Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат hi-tech услубида қайта қурилган масжидда илк жума намозини адо этдилар

Бугун, 10 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳрида Hi-Tech услубида қайта бунёд этилган “Тепа” жоме масжидининг очилишида иштирок этиб, жамоат билан ушбу масжиддаги илк жума намозини адо қилдилар.

Намоздан аввал Муфтий ҳазратлари йиғилганларни Рамазон арафасида муносиб туҳфа бўлган, қулай ва шинам масжид билан муборакбод этдилар. Сўнгра Рамазон ойига муносиб тайёргарлик кўриш, бунинг учун турли гуноҳ-маъсиятлар, ғийбат-мазаммат қилиш каби иллатлардан тийилиш кераклиги ҳақида сўз юритдилар. Айниқса, ғийбат, ёлғон сўзлаш, ўзгага тили билан ҳам қўли билан ҳам зиён етказиш каби зарарли одатлардан сақланишга чақириб, мўмин киши Рамазон ойи фазилатларидан унумли фойдаланиб қолиши лозим эканини алоҳида таъкидладилар...

Жума намози якунида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таолодан юрт тинчлиги, эл фаровонлигини ҳамда масжид бунёдкорлигига ҳисса қўшган юртдошларимиз ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Маълумот ўрнида, “Тепа” масжидининг эски биноси 1992 йилда бунёд этилган бўлиб, йиллар давомида бир неча бор таъмирланган. 2021 йилга келиб, уни тўлиқ қайтадан қуриш ишлари бошлаб юборилди. Икки йил мобайнида масжид замонавий Hi-Tech услубида бунёд этилиб, хонақоҳи ортиқча безакларсиз, киши эътиборини тортмайдиган даражада, кўркам қилиб таъмирланди.
Ҳозирда 2000 дан ортиқ намозхонни сиғдира оладиган масжидда асосий хонақоҳ, таҳоратхона, кутубхона, маъмурият ва бошқа техник хоналар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Яна бир жиҳати, бугунги давр талабидан келиб чиқиб, масжидга қуёш панеллари ўрнатилди. Бу эса масжидни беминнат электр энергия манбалари билан таъминлабгина қолмай, сув ва бинони иситиш тизимлари ҳам ушбу қайта тикланувчи энергия манбаларига уланди. Эндиликда масжид ортиқча сарф-харажатларсиз энергия манбаига эга бўлмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 869 times

Янгиликлар

Top