Кутубхона

Нурул изоҳ: ВИТР НАМОЗИ. НАФЛ НАМОЗЛАРИ. УЛОВ УСТИДА НАМОЗ ЎҚИШ.

*** Витр намозининг ҳукми ва ўқилиш тартиби ***

Витр бир салом билан уч ракат ўқиладиган вожиб намоздир. Барча ракатларида Фотиҳа ва зам сура ўқилади. Иккинчи ракатидан сўнг ўтирилади ва фақатгина «Аттаҳийяту» ўқилади. Учинчи ракатга турилгач, сано ўқилмайди. Фотиҳа ва зам сура ўқилгач, қўллар қулоқнинг юмшоқ жойига кўтарилиб, такбир айтилади. Сўнгра қўллар пастга қўйиб юбормасдан яна боғланади. Қиёмда, рукудан аввал Қунут дуоси (бутун йил бўйи) ўқилади (витрдан бошқа намозларда ўқилмайди).

Изоҳ: Қунут дуоси Имоми Аъзамдан, раҳматуллоҳи алайҳ, ҳам фарз, ҳам вожиб, ҳам суннат эканлиги ривоят қилинган. Олимлар мазкур ривоятларни бирлаштириб, бажарилиши фарз, ишониб эътиқод қилиниши вожиб, собит бўлиши (ҳадисларда зикр этилгани учун) суннат деганлар.

Бутун йил бўйи дейишимизнинг сабаби шуки Ҳанафий мазҳабида «Қунут» дуоси ўқишни шофеъийлардаги «Қунут» дуосига аралаштириб юбормаслик учундир. Маълумки, Шофеъий мазҳабида фақатгина Рамазон ойининг ўн бешинчи кунидан сўнг витр намозида Қунут дуоси ўқилади. Йил давомида эса бомдод намози фарзининг иккинчи ракатида рукудан сўнг ҳам Қунут дуоси ўқилади. Шофеъийларга кўра, Қунут дуосини ўқиш суннати муаккададир.

 

*** Қунут дуоси ***

اللَّهُمَّ إنَّا نَسْتَعِينُكَ وَ نَسْتَغْفِرُكَ وَنُؤْمِنُ بِكَ وَنَتَوَكَّلُ عَلَيْكَ، وَنُثْنِي عَلَيْكَ الْخَيْرَ كُلَّهُ، نَشْكُرُكَ وَلاَ نَكْفُرُك وَ نَخْلَعُ وَ نَتْرُكُ مَنْ يَفْجُرُكَ، اللَّهُمَّ إيَّاكَ نَعْبُدُ وَلَك نُصَلِّي وَنَسْجُدُ، وَإِلَيْكَ نَسْعَى وَنَحْفِدُ، نَرْجُو رَحْمَتَكَ وَنَخْشَى عَذَابَكَ، إنَّ عَذَابَكَ بِالْكُفَّارِ مُلْحِقٌ

Аллоҳумма инна настаъийнука ва настағфирук. Ва нуъмину бика ва натаваккалу ъалайка ва нусний ъалайкал хойр. Куллаҳу нашкурука ва ла накфурук. Ва нахлаъу ва натруку май-йафжурук.

Аллоҳумма иййака наъбуду ва лака нусоллий ва насжуду ва илайка насъа ва наҳ-фиду наржу роҳматак(а). Ва нахша ъазабака инна ъазабака бил куффари мулҳиқ.

Маъноси: «Аллоҳим! Фақатгина сендан ёрдам сўраймиз, бизни тўғри йўлга ҳидоят қилишингни тилаймиз. Сендан гуноҳларимзни мағфират қилишингни сўраймиз ва сенга тавба қиламиз. Сенга имон келтирамиз ва таваккал қиламиз. Сенга ҳамд айтамиз ва доимо яхшилик билан зикр қиламиз. Сенга шукр қиламиз ва ҳеч қайси неъматингни инкор қилмаймиз. (Куфрдан ва сенга ҳуш келмайдиган барча нарсалардан) ўзимизни узоқ тутамиз. Сенинг ризолигингга зид ҳаракат қилганларни тарк этамиз.

Аллоҳим! Фақатгина Сенга ибодат қиламиз, фақатгина Сен учун намоз ўқиймиз. Фақат Сенгагина сажда қиламиз. (Амалда бизни Сенга яқинлаштирадиган нарсаларни қўлга киритиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қилиб), сенга талпинамиз. Раҳматингни умид қилиб, азобингдан қўрқамиз. Муҳаққиқ ишонамизки, Ҳақ бўлган азобинг кофирларгадир».

Қунут дуосини имом ҳам, иқтидо килган жамоат ҳам ичида ўқийди.

 

*** Қунут дуоси ҳақида турли ҳукмлар ***

1. Қунут дуосини яхши билмаган киши уч марта «Аллоҳуммағфирлий» дейди ёки «Роббана атина фиддуня» дуосини ўқийди ёки уч марта «ё Роббий» дейди.

2. Агар бомдод намозида имом (Шофеъий мазҳабидан бўлиб) қунут дуосини ўқиса, унга иқтидо қилган ҳанафий мазҳабидаги жамоат қўлларини ёнга ташлаб, сукут сақлайди.

3. Витр намозининг учинчи ракатида қунут дуоси ўқишни унутиб, рукуда ёки рукудан тургач, эслаган киши (қайтиб) қунут дуосини ўқимайди. Намоз сўнгида Қунут дуосини тарк этгани учун саждаи саҳв қилади. Агар рукудан қайтгач, Қунут дуосини ўқиса, рукуни такрорламайди. Фақат қунут дуосининг ўқилиш ўрнини ўзгартиргани учун саждаи саҳв қилади.

4. Муқтадий Қунут дуосини ўқиб битирмасдан ёки ҳали

бошламасдан имом рукуга борса, (у) имом билан бирга

руку килишни ўтказиб юбришдан қўрқса, (Қунутни ўимасдан) имомга иқтидо қилади. Имом Қунут дуосини ўқимасдан рукуга борса, муқтадий агар дуо ўқиса, имомга рукуда етиша олса, ёлғиз ўзи Қунут дуосини ўқийди, акс ҳолда имомга эргашади. Витр намозининг учинчи ракатининг

рукусида жамоатга қўшилган киши (яъни масбуқ) Қунут дуосига (ҳукман) улгурган ҳисобланди. У намознинг етиша олмаган қисмини ўқишга турганидан сўнг Қунут дуосини ўқимайди.

Фақатгина Рамазон ойида витр намози жамоат билан ўқилади. Витр намози фарз бўлмаганига кўра, бир ҳисобда нафл ибодатдир. Таровеҳдан бошқа нафл намозларни жамоат бўлиб ўқиш макруҳдир. Шунинг учун Рамазондан бошқа пайтларда витр намози жамоат бўлиб ўқилмайди.

«Қозихон»га кўра Рамазонда витр намозини жамоат билан ўқиш туннинг охирида ёлғиз ўқишдан афзал. Бунинг аксини айтганлар ҳам бор.

 

*** Нафл намозлари

Суннати муаккадалар ***

Бомдод намозининг фарзидан аввал, пешин, шом, хуфтоннинг фарз намозларидан сўнг, икки ракат.

Изоҳ: Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шом намозининг фарзидан сўнг ўқиладиган икки ракат суннат ҳақида шундай деганлар: «Ким шом намозининг фарзидан сўнг, ҳеч гапирмасдан биринчи ракатида Кафирун, иккинчи ракатида Ихлос сураларини зам қилиб, икки ракат намоз ўқиса, илон қобиғидан чиққанидек, гуноҳларидан покланади.

Пешиннинг фарз намозидан аввал, Жума хутбасидан аввал ва Жуманинг фарз намозидан сўнг тўрт ракат намоз ўқиш суннати муаккададир.

Мазкур суннат намозлар бир салом билан ўқилади.

 

*** Мандуб намозлар ***

Мандуб (яъни, суннати муаккада бўлмаган) намозлар қуйидагилардир: Аср намозидан олдин ва хуфтон намозидан аввал ва кейин тўрт ракат. Шом намозининг суннатидан сўнг олти ракат намоз ўқиш мандубдир.

Изоҳ: Чунки Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва соплам: «Ким шомдан сўнг олти ракат нафл намоз ўқиса, аввобинлардан (бирор гуноҳ иш қилиб қўйгач, дарҳол орқасидан тавба қилувчи кишилар) ҳисобланади», деганлар ва ушбу ояти-каримани ўқиганлар (маъноси): «Аллоҳ таоло аввобинларни мағфират қилувчи Зотдир».

Шом намозининг икки ракат суннати ушбу олти ракат нафл намозига кирмайди.

 

*** Нафл намозларга оид турли ҳукмлар ***

1. Тўрт ракатли суннати муаккада намозларнинг аввалги қаъдасида фақат “Аттаҳийяту” ўқилади ва учинчи ракатга турганида сано ўқилмайди. Аммо тўрт ракатли суннати муаккада бўлмаган намозлар эса бундай эмас. Дастлабки қаъдада “Аттаҳийяту”ни ўқигач, саловотлар ўқилади ҳамда учинчи ракатга турилганида сано ўқилади.

2. Икки ракатдан зиёда нафл ўқийдиган киши фақат охирги ракатда ўтирса (яъни илк қаъдани тарк қилса), намози истиҳсонан саҳиҳдир. Чунки нафл намозларни икки ракат ўқиш жоиз бўлганидек, тўрт ракат ўқиш ҳам жоиздир.

3. Кундузи бир салом билан нафл намозларни тўрт ракатдан, кечаси саккиз ракатдан кўп ўқиш макруҳдир.

4. Кундузги ва тунги нафл намозларни Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга кўра, бир салом билан тўрт ракат-тўрт ракат, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадга кўра кечаси ўқиладиган нафл намозни икки ракат-икки ракатдан ўқиш афзалдир. Фатво имомайн нуқтаи-назарларига бернлган.

5. Тунги нафл намоз кундузги нафл намоздан фазилатлироқдир (тунги ва кундузи ўқиладиган нафл намозларда) қиёмни (узунроқ зам сура ўқиб) чўзиш, кўпроқ сажда қилишдан (яъни ракат сонини орттиришдан) фазилатлироқдир.

Изоҳ: Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Намозларнинг энг фазилатлиси қунути (яъни қиёми) энг узун бўлган намозлардир» деганлар. Чунки, узоқ муддат қиёмда тик туриш кўпрок Қуръон ўқишга имкон беради. Кўпроқ руку ва сажда қилиш (ракатлар сонини орттириш) тасбеҳларни кўпайтиришни таъминлайди. Албатта, Қуръон ўқиш тасбеҳ айтишдан фазилатлироқдир.

 

*** Таҳийятул масжид, зуҳо ва тунги намозлар ***

1. Масжидга кирган кишининг ўтирмасдан икки ракат намоз билан масжидга таъзим ва ҳурмат кўрсатиши суннатдир. Фарзни адо қилиш унинг ўрнига ўтади.

Масжидга кирилгач, ўқилган ҳар бир намоз унга ҳурмат ниятида ўқилмаса ҳам таҳийятул масжид ўрнига ўтади.

2. Таҳоратдан сўнг аъзоларнинг нами қуримасдан икки ракат, зуҳо вақтида тўрт ракат намоз ўқиш мандубдир.

Изоҳ: Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Абу Дардодан, розийаллоҳу анҳу, ривоят килинган ҳадиси шарифда шундай дейдилар: «Кимки зуҳо вақтида икки ракат намоз ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Тўрт ракат ўқиса шаҳодат қилинганлар қаторида ёзилади. Олти ракат ўқиса, бу намоз (ўша киши бошига келадиган офат ва балолардан қутулиши учун) унга кифоя қилади. Агар саккиз ракат ўқиса, Аллоҳ таоло унга жаннатда бир қаср тайёрлайди!»

3. Худди шунингдек, тунда таҳажжуд, кечаси ва кундузлари истихора ва ҳожат намозлари ўқиш мандубдир.

4. Рамазон ойининг охирги ўн куни кечаларини, ҳайит кечаларини, Зулҳижжа ойининг илк ўн кечасини ҳамд Шаъбон ойининг ўн бешинчи (Бароат) кечасини ибодат билан ўтказиш мандубдир. Фақат бундай кечалардан бирининг иҳёси учун масжидларда тўпланиш макруҳдир.

 

*** Ўтирган ҳолда нафл намоз ўқиш ***

Кишининг нафл намозларини тик туриб ўқишга кучи етса-да, ўтириб ўқиши жоиздир. Фақат ҳеч қандай узрсиз ўтириб нафл ўқиган киши тик туриб ўқиганнинг ярмича савоб олади. Ўтириб нафл намоз ўқиётган киши худди ташаҳҳудда бўлганидек ўнг оёғини тик қилган ҳолда, чап оёқнинг устига ўтиради. Тик туриб бошлаган нафл намозни ўтирган ҳолда ўқиб ниҳоясига етказиш кароҳатсиз жоиздир.

 

*** Ҳайвон ва воситанинг устида намоз ўқиш ***

Шаҳар (қишлоқ ва овул) ташқарисига чиққач, киши ҳайвон устида бўлса, у кетаётган томонга қараб имо билан нафл намоз ўқиши жоиздир. Ҳайвон устида бошлаган намозини ерга тушиб тамом қилиши мумкин. Фақат ерда бошлаган нафл намозни маркаб устига чиқиб тугата олмайди.

Изоҳ: Чунки ерда нафл намоз ўқиб бошлаган кишининг ифтитоҳ такбири намознинг саҳиҳ бўлиши учун зарур барча шартларни бажаришга сўз беришдир. Шундай масъулият билан бошланган бир намозни маркаб устида давом эттириб, тамомласа, киши аввало, бажаришни бўйнига олган қиблага қараш, жой ўзгартирмай намозни битириш, тоза жойда намоз ўқиш, одатий тарзда руку ва сажда қилиш каби шартларни тарк этган ҳасобланади. Аммо маркаб устида бошланган намознинг ифтитоҳ такбири, бундай шартларнинг бажарилишини талаб қилмайди. Шунинг учун киши намозини ерга тушиб давом эттирса, берган ваъдасидан кўра кўпроқ шартларни бажарган бўлади.

Абу Ҳанифадан, раҳматуллоҳи алайҳ, ривоят қилинишича, маркаб устида имо-ишора билан намоз ўқиш жоиз бўлса ҳам, бомдод намозининг суннатини ерда ўқиш зарур. Зеро, бу намоз суннати муаккадаларнинг энг қувватлисидир.

 

*** Суянган ҳолда намоз ўқиш ***

Чарчаган (ёки толиққан) пайтда нафл намозини бирор нарсага суяниб ўқиш кароҳатсиз жоиздир. Фақат ҳеч қандай узрсиз суяниб олиш одобга зид бўлганидан макруҳдир. Ҳайвон устида мавжуд нажосат, хоҳ эгар устида, хоҳ узангиларида бўлсин, намознинг дурустлигига тўсиқ бўлмайди. Юриб кетаётган ёки сузаётган кишининг ўша ҳолатда нафл намоз ўқиши, уламоларнинг иттифоқи билан саҳиҳ эмас, чунки булар намозга зид ҳаракатлардир.

 

*** Ҳайвон устида ўқиладиган фарз ва вожиб намозлар ***

Фарз намозларини, витр ва назр намозларни, жаноза намозини ҳайвон устида ўқиш, шунингдек, ерда ўқилган (сажда) оятининг саждасини ҳайвон устида қилиш дуруст эмас. Фақат мазкур намозларни, киши ўзига, минадиган ҳайвонига ёки кийимларига ўғри ёки йиртқич ҳайвон ҳужум қилишидан қўрқса, шунингдек, ер жуда лой бўлиши, минаётган ҳайвонининг шўх бўлиши ёки қарилиги туфайли ерга тушса, такрор минишига ёрдам берувчи йўқлиги каби узрли сабаблар бўлса, ҳайвон устида ўқиш жоиздир.

 

*** Туя устидага кажавада ўқилган намоз ***

Кажава устида намоз ўқиш ҳукман ҳайвон устида намоз ўқиш кабидир. Яъни, ҳайвон хоҳ юраётган бўлсин, хоҳ ўрнида турган бўлсин, зарурат бўлмагунча жоиз эмас. Агар ҳайвон тўхтатилиб, кажаванинг оғирлиги ерга тушса, тик турган (руку ва саждали бўлиши шарти билан) фарз намоз ўқиш жоиздир.

 

*** Кема ичида ўқилган намоз ***

1. Ҳаракатда (сузищда) бўлган кема ичидаги кишининг ҳеч қандай узрсиз, фарз намознинг руку ва саждаларини адо этган ҳолда, ўтириб ўқиши Имоми Аъзам ҳазратларига кўра, дурустдир. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадга кўра, бош айланиши ёки кемадан ташқарига чиқиши имкони йўқлиги каби узрли сабабларсиз, ўтириб ўқиш жоиз эмас.

2. (Кишининг) руку ва сажда қилишига кучи ета туриб, кемада имо-ишора билан намоз ўқиши ҳам жоиз эмас.

3. Денгаз ўртасида тўхтаган кема агар шамолнинг таъсири билан қаттиқ тебранса, ҳаракат ҳолатидаги кема ҳукмидадир. Акс ҳолда, ҳукман тўхтаб турган кема кабидир.

4. Соҳилга боғланган кемада ўтириб намоз ўқиш иттифоқ ила жоиз эмас. Агар кема портга боғланган бўлиб, бир қисми ерга теккан бўлса, тик туриб намоз ўқиш жоиздир. Агар кеманинг қуруқлик билан туташ жойи бўлмаса, бу кемада намоз ўқиш жоиз эмас. Фақат қуруқликка чиқиб намоз ўқиш имкони бўлмаса, тик турган ҳолда бу кемада ҳам намоз ўқиш мумкин.

 

*** Кемадаги намозхоннинг қибласи ***

Ҳаракатланаётган кемада намоз ўқиётган киши, намоз ўқишни бошлаётганида қиблага юзланади. Агар кема бурилса, у ҳам намоз ичида қиблага томон аста-секин намозини тамомлагунча бурилаверади.

 

*** Транспорт воситаларида намоз ўқиш ***

Факиҳ олимлардан Умар Насукий замонавий транспорт воситаларида намоз ўқиш хусусида шундай фикр билдиради. Бундай воситалар уч қисмга бўлинади:

1. От, туя, эшак каби миниладиган ҳайвонлар. Бу ҳайвонларнинг устида, ҳайвон кетаётган томонга қараган ҳолда, суннат ва нафл намозларни ўқиш жоиздир. Фақат фарз намозларни ҳайвондан тушиб ўқиш вожиб. Чунки ҳайвонни юргизиш ва тўхтатиш эгасининг ихтиёрида бўлиб, хоҳлаган жойда тушиб, намозини ўқиши мумкин.

2. Автобус, автомобилга ўхшаш тўхтатиш мумкин бўлган ё мумкин бўлмаган воситалар. Булар ҳам йўловчига кўра икки қисмга ажралади:

а) Йўловчилар воситаларнинг эгаси бўлса, фарз намозларни ерга тушиб, адо қилишлари зарур.

б) Йўловчилар воситаларнинг эгаси бўлмаса, намоз вақтида хушмуомалалик билан воситани тўхтатишни сўрайдилар. Тўхтата олмаган тақдирда, иложи борича, ўтирган ҳолда руку ва саждани қилиб намозини воситанинг ичида ўқийди. Чунки намозни қазо қилганидан кўра, мана шу тарзда адо этган афзалдир.

в) Йўловчи минган восита поезд, кема ва самолётга

ўхшаш тўхтатилиши мумкин бўлмаган воситаларда қиблага юзланиш ва тик турган ҳолда намоз ўқиш имкони бўлса, ўша ҳолатда намоз ўқийди. Агар юқоридаги шартлар мавжуд бўлмаса, намоз қазо қилинмайди, имкони бўлган шаклдаўқилади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Таровеҳ;

Ракатлари сони ва адо қилиш тартиби;

Каъбада ўқиладиган намоз;

Мусофирнинг намози;

Намознинг қисқартирилиши;

Сафарнинг шартлари;

Мусофир намозининг ҳукми;

Қаср муддати ва муқимликка ният;

Мусофирнинг муқимга ва муқимнинг мусофирга иқтидо қилиши;

Вақтида ўқилмаган намозларнинг қазоси;

Ватан ҳақида;

Бемор кишининг намози;

Турли масалалар.

Read 10207 times
Top