muslim.uz
Халифа Умар ва болалар
Бир куни халифа Умар йўлда бораётиб, бир тўп болалар ўйнаб турганини кўрибди. Халифани кўриб, болалар ҳар томонга қочиб кетибдилар. Фақат бир бола қочмай тураверибди.
– Нимага сен қочиб кетмадинг? – деб сўрабди халифа ундан.
Болакай жавоб берибди:
– Эй, мўминлар амири, нима учун қочаман? Ахир сиз золим эмассиз, мен ўғри эмасман-ку. Айби йўқ одам қочиб нима қилади.
Халифа Умар боланинг зийраклигига қойил қолибди ва уни ўз тарбиятига олибди. Бу бола кейинчалик машҳур лашкарбоши бўлиб етишган Абдуллоҳ ибн Зубайр экан.
Ҳаким Абдулмажид Маждуд бинни Одам Саноийнинг
“Ҳадойиқ ул-ҳақойиқ” асаридан
ЎМИ Матбуот хизмати
Фоторепортаж: Бухоро сафари шукухи
Умар розияллоҳу анҳунинг суҳбатдошларидан бўлган йигит
Яҳё ибн Аюб айтади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яхши кўрадиган бир йигит бор эди. Бир куни кечқурун ўша йигит хуфтон намозини ўқимасдан қаёққадир кетди. Йўлда бир аёл унга рўпара келди. Аёл ўзини унга таклиф қилди. Йигит аёлга маҳлиё бўлиб, унинг ортидан эргашди. Икковлари аёлнинг эшиги олдига етиб боришганда, йигит тўхтаб, ўйлай бошлади. Хаёлига
إِنَّ الَّذِينَ اتَّقَواْ إِذَا مَسَّهُمْ طَائِفٌ مِّنَ الشَّيْطَانِ تَذَكَّرُواْ فَإِذَا هُم مُّبْصِرُونَ
“Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, зикр қиларлар, бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар”. (Шайтондан бирор бир шарпа (васваса, иғво ва ғазаб) етиши жаҳолат, кўрлик ва нодонликка бошлайди. Аллоҳнинг зикри эса, илм-маърифат, кўзи очиқлик ва оқиллик манбаидир.) (Аъроф, 201) ояти келди. Йигит шу оятни тиловат қилди-да, ҳушидан кетди. Буни кўрган аёл қичқириб юборди.
Йигитнинг кекса отаси бор эди, дарҳол унга хабар қилинди. Отаси етиб келгач, ўғлини кўтариб, ҳовлига олиб кирди ва то ўзига келгунича муолажа қилди. Йигит ҳушига келгач, отаси ундан: “Сенга нима бўлди, ўғлим?” деб сўради. Ўғил: “Отажон, сўраманг!” деди. Ота қўярда-қўймай ўғлидан сўрайверди. Ноилож ўғил отасига бўлган воқеани гапириб берди ва юқоридаги оятни тиловат қилди. Оятни ўқиб бўлиши билан баланд овозда бақирди-да, жони узилди.
Отаси ўғлини дафн қилиб бўлиб, бўлиб ўтган ишларни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга айтиб берди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу йигитнинг қабри тепасига келиб турдилар ва исмини айтиб чақирдилар. Кейин “Эй фалончи, Аллоҳ таоло: “Роббиси ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор”. (Қиёмат куни олам Парвардигорининг ҳузурида саволларга жавоб беришдан, ҳисоб-китоб мақомидан қўрқиб, тириклигидаёқ тайёргарлик кўриб, яхшилик билан кун кечирганларга икки жаннат бор экан. “Иккин жаннат”нинг бир неча шарҳлари бор, жумладан, инсга алоҳида жаннат, жинга алоҳида жаннат ёки икковларидан ҳар бирларига иккитадан жаннат, гуноҳкорлар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айлансалар, тақводорлар биринчи жаннатлари, яъни, боғлари билан иккинчи жаннатлари - боғлари орасида сайр қиладилар.)” деган деб нидо қилдилар. Шунда қабр ичидан: “Дарҳақиқат, Роббим менга ўша икки жаннатни берди, эй Умар!” деган нидо келди”.
Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли
асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
“Аҳмад ибн Малик” масжиди сирдарёликларга байрам совғаси бўлди
Сирдарё туманида "Аҳмад ибн Малик" масжиди очилди. У вилоятда расмий рўйхатдан ўтган 74-масжид бўлди.
Масжиднинг тантанали очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими Ғафуржон Мирзаев, Адлия бошқармаси бошлиғи Шокир Саидов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов ва Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон Усмонов иштирок этиб, юртдошларимизни масжид очилиши билан қутлашди.
Масжид очилгани шукронасига жонлиқ сўйилиб, муҳтож оилаларга тарқатилди.
Янги масжиднинг имом-хатиби вазифасига тайинланган Улуғбек Қобиловга Адлия бошқармасининг гувоҳномаси топширилди.
Намозхонлар масжидда икки ракат шукрона намозини ўқиб, бундай хайрли ишларнинг бошида турган юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ва мутасаддилар ҳақига дуолар қилдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Самарқандлик имомлар Бухорода
Маълумки, юртимизда ички ва ташқи туризм, хусусан зиёрат туризмини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
2016 йил 2 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4861-сон фармони ва шунингдек, юртимизда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар замирида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги вакилликлари изчил саъй-ҳаракатларни олиб бормоқдалар.
2018 йил 20 март куни Самарқанд вилояти имом хатиблари азим Бухоро шаҳрига саёҳат уюштирдилар. Ўзбекистонда ички зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшиш, юртимиздаги табаррук масканларга имом хатибларнинг зиёратини уюштириш мақсадида ташкил этилган саёҳат Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Имомлар транспорт, гидлик хизмати, тушлик ташкил этиш борасида жамғарма имтиёзларидан фйодаланмоқдалар.
Саёҳатга махсус ҳисобдан чиқарилган фуқаролар ҳам жалб қилинганлар.
Сафар тафсилотларини ёритиб борамиз.
ЎМИ Матбуот хизмати