muslim.uz
Интернет майдонидаги фитналар
Қабулга келган фуқаролар фаолиятдан мамнун
Бугун, 15 март чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари турли ҳудудлардан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаати ва таклиф-мулоҳазаларини тингладилар.
Қабул жараёнида фуқароларнинг масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, ҳаж-умра масалалари, оилавий муносабатлар, моддий ёрдам ва соҳани ривожлантиришга оид таклиф-мулоҳазалари кўриб чиқилди.
Қувонарлиси, ҳудудлардаги масжид қавмлари ва фуқаролар диёримиз уламолари, имом-хатиблари фаолиятидан мамнун эканларини ҳам изҳор этиб, ўз миннатдорликларини билдирдилар.
Жумладан, Самарқанд вилояти Пайариқ туманида яшовчи Қаршибой ота Саримсоқов диний соҳадаги ишлардан хурсанд эканини айтиб, яқинда бўлиб қайтган умра сафари давомида тинимсиз дуолар қилганини сўзлади.
Шунингдек, қабулга келган таниқли Салим ҳаттот юртимизда ҳаттотлик санъатини ва яна бир фуқаро эса медиа соҳасини ривожлантириш борасидаги амалий таклифларини тақдим этди.
Якунда, мурожаатлар ва таклиф-мулоҳазалар юзасидан амалий саъй-ҳаракатлар қилиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Мана шундай қабул жараёнлари Муфтий ҳазратларининг ташаббуслари билан мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳаж зиёратчилари учун нимча ва сумка тайёрлаб берувчи корхона ҳамда ташкилотлар ўртасида танлов эълон қилади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2023 йилги ҳаж зиёратчилари учун нимча (камзул) ва сумка тайёрлаб берувчи корхона ҳамда ташкилотлар ўртасида мазкур маҳсулотларга алоҳида-алоҳида танлов эълон қилади.
Маҳсулотларга қўйилган талаблар
Эркаклар нимчаси
Ўлчамлари 50-52-54-56-58 бўлиши, тугмали, кийимнинг орқа томонида Ўзбекистон байроғининг тасвири ва UZBEKISTAN ёзуви бўлиши, оғирлиги 190-220 грамм зичликда бўлиб, ранги мовий бўлиши лозим. Олд томонида учта чўнтак бўлиб, юқори чап чўнтак устига Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳузуридаги “Ҳаж” ва “Умра” марказининг логотипи туширилиши керак.
Аёллар нимчаси
Ўлчамлари 50-52-54-56-58. Тугмали, кийимнинг орқа томонида Ўзбекистон байроғининг тасвири ва UZBEKISTAN ёзуви бўлиши, оғирлиги 190-220 грамм зичликда бўлиб, ранги мовий бўлиши керак. Олд томонида иккита чўнтак бўлиб, юқори чап қисмида Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳузуридаги “Ҳаж” ва “Умра” марказининг логотипи туширилиши лозим.
Сумка
Ёрқин кўк рангда бўлиб, оғирлиги 250-280 грамм зичликдаги матодан тикилиши, ён томонида сув олиб юришга мўлжалланган чўнтак бўлиши, олд томонида эса телефон учун чўнтак ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар учун шаффоф чўнтак жойлашган бўлиши талаб этилади.
Танловда иштирок этмоқчи бўлган корхона ва ташкилотлар 2023 йил 30 март кунига қадар ҳужжатларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тақдим этиши зарур.
Манзил: Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қорасарой кўчаси, 47-уй. Телефонлар: 71-240-04-75.
Муфтий ҳазрат “Вақф” фонди меҳмонхонаси фаолияти билан танишдилар
2023 йил 13 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида Ҳаким Термизий зиёратгоҳи яқинида жойлашган “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфидаги меҳмонхона фаолияти билан яқиндан танишдилар. Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Сайфуддинов ва “Вақф” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти филиали раҳбари Абдусалом Фатуллаев ҳамроҳлик қилди.
Муфтий ҳазратлари ташриф асносида меҳмонхонада зиёратчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, иш фаолиятни янада ривожлантириш юзасидан тавсияларни бердилар.
Маълумот ўрнида, меҳмонхона 70 ўринга эга бўлиб, люкс ҳамда ярим люкс хоналарни ўз ичига олади. Яна бир жиҳати меҳмонхонанинг Тошкент-Термиз халқаро магистрал йўлининг ёнида эканлиги. Бу эса Исо Термизий, Султон Саодат, Кампиртепа, Фаёзтепа ҳамда Ҳаким Термизий зиёратгоҳ ва тарихий ёдгорликларига тез фурсатда етиб олиш имконини беради.
Меҳмонхона фаолиятидан келиб тушган маблағлар вақф мулкларини тасарруф этиш ҳамда хайрия мақсадлари учун ишлатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муфтий ҳазрат hi-tech услубида қайта қурилган масжидда илк жума намозини адо этдилар
Бугун, 10 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳрида Hi-Tech услубида қайта бунёд этилган “Тепа” жоме масжидининг очилишида иштирок этиб, жамоат билан ушбу масжиддаги илк жума намозини адо қилдилар.
Намоздан аввал Муфтий ҳазратлари йиғилганларни Рамазон арафасида муносиб туҳфа бўлган, қулай ва шинам масжид билан муборакбод этдилар. Сўнгра Рамазон ойига муносиб тайёргарлик кўриш, бунинг учун турли гуноҳ-маъсиятлар, ғийбат-мазаммат қилиш каби иллатлардан тийилиш кераклиги ҳақида сўз юритдилар. Айниқса, ғийбат, ёлғон сўзлаш, ўзгага тили билан ҳам қўли билан ҳам зиён етказиш каби зарарли одатлардан сақланишга чақириб, мўмин киши Рамазон ойи фазилатларидан унумли фойдаланиб қолиши лозим эканини алоҳида таъкидладилар...
Жума намози якунида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таолодан юрт тинчлиги, эл фаровонлигини ҳамда масжид бунёдкорлигига ҳисса қўшган юртдошларимиз ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Маълумот ўрнида, “Тепа” масжидининг эски биноси 1992 йилда бунёд этилган бўлиб, йиллар давомида бир неча бор таъмирланган. 2021 йилга келиб, уни тўлиқ қайтадан қуриш ишлари бошлаб юборилди. Икки йил мобайнида масжид замонавий Hi-Tech услубида бунёд этилиб, хонақоҳи ортиқча безакларсиз, киши эътиборини тортмайдиган даражада, кўркам қилиб таъмирланди.
Ҳозирда 2000 дан ортиқ намозхонни сиғдира оладиган масжидда асосий хонақоҳ, таҳоратхона, кутубхона, маъмурият ва бошқа техник хоналар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Яна бир жиҳати, бугунги давр талабидан келиб чиқиб, масжидга қуёш панеллари ўрнатилди. Бу эса масжидни беминнат электр энергия манбалари билан таъминлабгина қолмай, сув ва бинони иситиш тизимлари ҳам ушбу қайта тикланувчи энергия манбаларига уланди. Эндиликда масжид ортиқча сарф-харажатларсиз энергия манбаига эга бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати