинланган эдилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Маккаи мукаррама, Байтуллоҳнинг тавоф саҳни устидан дунёдаги энг катта соябон ўрнатилиши ҳақида хабарингиз борми?

Бу соябон устида ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Буни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа орқали ҳам кўриш мумкин.

Соябон 45 метр баландликда бўлиб, умумий оғирлиги 600 тоннани ташкил қилади ва 2400 метр майдонни соя билан қоплайди. Вазият тақозосига қараб соябон очиб ёпилиши мумкин. Ҳозирча ушбу соябон лойиҳа кўринишида бўлиб, Саудия Арабистони ҳукумати уни қачон амалга ошириши ҳақида маълумотлар аниқ берилмаган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top