muslim.uz
26.06.2017 й. Рамазон ҳайити муборак!
(Ҳайит байрамига бағишланган тезис)
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, жонажон юртимизга, барча мўмин мусулмонлар қатори сизу бизларга Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин. Бир ой давомида ҳам жисмонан ва ҳам руҳан чиниқиб, сабр ва шукр фазилатларини ўзимизда ҳосил қилиб, бунинг тантанаси ўлароқ Ийд Рамазонни байрам қилмоқдамиз.
Дарҳақиқат, биз Рамазон ойи давомида имон ва ихлос ила кундузлари улуғ рўза ибодатини адо этиш билан бирга тунлари Аллоҳнинг каломи Қуръони каримга сомеъ бўлиш бахтига муяссар бўлдик. Зеро, имон ва Қуръон Аллоҳ таоло сизу биз мўмин мусулмон бандаларига ато этган энг буюк неъматидир. Қуръони каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилади:
قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ
яъни: “Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир”. (Юнус сураси, 58-оят). Бу оятда Аллоҳнинг икки улуғ неъмати зикр қилинаётир. Бири – фазлу карами, яъни Ислом дини. Иккинчиси – раҳмати, яъни Қуръони карим. Ҳадиси шарифда айтиладики, кимга Аллоҳ таоло Ислом дини ва Қуръон илмини насиб этган бўлса-ю, у камбағалман деб нолиса, Аллоҳ таоло то қиёмат кунигача унинг икки кўзи ўртасига (пешонасига) фақирлик тамғасини босиб қўяр.
Уламоларимиз айтадиларки, Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига ушбу улуғ ибодат ва байрамларни жорий қилишида катта ҳикмат бор. Жумладан, мусулмон киши беш вақт намозни жамоат билан ўқиш учун масжидга келар экан яқин қўшни ва маҳалладошларининг аҳволидан бохабар бўлади.
Худди шунингдек, беш вақт намозида кўриша олмайдиган ҳамшаҳар оғайни ва яқинларини жума намозларида учратиб, ундан ҳол-аҳвол сўраб хабардор бўлишади. Энди, йилда икки марта бўладиган ушбу муборак Рамазон ва Қурбон ҳайит намозларида ҳам мўмин-мусулмонлар узоқ яқинлари билан кўришиб, уларнинг ҳолидан хабар олиш имкониятига эга бўладилар. Демак, ҳайит байрами инсонлар ўртасида ўта мукаммал ижтимоий алоқаларни жипслаштириш вазифасини бажаради.
Инсон борки ўзини бошқалардан беҳожат ҳис қила олмайди. Шундай экан, бу улуғ кунларда бошқа инсонлардан хабар олиб, муҳтожларга қўлдан келганча ҳам маънан, ҳам моддий кўмак бериб, уларнинг кўнгилларига ҳам хурсандчилик ва байрамона кайфият киритиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ҳақиқий мусулмоннинг наздида инсонларга манфаат бериб яшалган умр мазмунли, самарали ва гўзал умр ҳисобланади.
Шу туфайли ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ ، أَنَّ رَجُلا جَاءَ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَقَالَ : "يَا رَسُولَ اللَّهِ ، أَيُّ النَّاسِ أَحَبُّ إِلَى اللَّهِ ؟ وَأَيُّ الأَعْمَالِ أَحَبُّ إِلَى اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ ، وَأَحَبُّ الأَعْمَالِ إِلَى اللَّهِ سُرُورٌ تُدْخِلُهُ عَلَى مُسْلِمٍ ، أَوْ تَكْشِفُ عَنْهُ كُرْبَةً ، أَوْ تَطْرُدُ عَنْهُ جُوعًا ، أَوْ تَقْضِي عَنْهُ دَيْنًا ، وَلأَنْ أَمْشِيَ مَعَ أَخٍ لِي فِي حَاجَةٍ ، أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ أَنْ أَعْتَكِفَ فِي هَذَا الْمَسْجِدِ يَعْنِي مَسْجِدَ الْمَدِينَةِ شَهْرًا ، وَمَنْ كَفَّ غَضَبَهُ سَتَرَ اللَّهُ عَوْرَتَهُ ، وَمَنْ كَتَمَ غَيْظَهُ ، وَلَوْ شَاءَ أَنْ يُمْضِيَهُ أَمْضَاهُ مَلأَ اللَّهُ قَلْبَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ رِضًا ، وَمَنْ مَشَى مَعَ أَخِيهِ فِي حَاجَةٍ حَتَّى يُثْبِتَهَا ، أَثْبَتَ اللَّهُ قَدَمَيْهِ يَوْمَ تَزُولُ الأَقْدَامُ".
яъни: “Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси инсон Аллоҳга суюклироқдир ва қайси амал Аллоҳ азза ва жаллага маҳбуброқдир? деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлардан Аллоҳга энг суюклиси инсонларга кўп наф берадиганидир. Аллоҳга энг маҳбубли амал мусулмон қалбига киритилган хурсандчилик, у мусулмондан бирор ғам-ташвишини кетказиш, оч бўлганда тўйғазиш, қарздор қарзини узишда кўмаклашишдир. Аллоҳга қасамки, мен бирор дўстимнинг ҳожатини раво қилиш учун у билан юришим мен учун ушбу масжидда бир ой эътикоф ўтиришимдан маҳбуброқдир, яъни Мадина масжидида. Кимки ўз ғазабини тийса Аллоҳ унинг авратини сатр қилади. Кимки ўз қаҳрини бажариш имкони бўлганда ичига ютса Аллоҳ қиёмат куни унинг қалбини розилик билан тўлдиради. Ким биродарининг бирор ҳожатини чиқаришда қарор топгунича бирга юрса қадамлар тойиладиган қиёмат кунида қадамларини собит қилади», - деб айтганлар. Эътибор берсангиз Пайғамбаримиз с.а.в. ушбу ҳадиси шарифда энг савобли ва Аллоҳга маҳбуб амалларни зикр қилиб ўтдилар. Айни пайтда энг савобли ишларни энг фазилатли кунларда амалга ошириш унинг савобини янада орттиришига сабаб бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло бизларга қуйидагиларни марҳамат қилиб айтади:
مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
(سورة البقرة/261)
яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”. (Бақара сураси, 261-оят).
Шунингдек, бу каби хайрли ва савобли ишларни қилишимиз билан Аллоҳ таолонинг даргоҳида улуғ ажру мукофотларга сазовор бўлишимиз билан бирга ўз инсонийлик бурчимизни ҳам адо этган бўламиз.
Ушбу муборак ҳайит кунларида яқинларимизнинг ҳолидан хабар олиш билан бирга атрофимиздаги шикаста кўнгил кишиларни зиёрат қилиш, уларга хайру саховат улашишнинг ҳам ажру мукофоти улуғ эканлиги борасида Аллоҳ таоло қуйидагиларни таъкидлаб айтади:
يَسأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ
(سورة البقرة/215)
яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад,) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: "Ниманики xайр-эҳсон қилсангизлар, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар! Ҳар қандай қилган эҳсонларингизни Аллоҳ билиб турувчидир”. (Бақара сураси, 215-оят).
Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: “Беморларни зиёрат қилинглар, очларга таом беринглар, қарздорларга қарзларини узишга ёрдам беринглар” (Имом Бухорий ривояти). Бемор ва касалманд киши ҳақига қилинадиган дуо борасида Пайғамбаримиздан қуйидагича ҳадис ворид бўлган.
عن النبي صلى الله عليه وسلم من قوله للمريض : لَا بَأسَ ، طَهُور إِن شَاءَ اللهُ
رواه البخاري
яъни: “Беморга айтиладиган сўзларидан: “Ҳечқиси йўқ, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади”, - деб айтиш (Имом Бухорий ривояти). Шу каби сўзлар билан беморларнинг кўнглига хурсандчилик киритиш исломдаги эзгу амаллардан ҳисобланади.
Муҳтарам жамоат! Рамазон ойи юртимизда аҳил-иноқликда кўтаринки руҳ билан ўтказилди. Юртдошларимиз савоб ишларнинг бошини тутиб, меҳр-мурувват кўрсатдилар, кексаларнинг ҳолидан хабар олдилар, эзгу ишларда бардавом бўлдилар. Энди ушбу анъанани ва касб этган хайрли амалларимизни йил бўйи давом эттиришимиз керак. Мана куни кеча муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Мазкур қарор халқимизнинг кайфиятига янада кўтаринкилик бағишлади.
Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, бу байрамни ҳам ундан-да аълороқ, ундан-да файзлироқ қилиб ўтказишимиз керак. Бу байрамнинг биринчи кунини дам олиш куни, деб эълон қилиниши унинг файзини, шарафини, тароватини янада ошириб юборади. Ҳайитнинг мазмун-моҳиятида кўнгилларга хушнудлик, севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлаш мужассамдир. Ночор ва заифларнинг, муҳтож ва кам таъминланганларнинг жамият зиммасидаги ҳақларини ёдга туширишдир. Ҳайит қувончлари, байрам хурсандчиликлари ҳар бир хонадонга, ҳар бир оилага кириб бориши учун айнан шу кунларда фитр садақасини бериш, закот ва бошқа садақа, хайр-эҳсонларни тарқатиш давлатманд кишиларга вожиб бўлади.
Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари ҳар қачонгидан қалқиб, бўртиб кўринади. Шу боис, Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, ўзаро ёрдам, саховат ва ҳаё, етим ва ҳожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, умуман инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш талаб этилади Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларининг ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар:
السَاعِي عَليَ الأرَمَلةِ و الِمسكِينِ كَالمُجَاهِدِ فِى سَبِيلِ اللهِ أو القائِمِ اللَيلِ
الصَائِمِ النَهَارِ
(مُتفَّقٌ عَليَهِ)
яъни: "Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир". (Муттафақун алайҳ).
Ҳақ таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизда тинчлик осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчликнинг қадрига етмоғимиз, уни асраб авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Мана шу ҳақиқатни ҳар биримиз теран англамоғимиз, уни ўсиб келаётган ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўлида барчамиз ҳамкор ва ҳамжиҳатликда астойдил ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Азиз жамоат! Хабарингиз бор, июнь ойида Тошкент шаҳрида диний соҳа ходимларининг катта анжумани бўлиб ўтди. Йиғилишда ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш вазифаси бугунги кунда қандай улкан аҳамият касб этаётгани ҳақида, атрофлича суҳбат қилинди.
Дарҳақиқат, Юртбошимиз раҳнамолигида юртимизда фуқароларнинг шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғусини оширадиган, соғлом эътиқодни кучайтиришга рағбат қиладиган жуда кўп савобли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида 300 дан зиёд чора-тадбир белгиланган бўлиб, уларнинг ижроси учун 37,7 триллион сўм ва 8,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаш кўзда тутилган. Дастур доирасида 2017 йилда қишлоқ жойларда 15 мингта янги намунадаги арзон, уй-жойлар барпо этилади.
Термиз шаҳрида Имом Термизий номидаги, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий номидаги илмий-тадқиқот марказлари, Тошкентнинг қадимий Ҳастимом даҳасида Ўзбекистон ислом маданияти марказининг ташкил этилаётгани халқимиз учун мисли кўрилмаган катта хурсандчилик бўлди. Комили ишонч билан айтамизки, ушбу ислом масканлари, ҳеч шубҳасиз, динимизни маърифий асосда ўрганиш ва тарғиб этиш, халқимиз, айниқса, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат, буюк аждодларимиз анъаналарига садоқат, ҳалоллик, поклик, маънавий-ахлоқий баркамоллик руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Рамазон ойида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида буюк аждодимиз, муҳаддис Имом Термизий мақбараси мисли кўрилмаган муҳташам тарзда таъмирланиб, янги бунёд этилган масжид билан диндорларимизга тақдим этилиши умматимиз қалбини ифтихорга тўлдирди.
Яратганга шукрлар бўлсинки, она заминимиз Аллоҳнинг раҳмати ёғилган, неки дуо қилинса, Парвардигор ҳузурида мустажоб бўладиган мўътабар замин, азиз-авлиёлар хоки қўним топган юртдир.
Аллоҳ таоло шу мўътабар диёрга Ўзининг азиз неъмати – тинчлик, осойишталикни берди, қут-барака, фаровонликни ато этди. Атрофга назар солсак, бизни ўраб турган сонсиз, саноқсиз неъматлар қуршовида яшаётганимизга амин бўламиз. Яратган Раббимиз ўз неъматларининг саноқсизлигига эслатиш орқали инсонни шукр қилишга ундаган ушбу ояти карима фикримиз далилидир:
وَآَتَاكُمْ مِنْ كُلِّ مَا سَأَلْتُمُوهُ وَإِنْ تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا
яъни: “Сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсизлар”. (Иброҳим сураси, 34-оят), деб марҳамат қилади.
Бизлар бу берилган неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароит ва ғамхўрликларни Аллоҳнинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.
Айниқса, ёшларимизни турли мутаассиб кучларнинг таъсирига берилиб қолмасликларини таъминлаш ҳамда уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, энг асосийси, билимли қилиб ўстиришга қаратилган эътибор ва ғамхўрлигимизни ошириш барча мўмин-мусулмонларимизнинг асосий вазифаларидан бири саналади. Муҳтарам юртбошимизнинг ўртага ташлаган “Ўз болангни ўзинг асра!” шиорларини дастуруламал қилган ҳолда, фарзандларимизга биргаликда тўғри тарбия бериб, келажаклари учун қайғуриб яшайлик.
Азизлар! Ҳар ҳайит арафасида қайта-қайта такрорланадиган яна бир гапни эслатиб ўтмоқчимиз: ҳайит – баъзи жойларда бўлаётганидай азахонлик, таъзияхонлик маросими эмас. Балки хурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу ишлар, фазилатли ой рўзасини эсон-омон, соғ-саломат тутиб олганимиз учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва шукроналар изҳор этиш рамзидир. Шу кун янги вафот этган кишилар хонадонига бориб, уларнинг мусибатини қайта эсларига солиш ўрнига бу куннинг шукрини адо этиш, ушбу шодиёна кунга ҳамамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавм-қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб уларнинг дуоларини олиш, бетоб, муҳтож, диндошларимиз, умуман барча инсонлар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишиларга қўлидан келганича хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унутиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиб олиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг муҳим вазифаларидан саналади.
Аллоҳ таоло Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак айласин!
Ҳақ таоло байрамнинг шарофатидан мустақил ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини насиб айласин!
Фарзандларимизни илмлик, имонлик қилсин!
Бу тинчлик, осойишталик йўлида саъю ҳаракат қилаётган барчани Аллоҳ таоло эзгу мақсадларидан афзалига муваффақ қилсин!
Юртимизни ёмон кўзлардан Парвардигорнинг ўзи асрасин!
Муҳтарам Юртбошимизнинг эл-юрт равнақи, бахт-саодати йўлида олиб бораётган хайрли ва савобли ишларида Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин!
Рамазон ҳайити намозининг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айлаб, бу байрам баракотидан барча мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират айлаб, даражотларини юқорига кўтариб, икки дунё саодатига мушарраф қилсин! Омин!
Хатм ул Қуръон муборак кечада ниҳоясига етган масжидлар
Кеча муборак Рамазон ойининг минг ойга татигулик кечаси – Қадр кечаси эди. Кеча тунда пойтахтимиздаги кўплаб кишиларимиз қўшалоқ байрамни кутиб олишди: Қадр кечасини кутиб олдик ва хатмул Қуръонни ниҳоясига етказдик. Хатмнинг ушбу кечада якунланиши ҳаммани хурсанд қилди. Бунинг учун шу куннинг режасини қилган имом-хатибларимизга ҳамда Қуръони каримни чиройли тарзда тиловат қилиб берган қориларимиздан миннатдор бўлдик.
Хатм ул Қуръон якунланган жоме масжидлари қуйидагилардир: Яшнобод туманидаги “Аҳмад Яссавий” ва “Имом Аъзам” жоме масжидлари, Шайхонтоҳур туманидаги “Хўжа Аламбардор”, “Олмазор”, “Фотимаи Заҳро”, “Обидхон махдум”, “Мунаввар қори” масжидлари, Олмазор туманидаги “Тўхтабой” жоме масжиди, Бектемир туманидаги “Алибек” жоме масжиди, Учтепа туманидаги “Азиз ота”, “Бурҳониддин Марғилоний”, “Маҳкамбой ҳожи ота”, “Файзуллахўжа ўғли Муродҳожи” жоме масжидлари, Юнусобод туманидаги “Мирза Юсуф” жоме масжидларидир.
Аллоҳ таоло ана шу масжидларда йиғилган жамоага қарийб бир ой давомида Қуръони карим оятларини ўқиб берган қориларимизнинг илмини янада зиёда қилсин!
Яхта ичидаги масжид
Британиялик дизайнер Жайҳун Ан Яқин Шарқлик мижозлари буюртмасига биноан 87 метрлик neWWave номли яхта лойиҳасини ишлаб чиқди. Ушбу яхтанинг ўзига хослиги, унинг бортидан ажойиб дизайнга эга бўлган масжид ҳам ўрин олган.
Кўпчиликни қизиқишига сабаб бўлаётган Шарқона дизайн асосида қурилиши режалаштирилаётган жомеда намозхонлар учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинади. Ушбу ажабтовор яхта нархи ҳозирча эълон қилингани йўқ.
Халқаро алоқалар бўлими
Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг
Мана, муборак Рамазон ойининг учинчи даҳаси ниҳоясида турибмиз. Ушбу ойлар султонининг фазилатларини юрак-юрагимиздан ҳис қилмоқдамиз. Имкон борича яхшилик қилишга, савоблардан кўпроқ олиб қолишга интиламиз. Чунки, бу ойдаги кичиккина қилган яхшилигимиз ҳам кўплаб савоб ва ажрларга сабаб бўлади. Бунга эса, бир ривоятдаги ҳадиси шариф далил бўлади: “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур”.
Рўза тутиш жараёнида бир нечта муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш жоиз. Улар: ният қилиш, оғизни беркитиш ва очиш вақтларини билиш, саҳарликдан ифторгача рўзани бузадиган амаллардан ўзини сақламоқликдир.
Оламлар сарвари саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинг. Чунки саҳарликда барака бордир”, деб марҳамат қилганлар. Ушбу ҳадисга кўра, саҳарлик билан рўза тутиш фазилатли экани таъкидланмоқда.
Рўза тутиш орқали инсонлар жуда кўп наф кўришлари мумкин. Хусусан, киши рўза тутганида ҳамиша “Аллоҳ кўриб турибди” деган фикр билан юради. Ёмонликлардан чекинади, жисмонан ва руҳан покланади. Қалбида меҳр мурувват ҳислари орта бошлайди. Бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг ва жаҳл отига минманг”. Демак рўза тутиш орқали нафақат жисмимиз, балки руҳларимиз ҳам покланар экан. Қолаверса, рўзадорнинг дуолари ижобат этилиши манбаларда таъкидланади. Айниқса, ҳадисда келтирилганидек: “Рўзадорнинг ифтор пайтида қилган дуоси рад қилинмайди”.
Рўза тутиш жараёнида яна бир жиҳат борки, у орқали Аллоҳ таолонинг нақадар буюк ва меҳрибон эканлигини кўришимиз мумкин: рўзадор унутиб еб ичиб қўйиши ҳам бир фазилат ҳисобланар экан. Аслида ибодатда унутишга йўл қўйиш яхши эмас. Аммо рўзадорнинг унутиши ҳам унга Яратганнинг икроми, инояти ва фазлу марҳаматининг нишонаси бўлар экан. Деярли барча саҳиҳ тўпламларда келтирилган, Aбу Ҳурaйрa розияллоҳу анҳудaн ривoят қилинган ҳадисда Нaбий (а.с.) шундай марҳамат қиладилар: «Агар рўзадор одам эсда йўқ еб-ичиб қўйсa, рўзaсини тугал қилсин. Чунки уни Aллoҳ тaoмлaнтирибди ва суғорибди». Чиндан ҳам, ислом дини енгиллик ва меъёр устида барпо этилган.
Шунингдек бир суннат борки у мусулмонларини янада яқин бўлишига сабаб бўлади. У ҳар кечда ўқиладиган таровеҳ номозидир. Таровеҳ сўзининг маъноси- роҳат, тин олиш, ором олиш деганидир. Ўзбекистон мусулмонлари ҳам бу ҳикматдан бебахра бўлмадилар. Мамлакатимизнинг тобора чирой очиб бораётган минглаб масжидларида таровеҳ ибодатлари ва Қуръон хатмлари чиройли кўринишда адо этилади. Бу билан инсонлар орасида меҳр оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.
Яна бир ҳадиси муборакда эса, шундай келтирилади: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг”, деб сўрашганида, у зот: “Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир”, дея жавоб берганлар. Дарҳақиқат, Рамазон ойи бемисл манфаатлар ва мукофотлар ойи, рўза чексиз савоб ҳамда яхшиликлар омили бўлгани учун ҳам унинг такрори йўқ. Бу ойни савоб умидида рўза тутиб, яхшилик ва эзгу амаллар билан ўтказган инсон Аллоҳнинг хазинасидаги барча яхшиликларга эришган, Уни рози қилган ва бебаҳо инъомларга етишган бўлади.
Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Агар умматларим Рамазон ойининг шарафини билганларида эди йил ўн икки ой Рамазон бўлишини орзу қилар эдилар, чунки уларнинг тоати мақбул, дуолари мустажоб, гуноҳлари мағфират этилиб, Жаннат рўзадорларга муҳтож бўлади”.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазон арафасидаги хутбаларида шундай марҳамат қилганлар: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқинлашмоқда. Аллоҳ таоло, у ой рўзасини фарз, тунларидаги ибодатни суннат қилди... У ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. У кўмак ва ёрдам ойидир. У ойда мўминнинг ризқи кўпайтирилади. У ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади. дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камаймайди”. Шунда саҳобалар, «Ё Расулаллоҳ, рўзадорга ифтор беришга ҳар биримиз ҳам қодир эмасмиз», дедилар. Бунга жавобан, Расули акрам (с.а.в.): «Рўзадорга бир хурмо ё бир қултум сув ё айрон билан ифтор берган кишига Аллоҳ таоло бу савобни беради» дедилар.
Ушбу ҳадиси шариф Рамазон ойида турган ҳар бир мусулмонни бефарқ қолдирмаса керак. Бинобарин, барака ва имон палласи Рамазоннинг фазилатлари фақат шунинг ўзи эмас, уларни санаб адоғига етиш мушкулдир.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев тайёрлади.